["Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун улуғ ризқ (яъни, жаннат)ни тайёрлаб қўйгандирмиз.","Эй пайғамбар аёллари, сизлар агар тақводор бўлсангизлар, аёллардан биронтаси каби эмасдирсизлар (яъни, бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмас). Бас, сизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ қилиб қолур. Яхши — тўғри сўзни сўзланглар!","Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этинглар! (Эй пайғамбар) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос.","Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни, пайғамбар ҳадислари)дан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар! Албатта Аллоҳ меҳрибон ва огоҳ бўлган Зотдир.","Албатта муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилгувчи эркаклар ва сабр-қаноат қилгувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайру-садақа қилгувчи эркаклар ва хайру-садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақлагувчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақлагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар — улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир.","Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳни ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди.[4]###[4]Ушбу оят Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг аммалари Умму Айманнинг қизи Зайнаб бинти Жаҳш ҳақида нозил бўлгандир. Пайғамбаримиз Зайнабни ўзларининг асраб олган ўғиллари Зайд бин Хорисага хотинликка сўраб совчи бўлиб борганларида, у унамасдан: «Ё Расулуллоҳ, ахир мен Қурайшнинг энг олий насабли аёлларидан бўлсам, Зайд эса куни кеча озод бўлган қул бўлса, қандай қилиб у менга муносиб бўлсин», дейди. Шунда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга юқоридаги оят нозил бўлгач, ноилож қолиб, ўз розилигини беради ва Зайдга никоҳлаб берилади. Лекин Зайд билан Зайнабнинг турмушлари яхши бўлмайди. Чунки Зайнаб эрига нописандлик билан муомалада бўлар ва мудом унга ўзининг олийнасаб эканини пеш қилаверар эди. Охир оқибат Зайд пайғамбарнинг олдиларига Зайнаб ҳақида шикоят қилиб келиб, у билан бирга ортиқ яшай олмаслигини айтади. Дарвоқеъ, бу орада Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга ваҳий келган бўлиб, унда Зайд Зайнаб билан ажрашиб кетишлари ва пайғамбар Зайнабга уйланишлари ҳақида хабар берилган эди. Лекин Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом одамларнинг «Муҳаммад ўзи асраб олган ўғлининг хотинига уйланди», деб таъна қилишларидан чўчиб бу ваҳийни ошкор қилмай келар эдилар. Шунинг учун ҳам Зайд келиб хотини билан ажрашмоқчи эканини билдирганида, унга сабр қилишни маслаҳат берадилар. Қуйидаги оятда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига мана шу иши учун танбеҳ беради.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), эсланг, сиз Аллоҳ (Исломга ҳидоят қилиш билан) инъом-марҳамат қилган ва сиз (қулликдан озод қилиб, ўзингизга ўғил қилиб олиш билан) инъом қилган кишига (яъни, Зайд бинни Хорисага): «Жуфтингни ўз ҳузурингда ушлагин (яъни, талоқ қилишга шошмагин), Аллоҳдан қўрқгин», деб Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақроқ бўлгани ҳолда, сиз одамлардан (яъни, уларнинг таъна қилишларидан) қўрққан эдингиз. Бас, қачонки Зайд ундан (яъни, Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач (яъни, уни талоқ қилгач), Биз сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо қилишгач (яъни, уларни талоқ қилишгач) уларнинг (хотинларига уйланишларида) танглик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Ва Аллоҳнинг амри иродаси қилингувчи бўлди.","Аллоҳ пайғамбарга фарз қилган (яъни, ҳалол қилган) нарсада унга бирон танглик бўлмас. (Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг йўли — қонунидир (яъни, улар учун ҳам Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларда ҳеч қандай танглик бўлмаган). Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди.","Улар (яъни, ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг амру-фармонларини (бандаларга) етказадиган, У зотдан қўрқадиган ва Аллоҳдан ўзга бировдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб қилгувчидир.","Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган Зотдир.","Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар.","Ва эрта-ю кеч У зотни поклаб тасбеҳ айтинглар!","У сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган Зотдир. Унинг фаришталари ҳам (ҳақларингизга дуо қилурлар). У мўминларга меҳрибон бўлган Зотдир.","(Мўминлар Аллоҳга) рўбарў бўладиган кунда уларга (Аллоҳ томонидан йўлланадиган) салом тинчлик-омонлик тилаш бўлур. (Аллоҳ) улар учун улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир.","Эй пайғамбар, дарҳақиқат, Биз сизни (Қиёмат Кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юборгандирмиз.","Ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У зотга (яъни, Унинг динига) даъват қилгувчи ва (Ҳақ йўлини кўрсатгувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз.","Мўминларга хушхабар берингки, шак-шубҳасиз, улар учун Аллоҳ томонидан катта фазлу марҳамат (яъни, жаннат) бордир.","Сиз кофирлар ва мунофиқларга бўйинсунманг ва уларнинг озор-азиятларига парво қилманг ҳамда Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи етарли вакил-ҳомийдир.","Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга қўл тегизишдан (яқинлашишдан) илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас. Бас, сизлар уларни (озми-кўпми ҳадя билан) баҳраманд қилиб, чиройли кузатиш билан кузатинглар![5]###[5]Маълумки, шариати Исломийя қонунига кўра эр-хотин ажралишганида, хотин бошқа турмуш қуриш ҳуқуқига фақат уч ҳайз муддатида идда сақлаганидан кейингина эга бўлар эди. Энди агар эр-хотин қовушмасдан туриб ажраладиган бўлсалар, у ҳолда хотиннинг идда сақлашига ҳожат йўқдир, чунки идда хотин кишининг ҳомиладор бўлган-бўлмаганини аниқлаш учун сақланар эди. Яна бундай ҳолатда эр-хотиннинг ҳақ-маҳрини тўлаши ҳам лозим эмас, балки ўзи кўнглидан чиққан бирон совға билан ўша хотинни фойдалантириши кифоя экан.","Эй пайғамбар, албатта Биз сиз учун ҳаққи-маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ сизга (жангу жадалларда) ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларингизни, сиз билан бирга ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини ва аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини ва холаларингизнинг қизларини яна (ҳар қандай) мўмина аёлни — агар у ўзини пайғамбарга ҳадя этсаю, пайғамбар уни (ҳаққи маҳр бермай) ўз никоҳига олишни истаса (мазкур аёлларнинг барчасини Биз сиз учун) ҳалол қилдик. (Ўзини ҳадя этган аёлга ҳаққи маҳрини бермасдан уйланиш ижозати) мўминлар учун эмас, холис сиз учундир. Биз (мўминларга) жуфтлари ва қўл остиларидаги чўрилари ҳақида фарз қилган ҳукмларимиз эса аниқ маълумдир. Токи сизга танглик бўлмаслиги учун (Биз сизга мазкур имтиёзларни бердик). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир.","Сиз (аёлларингиздан) ўзингиз хоҳлаган аёлни қолдириб, ўзингиз хоҳлаган аёлни ўзингизга ҳамхона қилурсиз. Ўзингиз четлатган аёлларингиздан бирон аёлни (ўзингизга яна ҳамхона қилишни) истасангиз сизга ҳеч қандай гуноҳ бўлмас. Бу (яъни, аёлларингизга қиладиган муомалангизда сизга ихтиёр бериб қўйишимиз), уларнинг кўзлари қувонишига, ғамгин бўлмасликларига ва сиз уларга ато этган нарсага барчалари рози бўлишларига яқинроқ (йўлдир). Аллоҳ сизларнинг дилларингиздаги сирларингизни (ҳам) билур. Аллоҳ билгувчи ва ҳалим бўлган Зотдир.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз учун бундан сўнг аёллар (яъни, мана шу аёлларингиз устига яна уйланишингиз) ҳалол бўлмас ва гарчи (бошқа) хотинларнинг ҳусни жамоллари сизни қизиқтирса ҳам уларни (ўз аёлларингизга) алмаштириш ҳам (яъни, аёлларингизни талоқ қилиб, уларни никоҳингизга олиш ҳам сиз учун ҳалол бўлмас). Магар сиз эга бўлган чўрилар (ҳалолдир). Аллоҳ барча нарса устида кузатиб тургувчи бўлган Зотдир.","Эй мўминлар, пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирон таомга чақирилсагина киринглар. (Ўшанда ҳам) унинг пишишига кўз тутиб тургувчи бўлманглар, балки чақирилган пайтингизда кириб, таомлангач тарқалинглар ва бирон гапга берилган ҳолингизда (у ерда қолиб кетманглар)! Чунки бу (ишларингиз) пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан (яъни, сизларни чиқариб юборишдан) тортинар. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) тортинмас. Қачон сизлар (пайғамбар аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар) парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир. Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмасдир. Чунки бу (ишларингиз) Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир.","Агар сизлар бирон нарсани ошкор қилсангизлар ё яширсангизлар, албатта (Аллоҳ билур). Зеро, Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган Зотдир.","(Пайғамбар аёллари) ўзларининг оталарига, ўғилларига, оға-иниларига, оға-иниларининг ўғилларига, опа-сингилларининг ўғилларига, (мўмина) аёлларга ва қўл остиларидаги чўриларга (очиқ ҳолда кўринишларида) уларга бирон гуноҳ бўлмас. (Эй пайғамбар аёллари), Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ барча нарса устида гувоҳ бўлган Зотдир.","Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!","Албатта Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, Охиратда ҳам лаънатлагандир ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир.","Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар.","Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир.","Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида мараз бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тўхтамасалар, албатта Биз сизни уларга қарши оёқлантирурмиз, сўнгра улар (Мадинада) сиз билан бирга тура олмай қолурлар, фақат озгина тура олурлар, холос.","Магар лаънатга дучор бўлган ҳолларидагина (тура олурлар, холос). (У пайтда) улар қаерда топилсалар ушланурлар ва ўлдириб ташланурлар.","(Бу) илгари ўтган зотлар ҳақидаги Аллоҳнинг йўли — қонунидир. Аллоҳнинг йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз.","Одамлар сиздан (Қиёмат) соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. «У (соатни) билиш ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол у соат яқин келиб қолгандир.","Албатта Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун ўтни тайёрлаб қўйди.","Улар на бирон дўст ва на бирон ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қолурлар.","Юзлари оловда айлантириладиган — куйдириладиган кунда, улар: «Кошки эди бизлар ҳам Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда», дерлар.","Яна улар: «Парвардигоро, дарҳақиқат, бизлар бошлиқларимизга ва катталаримизга бўйинсундик, бас, улар бизларни (тўғри) йўлдан оздирдилар.","Парвардигоро, Сен уларга азобни икки ҳисса қилиб бергин ва уларни катта лаънат билан лаънатлагин», дедилар.","Эй мўминлар, сизлар (ўз пайғамбарларингиз Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга нисбатан Бани Исроил қавмидан бўлган) Мусога озор берган кимсалар каби бўлмангизлар! Бас, Аллоҳ (Мусони) улар айтган айблардан поклади. У Аллоҳ наздида обрўли киши эди. (Худди шунингдек Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом ҳам Аллоҳ наздида обрўли кишидир).","Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар!","(Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ бахтга эришибди.","Албатта Биз бу омонатни (яъни, шариати Исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, Ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди (яъни, бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкул вазифани ўз зиммасига олди).","Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларни, мушрик ва мушрикаларни азоблаш учун ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавба-тазарруларини қабул килиб, (гуноҳларини мағфират қилиш учун Одам болаларига бу омонатни юклади). Аллоҳ мағфират қилгувчи ва меҳрибон бўлган Зотдир.","(Барча) ҳамду сано Аллоҳ учундир. У шундай Зотки, осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир. Охиратдаги ҳамду сано ҳам ёлғиз Унинг учундир. У ҳикмат Эгаси ва (барча нарсадан) хабардордир.","У ерга кирадиган (ёмғир-қор суви, хазинаю-дафина ва жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ут-ўлан, наботот ва булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам, самодан тушадиган (ризқу рўз, хайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган (яхши амал ва дуо-илтижо каби) нарсаларни ҳам билур. У меҳрибон ва мағфиратлидир.","Кофир бўлган кимсалар «Бизларга (Қиёмат) соати келмас», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Йўқ! Ғайбни билгувчи Парвардигоримга қасамки, шак-шубҳасиз, у (яъни, Қиёмат) сизларга келур. Осмонлар ва Ердаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса (Аллоҳ)дан маҳфий бўлмас — албатта очиқ Китобда (яъни, Аллоҳнинг азалий ёзмиши — Лавҳул-Маҳфузда у) мавжуд бўлур».","Токи (Аллоҳ) иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни мукофотлаши учун (шак-шубҳасиз, Қиёмат соати келур). Ана ўша зотлар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни, жаннат) бордир.","Бизнинг оятларимизга (қарши) курашиш ҳаракатида юрган кимсалар учун эса аламли жазодан иборат азоб бордир.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), илм ато этилган зотлар сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган (Қуръоннинг) ҳақ (Китоб) эканини ва у қудратли, ҳамду санога лойиқ Зотнинг йўлига ҳидоят қилишини билурлар.","Кофир бўлган кимсалар эса: «Сизларга (қабрларингизда чириб) титилиб бўлак-бўлак бўлиб кетган вақтингизда шак-шубҳасиз, яна янгитдан яратилурсизлар, деб хабар берадиган бир кишини кўрсатайликми?","У Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиб олдими ёки жинни бўлиб қолдими?», дедилар. Йўқ, (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом ёлғон тўқиб олгани ҳам, жинни бўлиб қолгани ҳам йўқ, балки) Охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг ўзлари азобда ва (Ҳақ йўлдан йироқ) залолатдадирлар.","Ахир улар олдиларидаги ва ортларидаги (яъни, чор-атрофларидаги) нарсаларга — осмону заминга боқмайдиларми?! Агар Биз хоҳласак, уларни Ерга юттириб юборурмиз ёки осмонни устларига парча-парча қилиб туширурмиз. Албатта бунда ҳар бир (Аллоҳга) қайтгувчи банда учун оят-ибрат бордир.[1]###[1]Яъни ҳар бир инсоф-диёнатли банда бундан ибрат олиб, Еру-осмондек буюк мавжудотни яратган ва уларни Ўз қудрати илоҳийясига бўйинсундирган Аллоҳ таоло албатта қабрлардаги жасадларга ҳам қайта жон ато этишга қодир эканини билиб олиши мумкиндир.","Аниқки, Биз Довудга (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик ва дедик: «Эй тоғлар ва қушлар (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!» Ва унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик.","(Ва унга дедик): «Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро, Мен қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидирман».","Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйгандирмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўюрмиз.","Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни — ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берурлар. «(Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир».","Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асосини еяётган (ёғоч) кемирувчи қуртгина дадолат қилди. Бас, қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билгувчи бўлганларида бу хор қилгувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлур эдилар.[2]###[2]Мазкур оятларда ота-ўғил — Довуд ва Сулаймон пайғамбарларга Аллоҳ таоло ато этган неъматлар санаб ўтилди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга шундай хуш овоз берган эканки, у киши Забурни тиловат қилганларида осмонда учиб кетаётган қушлар тек қотар ва чор атрофдаги тоғу-тошлар билан бирга у зотга жўровоз бўлиб тиловат қилишар экан. Ўша замонда темирчилик ҳунари ниҳоят даражада равнақ топган бўлиб, темирчилар ўзларининг асбоб-анжомлари воситасида истаган нарсаларини ясай олар эканлар. Асли касби совутсозлик бўлган Довуд пайғамбар эса шундай фазилатга эга эканларки, қўллари теккан темир ҳамирдек мулойим бўлиб қолар ва у зот бирон асбоб-анжомсиз уни ўзлари хоҳлаган шаклга киритар эдилар. Бу мўъжизанинг гувоҳи бўлган кишилар Довуднинг ҳақ пайғамбар эканига иймон келтиришар эди. Энди Сулаймон алайҳиссаломга эса Аллоҳ таоло инсу-жин подшоҳлигини ато этган эди. Учар шамоллар ҳам у зотнинг инон-ихтиёрида бўлиб, истаган жойларига бир зумда элтиб қўяр эди. Сулаймон пайғамбарга берилган мўъжизалардан яна бири мис булоғи бўлиб, ривоят қилинишича, ундан сув ўрнига муздек мис оқиб ётар, пайғамбар измидаги жинлар эса ўша мисдан у зотнинг хоҳлаган нарсаларини ясаб беришар экан. Ушбу сўнгги оят айрим кишиларнинг жинлар ғайбни — яъни келажакда рўй берадиган воқеа-ҳодисаларни биладилар, деган гумонларини рад этади. Чунки улар то ўтирган ҳолларида жон таслим қилган Сулаймон алайҳиссаломнинг суяниб ўтирган асоларини бир йил давомида ёғоч қурти еб ерга қулаб тушмагунларича у зотнинг вафот қилганларини билмаганлар ва тиним билмасдан пайғамбар уларга буюрган оғир меҳнатда — баланд қаср бино қилишда давом этганлар. Ушбу оятларда Аллоҳ таоло ато этган фазлу-марҳаматига шукр қилиб ўтган солиҳ пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилинган бўлса, қуйидаги оятларда Аллоҳ берган неъматларга ношукурлик қилганлари оқибатида улардан маҳрум қилиниб, ҳалокатга гирифтор бўлган қавм тўғрисида сўз юритилади.","Аниқки, Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида (Аллоҳнинг фазлу марҳаматига далолат қиладиган) бир аломат бор эди — ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга) «Парвардигорингиз (берган) ризқу рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират килгувчи Парвардигордир», (деган эдик).","Бас, улар (Бизга шукр қилишдан) юз ўгиришгач, Биз уларнинг устига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор «боғлар»га алмаштириб қўйдик.","Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз.","Биз улар билан Ўзимиз баракотли қилган (Шом) қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган (яъни, бир-бирига яқин) қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва улар орасида юриш (масофаси)ни ҳам ўлчаб-белгилаб (уларга): «Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар», (деган эдик).","Улар эса (бу неъматларга ношукурлик қилиб): «Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин», дейишиб, ўзларига зулм қилдилар, бас, Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб (ҳар томонга тирқиратиб юбордик). Албатта бунда ҳар бир (балоларга) сабр-қаноат қилгувчи, (неъматларга) шукр қилгувчи учун оят-ибратлар бордир.","Дарҳақиқат, Иблис уларнинг устидаги («Мен уларни йўлдан оздира олурман», деган) гумонини рўёбга чиқарди, бас, (Сабаъ қабиласи иблисга эргашдилар), фақат бир гуруҳ мўминларгина (унга бўйинсунмадилар).","(Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги — фақат Биз Охиратга иймон келтирадиган кишиларни, ундан (яъни, Охиратдан) шак-шубҳада турган кимсалардан билиб-ажратиб олишимиз учун бўлгандир. (Яъни, Охират ҳақида шубҳа қилгувчи кимсалар иблиснинг иғвосига учиб, унга эргашурлар ва Аллоҳнинг неъматларига ношукурлик қилурлар. Охиратга иймон келтирган зотларга эса унинг васвасаси кор қилмас.) Парвардигорингиз барча нарсанинг устида кузатиб тургувчидир.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на Ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва Ерда Аллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир.","(Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов фойда берур (яъни, ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар, ё ўзгаларни шафоат қила олурлар). То қачон (Парвардигор улар учун шафоатга изн бериши билан) дилларидан қўрқув кетказилгач, улар (бир-бирларига): «Парвардигорингиз нима деди (яъни, шафоатга ҳақиқатан изн бердими?)», деб (савол қилишиб), «Ҳақни (айтди, яъни ҳақиқатан шафоатга изн берди), У юксак ва буюк Зотдир», дейишиб (жавоб қилурлар).","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «Ким сизларга осмонлар ва Ердан ризқу рўз берур?» Айтинг: «Аллоҳ (ризқ берур). Шак-шубҳасиз, ё бизлар ёки сизлар (яъни, икки тоифадан бири) аниқ ҳидоят устида ёки очиқ залолатдадир».","Айтинг: «Сизлар бизлар қилган гуноҳ тўғрисида масъул бўлмассизлар ва бизлар сизлар қилаётган амаллар тўғрисида масъул бўлмасмиз».","Айтинг: «Парвардигоримиз (Қиёмат Кунида) ўртамизни жамлар, сўнгра ўртамизда ҳақиқат — адолат билан ҳукм қилур. Унинг Ўзигина (адолат билан) ҳукм қилгувчи ва (ким ҳақ, ким ноҳақ эканини) билгувчидир».","Айтинг: «(Эй мушриклар), сизлар менга (ўзларингизча Аллоҳга) қўшиб олган бутларингизни (ҳақиқатан У зотга) шериклар эканини кўрсатингиз-чи?! Йўқ, (бу гумонларингиз хатодир). Балки (ёлғиз) Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат Эгасидир.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга — (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар.","Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган Қиёмат) қачон бўлади?», дерлар.","Айтинг: «Сизлар учун шундай бир куннинг ваъдаси бордирки, сизлар ундан бирон соат кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмассизлар».","Кофир бўлган кимсалар: «Бизлар бу Қуръонга ҳам, ундан олдинги (китобларга) ҳам ҳаргиз иймон келтирмаймиз», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар сиз ўша золим кимсаларни (Қиёмат Кунида) Парвардигор ҳузурида турғизуб қўйилиб, бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсангиз эди. (Ўшанда) бечора саналган (яъни, эргашувчи бўлган) кимсалар, мутакаббир кимсаларга (яъни, ўз пешволарига): «Агар сизлар бўлмаганингизда, бизлар шак-шубҳасиз, мўминлар бўлур эдик», десалар,","Мутакаббир кимсалар бечора саналган кимсаларга: «Сизларга ҳидоят келганидан сўнг сизларни (ундан) биз тўсдикми? Йўқ, ўзларингиз жиноят қилгувчи бўлдингизлар», дерлар.","Бечора саналган кимсалар эса мутакаббир кимсаларга: «Йўқ, кеча-ю кундуз қилган макр-ҳийла(ларингиз бизларни мўмин бўлишдан тўсган эди). Ўшанда сизлар (ўз макр-ҳийлаларингиз билан) бизларни Аллоҳга кофир бўлишга ва У зотга (ўзгаларни) тенг шерик қилишга зўрлар эдингизлар», дедилар. Азобни (ўз кўзлари билан) кўрган вақтларида улар (яъни, пешволар ҳам, эргашганлар ҳам) ичларида надомат қилдилар ва Биз кофир бўлган кимсаларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Уларга фақат ўзлари (ҳаёти дунёда) қилиб ўтган қилмишларининг жазоси берилур.","Биз қайси бир қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) юбормайлик, албатта у жойнинг боёнлари «Аниқки, биз сизлар элчи қилиб юборилган нарсага кофирдирмиз», дедилар.","Яна улар: «Бизларнинг мол-дунё ва болаларимиз — иймон келтирганлардан кўра кўпроқ, (бинобарин, бизлар Аллоҳ наздида улардан обрўлироқмиз ва) бизлар азоблангувчи эмасдирмиз», дедилар.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Албатта Парвардигорим Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Лекин кўп одамлар (буни) билмаслар».","На молу дунёларингиз ва на болаларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилгувчи эмасдир. Фақат иймон келтирган ва яхши амал қилган зотлар — ана ўшалар учунгина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бўлур ва улар (жаннатдаги) юксак манзилларда тинч-омон бўлурлар.","Бизнинг оятларимизга (қарши) курашиш ҳаракатида юрадиган кимсалар — улар азобга дучор қилингувчидирлар.","Айтинг: «Албатта Парвардигорим бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У энг яхши ризқ бергувчидир.","(Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни, мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга «Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?», дейилган кунда.","(Фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари (жинларга) иймон келтиргувчидирлар», дерлар.","Энди бу кунда бирингиз бирингизга на фойда ва на зиён етказишга қодир бўлмас ва Биз золим бўлган кимсаларга: «Ўзларингиз ёлғон деган дўзах азобини тотиб кўрингиз», дермиз.","Қачон уларга Бизнинг аниқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, улар: «Бу (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) фақат сизларни ота-боболарингиз ибодат қилиб ўтган бутлардан тўсмоқчи бўлган кимсадир», дерлар ва «Бу (яъни, Қуръон) фақат тўқилган бир бўҳтондир», дерлар. Кофир бўлган кимсалар уларга Ҳақиқат — Қуръон келган вақтида у ҳақда «Бу фақат очиқ сеҳрдир», дедилар.","Ҳолбуки, (илгари) Биз уларга ўқиб-ўрганадиган китоблар ато этган эмасмиз ва уларга сиздан аввал бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам юборган эмасмиз.","Улардан илгари (ўтган) кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган эдилар — Ҳолбуки, (Макка мушриклари) Биз уларга ато этган неъматларнинг ўндан бирига ҳам етганлари йўқ. — Бас, ўшалар Менинг пайғамбарларимни ёлғончи қилишгач, Менинг инкорим қандай бўлган эди?!","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «Мен сизларга фақат биргина нарсани — Аллоҳ учун жуфт-жуфт, ёлғиз-ёлғиз ҳолингизда туриб, сўнгра (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом ва у келтирган Китоб ҳақида) тафаккур қилишингизни тавсия қилурман. Соҳибингизда (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломда) ҳеч қандай жиннилик йўқдир. У фақат қаттиқ азоб олдидан сизларга (юборилган) бир огоҳлантиргувчи (пайғамбардир), холос».","Айтинг: «Мен сизлардан сўраган бор ажру-мукофот ўзларингизга бўлсин (яъни, мен сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамасман). Менинг ажр-мукофотим ёлғиз Аллоҳнинг зиммасидадир. У барча нарсага гувоҳдир».","Айтинг: «Албатта Парвардигорим Ҳақ — Қуръонни (ботил-жаҳолат устига) отур. У ғайбларни аниқ билгувчидир».","Айтинг: «Ҳақ — Қуръон келди (ва ботил-динсизлик йўқ бўлди. Энди) ботил (янги динсизликни) бошлай ҳам олмас, (эски динсизликни) қайтара ҳам олмас.","Айтинг: «Агар мен (Ҳақ йўлидан) озсам, бас, фақат ўз зиёнимга озурман ва агар (Унинг йўлига) ҳидоят топсам, у ҳолда Парвардигорим менга ваҳий қилаётган (Қуръон) сабаблигина (ҳидоят топурман). Шак-шубҳасиз, У эшитгувчидир, яқиндир».","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар сиз (мушрик-кофирларни) даҳшатга тушиб, қочгани жой топа олмай қолган ва яқин бир макондан (дўзахга ташлаш учун) тутиб кетилган пайтларида кўрсангиз эди!","(Ўша кунда) улар: «(Муҳаммадга) иймон келтирдик», дедилар. (Улар агар ҳаёти дунёда иймон келтирганларида қабул қилинган бўлур эди, аммо энди) йироқ бир макондан (Охират диёридан туриб иймон ва тавба-тазарруъга) қўллари қандоқ етсин?!","Ҳолбуки, улар илгари (ҳаёти дунёда) унга кофир бўлган эдилар! Ҳолбуки, улар йироқ бир макондан ғайбга (Охиратга тош) отар эдилар!","(Мана энди) худди улардан илгари (ўтган) ҳаммаслакларига қилингани каби, улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг (яъни, иймон келтириб, дўзах азобидан қутулиб қолишнинг) ўртаси тўсиб қўйилди. Зеро, улар (ҳаёти дунёдалик пайтларида) шак-шубҳа остида эдилар.","Ҳамду-сано осмонлар ва Ерни илк яратгувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилгувчи Аллоҳ учундир. У зот (яратган) маҳлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур. Албатта Аллоҳ барча нарсага қодирдир.","Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас, уни ушлаб-тўсиб қолгувчи бўлмас ва нени ушлаб қолса, бас, У зот (ушлаб қолгани)дан сўнг у (нарсани бандаларга) бирон юборгувчи бўлмас. У қудрат ва ҳикмат Эгасидир.","Эй инсонлар, сизларга Аллоҳ ато этган сон-саноқсиз неъматни эслангиз! Сизларга осмону заминдан ризқу рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратгувчи борми?! Ҳеч бир илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар (мушриклар) сизни ёлғончи қилсалар, бас, (билингки), сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилингандирлар. (Барча) ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилур.","Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Аллоҳ (барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!","Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз, у, ўз фирқасини (яъни, ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгалари бўлишлари учун даъват қилур.","Кофир бўлган кимсалар учун қаттиқ азоб бордир. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун эса мағфират ва улуғ мукофот бордир.","Ахир (қилган) ёмон амали ўзига чиройли кўриниб, уни гўзал (амал) деб ўйлаган кимса (Аллоҳ ҳақ йўлга ҳидоят қилган зот каби бўлурми)?! Зотан, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), жонингиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ҳасрат-надоматлар чекиб кетмасин. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган ҳунарларини билгувчидир.","Аллоҳнинг Ўзи шамолларни юборди. Бас, улар булутни қўзғатгач, Биз уни ўлик шаҳарга ҳайдаб, унинг ёрдамида ўлган ерни тирилтирдик. (Қиёмат қойим бўлган куни) қайта тирилиш ҳам шунинг ўзидир.","Ким куч-қудратни истайдиган бўлса, бас, барча куч-қудрат Аллоҳникидир. (Ҳар бир) Хуш Сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур. Ёмон макр-ҳийлалар қиладиган кимсалар учун эса қаттиқ азоб бордир ва уларнинг макрлари ҳам ҳалок бўлур (яъни, беҳуда кетур).","Аллоҳ сизларни (аввал) тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин сизларни жуфт-жуфт (яъни, эркак-аёл) қилиб қўйди. Ҳар бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши ҳам, кўзи ёриши ҳам шак-шубҳасиз, Унинг билиши — огоҳлиги билан бўлур. Ҳар бир умр кўргувчининг умри узун қилинмас ва (ё) умридан камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта бу Аллоҳга осондир.","Дарё-денгиз тенг бўлмас — буниси ширин-тотли ва ичилиши осон, буниси эса шўр-тахирдир. Сизлар (уларнинг) ҳар биридан янги гўшт (яъни, балиқ тутиб) ейсизлар ва тақадиган зеб-зийнат чиқариб олурсизлар. Ва сизлар (Аллоҳнинг) фазлу-марҳаматидан (яъни, ризқу рўзидан) исташларингиз учун (денгиз ва дарёларда сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсизлар. Шояд шукр қилсангизлар.","(Аллоҳ) кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур, У қуёш ва ойни ҳам (сизларнинг манфаатингиз учун) бўйинсундириб қўйгандир — ҳар бири муайян муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача ўз фазосида) жорий бўлур. Ана шу Аллоҳ сизларнинг Парвардигорингиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар.","Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва Қиёмат Кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, дунё-ю Охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор Зот (яъни, Аллоҳ) каби хабар бера олмас.","Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзигина (барча одамлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ Зотдир.","Агар У хоҳласа, сизларни (Ер юзидан) кетказиб, (ўрнингизга) янги бир халқни келтирур.","Ва бу (иш) Аллоҳга қийин эмасдир.","(Қиёмат Кунида) ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Агар оғир гуноҳ эгаси бўлган жон (бировни) ўз юки-гуноҳига (яъни, гуноҳининг бир қисмини кўтаришга) чорласа, (гарчи чорлангувчи) яқин қариндоши бўлса-да, у (гуноҳдан) бирон нарса кўтарилмас (яъни, у кунда ҳар ким ўз амали билан машғул бўлиб, ота болага, ака укага қарашга имкон топмас). (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз фақат ғайбдаги (яъни, кўзларига кўринмайдиган) Парвардигордан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этган зотларнигина огоҳлантира олурсиз. Ким покдоман бўлса, у фақат ўз (фойдаси) учун покдоман бўлур. Ёлғиз Аллоҳгагина қайтилур.","Кўр кимса (кофир) билан кўргувчи зот (мўмин) баробар эмасдир;","Зулматлар (куфр) билан нур (иймон);","Соя (жаннат) билан жазирама (дўзах) баробар эмасдир.","Тириклар (мўминлар) билан — ўликлар (кофирлар) ҳам баробар эмасдир. Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга (ҳақ даъватни) эшиттирур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз қабрлардаги кимсаларга (яъни, ўлик дилларига) эшиттира олгувчи эмасдирсиз.","Сиз фақат огоҳлантиргувчидирсиз.","Албатта Биз сизни Ҳақ (дин) билан, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. (Сизнинг умматингиздан аввалги) ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огоҳлантиргувчи — пайғамбар ўтгандир.","Агар (мушриклар) сизни ёлғончи қилсалар, бас, (билингки), улардан аввалги кимсалар ҳам (ўзларига келган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандилар. Ҳолбуки, пайғамбарлари уларга аниқ-равшан мўъжизалар, (илоҳий) саҳифалар ва (Таврот, Инжил каби) нурли Китоб келтирган эдилар.","Сўнгра кофир бўлган кимсаларни (куфрлари сабабли) ушладим — жазоладим. Бас, Менинг инкорим — азобим қандоқ бўлди?!","Аллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида рангу рўйлари турли-туман бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғлардан ҳам оқ, қизил — ранго-ранг йўл(ли тоғлар) ҳам, тим қора (тоғлар) ҳам бордир.","Шунингдек одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ранг-баранглари бордир. Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, мағфиратлидир.[1]###[1]Бу икки оятда оламдаги барча мавжудотнинг яратгувчиси ёлғиз Аллоҳ таоло эканлиги таъкидланмоқда. Дарҳақиқат, илм-маърифат эгаси бўлган ҳар бир инсон осмондан ёғилган бир хил рангдаги сув сабабли қора ердан униб чиқадиган рангу рўйи турли-туман бўлган наботот оламига, усти кўриниши ҳам, остида яширган хазина-дафиналари ҳам ранго ранг тоғу-тошларга — жамодот оламига ва заминнинг осту-устида тарқалиб, ўзларига юкланган вазифаларни бош тортмасдан бажариб юрган ҳайвонот оламининг ранг-баранглигига ва ниҳоят мана шу барча мавжудотдан фойдаланиб, уларни бошқаришни ўз зиммасига олган инсонларнинг рангу рўйлари ҳам, феъли атвор ва удум анъаналари ҳам неча турфа эканлигига тафаккур ва ибрат назари билан боқса, Яратганнинг қудрату-хунармандчилигига тасанно айтмасдан қолмас. Шунинг учун ҳам мазкур оятда Аллоҳдан фақат ҳақиқий илм-маърифат эгалари қўрқишлари уқтириб ўтилди.","Албатта Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон Аллоҳдан ажру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар.","Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир).","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизга ваҳий қилган Китоб — Қуръон ўзидан аввалги илоҳий китобларни тасдиқлагувчи бўлган Ҳақ (Китобдир). Албатта Аллоҳ Ўз бандаларидан огоҳ ва (уларнинг барча ишларини) кўриб тургувчидир.","Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни, сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас, уларнинг орасида (Қуръонни ўқиса-да, унга амал қилмайдиган) ўз жонига жабр қилгувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилгувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилгувчи ҳам бордир. Ана ўша (яъни, Қуръонга ворис бўлиш Аллоҳнинг) катта марҳаматидир.","Улар олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанган ҳолларида мангу (турадиган) жаннатларга кирурлар. У жойда уларнинг либослари ҳарир-ипак бўлур.","Ва улар (жаннатга кирган чоғларида) дедилар: «Бизлардан ғам-қайғуни кетказган Зот — Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин. Дарҳақиқат, Парвардигоримиз мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир.","У Ўз фазлу-марҳамати билан бизларни мангу турадиган бир диёрга туширдики, бу жойда бизларга на машаққат етар ва на чарчоқ етар».","Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз.","Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши (амалларни) қилурмиз», деб дод-вой қилурлар. Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди азобларингизни тотаверинглар! Энди золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас!","Албатта Аллоҳ осмонлар ва Ернинг ғайбини (сирру асрорини) билгувчидир. Албатта У диллардаги сирларни ҳам аниқ билгувчидир.","У сизларни Ер юзида халифа қилиб қўйган Зотдир. Бас, ким кофир бўлса, унинг куфри фақат ўзининг зиёнига бўлур. Кофир бўлган кимсаларга куфрлари Парвардигор ҳузурида фақат ғазабнигина зиёда қилур. Кофир бўлган кимсаларга куфрлари фақат исёнкорликнигина зиёда қилур.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз (ниманинг шарофати билан илтижо-ибодат қилинишга сазовор бўлдилар?) Сизлар менга кўрсатма берингиз-чи, улар Ердаги бирон нарсани яратганмилар, ёки уларнинг осмонларни (яратишда Аллоҳга) шерикликлари борми, ёхуд Биз уларга бирон китоб ато этдикми-ки, улар ўша (китобдан ўзларининг Бизга шерик эканликлари ҳақида) бирон ҳужжат устида бўлсалар?! Йўқ, у золим кимсалар бир-бирларига («Бутларимиз бизларни шафоат қиладилар», деб) фақат алдовни ваъда қилурлар.","Албатта Аллоҳ осмонлар ва Ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки, агар улар қуласалар, У зотдан сўнг (яъни, Аллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас. Дарҳақиқат, у ҳалим ва мағфиратли бўлган Зотдир.","(Макка кофирлари) агар уларга бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) келса, албатта ҳар қандай умматлардан ҳам ҳидоят топгувчироқ бўлишлари ҳақида жон-жаҳдлари билан қасам ичгандилар. Бас, қачонки уларга огоҳлантиргувчи (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) келгач, (бу) уларни янада (ҳидоятдан) узоқлаштирди, холос.","Улар Ерда мутакаббирлик қилган ва (пайғамбарга қарши) ёмон макр-ҳийла қилган ҳолларида (ҳидоятдан узоқлашдилар). Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур. Бас, улар фақат аввалгиларнинг суннатларига (яъни, кўргуликларига) кўз тутмоқдалар, холос (яъни, уларнинг ҳам бошларига аввалги динсизларнинг куни тушар). Бас, сиз ҳаргиз Аллоҳ суннати-қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва ҳаргиз Аллоҳ суннатининг айланганини (яъни, азобга мустаҳиқ бўлган кимсалар қолиб, ўзгалар азобланганини) кўрмассиз.","Ахир улар Ер юзида сайр қилиб ўзларидан аввалги (динсиз кимсаларнинг) оқибати қандай бўлганини кўрмайдиларми?! Ҳолбуки, (аввалгилар) булардан кўра кучли-қувватлироқ эдилар. На осмонлардаги ва на Ердаги бирон нарса Аллоҳдан қочиб қутулгувчи эмасдир. Зотан, У билим ва қудрат эгаси бўлган Зотдир.","Агар Аллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан жазоласа эди, (Ер) устида бирон жониворни қўймаган бўлур эди. Лекин У зот уларни (жазолашни) белгилаган муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача) қолдирур. Бас, қачон ўша муддат келгач (уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларининг мукофот-жазоларини берур). Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи бўлган Зотдир.","Ё, Син.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, ушбу) ҳикматли Қуръонга қасамки,","Ҳеч шак-шубҳасиз, сиз пайғамбарлардандирсиз.","Тўғри Йўл (яъни, ҳақ дин) устидаги (пайғамбарлардандирсиз).","(Бу Қуръон) қудратли ва меҳрибон Зот томонидан нозил қилингандир.","Ота-боболари (бирон пайғамбар орқали Охират азобидан) огоҳлантирилмасдан, ғофил бўлиб қолган бир қавмни огоҳлантиришингиз учун (нозил қилингандир).","Аниқки, уларнинг кўпларига Сўз (яъни, азоб ҳақидаги ҳукм) ҳақ бўлгандир. Бас, улар иймон келтирмаслар.","Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача (етадиган) кишанларни уриб қўйдик, бас, улар ғўдайиб қолдилар (яъни, улар Ҳаққа эгилмаслар).","Ва Биз уларнинг олдиларидан бир тўсиқ — парда қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас, улар кўра олмаслар.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларни огоҳлантирдингизми ёки огоҳлантирмадингизми уларга баробардир — иймон келтирмаслар.","Сиз фақат эргашган ва ғойибда (яъни, кўрмай) туриб, Раҳмондан қўрққан кишиларнигина огоҳлантира олурсиз. Бас, ўша (кишиларга) мағфират ва улуғ ажр (жаннат) хушхабарини беринг!","Албатта Биз Ўзимизгина ўликларни тирилтирурмиз ва уларнинг қилган амалларини ҳамда (қолдирган) изларини ёзиб қўюрмиз. Барча нарсани Биз очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) белгилаб қўйгандирмиз.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларга (Антокия) қишлоғининг аҳлини — у жойга элчилар келган пайтини мисол келтиринг![1]###[1]Ушбу ва қуйидаги оятларда сўз Ҳақ йўлига даъват қилиш учун Ийсо алайҳиссалом томонидан Рум мамлакатидаги Антокия шаҳри аҳолисига юборилган элчилар ва уларни ёлғончи қилганлари оқибатида ҳалокатга дучор бўлган Антокия аҳли ҳақида боради. Бу қисса орқали Қуръон Макка мушрикларини Муҳаммад Пайғамбарга иймон келтирмасликнинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантиради.","Ўшанда Биз уларга икки (элчини) юборганимизда, у иккисини ёлғончи қилишгач, учинчи (элчи) билан қувватлантирдик. Бас, (уччала элчи Антокия аҳлига): «Дарҳақиқат, биз сизларга (юборилган) элчилармиз», деган эдилар.","Улар: «Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз. Раҳмон (яъни, Аллоҳ) бирон нарса — ваҳий нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасизлар», дедилар.","(Элчилар) айтдилар: «Парвардигоримиз билурки, бизлар шак-шубҳасиз, сизларга (юборилган) элчилардирмиз.","Ва бизларнинг зиммамизда (Аллоҳнинг ваҳийсини сизларга) очиқ-равшан етказиш бордир».","Улар дедилар: «Ҳақиқатан, бизлар сизлар ҳақингизда бадгумондамиз. Қасамки, агар (бу сўзларингизни) тўхтатмасангизлар, албатта сизларни тошбўрон қилурмиз ва сизларга биз томондан бир аламли азоб етар».","(Элчилар) айтдилар: «Бадгумонингиз ўзларингиз биландир (яъни, бизлардан эмас, балки ўзларингизнинг куфрларингиздан бадгумон қилинглар). Сизларга ваъз-насиҳат қилинса,(қабул қилиш ўрнига бадгумонда бўлиб дўқ-пўписа қилурмисиз)?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошган қавмдирсиз!»","(Шу пайт) бир киши шаҳарнинг бир чеккасидан шошганча келиб, деди: «Эй қавмим, бу элчиларга эргашинглар![2]###[2]Ривоят қилинишича, бу киши шаҳар четида истиқомат қилувчи художўй ва саховатли — бир одам бўлиб, исми Ҳабиб ан-Нажжор эди. У ҳамшаҳарлари ўзларини ҳақ йўлига даъват қилиш учун келган элчиларни ёлғончи қилишиб, ўлдиришмоқчи бўлиб турганларидан хабар топгач, шошганча уларнинг олдига келиб, мазкур оятлардаги сўзларни айтади.","Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамайдиган зотларга эргашинглар!»","У айтди: «Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин? Сизлар ҳам (дунёдан ўтгач) ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар.","Мен У зотни қўйиб (жонсиз бутларни) худо қилиб олайми?! (Ҳаргиз ундай қилмасман, чунки) агар Раҳмон менга бирон зиён етказишни истаса, у (бут)ларнинг оқловлари мени бирон нарсадан беҳожат қила олмас ва улар мени (Аллоҳнинг азобидан) қутқара олмаслар.","У ҳолда мен шак-шубҳасиз, очиқ залолатда бўлурман.","Ҳақиқатан, мен (жонсиз бутларга эмас, балки барчаларингизни яратган) Парвардигорингизга иймон келтирганман. Бас, мени тинглангиз!»","(Лекин жоҳил қавм Ҳабиб ан-Нажжорнинг сўзларига қулоқ солмасдан уни қатл қилишгач, унга) «Жаннатга кир», дейилди. (Аллоҳнинг амри билан жаннатга киритилиб, у жойдаги ноз-неъмат ва иззат-икромни кўргач), у айтди: «Қани эди қавмим ҳам билсалар эди,","Мени Парвардигорим мағфират қилганини ва мени иззат-икромли кишилардан қилганини (билсалар эди)»."]