["У (Хизир) деди: «Мен сенга, сен мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!»","(Мусо) деди: «Агар бундан буён сендан бирон нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилмагин. Чунки (у ҳолда) мен томонимдан узрга етган бўлурсан (яъни, у ҳолда мени ташлаб кетганинг учун сени айблай олмасман)».","Сўнг (улар) яна йўлга тушдилар. То бир шаҳар аҳлининг олдига келиб улардан таом сўраган эдилар, улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Кейин ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўришгач, (Хизир) уни тиклаб қўйди. (Мусо) деди: «Агар хоҳласанг, бу ишинг учун ҳақ олишинг мумкин эди».","У (Хизир) айтди: «Мана шу сен билан менинг ажрашимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)дан огоҳ қилурман.","Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган (юрадиган) мискин-бечораларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг (кемадагиларнинг) ортида (кўзлаб кетаётган манзилларида) барча (бутун) кемаларни талон-торож қилиб, тортиб олгувчи бир подшоҳ бор эди.","Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўмин кишилар эдилар. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик.","Шу сабабдан, уларга Парвардигор (бола)дан кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал-эваз қилиб беришини истадик.","Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди. Бас, Парвардигоринг улар вояга етиб, Парвардигорингнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Мен бу (ишларнинг биронтасини) ўз-ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир».[7]###[7]Мазкур илоҳий қиссадан олинадиган ибрат бандаларга берилган илмнинг чексиз-чегарасиз эканлигидир. Пайғамбарлар тарихидан маълумки, Мусо алайҳиссалом «Калимуллоҳ» — «Аллоҳ таоло билан бевосита сўзлашгувчи» деган номга сазовор бўлган зотдирлар. Демак, у киши, Яратган билан савол-жавоб қилганларида, ўртада ҳатто фаришта ҳам воситачилик қилмаган — бор ҳақиқатни Ҳақ таолонинг Ўзидан олганлар. Бинобарин, ўзларича дунёда мендан ҳам илмлироқ одам бормикан, деган фикр кўнгилларидан кечган бўлса керакки, юқоридаги оятларда зикр қилинган қиссада Аллоҳ Ўз пайғамбарини огоҳлантириб, гўё шундай дейди: «Агар сенга бўлиб ўтган барча нарсалар тўғрисида билим берган бўлсам, бандаларим орасида шундай бир киши ҳам мавжудки, унга энди бўладиган нарсаларнинг билимини ато этгандирман — яъни, сен ўз илм-маърифатинг билан бутун дунёга устоз бўлишинг мумкин, аммо у бандамга шогирд бўлишга ҳам ожизлик қилурсан». Бу ҳикоя билан Аллоҳ Ўзининг: «Ҳар бир билим соҳиби устида ундан-да билимдонроқ биров бордир», деган ояти каримасини яна бир карра исбот этади. Энди қуйидаги оятларда Зул-қарнайн ҳақида ҳикоя қилинади. Қадимда яшаб ўтган бу буюк шоҳнинг нима сабабдан Зул-қарнайн — икки шоҳ эгаси деб аталиши хусусида хилма-хил ривоятлар бордир. Баъзилар унинг бошида иккита шоҳи бўлган, десалар бошқа ривоятларда у икки кокилли эди, дейилади. Яна бир мўътабар манбаъда эса, Ернинг Шарқу Ғарбига ҳукмронлик қилгани учун ҳам икки шоҳ эгаси деган ном олган, дейилади. Қуйида Аллоҳ таолонинг ана ўша иймон ва тақво эгаси бўлган бандасининг Ер юзида ҳақни қарор топдириш учун қилган саъй-ҳаракатлари ҳақида сўйланади.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), яна сиздан Зул-қарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Энди мен сизларга у ҳақдаги хабарни тиловат қилурман».","Дарҳақиқат, Биз унга (Зул-қарнайнга) бу ерда салтанат – ҳукмронлик бердик ва (кўзлаган) барча нарсасига йўл-имконият ато этдик.","Бас, у (аввал Ғарбга қараб) йўл олди.","То (кетаётиб) кун ботадиган жойга етгач, у (қуёшнинг) бир лойқа булоққа ботаётганини кўрди ва у (булоқ) олдида бир қавмни учратди. Биз: «Эй Зул-қарнайн, ё (уларни) азобга дучор қилурсан, ёки уларга яхши муомалада бўлурсан», дедик.","У айтди: «Золим бўлган кимсани, албатта, азоблагаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У зот уни яна даҳшатли азоб билан азоблар.","Энди иймон келтириб яхши амаллар қилган зотга келсак, унинг учун гўзал оқибат — жаннат мукофот бўлур. Биз ҳам унга ишимиздан осон-енгилларини буюрурмиз».","Сўнгра, у (Шарққа қараб) йўл олди.","То (кетаётиб) кун чиқишга етиб боргач, унинг (қуёшнинг) бир қавм устига чиқаётганини (кўтарилаётганини) кўрдики, Биз у (қавм) учун қуёшдан (сақланадиган уй либос каби) бирон парда қилмаган эдик.","Худди илгаригидек бўлди (яъни, Зул-қарнайн бу қавмга ҳам кун ботишдаги қавмга қилган муомалани қилди). Аниқки, Биз унинг барча ишларидан хабардормиз — (уни) иҳота қилиб олгандирмиз.","Сўнгра, у яна йўл олди.","То (кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, у (тоғлар ортида) бирон гапни англай олмайдиган қавмни учратди.","Улар: «Эй Зул-қарнайн, шак-шубҳасиз, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (қабилалари) Ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) тўлов тўласак, (билан уларнинг ўртасига бир сад чекиб (бир тўғон қуриб) берурмисан?», дедилар.","У (Зул-қарнайн) айтди: «Парвардигорим менга ато этган (салтанат) сизлар берадиган (мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга (мол-дунё билан эмас, балки) қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай.","Сизлар менга темир парчаларини келтиринглар». То (темир парчалари) иккала тоғ билан баробар бўлгач, (Зул-қарнайн: «(Босқонлар билан) дам уринглар», деди. Бас, қачон у (темир-терсакларни қиздириб) ўт қилгач (эритгач), деди: «Менга эритилган мис (ҳам) келтиринглар, уни (темир парчаларининг) устидан қуюрман.","Энди улар у (тўсиқ) устига чиқишга ҳам, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар».","«Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир. Энди қачон Парвардигорим (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида (яъни, Қиёмат қойим бўлишига яқин қолганида), Ўзи у (тўсиқни) теп-текис қилиб қўюр. Парвардигоримнинг ваъдаси ҳақдир», деди у.","У Кунда (Қиёматда, одамларни) бир-бирларига аралаш-қуралаш қилиб ташладик. Сур чалингач, уларнинг барчаларини тўпладик.","У Кунда кофирлар учун жаҳаннамни кўндаланг қилиб қўйдик.","Уларнинг кўзлари (дунёда) Менинг эслатмаларимдан тўсилган эди. Улар (Менинг панд-насиҳатларимни) эшитишга ҳам қодир эмас эдилар.","Ёки кофир бўлган кимсалар, Мени қўйиб, бандаларимни дўст тутишни (Ўзим яратган фаришталар ёки Ийсо каби пайғамбарни илоҳ деб сиғинишни) ўйладиларми?! Шак-шубҳасиз, Биз жаҳаннамни кофирлар тушадиган жой қилиб қўйгандирмиз.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?!","Улар (кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли — яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!»","Улар Парвардигорларининг оятларини ва У зотга рўбарў бўлишни инкор қилишиб, бутун иш-амаллари беҳуда кетган кимсалардир. Бас, Биз Қиёмат Кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун ҳеч қандай қадр-қиймат бермасмиз!","Кофир бўлганлари ҳамда Менинг оятларимни ва пайғамбарларимни масхара қилганлари сабабли, уларнинг жазолари ўша жаҳаннамдир!","Албатта, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур.","Улар, у жойларда мангу қолар эканлар, (бошқа бирон жойга) кўчишни истамаслар.","Айтинг: «Агар барча денгиз Парвардигоримнинг сўзлари (яъни, илму ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирсак ҳам, Парвардигоримнинг сўзлари битишидан илгари, у денгизлар тугаб битар!»[8]###[8]Бу оятда Аллоҳ азза ва жаллага ҳақиқий калом (сўзлаш) сифатини Унинг улуғлигига лойиқ тарзда исбот қилиш бор.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Аллоҳингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)».","Коф, Ҳо, Ё, Айн, Сод.[1]###[1]Бу сура ҳам юқорида ўтган ва қуйида келадиган айрим суралар каби «хуруфи муқаттаъот», яъни маънодан узилган ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланди.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, ушбу) Парвардигорингиз Ўз бандаси Закариёга қилган марҳаматининг зикри-қиссасидир.","Эсланг, Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилиб, (деган эди:)","(Закариё) деган эди: «Парвардигорим, дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим — сочим оқарди. Парвардигорим, мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман.","Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (менинг динимни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен (менга) ўз даргоҳингдан менга бир дўст (яъни, фарзанд) ҳадя этгин","Менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр бўладиган (бир дўст яъни, фарзанд ҳадя этгин) ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ) кишилардан қилгин».","(Аллоҳ айтди): «Эй Закариё, Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмизки, унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирон (кимсани) отдош қилган эмасмиз».","(Закариё) деди: «Парвардигорим, хотиним туғмас бўлиб қолган, ўзим эса кексаликнинг (умримнинг) ниҳоясига етиб қолган бўлсам, мендан қандай фарзанд (бунёд) бўлсин?»","(Аллоҳ) айтди: «Шундай, Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. (Ахир) Мен илгари ҳеч нарса бўлмаган пайтингда сени (ҳам) яратган эдим-ку (яъни, йўқдан бор қилган эдим-ку)!»","«Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги-аломат қилсанг», деди у (Закариё). (Аллоҳ) айтди: «Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача одамларга гапира олмайсан».","Бас, (Закариё) меҳробдан қавмининг олдига чиқиб, уларга эрта-ю кеч (Аллоҳни) поклаб — ибодат этишни ишора қилди.[2]###[2]Дарҳақиқат, Закариё алайҳиссалом уч кунгача тасбеҳ ўгириш ва Таврот тиловат қилишдан бошқа нарсага тиллари айланмай қолади ва ибодатхонага келган кишиларга ҳам фақат имо-ишора билан панд-насиҳат қиладилар. Сўнг вақти-соати етиб, Яҳё алайҳиссалом дунёга келгач, Аллоҳ таоло унга гўдаклик чоғидаёқ ваҳий юборади. Қуйидаги оятларда шу ҳақда ҳикоя қилинади.","(Биз унга): «Эй Яҳё, Китобни (яъни, Тавротни) маҳкам ушлагин», (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат-маърифат ато этдик.","Яна унга Ўз даргоҳимиздан меҳр ва поклик (ато этдик). У тақволи бўлди.","У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабру ситам қилувчи, қулоқсиз эмас эди.","Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (Қиёмат) кунида ҳам тинчлик-омонлик бўлур (яъни, у туғилиш машаққатидан, ўлим азобидан ва Қиёмат Кунида дўзахга тушиш хавфидан холидир).","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ушбу Китобда (яъни, Қуръонда) Марямни зикр қилинг: у ўз аҳли-оиласидан четга — кун чиқар томонга борди.","Ва улардан беркиниб олган пайтида, Биз унга ўз руҳимиз — (яъни, Жаброил)ни юбордик. Бас, у (Марямга) бус-бутун (рўй-рост) одам бўлиб кўринди.","(Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни, Аллоҳга) сиғиниб, сендан паноҳ беришни илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин)», деди.","(Жаброил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос».","(Марям) деди: «Менга одамзод тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам, менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!»","(Жаброил) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир.","Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди.","Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач), деди: «Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди».[3]###[3]Биби Марям ўша фурсат очиққан, чанқаган ва ниҳоятда қийналган эдилар. Сув йўқ, емиш йўқ, руҳлари тушкун эди.","Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан (Жаброил) нидо қилди: «Ғамгин бўлма, Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди.","(Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар.","Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзоддан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса) у ҳолда: «Мен Раҳмон йўлида рўза тутмоқни назр (аҳд) қилганман, бас, бугун бирон инсонга сўзламайман», дегин.","Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда қавмига келганида улар: «Эй Марям, сен ҳеч ким қилмаган ишни қилдинг-ку!","Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!» дедилар.","Шунда (Марям оғиз очмасдан боласига) ишора қилди (яъни, унинг ўзидан сўранглар, деди). Улар айтдилар: «Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!»","(Шу пайт чақалоқ, яъни Ийсо тилга кириб) деди: «Мен Аллоҳнинг бандасидирман. У зот менга Китоб — Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди.","Яна мени қаерда бўлсам, хайру-баракотли қилди ва модомики ҳаёт эканман, намозни (адо этишни) ва закотни (ато этишни) амр қилди.","Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади.","Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлур».","Улар (яъни, яҳудий ва насронийлар) шак-шубҳа қилаётган Ийсо бинни Марям (яъни, унинг ҳақидаги Аллоҳнинг) Ҳақ сўзи мана шудир.[4]###[4]Юқорида мазкур бўлган ва қуйида зикр қилинадиган оятларда Ийсо бинни Марям Аллоҳ таолонинг «Бўл», деган амри билан отасиз дунёга келган бир банда ва пайғамбар эканликлари тўғрисидаги Ҳақ таолонинг сўзи баён қилинади ва Ийсо ҳақидаги «У валади зино» дейдиган яҳудийларнинг сўзи ҳам, «У худонинг ўғли» дейдиган насронийларнинг сўзи ҳам ботил — ноҳақ сўзлар экани таъкидланади.","Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас — У зот (бундай нуқсондан) покдир. У бирон ишни қилмоқни истаса, фақат унга «Бўл», дер. Бас (ўша иш) бўлур.","(Ийсо айтди): «Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилингиз! Мана шу ҳақ йўлдир».","Сўнг (яҳудий ва насроний) фирқалар (Ийсо хусусида) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, кофир бўлган кимсаларга улуғ Кун — Қиёматга гувоҳ-ҳозир бўлганларида ҳалокат бўлгай.","Улар Бизга келадиган кунда жуда ҳам (аниқ) кўрадиган ва эшитадиган бўлиб қолурлар. Лекин у золимлар бугун очиқ залолатдадирлар.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларни (яъни, Макка мушрикларини) барча иш битирилиб, (яъни, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга ҳукм қилиниб), улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган Кундан — Қиёматдан қўрқитинг! (Бугун) улар ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар иймон келтирмайдилар.","Шак-шубҳасиз, Биз Ўзимиз бу Ерга ва ундаги бор жонзотга меросхўр бўлурмиз (яъни, барча жонзот ўтар, ёлғиз Бизгина қолурмиз). Ва фақат Бизгагина қайтурлар.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ушбу Китобда Иброҳим (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди.","Эсланг, у отасига: «Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда етказа олмайдиган бутга ибодат қилурсан?","Эй ота, дарҳақиқат, сенга келмаган илм-маърифат менга келди. Бас, сен менга эргашгин, сени ҳақ йўлга ҳидоят қилурман.","Эй ота, сен шайтонга ибодат-қуллик қилмагин. Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлгандир.","Эй ота, ҳақиқатан мен сенга Раҳмон томонидан азоб етиб, (дўзахда) шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан қўрқурман», деганида.","(Отаси) айтди: «Сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан, эй Иброҳим?! Қасамки, агар сен (менинг худоларимни сўкишдан) тўхтамасанг, албатта, сени тошбўрон қилурман ва (ёки) мени бутунлай тарк эт!»","(Иброҳим) деди: «Омон бўл. Энди Парвардигоримдан сени мағрифат қилишини сўрарман. Шак-шубҳасиз, У менга меҳрибон бўлган Зотдир.","Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиздан ҳам четланурман ва (ёлғиз) Парвардигоримга илтижо қилурман. Парвардигоримга илтижо қилганим шарофатидан (сизлар каби) бадбахт бўлиб қолмасман, деб умид қилурман».","Бас, қачонки (Иброҳим) улардан ва улар Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларидан четлангач, Биз унга (фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини пайғамбар қилдик.","Шунингдек, уларга Ўз фазлу-марҳаматимиздан инъом этдик ва улар учун рост, юксак мақтовларни (барқарор) қилдик.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ушбу Китобда Мусо (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у танлаб олинган элчи-пайғамбар эди.","Биз унга Тур (тоғининг) томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик.[5]###[5]Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Мадян шаҳридан Мисрга қараб йўлга тушиб, Аллоҳ таолога муножот қилиб кетаётганларида, ўнг томонларидаги Тур тоғидаги бир дарахтдан овоз келади ва ўша жойда Аллоҳ таоло билан бевосита сўзлашадилар.","Биз унга Ўз фазлу-марҳаматимиз билан пайғамбар бўлмиш оғаси Ҳорунни ҳадя этдик.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ушбу Китобда Исмоил (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у ваъдаси рост элчи-пайғамбар эди.","У ўз аҳли-умматини намоз ва рўзага буюрар эди. У Парвардигори наздида рози бўлинган киши эди.","Яна ушбу Китобда Идрис (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳаҳиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди.","Ва Биз уни юксак мартабага кўтардик.","Ана ўша Одам зурриётидан бўлган (Идрис каби), Биз Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (тўфон балосидан нажот берган) кишилардан (яъни, уларнинг фарзандларидан бўлган Иброҳим каби), Иброҳим зурриётидан бўлган (Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб каби), Исроил-Яъқуб (зурриётидан бўлган Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Ийсо каби) ва Биз ҳидоят қилган ва танлаб олган кишилардан бўлган пайғамбарлардан иборат Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотларга қачон Раҳмон оятлари тиловат қилинса, сажда қилган ва йиғлаган ҳолларида йиқилурлар.[6]###[6]Мазкур оят ҳам сажда ояти бўлиб, уни тиловат қилувчига ҳам, тинглагувчига ҳам бир марта сажда қилиш вожибдир.","Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни, ёмон жазога) йўлиқурлар.","Магар иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларгина (азобга дучор қилинмаслар). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирон зулм қилинмас.","Улар Раҳмон ғойибда (яъни, бандалар кўзига кўринмай) турган ҳолида Ўз бандаларига ваъда қилган мангу (яшаладиган) жаннатларга (кирурлар). Албатта, У зотнинг ваъдаси амалга ошгусидир.","У жойда улар бирон беҳуда сўз эшитмаслар, магар (аҳли жаннат томонидан) салом (эшитурлар, холос). У жойда улар учун эрта-ю кеч ризқлари ҳозирдир.","Ушбу жаннат – Биз бандаларимиздан тақводор бўлган кишиларга мерос қилиб берадиган жаннатдир.","«(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), биз ёлғиз Пардигорингизнинг амри фармони билангина нозил бўлурмиз. Олдимиздаги (Охират) ҳам, ортимиздаги (дунё) ҳам, (дунё ва Охират) ўртасидаги барча иш-амаллар ҳам ёлғиз Унингдир. Парвардигорингиз унутгувчи эмасдир.[7]###[7]Ушбу икки оят Жаброил алайҳиссаломнинг сўзларидир. Пайғамбар алайҳиссаломга бир муддат ваҳий келиши тўхтаб қолганидан сўнг Жаброил келганида Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом: «Нега келмай қолдингиз?», деб сўраганларида, у Аллоҳнинг амри билан юқоридаги сўзларни айтган экан.","У осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг Хожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)»","(Кофир) инсон: «Ўлганимдан сўнг яна тирик ҳолда қабримдан чиқарилурманми?!», дер.","Ахир ўша инсон Биз уни илгари ўзи ҳеч нарса бўлмаган пайтида яратганимизни (яъни, йўқдан бор қилганимизни) эсламасми?!","Бас (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингизга қасамки, албатта, Биз уларни (йўлдан оздирган) шайтонлари билан бирга тўплармиз, сўнгра (барчаларини) жаҳаннам атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қилурмиз.","Кейин ҳар бир гуруҳдан қайси кимса Раҳмонга қаттиқроқ осий бўлган бўлса, (ўшани) суғуриб олурмиз (ва жаҳаннамга отурмиз).[8]###[8]Уламолар уқтиришларича, «Раҳмонга қаттиқроқ осий бўлган» кимсалар халқни Ҳақ йўлидан оздириб, боши берк кўчаларга бошлаган доҳийлардир.","Ҳеч шак-шубҳа йўққи, Биз ўзимиз унга (жаҳаннамга) киришга лойиқроқ бўлган кимсаларни яхшироқ билгувчидирмиз.","Сизлардан ҳар бирингиз унга тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир.","Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз.","Қачон уларга (яъни, инсонларга) очиқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: «Қайси гуруҳ яхшироқ мартаба ва гўзалроқ мажлисда?», дейдилар. (Яъни, бой-бадавлат мушриклар фақир ва мискин мўминларнинг устидан куладилар).","Ҳолбуки, Биз улардан илгари қанча матоъ ва суратлари чиройли бўлган авлодларни ҳалок қилгандирмиз!","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Ким залолатда бўлса, бас Раҳмон унга муддат — умр берсин. Токи ўзларига (яъни, йўлдан озганларга) ваъда қилинган (дунё) азобини ёки Қиёмат қойим бўлишини кўрган вақтларида, албатта кимнинг мартабаси ёмонроқ ва лашкари ожизроқ эканини билурлар.","Аллоҳ ҳақ йўлдаги кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур. Парвардигорингиз наздида абадий қолгувчи яхши амаллар савоб жиҳатидан ҳам, оқибат жиҳатидан ҳам ортиқроқдир».","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Бизнинг оятларимизга кофир бўлган ва: «Қасамки, албатта (Охиратда ҳам) менга мол-мулк ва бола-чақа ато этилур», деган кимсани кўрдингизми?","У ғойибдан хабардор бўлдимикин ёки Раҳмон даргоҳидан аҳду паймон олдимикин?!","Йўқ! Албатта, Биз унинг айтаётган сўзини ёзиб қўюрмиз ҳамда унинг учун азобни зиёда қилурмиз.","У айтаётган (мол-дунёга) Биз меросхўр бўлурмиз ва у ҳузуримизга ёлғиз ҳолда келур.","Улар (яъни, Макка мушриклари) Аллоҳни қўйиб, ўзларига куч-қудрат бўлиши учун «худолар» тутдилар — бутларга сиғиндилар.","Йўқ! (Қиёмат Кунида бутлари уларни шафоат қилмайди, балки) улар қилган ибодатларни инкор қилурлар ва уларга зид-душман бўлурлар.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз кофирларга уларни (гуноҳ-маъсиятларга) қўзғатадиган шайтонларни юборганимизни кўрмадингизми?","Бас, сиз улар устида шошқалоқлик қилманг (яъни, нега азобга гирифтор бўла қолмаяптилар, деб ҳайрон бўлманг)! Ҳеч шак-шубҳасиз, Биз уларнинг (қолган ой, кунларини ҳам, қилаётган гуноҳларини ҳам) аниқ ҳисоб-китоб қилиб турурмиз.","Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган,","Ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолларида ҳайдайдиганимиз кунни (эсланг)!","(У кунда) фақат Раҳмон наздида аҳду-паймон олган, (Аллоҳни бир билиб зиммаларидаги фарзларни адо этган) кишиларгина шафоат қилишга эга бўлурлар.","(Мушриклар): «Раҳмоннинг боласи бор», дедилар.","(Эй мушриклар), сизлар шундай оғир гап айтдингизки,","Унинг (оғирлигидан) осмонлар ёрилиб, ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишга яқин бўлур.[9]###[9]Ушбу оятларни диққат ва инсоф билан ўқиган киши дарҳақиқат, уларни осмону заминни ҳам, тоғу тошларни ҳам яратган Эгаси нозил қилганига иймон келтиради. Чунки ерлик одамнинг хаёлига Ер ёрилишидан ўзга нарса келиши амри маҳол.","Раҳмоннинг боласи бор, деган (гапнинг оғирлигидан).","Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмасдир (яъни, У зот болага муҳтож эмас).","Осмонлар ва Ердаги бор жонзот (Қиёмат Кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келур.","У зот уларни санаб-аниқлаб қўйгандир.","Уларнинг барчаси Қиёмат Кунида ёлғиз ҳолда У зотнинг ҳузурига келгувчидир.","Албатта, иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Биз (Қуръон) билан тақво эгаларига хушхабар беришингиз учун ва саркаш қавмни қўрқитишингиз учун уни сизнинг тилингизга осон-енгил қилиб қўйдик.","Биз улардан (яъни, Макка мушрикларидан) илгари ҳам қанча (ўз пайғамбарларига итоат этмаган) авлодларни ҳалок қилгандирмиз. Сиз улардан биронтасини кўрурмисиз ёки овозларини эшитурмисиз?! (Бас, сизга иймон келтирмайдиган бу қайсар қавм ҳам ҳалок бўлиб битар, аммо Биз сизга нозил қилган дин эса Қиёматгача қолур).","То, Ҳа.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун эмас,","Балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат бўлсин учун нозил қилдик.","(У) Ерни ва юксак осмонларни яратган зот томонидан нозил қилингандир.","(У зот Ўз Зоти ва Улуғлигига муносиб равишда) Арш узра олий бўлган Раҳмондир.","Осмонлардаги, Ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда тупроқ остидаги бор нарса Унингдир.","Агар сиз ошкора гапирсангиз ҳам, (ва ёки) хуфёна гапирсангиз ҳам, У зотга баробардир. Зеро, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур.","Аллоҳдан ўзга (ҳеч қандай) Аллоҳ йўқ. Фақат Унинг Ўзи бордир. Унинг учун энг гўзал исмлар бордир.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга Мусо ҳақида хабар келдими?","Эсланг, у (узоқдан) бир оловни кўриб аҳли оиласига: «(Шу ерда) туринглар, мен бир олов кўриб қолдим, шоядки сизларга ундан бирон чўғ олиб келсам ёки шу ўт олдидан бирон йўл (кўрсатувчи) топсам», деди.","Бас, қачонки у (оловнинг яқинига) келгач: «Эй Мусо», деган нидо эшитилди.[1]###[1]Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом ўз оиласи билан Мадян шаҳридан Мисрга қайтиб келаётганида бир қоронғу-қорли кечада йўлдан адашиб қолади. Ўт ёқай деса, чақмоқ тоши ёнмайди. Шу пайт унинг кўзига узоқдан бир олов кўриниб, чўғ олиш ва у ердагилардан йўл сўраб келиш учун ўша тарафга борганида, у кўринган ёруғлик олов эмас, Аллоҳнинг нури эканлиги маълум бўлади.","«(Эй Мусо), Мен сенинг Парвардигорингдирман. Энди кавушларингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан.","Мен сени (пайғамбарликка) танладим. Бас (ўзингга) юбориладиган ваҳийга қулоқ тут!","Дарҳақиқат, Мен Аллоҳдирман. (Ҳеч қандай) илоҳ йўқ, фақат Мен бордирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!","Токи ҳар бир жон қиладиган саъй-ҳаракати сабабли жазоланиши учун (Қиёмат) соати албатта келгувчидир. (Лекин) Мен (Қиёмат қачон қойим бўлишини) яширишни истайман.","Бас, сени (Қиёматга) ишонмайдиган ва ҳавои нафсига эргашган кимсалар ундан тўсмасинларки, у ҳолда ҳалок бўлурсан.","Ана у — қўлингдаги нимадир, эй Мусо?!»","(Мусо) деди: «У асоим, унга таянурман ва у билан қўйларимга (барг) қоқиб берурман. Яна унда бошқа ишларим ҳам бор».","(Аллоҳ) айтди: «Уни (ерга) ташлагин, эй Мусо!»","Бас, (Мусо) уни ташлаган эди, баногоҳ у юрадиган — жонли илон бўлиб қолди.","(Аллоҳ) деди: «Уни ушла! Қўрқмагин, Биз уни аввалги ҳолига қайтарурмиз.","Қўлингни қанотинг — қўлтиғингга тиққин, у ҳеч қандай зиён-заҳматсиз оппоқ-нурли бўлиб чиқур. (Бу) иккинчи мўъжиза (бўлур).","Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик).","(Энди) сен Фиръавннинг оддига боргин! Дарҳақиқат, у ҳаддидан ошди (яъни, одамларга зулм қилиб ҳатто «худоман», деб даъво қилди)».","(Мусо) деди: «Парвардигорим, қалбимни кенг қилгин;","Ишимни осон қилгин;","Тилимдан туғунни-дудуқликни ечиб юборгин;","(Токи) улар (қавмим) сўзимни англасинлар.","Менга ўз аҳлим-уруғимдан вазир қилгин.","Ҳорун оғамни.","У билан белимни маҳкам қилгин.","Ва уни ишимда (яъни, пайғамбарлик ишида) шерик қилгин.","Токи биз Сени кўпроқ поклаб-ибодат қилайлик;","Ва Сени кўпроқ зикр қилиб — эслайлик.","Албатта Сен бизни кўрувчи бўлган Зотсан».","(Аллоҳ) айтди: «Сўраган нарсаларинг сенга ато этилди, эй Мусо!","Биз сенга (гўдаклик чоғингда ҳам) яна бир карра инъом-марҳамат қилган эдик.","Ўшанда сенинг онангга (шундай) ваҳий-илҳом юборгандик;","«Уни (яъни, Мусони) сандиққа солиб, дарёга ташлагин. Бас, уни дарё (тўлқини) соҳилга отсин. (Шунда) уни Менинг ҳам, унинг ҳам душмани — Фиръавн ушлаб олур». (Эй Мусо, барчага суюкли бўлишинг) ва Менинг ҳифзу ҳимоямда униб-ўсишинг учун Мен сенинг устингга Ўз томонимдан бир муҳаббат ташладим (яъни, сени кўрган киши суюб қоладиган ёқимтой бола қилдим).[2]###[2]Бу оятда Аллоҳ азза ва жаллага «айн» (кўз) сифатини Унинг улуғлиги ва камолига лойиқ тарзда исбот қилиш бор.","Ўшанда опанг (сени дарёдан ушлаб олган кишилар ортидан) юриб: «Сизларни бу (бола)га кафил бўлиб (эмизадиган аёлнинг) олдига олиб борайми», деганларини (эслагин)! Сўнг Биз сени кўзлари қувонсин, ғамгин бўлмасин, деб онангга қайтарган эдик. (Йигитлик чоғингда) бир жонни ўлдириб қўйганингда, Биз сени бу ғамдан ҳам қутқарган эдик. (Кейин) Биз сени кўп синовлар билан синаб кўрдик. Сен Мадян аҳли орасида ҳам (неча) йиллар турдинг; сўнгра (пайғамбар бўлишинг учун аниқ белгилаб қўйилган) тақдир бўлиб (бу ерга) келдинг, эй Мусо!","Ва Мен сени Ўзимга (пайғамбарлик учун) танладим.[3]###[3]Юқоридаги (37-40) оятларнинг тафсирида муфассирлар шундай ривоятни келтирадилар. Мунажжимлар Фиръавнга: «Сенинг мулку давлатинг Бани Исроил қавмидан туғиладиган бир бола қўлида хароб бўлади», дейишгач, у ўша қавмдан дунёга келган ҳар бир ўғил болани қатл қилишга буйруқ беради, Мусо алайҳиссалом ана ўша Бани Исроил учун ҳалокатли бўлган қора йилларда таваллуд топадилар. Шунда чақалоғинииг ҳалок бўлишидан ғамга ботиб қолган онага ғойибдан фармон келиб боласини бир сандиққа авайлаб солади-да, уни Нил дарёсига қўйиб юборади. Иттифоқо Ўша пайтда дарё соҳилида ўтирган Фиръавн оқиб келаётган сандиқни кўриб қолади ва ходимларига уни олиб чиқишни буюради. Хизматкорлар сандиқни олиб келишгач, очиб қарасалар, унинг ичида ойдек бир чақалоқ ухлаб ётибди. Шунда Фиръавн хотинининг меҳри тушиб қолиб, ундан болани ўғил қилиб олишга изн сўрайди. У рухсат бергач, болани саройга олиб бориб, шаҳардан бола эмизадиган аёлларни суриштириб топадилар. Лекин Мусо бирон аёлни эммайди. Шу пайт бир қиз келиб Фиръавннинг хотинига: «Мен сизларга шу болани эмизадиган бир аёлни олиб келаман», дейди. У Мусонинг опаси бўлиб, уни боласи дарёда кетганидан сўнг ғам-андуҳга ботган она Мусо ҳақида бирон дарак топиб келиш учун шаҳарга юборган эди. У қиз саройда Мусони кўриб танигач, ўзининг ким эканлигини яшириб юқоридаги сўзларни айтади ва бориб дарҳол онасини етаклаб келади. Бу аёл тутган кўкракни чақалоқ дарҳол эма бошлаганини кўрган Фиръавннинг хотини бениҳоя хурсанд бўлиб, у аёлдан саройда қолишни илтимос қилади. Лекин у уйи ва бола-чақасини ташлаб кела олмаслигини айтиб, агар рози бўлсалар бу болани ўз уйида эмизиб катта қилиб беришга ваъда бергач, ноилож қолган малика бу таклифга рози бўлади ва онага кўп хайру-саховат кўрсатиб болани унга қўшиб, бериб юборади. Шундай қилиб, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бола туққан онасига қайтарилади. Агар эътибор берилса, бу қиссада яна бир ибратли жиҳат бордир. Фиръавн ўзини ҳалок қиладиган болани — Мусо алайҳиссаломни ўз қўли билан сувга ғарқ бўлишидан қутқариб қолади. Шу маънода арабларда бир нақл ёйилгандир: «Ликулли Фиръавн Мусо — Ҳар Фиръавнга бир Мусо», яъни ҳар қандай золим ҳокимнинг пешонасига Аллоҳ таоло уни йўқ қиладиган бир адолатпарвар — Ҳақсевар кишини ёзиб қўйгандир».","(Эй Мусо), сен ўзинг ва оғанг (Ҳорун) Менинг мўъжизаларимни (одамларга) олиб боринглар ва Мени зикр қилиб — ёдингизда тутишда сусткашлик қилманглар!","Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки («Мен худоман», деб у) ҳаддидан ошди.","Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса.","Улар дедилар: «Парвардигоро, дарҳақиқат, биз (агар уни Сенга иймон келтиришга даъват этсак) у шошқалоқлик (билан бизни азобга гирифтор) қилишидан ёки баттар туғёнга тушишидан хавфдамиз.","(Аллоҳ) айтди: «Қўрқманглар. Шак-шубҳасиз, Мен сизлар билан биргаман — эшитиб, кўриб турурман.[4]###[4]Аллоҳ таоло улар (Мусо ва Ҳорун)га: «Мен сизлар билан биргаман, яъни сизлар Менинг ҳифзу ҳимоямдасизлар, гап-сўзларингизни эшитаман, барча ҳолларингизни кўриб тураман. Бас, қўрқманглар!», деди, шунда улардаги қўрқув кетиб, кўнгиллари хотиржам бўлди.","Бас, сизлар унинг олдига бориб: «Биз Парвардигорингнинг элчиларидирмиз. Сен Бани Исроил (қавмини) биз билан бирга қўйиб юборгин, уларни азобламагин. Биз сенга Парвардигоринг томонидан оят-мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга эргашган кишиларга тинчлик-омонлик бўлур.","Бизга ваҳий қилиндики, (Аллоҳнинг пайғамбарларини) ёлғончи қилган ва (уларга иймон келтиришдан) юз ўгирган кимсаларга азоб булур», денглар».","(Улар Фиръавн олдига келиб юқоридаги сўзларни айтишгач), у деди: «Сизларнинг Парвардигорингиз ким, эй Мусо?»","(Мусо) айтди: «Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини — шаклини ато этиб, сўнгра (уни) Тўғри Йўлга солиб қўйган Зотдир».","(Фиръавн) деди: «У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир? (Яъни, Парвардигоринг уларни ҳам азоблаганми?)»","(Мусо) айтди: «Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги Китобда — Лавҳул-Маҳфуздадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас».","У зот Ерни сизлар учун бешик — қароргоҳ қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдирди. Бас, Биз у (сув) ёрдамида турли наботот навларини ундириб чиқардик.","Сизлар (улардан) енглар, чорваларингни боқинглар. Албатта бунда ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир.","Биз сизларни (Ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва (Қиёмат Кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз.","Дарҳақиқат, Биз унга (яъни, Фиръавнга) бор оят-мўъжизаларимизни кўрсатдик. Бас, у (уларни) ёлғон деб, юз ўгирди.","У деди: «Сен ўз сеҳринг билан бизларни еримиздан чиқариш учун келдингми, эй Мусо!","У ҳолда бизлар ҳам сенга худди ўшандай сеҳр келтирурмиз. Бас, сен ўзинг билан бизларнинг ўртамизда бир ваъдагоҳ танлагинки, у сен ҳам, бизлар ҳам қаршилик қилмайдиган ўрта бир жой бўлсин».","(Мусо) айтди: «Ваъда байрам куни (тўпланадиган жой)дир. Одамлар чошгоҳда тўпланурлар».","Бас, Фиръавн бориб, ўзининг макр-найрангини (яъни, сеҳргарларини) йиғди. Сўнгра (ваъда қилинган жойга) келди.","Мусо уларга (яъни, сеҳргарларга) деди: «Ҳолингларга вой! Сизлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиманглар (яъни, очиқ мўъжизани сеҳр деманглар), у ҳолда (Аллоҳ) сизларни азоб билан ҳалок қилур! Ёлғон тўқиган кимсалар ноумид бўлишлари аниқдир».","Бас, улар (қиладиган) ишларини талашиб-тортишиб аста шивирлаша бошладилар.","(Сўнг бир-бирларига) айтдилар: «Албатта бу иккови (яъни, Мусо ва Ҳорун) ўз сеҳрлари билан сизларни ерингиздан чиқармоқни ва юксак йўлингизни (яъни, динингизни) йўқотмоқни истайдиган сеҳргарлардир.","Бас, макр-ҳийлангизни йиғингиз, сўнг бир саф бўлиб келингиз. Бугун устун бўлган кишилар нажот топурлар».","(Маслаҳатлари битгач), дедилар: «Эй Мусо, сен (қўлингдаги асоингни аввал) ташлайсанми ёки бизлар биринчи ташловчи бўлайликми?»","(Мусо) айтди: «Йўқ, сизлар ташланглар». (Улар қўлларидаги асо ва ипларини ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди.","Бас, Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилган эди.","Биз айтдик: «Қўрқмагин. Албатта сен ўзинг ғолиб бўлгувчисан.","Қўлингдаги нарсани (яъни, асоингни) ташлагин, улар ясаган нарсаларни ютиб юборур. Уларнинг ясаган нарсалари фақат бир сеҳргарнинг макри-ҳийласи, холос. Сеҳргар эса қаерда бўлмасин зафар топмас».","(Мусо асосини ташлагач, сеҳргарларнинг бор ясаган нарсаларини ютиб юборди). Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида (ерга) ташланиб: «Ҳорун ва Мусонинг Парвардигорига иймон келтирдик», дедилар.","(Фиръавн) айтди: «Унга мен изн бермай туриб иймон келтирдингизми? Шак-шубҳасиз, у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Бас, энди албатта оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига (яъни, ўнг қўл, чап оёғингизни ёки аксинча) кесурман ва сизларни хурмо шохларига осурман, (ана ўшанда) қайсимизнинг (яъни, менингми ё Мусонинг худоси) азоби қаттиқроқ ва узунроқ эканини билиб олурсизлар».","Улар дедилар: «Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган аниқ ҳужжат-мўъжизани ва бизларни яратган Зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер. Сен фақат мана шу дунёдагина ҳукм қилурсан.","Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимизни) мағрифат қилиши учун Парвардигоримизга иймон келтирдик. Аллоҳ(нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) узунроқдир».","Ҳеч шубҳа йўқки, кимда-ким Парвардигорининг (ҳузурига) жиноятчи-кофир бўлган ҳолда келса, у ҳолда албатта унинг учун жаҳаннам бор бўлиб, у (кофир) у жойда на ўла олур ва на яшай олур.","Ким у зотга яхши амаллар қилган мўмин ҳолида келса, бас, ана ўша (кишилар) учун юксак даражалар.","Остидан дарёлар оқадиган, улар абадий қоладиган жаннатлар бўлур. Бу (ширку-куфрдан) пок бўлган кишиларнинг мукофотидир!","Дарҳақиқат, Биз Мусога: «Сен бандаларимни (яъни, Бани Исроилни) тунда олиб кетиб, улар учун (суви) қуриган денгизни йўл қил — (ортларингдан Фиръавн) етиб олишидан хавф қилма ва (денгизга ғарқ бўлишдан ҳам) қўрқма», деб ваҳий юборганмиз.","Бас, Фиръавн уларнинг ортидан ўз лашкарлари билан қувган эди, уларни денгиз ўраганча-ўраб, барчалари (унга ғарқ бўлдилар).","Фиръавн қавмини Тўғри Йўлга бошламади, (балки) Тўғри Йўлдан оздирди.","Эй Бани Исроил, Биз сизларга душманингиздан нажот бердик ва сизларга (яъни, Мусога) Таврот нозил қилиш учун Тур (тоғининг) ўнг томонини ваъдалашдик ва сизларга ширинлик, беданалар ёғдириб, (дедик):","«Сизларни баҳраманд қилган пок ризқларимиздан енглар ва уларга (шукр қилмаслик билан) ҳаддан ошмангларки, у ҳолда устингизга Менинг ғазабим тушар. Менинг ғазабим кимнинг устига тушар экан, у муҳаққақ ҳалок бўлур.","Ва мен тавба қилган, ҳамда иймон келтириб яхши амаллар қилган, сўнгра Тўғри Йўлга юрган кишиларни мағфират қилгувчидирман».","(Бани Исроил қавмидан етмиш нафарини ўзи билан бирга олиб, Тур тоғи томонга кетаётган Мусо йўлда улардан илгарилаб кетади. Шунда Аллоҳ деди): «Қавмингдан мунчалар илгарилаб кетдинг, эй Мусо!»","У айтди: «Улар ана — изимдан келурлар. Мен эса Сен рози бўлишинг учун шошдим, Парвардигорим!»","(Аллоҳ) деди: «Ҳақиқатан, Биз сенинг ортингдан қавмингни фитнага солдик — имтиҳон қилдик ва Сомирий уларни йўлдан оздирди».","Бас, Мусо қавмига ғазабланган ва ғамга ботган ҳолда қайтиб келиб, деди: «Эй қавмим, Парвардигорингиз сизларга (Таврот нозил этиш ҳақида) чиройли ваъда қилмаганмиди?! Сизларга (ўтган) вақт узун (кўриниб) кетдими ёки устингизга Парвардигорингиз томонидан ғазаб тушишини истаб менга берган ваъдани буздингларми?![5]###[5]Мусо Тур тоғига кетаркан, Бани Исроил қавми унга Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга сиғинмасликка сўз берган эдилар. Кейин эса, Сомирий ясаган бузоққа сиғиниш билан ваъдаларини бузадилар.","Улар айтдилар: «Бизлар сенга берган ваъдани ўз инон-ихтиёримиз билан бузганимиз йўқ. Лекин бизлар (Мисрдан чиқиб келаётганимизда Фиръавн) қавмининг зеб-зийнатларидан иборат нарсаларни кўтариб чиққан эдик, бас (Сомирийнинг амри билан) уларни (оловга) ташладик. Сўнг Сомирий ҳам (ўзи кўтариб чиққан нарсаларни оловга) ташлади.","Сўнг (Сомирий ўша зеб-зийнатларни оловда эритиб, худди тирик бузоқ каби) овози бор ҳайкал-бузоқ (ясаб) чиқариб берди, сўнг (Сомирий ва унинг шериклари): «Сизларнинг ҳам, Мусонинг ҳам илоҳи шу эди, (Мусо) унутиб, (уни бошқа ердан излагани кетибди»), дедилар.","Ахир унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини ва бирон зиён ҳам, фойда ҳам етказишга қодир эмаслигини кўрмайдиларми?!","Ҳолбуки, (бузоққа сиғинишларидан) илгари Ҳорун уларга: «Эй қавмим, сизлар бу билан фақат имтиҳон қилиндинглар, холос, (бас, у бузоққа сиғинманглар!) Шак-шубҳа йўқки, сизларнинг Парвардигорингиз ёлғиз Раҳмон — Марҳаматли Аллоҳдир. Бас, менга эргашинглар ва амримга итоат қилинглар!», деганида;","Улар: «То бизларга Мусо қайтмагунича, унга (шу бутга) ибодат қилиб — сиғинишдан ҳаргиз ажралмаймиз», деган эдилар.","(Мусо қайтиб келгач), деди: «Эй Ҳорун, сен уларнинг йўлдан озганларини кўрган пайтингда (ва менга бу ҳақда хабар беришингдан) сени нима тўсди?!","Менинг ортимдан боришингдан (сени нима тўсди?!). Менинг амримга итоатсизлик қилдингми?!»","«Эй онамнинг ўғли, сен менинг соч-соқолимдан тортмагин. Мен (агар бузоққа сиғинаётганларни қўйиб, йўлдан озмаган кишилар билан сенинг ортингдан борсам) «Менинг сўзимни кутмай, Бани Исроилни бўлиб юборибсан», дейишингдан қўрқдим».","(Сўнгра Мусо Сомирийга қараб): «Бу нима қилганинг, эй Сомирий?», деди.","У айтди: «Мен улар (яъни, Бани Исроил) кўрмаган нарсани кўрдим. (Яъни, Жаброил сенинг олдингга келганида ҳаёт отига миниб келган эди. Унинг туёғи теккан тупроқ қандай жонсиз нарсага тегса, дарҳол унга жон кирарди, мен шуни кўриб қолган эдим), бас, элчи — Жаброилнинг босган изидан бир сиқим олиб, уни (бузоқнинг ҳайкалига) сочган эдим (ундан тирик бузоқ каби овоз чиқди. Буни кўрган Бани Исроил қавмидан бўлган одамлар ўша бузоққа сиғина бошладилар). Менга нафсим ана шундай қилишни чиройли кўрсатди».","(Мусо) деди: «Бас, йўқол! Энди сен ҳаётда «Менга тегманглар», дейишгина бордир (яъни, умрингнинг охиригача якка мохов бўлиб қолурсан. Охиратда эса) сен учун ҳаргиз хилоф қилинмайдиган бир ваъда — азоб бордир. Сен устидан жилмай ибодат қилган «илоҳингнинг» (ҳолини) кўриб қўй! Биз албатта уни ёндириб, сўнгра (кулини) денгизга сочиб юборурмиз».","(Эй инсонлар), илоҳингиз яккаю ёлғиз Аллоҳдир! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. У барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизга ўтиб кетган (авлодларнинг) хабарларини мана шундай сўйлаб берурмиз. Дарҳақиқат, Биз сизга Ўз даргоҳимиздан эслатма — Қуръон ато этдик.","Ким ундан юз ўгирса, бас, албатта у Қиёмат Кунида (гуноҳнинг энг оғир) юкини кўтариб турар.","Улар у юк остида абадий қолурлар. У (юк) Қиёмат Кунида улар учун жуда оғир юк бўлур.","У сур чалинадиган кундир. У кунда Биз жиноятчи-кофир кимсаларни кўзлари кўк (яъни, нурсиз, юзлари қаро) бўлган ҳолларида йиғурмиз.","Улар ўзаро шивирлашиб: «(Дунёда) ўн кунгина турдинглар», (дейдилар).","Биз уларнинг айтадиган сўзларини жуда яхши билурмиз. Ўшанда уларнинг энг намунали йўлни тутган — донолари: «Бир кунгина турдинглар», дейди(лар).","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улар сиздан тоғлар (Қиёмат Кунида қандай ҳолда бўлиши) ҳақида сўрайдилар. Бас, айтинг: «Парвардигорим уларни (қум каби) сочиб юборур.","Сўнг (ерни) теп-текис қилиб қўюрки,","Унда на чуқурни ва на дўнгликни кўрурсиз».","У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргашурлар — итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас, фақат пичирлашнигина эшитурсиз.","У кунда шафоат — қўллов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина (фойда берур).","У зот уларнинг олдиларидаги (яъни, Охиратдаги) ва ортларидаги (яъни, дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар.","Юзлар ҳам Тирик ва абадий Тургувчи (У) зотга таъзим қилур. Ким зулмни (ширкни) кўтариб келган бўлса ноумид бўлиши аниқдир.","Ким мўмин бўлган ҳолда яхши амаллар қилса, бас, у зулмдан ҳам (яъни, унга зулм қилиниб, ўзи қилмаган гуноҳларга масъул бўлишдан ҳам), камайишдан ҳам (яъни, қилган яхши амалларининг савоб-мукофоти тўла берилмай қолишидан ҳам) хавф қилмас.","Шунингдек, Биз уни арабий Қуръон қилиб туширдик ва унда қўрқинчли ваъдаларни (такрор-такрор) баён қилдик. Шояд улар (ширк ва куфрдан) сақлансалар ё (бу ваъдалар) улар учун эслатма-ибратлар пайдо қилса!","Ҳақ Подшоҳ — Аллоҳ юксакдир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга (Қуръон) ваҳийси битишидан илгари қироат қилишга шошманг (балки фаришта Жаброил Аллоҳ томонидан келтирган оятни тўла ўқиб бўлганидан кейингина қироат қилинг) ва айтинг: «Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин».","Дарҳақиқат, Биз илгари Одам билан (Жаннатдаги бир дарахтга яқинлашмаслиги ҳақида) аҳдлашган эдик. У (аҳдни) унутди ва Биз унинг учун қасд-собитқадамликни кўрмадик.","Эсланг, Биз фаришталар: «Одамга сажда қилинглар», дейишимиз билан саждага эгилдилар, фақат иблис бош тортди.","Бас, Биз айтдик: «Эй Одам, албатта бу (иблис) сенга ҳам, хотинингга ҳам душмандир. Бас, у икковингизни жаннатдан чиқариб, бахтсиз бўлиб қолмагин.","Шубҳасиз, сен у жойда (яъни, жаннатда) оч-яланғоч қолмайсан.","Ва у жойда ташна ҳам бўлмайсан, иссиқда ҳам қолмайсан».","Сўнг шайтон унга васваса қилиб: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?», деди.","Бас, (Одам билан Ҳавво) ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди.","Сўнгра Парвардигори уни сайлаб — Ўзига яқин қилиб, тавбасини қабул этди ва Тўғри Йўлга ҳидоят қилди.","(Аллоҳ) айтди: «Ундан (яъни, жаннатдан) ҳар иккингиз тушингиз. Айрим (зурриётларингиз) айримларига душмандир. Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас.","Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг — бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни Қиёмат Кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз».","У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди,","(Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан».","Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби шак-шубҳасиз, қаттиқроқ ва давомлироқдир.","Биз улардан илгари ҳам уларнинг масканларида (яшаб) юрган қанча авлодларни (куфрлари сабабли) ҳалок қилганимиз уларга маълум эмасми?! Албатта бунда ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир.","Агар Парвардигорингиз томонидан (барча яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазолари Қиёматда бўлиши хусусида) Сўз ва белгиланган муддат бўлмаганида эди, албатта (улар дарҳол азобга гирифтор бўлишлари) лозим эди.","Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улар айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни покланг — намоз ўқинг! Кеча(нинг аввалги ва охирги) вақтларида ҳамда кундуз(нинг аввалги ва охирги тарафларида ҳам тасбеҳ айтинг — намоз ўқинг, шояд хурсанд бўлурсиз.","Сиз кўзларингизни Биз (кофирлардан айрим) тоифаларни фитнага солиш учун баҳраманд қилган — ҳаёти дунё гўзалликларидан иборат нарсаларга тикманг! Парвардигорингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир.","Аҳли-умматингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз сиздан ризқ сўрамаймиз, (билъакс) Ўзимиз сизга ризқ берурмиз. Оқибат-жаннат — (аҳли) тақвоникидир.","(Мушриклар: «Муҳаммад) Парвардигори томонидан бизларга бирон оят-мўъжиза келтирса эди», дедилар. Ахир уларга илгариги саҳифалардаги (яъни, аввалги илоҳий китоблардаги) нарсаларнинг баёни (яъни, Қуръон) келмадими?!","Агар Биз уларни (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом келишидан ва Қуръон нозил бўлишидан) илгари бирон азоб билан ҳалок қилганимизда, улар албатта: «Парвардигоро, бизларга бирон пайғамбар юборганингда эди, бизлар хор-зор ва шарманда бўлмай, Сенинг оятларингга эргашар — итоат этар эдик», деган бўлур эдилар.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Барча(миз) кутгувчидир(миз). (Яъни, сизлар ҳам, бизлар ҳам охир-оқибатда ким ҳақ, ким ноҳақ бўлиб чиқишини кутмоқдамиз). Бас, кутаверинглар! Яқинда ким Тўғри Йўл эгалари ва кимлар ҳидоят топган кишилар эканини билурсизлар»."]