["Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун улуғ ризқни тайёрлаб қўйганмиз.","Эй Пайғамбар аёллари, агар тақво қилсангизлар, аёллардан биронтаси каби эмассиз. Шундай бўлгач, майин сўз қилманг, токи қалбида марази бор кимса тама қилиб қолмасин. Тўғри, яхши гапларни айтинглар.","Уйларингизда барқарор бўлинглар, олдинги динсизлик давридаги безанишлар каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қилинглар! Эй аҳли байт, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос.","Уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланглар. Албатта, Аллоҳ Меҳрибон ва Хабардор бўлган Зотдир.","Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, содиқ ва содиқалар, собир ва собиралар, тавозели эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўзадор эркаклар ва рўзадор аёллар, авратларини асрагувчи эркаклар ва асрагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва зикр қилгувчи аёллар — улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот тайёрлаб қўйгандир.","Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилган пайтида бирон мўмин ва мўмина учун ўз ишларидан ҳеч қандай ихтиёр қолмайди. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озибди.","Эсланг, Аллоҳ инъом қилган ва сиз ҳам инъом қилган кишига: «Аёлингни ушлаб қол, Аллоҳдан қўрқ», деяпсиз. Аллоҳ ошкор қиладиган ишни ичингизга яширяпсиз. Одамлардан қўрқяпсиз. Қўрқишингизга Аллоҳ ҳақлироқдир. Зайд у билан орани очиқ қилгач, сизни унга уйлантирдик. Токи мўминлар учун боқиб олган болалари аёлларини талоқ қилгач, уларга уйланишда ҳараж-танглик бўлмасин. Аллоҳнинг амри қилиниши лозим иш бўлди.","Аллоҳ Пайғамбарга фарз қилган нарсада унга бирон танглик бўлмас. Олдин ўтганлар ҳақидаги Аллоҳнинг қонунияти (шу). Аллоҳнинг амри белгилаб қўйилган қадар бўлди.","Улар Аллоҳнинг рисолатларини етказадиган, Ундан қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир. Ҳисоб қилувчиликда Аллоҳнинг Ўзи кифоядир.","Муҳаммад эр кишиларингиздан биронтасининг отаси эмас. Лекин у Аллоҳнинг Пайғамбари ва набийлар хотами (охиргиси). Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчи бўлди.","Эй иймон келтирганлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар.","Ва эртаю кеч У Зотга тасбеҳ айтинглар.","У шундай Зотки, сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга Унинг Ўзи ҳам, фаришталари ҳам салавот айтади. У мўминларга Меҳрибон бўлган Зотдир.","Рўбарў бўладиган кунда уларнинг сўрашишлари «Салом» бўлади. Улар учун улуғ мукофот тайёрлаб қўйган.","Эй Пайғамбар, дарҳақиқат, Биз сизни гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юборганмиз.","Ҳамда Аллоҳнинг изни ила У Зотга даъват этувчи ва нурли чироқ қилиб.","Мўминларга хушхабар берингки, шак-шубҳасиз, улар учун Аллоҳ томонидан буюк фазл бордир.","Кофир ва мунофиқларга итоат этманг. Уларнинг озорларига парво қилманг. Аллоҳга таваккал қилинг. Вакил бўлишга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир.","Эй иймон келтирганлар, қачон мўминаларни никоҳлаб олиб, кейин уларга қўл теккизмай талоқ қилсангиз, сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас. Бас, сизлар уларни баҳраманд қилинг ва гўзал тарзда кузатиб юборинг.","Эй Пайғамбар, дарҳақиқат, Биз сиз учун маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ сизга ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларингизни, сиз билан бирга ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини, аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини ва холаларингизнинг қизларини ҳамда ўзини пайғамбарга ҳадя этган мўмина аёлни, агар пайғамбар уни ўз никоҳига олишни истаса, ҳалол қилдик. Бу иш мўминларга эмас, сизгагина хосдир. Биз уларга жуфтлари ва қўл остиларидаги чўрилари ҳақида фарз қилган ҳукмларимизни Ўзимиз яхши биламиз. Сизга ноқулайлик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон Зотдир.","Сиз улардан ўзингиз хоҳлаганингизни қолдириб, хоҳлаганингизни ўзингизга ҳамхона қилурсиз. Ўзингиз четлатган аёлларингиздан биронтасини истасангиз, сизга гуноҳ бўлмас. Бу уларнинг кўзлари қувонишига, ғам чекмасликларига ва сиз уларга берган нарсага барчалари рози бўлишларига яқинроқдир. Аллоҳ дилларингизда нима борлигини ҳам билур. Аллоҳ Билгувчи ва Ҳалим бўлган Зотдир.","Сизга бундан кейин аёллар ҳалол бўлмас ва гарчи уларнинг чиройи сизни қизиқтирса ҳам уларни алмаштириш ҳам (ҳалол бўлмас). Қўл остингиздагилар бундан мустасно. Аллоҳ ҳамма нарсани кузатиб тургувчи бўлган Зотдир.","Эй иймон келтирганлар, пайғамбарнинг уйларига фақат сизлар учун таомга изн берилгандагина киринглар. Унинг пишишини кутиб тургувчи бўлманглар. Лекин чақирилган пайтингизда кириб, таомланиб бўлгач, тарқалиб кетинглар. Гапга берилиб қолиб кетманглар. Бу ишингиз пайғамбарга озор беради ва у сизлардан тортинади. Аллоҳ ҳақдан уялмас. Улардан бирон нарса сўраган пайтингизда парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингиз учун ҳам, уларнинг диллари учун ҳам покроқдир. Аллоҳнинг Пайғамбарига озор беришингиз ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз асло мумкин эмас. Бу ишингиз Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир.","Бирон нарсани ошкор қилсангизлар ҳам, яширсангизлар ҳам, бас, Аллоҳ барча нарсани Билгувчи бўлган Зотдир.","Уларга ўз оталари, ўғиллари, ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, опа-сингилларнинг ўғиллари, ўз аёллари ва қўллари остидаги (қул)лари борасида гуноҳ йўқдир. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳид бўлган Зотдир.","Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам Пайғамбарга салавот айтадилар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва саломлар айтинглар!","Дарҳақиқат, Аллоҳ ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлади ва уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди.","Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасалар ҳам озор бераверадиганлар устларига бўҳтон ва очиқ гуноҳни олибдилар.","Эй Пайғамбар, аёлларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтингки, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг танилиб туришлари ва озор чекмасликлари учун энг яқин йўлдир. Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибондир.","Агар мунофиқлар, дилларида марази борлар ва Мадинада гап-сўз тарқатиб юрганлар тийилмасалар, албатта, Биз сизни уларга қарши оёқлантирурмиз. Кейин улар сиз билан бирга тура олмай қолурлар. Турсалар ҳам жуда оз муддат тура олурлар, холос.","Турганда ҳам лаънатланиб турадилар. Қаерда топилсалар, ушланиб ўлдириладилар.","(Бу) Аллоҳнинг олдин ўтганлар борасидаги қонуниятидир. Аллоҳнинг қонуниятига ҳаргиз ўзгартиш кирита олмассиз.","Одамлар сиздан Қиёмат ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Уни билиш Аллоҳнинг ҳузуридадир». Сиз қаёқдан ҳам билардингиз, эҳтимол Қиёмат яқин келиб қолгандир.","Дарҳақиқат, Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва уларга жаҳаннамни тайёрлаб қўйди.","У ерда абадий қоладилар. Бирон дўст ва мададкор топа олмаслар.","Юзлари оловда айлантириладиган кунда: «Аллоҳга итоат қилганимизда ва Пайғамбарга итоат қилганимизда қани эди», деб қоладилар.","Дедилар: «Парвардигоро, дарҳақиқат, биз бошлиқларимиз ва улуғларимизга итоат этдик ва улар бизни йўлдан оздирдилар.","Парвардигоро, уларга икки ҳисса азоб бер ва уларни қаттиқ лаънатла!»","Эй иймон келтирганлар, Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ Мусони улар айтган айбдан поклади. У Аллоҳнинг наздида обрўли эди.","Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзни сўзланглар.","Шунда Аллоҳ ишларингизни ўнглайди ва гуноҳларингизни кечиради. Ким Аллоҳга ва Расулига итоат этса, улуғ зафарга эришибди.","Дарҳақиқат, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у золим ва жоҳил эди.","Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларни, мушрик ва мушрикаларни азоблаши ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавбаларини қабул этиши учун. Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон Зотдир.","Ҳамд бўлсин Аллоҳгаки, осмонлардаги нарсалар ҳам, ердаги нарсалар ҳам ёлғиз Уникидир. Охиратдаги ҳамд ҳам ёлғиз Унинг учундир. У Ҳаким ва Хабардор Зотдир.","У ерга кирадиган нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган нарсаларни ҳам, осмондан тушадиган нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган нарсаларни ҳам билади. У Меҳрибон ва Мағфиратли Зотдир.","Куфр келтирганлар: «Бизга Қиёмат келмас», дедилар. Айтинг: «Йўқ! Ғайбни билгувчи Парвардигоримга қасамки, у аниқ келади. Осмонлардаги бир зарра миқдори бўлсин, ердаги бир зарра миқдори бўлсин, ундан-да кичик бўлсин, катта бўлсин, ҳаммаси Очиқ Китобда (битилгандир)».","Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларни мукофотлаш учун. Ана ўшалар учун мағфират ва мўл ризқ бордир.","Бизнинг оятларимизга қарши ҳаракат қилиб юрган кимсалар учун эса аламли жазодан иборат азоб бордир.","Илм ато этилган зотлар эса сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган ишнинг ҳақ эканини ҳамда у Азиз ва ҳамду санога лойиқ Зотнинг йўлига ҳидоят қилишини биладилар.","Куфр келтирганлар (бир-бирларига) дедилар: «Сизларга, титилиб парча-парча бўлиб кетганингизда(н кейин) яна янгитдан яратилурсизлар, дея хабар берадиган бир (мажнун) кишини кўрсатайликми?","У Аллоҳга ёлғон тўқидими ёки унда бир жиннилик борми?» Аксинча! Охиратга иймон келтирмайдиганлар азобда ва узоқ залолатдадирлар.","Ахир улар осмону ердаги нарсаларни, олдиларидаги нарсаларни, ортларидаги нарсаларни кўрмадиларми?! Агар хоҳласак, уларни ерга юттириб юборурмиз ёки устларига осмондан парчалар туширурмиз. Албатта, бу ишда (Парвардигорига) қайтгувчи ҳар бир банда учун бир белги бордир.","Дарҳақиқат, Довудга Ўзимиз тарафимиздан бир фазл ато этдик. (Ва дедик): «Эй тоғлар ва қушлар, у билан бирга тасбеҳ айтинглар!» Унинг учун темирни мулойим қилиб қўйдик.","«Совутлар яса ва бир текисда тўқи. Яхши ишлар қилинглар. Албатта, Мен қилаётган ишларингизни Кўргувчиман».","Сулаймонга эса эрталаб кетиши бир ойлик, кечқурун қайтиши яна бир ойлик йўл бўлган шамолни бердик ва унга мис булоғини оқизиб қўйдик. Жинлардан ҳам Парвардигорининг изни ила унинг қўл остида ишлайдиганлари бор. Улардан ким амримиздан тойилса, унга олов азобидан тоттирамиз.","Унга ибодатхоналар, ҳайкаллар, ҳовузларга ўхшаган лаганлар ва мустаҳкам қозонлар каби истаган нарсасини ясаб берардилар. Эй Довуд хонадони, шукрона учун амал қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилгувчилари кам.","Биз унга ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимини фақат асосини еяётган ёғоч қуртигина билдириб қўйди. У қулаб тушгач, жинларга аён бўлдики, агар улар ғайбни билгувчи бўлганларида бу хор қилгувчи азобда қолмаган бўлардилар.","Аниқки, Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида (Аллоҳнинг фазлу марҳаматига далолат қиладиган) бир белги бор эди — ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга): «Парвардигорингиз (берган) ризқдан баҳраманд бўлинглар ва У Зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират килгувчи Парвардигордир», (деган эдик).","Юз ўгирдилар. Бас, устларига қаттиқ селни юбориб, икки боғини аччиқ мевали, юлғунзор ва сийрак бутазорга айлантириб қўйдик.","Куфр келтирганлари сабабли уларни шундай жазоладик. Биз фақат нонкўрларнигина жазолаймиз.","Улар билан Ўзимиз баракотли қилган шаҳарлар орасида кўриниб турадиган қишлоқларни барпо қилдик. Улар орасида юришни ҳам ўлчаб қўйдик. У ерларда кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар.","Улар эса: «Парвардигоро, сафарларимиз орасини йироқ қил», дея ўзларига ўзлари зулм қилдилар. Бас, уларни ҳикояларга айлантириб қўйдик ва парча-парча қилиб юбордик. Албатта, бу ишда ҳар бир сабрли ва шукр қиладиган одам учун белгилар бордир.","Дарҳақиқат, Иблис улар ҳақидаги гумонини рўёбга чиқарди. Бас, унга эргашдилар. Мўминлардан бир гуруҳигина бундан мустасно бўлди.","(Иблиснинг) улар устидан ҳеч қандай ҳукмронлиги бўлмаган. Фақат охиратга иймон келтирадиганлар билан у ҳақда шак-шубҳа қиладиганларни ажратиб билиб олишимиз учунгина (унинг ҳукмронлиги бўлган). Парвардигорингиз ҳар бир нарсани асрагувчидир.","Айтинг: «Сизлар ўша Аллоҳдан бошқа ишонганларингизга дуо қилаверинглар. Улар самоларда ҳам, ерда ҳам бир зарра мисқоличалик нарсага ҳам эга эмаслар. Бу иккисида улар учун ҳеч қандай шериклик ҳам йўқ. (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқ».","У Зотнинг даргоҳида фақат Ўзи изн берганлардан бошқанинг шафоати фойда бермас. То қалбларидан қўрқув кетгач: «Парвардигорингиз нима деди?» - дерлар. «Ҳақни», дерлар. У Олий ва Буюкдир.","Айтинг: «Осмонлару ердан сизларга ким ризқ беради?» Айтинг: «Аллоҳ. Бизлар ёки сизлар ё ҳидоятда бўламиз ва ё очиқ залолатда».","Айтинг: «Биз қилган гуноҳлардан сизлар масъул бўлмассиз. Сизлар қилган ишлардан биз масъул бўлмасмиз».","Айтинг: «Парвардигоримиз бизни тўплаб, кейин ҳақ билан орамизни очиқ қилар. У Очгувчи, Билгувчи Зотдир».","Айтинг: «Аллоҳга қўшаётган бутларингиз шериклар эканини Менга кўрсатинглар-чи. Асло! Билъакс, У Зот Азиз ва Ҳаким Аллоҳдир».","Сизни ҳамма одамларга хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Лекин одамларнинг кўплари билмайдилар.","«Агар ростгўй бўлсангизлар, бу ваъда қачон?» - дейдилар.","Айтинг: «Сизлар учун бир кун ваъда қилинган. Ундан бирон соат ортга ҳам, олдга ҳам ўта олмайсизлар».","Куфр келтирганлар: «Бу Қуръонга ҳам, ундан олдинги нарсага ҳам иймон келтирмаймиз», дедилар. Золимларнинг Парвардигорлари ҳузурида тургизиб қўйилиб, бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсангиз эди. Бечора саналганлари ўзини катта олганларига шундай дейдилар: «Сизлар бўлмаганингизда биз, албатта, мўмин бўлар эдик».","Мутакаббирлик қилганлар заиф саналганларга: «Сизларга ҳидоят келганидан кейин сизларни ундан биз тўсдикми?! Аксинча, ўзларингиз жиноятчи эдингизлар», дерлар.","Бечора саналганлар эса мутакаббирлик қилганларга: «Йўқ, кеча-ю кундуз макр қилароқ бизни озғирдингиз! Ўшанда сизлар бизни Аллоҳга кофир бўлишга ва У Зотга ширк келтиришга буюрар эдингизлар», дедилар. Азобни кўрган пайтларида ичларида надомат қилдилар. Куфр келтирганларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Уларга фақат ўзлари қилиб ўтган қилмишларининг жазоси берилур.","Қайси бир шаҳарга бир огоҳлантирувчи юбормайлик, унинг боёнлари: «Биз сизлар олиб келган рисолатга аниқ кофирлармиз», дедилар.","Яна дедилар: «Бизнинг мол-давлатимиз ҳам, болаларимиз ҳам кўпроқ ва биз азоблангувчилар эмасмиз».","Айтинг: «Дарҳақиқат, Парвардигорим Ўзи истаган кишига ризқни кенг қилади ва танг қилади. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар».","Мол-давлатларингиз ҳам, бола-чақаларингиз ҳам сизларни Бизнинг ҳузуримизга яқин қила олмас. Иймон келтириб, солиҳ амал қилган кишигина бундан мустасно. Бас, ана ўшалар учун қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бордир. Ва улар юксак масканларда тинч-хотиржамдирлар.","Бизнинг оятларимизни ожиз қолдириш учун ҳаракат қиладиганлар эса, ана ўшалар азобга ҳозир қилинганлардир.","Айтинг: «Дарҳақиқат, Парвардигорим Ўзи хоҳлаган бандасига ризқни кенг қилур ва танг қилур. Нимани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, унинг ўрнини тўлдирур. У энг яхши ризқ Бергувчидир».","Уларнинг ҳаммасини тўплайдиган, кейин эса фаришталарга: «Анавилар сизларга ибодат қилар эдиларми?», дейдиган кунда.","Дедилар: «Парвардигоро, улар эмас, Сен бизнинг дўстимизсан. Аксинча, улар жинларга ибодат қилардилар. Уларнинг кўплари ўшаларга ишонардилар».","Бугун бир-бирингизга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайсиз. Зулм қилган кимсаларга шундай деймиз: «Дўзах азобини ёлғонга чиқарган эдингизлар. Мана энди уни татинглар».","Уларга оятларимиз тиловат қилинганда дедилар: «Бу сизларни ота-боболарингиз ибодат қиладиган бутлардан тўсмоқчи бўлаётган бир одам, холос». Яна дедилар: «Бу бир тўқилган бўҳтондан бошқа нарса эмас». Ҳақ келган пайтда у ҳақда куфр келтирганлар дедилар: «Бу очиқ сеҳрдан бошқа нарса эмас».","Ҳолбуки, уларга дарс қилиб ўрганадиган китобларни бермаганмиз. Сиздан олдин уларга бирон огоҳлантиргувчи ҳам юбормаганмиз.","Улардан олдингилар ёлғонга чиқаришганди. Биз уларга берган нарсаларнинг ўндан бирига ҳам етмадилар. Пайғамбарларимни ёлғончига чиқардилар. Бас, инкорим қандай бўлди?","Айтинг: «Сизларга фақат биргина нарсани тавсия қиламан. Аллоҳ учун жуфт-жуфт бўлиб ва ёлғиз ҳолингизда туринглар-да, кейин тафаккур қилинглар. Соҳибингизда ҳеч қандай жиннилик йўқ. У фақат қаттиқ азоб олдидан сизларга (юборилган) бир огоҳлантиргувчи, холос».","Айтинг: «Сизлардан ҳеч бир ажр сўрамадим. Бас, у сизларга бўлсин. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасида. У ҳамма нарсага Шоҳиддир».","Айтинг: «Парвардигорим ҳақни отади. У ғайбларни Билгувчи Зотдир».","Айтинг: «Ҳақ келди. Энди ботил на бошлай олади ва на қайтара олади».","Айтинг: «Адашсам, ўзимнинг зараримга адашаман. Ҳидоят топсам, бас, менга Парвардигорим юборган ваҳий билан бўлади. У Эшитгувчи, Яқин Зотдир».","Уларнинг даҳшатга тушиб, қочгани жой топа олмай қолган ва яқин бир макондан тутиб кетилган пайтларида кўрсангиз эди!","Дедилар: «Унга иймон келтирдик». Энди узоқ бир макондан қўллари қандай етсин?!","Унга олдин куфр келтиргандилар. Узоқ жойдан туриб ғайбга тош отардилар.","Улар билан истаган истаклари ўртаси тўсилди. Худди олдинги маслакдошлари каби. Дарҳақиқат, улар шак-шубҳа ичида эдилар.","Ҳамд осмонлару ерни йўқдан бор қилгувчи, икки, уч ва тўрт қанотли фаришталарни элчилар қилгувчи Аллоҳникидир. У яратиш бобида Ўзи истаганича зиёда қилур. Аллоҳ ҳар нарсага Қодирдир.","Аллоҳ инсонларга қайси бир раҳматни очиб қўйса, уни бирон ушлаб қолгувчи бўлмас. Нимани ушлаб қолса, ундан кейин уни бирон бўшатиб юборгувчи бўлмас. У Азиз ва Ҳаким Зотдир.","Эй инсонлар, Аллоҳнинг сизларга ато этган неъматини эсланглар. Сизларга осмону ердан ризқ берадиган Аллоҳдан бошқа бирон яратувчи борми? Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Бас, қаёққа қараб кетмоқдасизлар?","Сизни ёлғончига чиқараётган бўлсалар, бас, сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам ёлғончига чиқарилганлар. Ҳамма ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтарилур.","Эй инсонлар, дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Дунё ҳаёти сизларни ҳаргиз алдаб қўймасин. Алдагувчи (шайтон) сизларни Аллоҳ ҳақида алдаб қўймасин.","Дарҳақиқат, шайтон сизларга душмандир. Бас, уни душман тутинглар. Албатта, у сизларни дўзахийларга айлантириш учун ўзининг гуруҳига чорлайди.","Куфр келтирганларга қаттиқ азоб бор. Иймон келтириб, яхши ишларни қилганларга эса мағфират ва улкан ажр бор.","Қилган ёмон иши кўзига яхши кўриниб, уни яхши иш деб ўйлаган кимсами?! Бас, Аллоҳ Ўзи истаган одамни адаштиради, истаган одамни ҳидоят қилади. Улар учун жонингиз ачимасин. Аллоҳ улар қилаётган ишларни Билгувчидир.","Аллоҳ шундай Зотки, шамолларни юборди. Бас, улар булутни қўзғатади. Бас, Биз уни ўлик шаҳар сари ҳайдаб, у билан ўлик ерни тирилтирдик. Қайта тирилиш мана шундай бўлади.","Ким иззат истаса, бас, барча иззат Аллоҳникидир. Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амални ҳам (Аллоҳ) кўтарур. Ёмон макр қиладиганларга эса қаттиқ азоб бордир. Уларнинг макри ботил бўлур.","Аллоҳ сизларни тупроқдан, кейин нутфадан яратиб, кейин жуфт-жуфт қилиб қўйди. Қайси бир аёл ҳомиладор бўлса ва кўзи ёриса, фақат Унинг илми билан бўлур. Қайси бир умр кўргувчига умр берилса ёки унинг умри қисқартирилса, у Китобда бордир. Албатта, бу иш Аллоҳга осон.","Дарё-денгиз тенг бўлмас. Буниси ширин ва ичилиши осон бўлса, униси шўр-тахир. Ҳар биридан янги гўшт ейсизлар ва тақадиган зеб-зийнат чиқариб оласизлар. У Зотнинг фазлу-марҳаматидан умид қилишларингиз учун сувни ёриб бораётган кемаларни кўрасизлар. Шоядки, шукр қилсангизлар.","У Зот кечани кундузга, кундузни эса кечага киритиб, қуёш ва ойни бўйсундириб қўйган. Ҳаммаси белгиланган муддатгача юради. Ана шу Аллоҳ - Парвардигорингиздир. Мулк Уникидир. Уни қўйиб, илтижо қилаётган бутларингиз эса данак пўстлоғига ҳам молик эмаслар.","Уларга дуо қилсангизлар, дуоларингизни эшитмайдилар. Гарчи эшитсалар ҳам унга жавоб беролмайдилар. Қиёмат куни уларни шерик қилганларингизни инкор этадилар. Ҳеч ким сизга хабардор Зот каби хабар бера олмас.","Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтожсизлар. Аллоҳ эса Беҳожат, мақтовга лойиқ Зотдир.","Истаса, сизларни кетказиб, янги халқни олиб келади.","Бу иш Аллоҳга қийин эмас.","Ўзи юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтара олмас. Юки оғир жон ўз юкига (бошқани) чақирса-да, гарчи қариндоши бўлса ҳам ундан бирон нарса кўтарилмас. Сиз фақат Парвардигорларидан ғойибона қўрқадиган ва намозни тўкис адо этганларнигина огоҳлантира олурсиз. Ким покланса, ўзи учун покланур. Қайтиш ёлғиз Аллоҳгадир.","Кўзи кўр билан кўзи очиқ тенг бўлмас.","Зулматлар билан нур ҳам.","Соя билан гармсел ҳам.","Тириклар билан ўликлар ҳам тенг бўлмас. Дарҳақиқат, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсага эшиттиради. Сиз эса қабрлардаги кимсаларга эшиттиргувчи эмассиз.","Сиз фақат огоҳлантиргувчидирсиз.","Дарҳақиқат, Биз сизни ҳақ ила хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Бирон уммат йўқки, унда бир огоҳлантирувчи ўтмаган бўлса.","Сизни ёлғончига чиқараётган бўлсалар, улардан олдингилар ҳам ёлғончига чиқаришган. Уларга пайғамбарлари ҳужжатлар, саҳифалар ва нурли Китобни олиб келгандилар.","Кейин куфр келтирганларни ушладим. Бас, инкорим қандай бўлди?!","Кўрмадингизмики, Аллоҳ осмондан ёмғир ёғдирди. Бас, у билан турли хил рангдаги меваларни чиқардик. Яна тоғлардан турли хил рангдаги оқ, қизил ва қоп-қоралари ҳам бор.","Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам турли хил ранглилари бор. Аллоҳдан олим бандалари кўпроқ қўрқадилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ Қудратли ва Мағфиратлидир.","Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан яширин ва ошкора сарфлайдиганлар ҳеч қачон касод бўлмайдиган тижоратдан умидвор бўладилар.","Зеро, уларнинг савобларини тўла қилиб беради. Ўз фазлидан зиёда ҳам қилади. У Мағфиратли ва Шакур Зотдир.","Сизга ваҳий қилганимиз Китоб ҳақдир. Ўзидан олдингиларни тасдиқлагувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ бандаларидан Хабардор, Кўриб тургувчидир.","Кейин китобни бандаларимиздан сараланганларига мерос қилиб қолдирдик. Улардан кимдир золим, кимдир ўртача, яна кимдир Аллоҳнинг изни ила эзгуликка шошадиган кишилардир. Ана ўша улкан фазлдир.","Улар мангу турадиган жаннатларга кирадилар. Унда тилло билагузуклар ва инжулар ила безатиладилар. У ерда либослари ипакдан бўлади.","Дедилар: «Ҳамд бўлсин Аллоҳгаки, биздан хафаликни аритди. Дарҳақиқат, Парвардигоримиз Кечиримли, Шакур Зотдир.","У шундай Зотки, бизни Ўз фазли ила доимий яшайдиган бир жойга туширди. У ерда бизга бирон машаққат ҳам, чарчоқ ҳам етмас».","Куфр келтирганларга жаҳаннам оташи бордир. На уларга ҳукм қилиниб, ўладилар ва на улардан азоби енгиллатилади. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолаймиз.","Улар у ерда: «Парвардигоро, бизни чиқар, қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши амалларни қиламиз», дея нола қиладилар. Сизларга эслатма оладиган одам эслатма олгудек умр бермадикми?! Сизларга огоҳлантиргувчи келмаганмиди? Бас, энди татийверинглар! Энди золимлар учун бирон ёрдамчи бўлмас!","Дарҳақиқат, Аллоҳ осмонлару ернинг ғайбини Билгувчидир. Дарҳақиқат, У диллардаги сирларни ҳам Билгувчидир.","У шундай Зотки, сизларни ерда халифалар қилиб қўйди. Ким куфр келтирса, унинг куфри ўзига зарар. Кофирларга куфрлари Парвардигорлари ҳузурида ғазабдан ўзга нарсани зиёда қилмас. Кофирларга куфрлари зиёндан бошқа нарсани зиёда қилмас.","Айтинг: «Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган бутларингизни кўрдингизми? Менга кўрсатинглар-чи, улар ердан нимани яратган эканлар? Ёки уларнинг осмонларда шериклиги борми?» Ёки Биз уларга бир китоб бердикмики, шу билан улар ҳужжатга асосланиб иш қилсалар. Йўқ! Золимлар бир-бирларига алдовдан ўзга нарсани ваъда қилмаслар.","Дарҳақиқат, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишидан ушлаб туради. Агар улар қуласалар, У Зотдан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб қола олмас. Албатта, У Ҳалим ва Кечиримли бўлган Зотдир.","Агар уларга бир огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан ҳидоятлироқ бўлишлари ҳақида Аллоҳ номига қасам ичдилар. Огоҳлантирувчи келганида эса бу иш уларга янада узоқлашишни зиёда қилди.","Ер юзида мутакаббирлик ва ёмон макр қилиш учун. Ёмон макр эса фақат ўз эгаларининг бошига етади. Улар олдингиларнинг йўлини пойлаб турибдилар, холос. Аллоҳнинг йўлига ҳаргиз бадал топа олмассиз. Аллоҳнинг йўлига ҳаргиз ўзгартиш топа олмассиз.","Ер юзида юриб, олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига назар ташласалар бўлмасми? Олдингилар улардан кўра кучлироқ бўлганлар-ку! На осмонлардаги ва на ердаги бирон нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмас. У Билгувчи ва Қодир бўлган Зотдир.","Агар Аллоҳ одамларни қилган ишларига яраша жазолаганида (ер) юзида биронта жониворни қолдирмаган бўларди. Лекин уларни маълум бир муддатга кечиктириб туради. Муддатлари келгач, бас, Аллоҳ Ўзининг бандаларини Кўриб тургувчидир.","Я, Син.","Ҳаким Қуръонга қасам.","Шак-шубҳасиз, сиз пайғамбарлардансиз.","Тўғри йўлдаги.","Азиз ва Меҳрибон Зот тарафидан нозил қилинган.","Ота-боболари огоҳлантирилмаган ва ғофил бўлиб қолган бир қавмни огоҳлантиришингиз учун.","Дарҳақиқат, уларнинг кўпларига (азоб келиши ҳақидаги) Сўз ҳақ бўлди. Бас, улар иймон келтирмайдилар.","Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига то иякларигача бўлган кишанларни солиб қўйдик, бас, улар ғўдайиб қолдилар.","Уларнинг олдиларидан ҳам бир тўсиқ, орқаларидан ҳам бир тўсиқ қилдик. Кўзларига эса парда тортдик. Бас, улар кўрмайдилар.","Уларни огоҳлантирасизми ё огоҳлантирмайсизми, уларга фарқи йўқ. Барибир ишонмайдилар.","Сиз фақат насиҳатга қулоқ солган ва Раҳмондан ғойибона қўрққан кишиларнигина огоҳлантирасиз. Бас, уларга мағфират ва улуғ ажр ҳақида хушхабар беринг.","Дарҳақиқат, Биз ўликларни тирилтирурмиз ва улар тақдим этган ишларни ҳамда изларини ёзиб қўюрмиз. Ҳамма нарсани Аниқ Китобда ҳисоблаб қўйганмиз.","Сиз уларга шаҳар аҳолисига пайғамбарлар келган пайтини мисол қилиб келтиринг.","Ўшанда уларга иккисини юборгандик, уларни ёлғончига чиқардилар. Бас, учинчиси билан қувватладик. Дедилар: «Биз аниқ сизларга юборилган пайғамбарлармиз».","Дедилар: «Сизлар ўзимизга ўхшаган одамдан бошқа нарса эмассиз. Раҳмон ҳеч нарсани нозил қилмаган. Сизлар ғирт ёлғон гапиряпсизлар».","Дедилар: «Парвардигоримиз билади. Биз сизларга аниқ пайғамбарлармиз.","Зиммамизда очиқ-ойдин етказиб қўйишдан бошқа вазифа йўқ».","Дедилар: «Дарҳақат, биз сизлар ҳақингизда бадгумон бўлдик. Агар тийилмасангизлар, сизларни аниқ тошбўрон қиламиз ва аниқ биз тарафимиздан сизларга бир аламли азоб етади».","Дедилар: «Бадгумонлигингиз ўзингиз билан. Сизга эслатма берилганигами?! Аксинча, ўзингиз ҳаддидан ошган қавмсиз».","Шаҳар четидан бир киши шошилиб келди ва деди: «Эй қавмим, пайғамбарларга эргашинг.","Сизлардан ҳақ сўрамаётган, ўзлари эса ҳидоятда бўлган зотларга эргашинглар!»","Менга нима бўлдики, ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин?! Ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар.","Уни қўйиб, бошқаларни худо қилиб олайми? Агар Раҳмон менга бир зиён етказмоқчи бўлса, уларнинг шафоатлари ҳеч қандай фойда бермас ва улар мени қутқара олмаслар.","У ҳолда мен очиқ залолатда бўлиб қоламан-ку.","Дарҳақиқат, мен Парвардигорингизга иймон келтирдим. Бас, менга қулоқ солинглар.","Дейилди: «Жаннатга кир». Деди: «Қани эди, қавмим билса эди.","Парвардигорим мени мағфират айлаб, ҳурмат-эътиборли зотлардан қилганини»."]