["Унинг қавмига ундан кейин бирон қўшин туширмадик ва туширгувчи ҳам бўлмадик.","Биргина қичқириқдан бошқа нарса бўлмади. Бирдан улар ўчиб қолдилар.","Бандаларга ҳасратлар бўлсин! Қачон уларга бир пайғамбар келса, уни масхара қилаверардилар.","Ахир, улар ўзларидан олдинги қанча асрларни ҳалок этганимизни ва олдингилар уларнинг ёнига қайтмасликларини кўрмадиларми?!","Дарҳақиқат, ҳаммалари тўпланган ҳолларида ҳузуримизга ҳозир қилингайлар.","Улар учун ўлик ер бир белгидир. Уни тирилтирдик ва ундан донни чиқардик. Бас ундан ейдилар.","У ерда хурмозор ва узумзор боғлар қилдик. У ерда булоқларни чиқардик.","Токи унинг мевасидан есинлар. Ҳолбуки, уни қўллари қилмаганди. Шукр қилмайдиларми?","Замин ўстирадиган нарсалардан, уларнинг ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан ҳамма жуфтларни яратган Зот Покдир.","Улар учун кеча ҳам бир белгидир. Биз ундан кундузни шилиб оламиз-да, шу билан улар бирдан зулматда қолгувчилардир.","Қуёш ўз қароргоҳи сари юрар. Бу Азиз ва Билгувчи Зотнинг тақдиридир.","Ойни бир неча манзилларга белгилаб қўйганмиз. Токи у эски бутоқ каби ҳолга қайтди.","На қуёшнинг ойга етиб олиши ва на кечанинг кундуздан ўзиб кетиши мумкин бўлади. Барчалари фалакда сузиб юрадилар.","Зурриётларини ичи тўла кемага юклаганимиз ҳам улар учун яна бир белгидир.","Улар учун унга ўхшаш минадиган нарсаларни ҳам яратдик.","Истасак, уларни ғарқ айлармиз. Бас, улар учун бирон ёрдамчи бўлмас ва улар қутқарилмаслар.","Биз тарафимиздан бўлган бир раҳмат ва маълум муддатгача фойдаланиб қолишларигина бундан мустасно.","Уларга: «Олдингиздаги ва ортингиздаги нарсадан қўрқинглар, шояд, раҳм қилинсангизлар», дейилса, (қулоқ солмадилар).","Парвардигорлари оятларидан қайси бир оят келса, ундан юз ўгирувчи бўлавердилар.","Қачон уларга: «Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан сарфланглар», дейилса, куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Аллоҳ хоҳласа, Ўзи таомлантириб қўядиган кишиларга биз таом берамизми? Сизлар шак-шубҳасиз, очиқ залолатдадирсизлар», дедилар.","Дейдилар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон?»","Улар фақат биргина даҳшатли қичқириқни кутмоқдалар, холос. Қичқириқ уларни жанжаллашиб турганларида бехосдан олиб кетади.","Васият қилишга ҳам, уйларига қайтишга ҳам қодир бўлмай қоладилар.","Сурга дам урилди. Бас, улар қабрларидан Парвардигорлари сари шошилиб чиқиб келадилар.","Дедилар: «Вой, шўримиз қурсин! Бизни ётган жойимиздан ким қўзғатди?!» Бу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар тасдиқлаган нарсадир.","Фақатгина бир даҳшатли қичқириқ, холос. Шу билан уларнинг ҳаммаси даргоҳимизда ҳозирлар.","Бу кунда бирон жон бирон зулмга учрамас. Фақат ўзларингиз қилган амалларингизга яраша жазо ёки мукофот олурсизлар.","Бу кунда жаннат эгалари кўнгиллари тусаган иш ила банд бўлурлар.","Улар ўз жуфтлари билан бирга соя-салқинлардаги сўриларда ястаниб ётурлар.","Улар учун у ерда мевалар бордир. Улар учун у ерда истаган нарсалари бордир.","Меҳрибон Парвардигори томонидан салом айтилур.","Эй жиноятчилар, бу кунда ажралинглар!","Сизларга: «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилманглар, у сизларга очиқ душмандир», демаганмидим?!","«Менгагина ибодат қилинглар. Мана шу тўғри йўлдир».","Сизлардан кўп авлодни адаштирганди-ку. Ақлингизни ишлатмаганмидингиз?!","Сизларга ваъда қилинган жаҳаннам мана шудир!","Кофир бўлганларингиз учун энди унга киринглар.","Бугун уларнинг оғизларини муҳрлаб қўямиз. Қилган ишлари ҳақида эса қўллари сўзлайди, оёқлари гувоҳлик беради.","Истасак, кўзларини кўр қилиб қўяр эдик. Бас, йўлга шошаверардилар. Лекин қаёқдан ҳам кўрсинлар.","Истасак, уларни турган жойларида ўзгартириб қўярдик. Бас, олдинга юришга ҳам қодир бўлмасдилар, ортга ҳам қайта олмас эдилар.","Кимга умр берсак, унинг хилқатини ночор қилиб қўямиз. Ақлларини ишлатмайдиларми?","Унга шеърни ўргатмадик. Шеър унга лойиқ ҳам эмас. У зикр ва очиқ Қуръондан бошқа нарса эмас.","Тирик бўлган одамларни огоҳлантириш ва кофирларга сўзини ҳақ қилиш учун.","Кўрмадилармики, Биз уларга Ўз Қўлимиз билан қилган нарсалардан иборат бўлган чорва ҳайвонларини яратиб бердик. Бас, улар ўшаларга эгадирлар.","Ўша ҳайвонларни уларга бўйсундириб қўйдик. Бас, улардан айримлари уловлари бўлса, айримларини ейдилар.","Улар учун ўшаларда фойдалар ва ичимликлар бор. Шукр қилмайдиларми?!","Аллоҳни қўйиб, бошқа илоҳларни тутдилар. Кошки уларга ёрдам берилса.","Уларга ёрдам беришга қодир бўлмаслар. Ҳолбуки, улар ёлғон худолари учун ҳозирланган қўшин каби эдилар.","Уларнинг гаплари сизни хафа қилмасин. Дарҳақиқат, Биз уларнинг яширин ишларини ҳам, ошкора ишларини ҳам билурмиз.","Инсон кўрмадимики, дарҳақиқат, Биз уни бир томчи сувдан яратдик. Қарабсизки, у очиқ рақиб бўлиб турибди.","Бизга мисол зарб қилди-ю, ўзининг яратилишини унутди. Деди: «Чириб кетган суякларни ким тирилтиради?»","Айтинг: «Уни биринчи марта пайдо қилган Зот тирилтиради. У ҳамма яратилган нарсани Билгувчидир».","У шундай Зотки, сизларга яшил дарахтдан олов қилиб берди. Қарабсизларки, ундан олов ёқиб турибсизлар.","Осмонлару ерни яратган Зот уларнинг ўхшашини ярата олмайдими? Орий! У Яратгувчи, Билгувчи Зотдир.","Бир нарсани ирода қилган пайтида Унинг иши унга «Бўл», дейишдир. Бас, у бўлади.","Ҳамма нарсанинг эгалиги Қўлида бўлган Зот ҳар қандай нуқсондан Покдир ва Унгагина қайтариласизлар.","Саф тортиб турган (фаришта)ларга қасам.","Зажр қилгувчи (фаришта)ларга қасам.","Зикрни тиловат қилгувчи (фаришта)ларга қасам.","Дарҳақиқат, илоҳингиз биттадир.","Осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Парвардигоридир. Машриқларнинг Парвардигоридир.","Дарҳақиқат, Биз дунё осмонини юлдузлар безаги ила безадик.","Ҳар бир итоатсиз шайтондан сақладик.","Улар олий мавжудотни эшита олмаслар ва ҳар тарафдан отилурлар.","Ҳайдалурлар! Улар учун доимий азоб бордир.","Илло биронтаси бир хабарни ўғирлаб олса, бас, уни учар юлдуз қувиб етар (ва ҳалок қилар).","Бас, сиз улардан сўранг-чи, улар кучлироқ яратилганмикинлар ёки Биз яратганларми? Дарҳақиқат, Биз уларни бир ёпишқоқ лойдан яратганмиз.","Сиз таажжубдасиз. Улар эса масхара қилурлар.","Уларга насиҳат қилинса, насихатни олмайдилар.","Бирон белгини кўрсалар, масхара қиладилар.","«Бу очиқ сеҳрдан бошқа нарса эмас», дейдилар.","Ўлиб тупроққа, суякка айланиб кетганимиздан кейин қайта тирилар эканмизми?","Олдинги ота-боболаримиз ҳам-а?","Айтинг: «Ҳа, хор бўлган ҳолингизда».","Бас, у биргина қичқириқ, холос. Қарабсизки, улар қараб турибдилар.","«Шўримиз қурсин! Бу Қиёмат куни-ку», деб қоладилар.","Мана шу сизлар ёлғонга чиқариб юрган ажрим кунидир.","Зулм қилганларни ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўпланглар!","Аллоҳни қўйиб. Бас, уларни дўзах йўлига бошланглар.","Ва уларни тўхтатинглар! Албатта, улар сўралгувчидирлар.","Сизларга нима бўлдики, бир-бирингизга ёрдам бермаяпсизлар?","Йўқ! Улар бугун таслим бўлгувчилардир.","Улар бир-бирларига қараб, бир-бирларидан сўрайдилар.","Дедилар: «Дарҳақиқат, сизлар бизга ўнг томондан келар эдингизлар».","Дедилар: «Аксинча, ўзларингиз мўмин бўлмагансизлар».","Биз учун сизларнинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлик бўлмаган. Балки ўзингиз ҳаддан ошган қавм бўлгансиз.","Бас, бизга Парвардигоримизнинг сўзи ҳақ бўлди. Энди биз аниқ тотгувчилармиз.","Сизларни йўлдан оздирдик. Дарҳақиқат, биз ўзимиз йўлдан озгувчилар эдик.","Бас, албатта, улар у кунда азобда шерик бўлгувчилардир.","Дарҳақиқат, Биз жиноятчиларни шундай қилурмиз.","Дарҳақиқат, уларга «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», дейилса, ўзларини катта олгандилар.","«Бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?» - дейдилар.","Асло! У ҳақни олиб келди ва пайғамбарларни тасдиқ этди.","Албатта, сиз аламли азобни тотгувчидирсиз.","Қилиб ўтган ишларингизнинггина жазосини олурсизлар.","Аллоҳнинг покиза бандаларигина бундан мустасно.","Ана ўшалар учун маълум ризқ бордир.","Мевалар. Уларга иззат-икром кўрсатилур.","Ноз-неъмат боғларида.","Сўриларда бир-бирларига қараб.","Уларга оқар чашмадан қадаҳлар айлантириб турилур.","Оппоқ, ичгувчига лаззатбахш.","Унда маст қиладиган ҳеч нарса йўқ ва улар ундан маст бўлмаслар.","Уларнинг ҳузурида кўзларини тийгувчилар бор.","Бамисоли яшириб қўйилган тухумлардек.","Бир-бирларига қараб, бир-бирларидан сўрайдилар.","Улардан бири дейди: «Менинг бир дўстим бор эди».","У айтар эдики: «Сен ростдан ҳам тасдиқловчиларданмисан?!","Ўлиб тупроқ ва суякка айланиб кетганимиздан кейин жазолангувчилармизми?","Сизлар ҳам қарагувчилармисиз?»","Бас, ўзи қараб, уни дўзахнинг ўртасида кўрди.","Деди: «Аллоҳга қасамки, мени ҳам ҳалок қилишингга оз қолган экан».","Парвардигоримнинг неъмати бўлмаганида ҳозирланувчилардан бўлиб қолардим.","Биз ўлгувчи эмас эканмизми?!","Биринчи марта ўлганимиз бундан мустасно. Биз азоблангувчилар эмасмиз.","Буюк зафар мана шу.","Бас, амал қилгувчилар мана шундай зафар учун амал этсинлар.","Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки заққум дарахтими?","Дарҳақиқат, Биз уни золимлар учун фитна қилдик.","Дарҳақиқат, у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир.","Унинг мевалари шайтонларнинг бошларига ўхшайди.","Бас, улар ундан егувчилардир. Ундан қоринларни тўлдиргувчилардир.","Бунинг устига улар учун ўта қайноқ сувдан аралаштирилур.","Кейин уларнинг қайтиш жойи жаҳаннамга бўлур.","Улар ота-боболарини адашган ҳолда топдилар.","Энди ўзлари ҳам уларнинг изларидан чопмоқдалар.","Улардан олдин ўтганларнинг кўплари аниқ адашганлар.","Дарҳақиқат, уларнинг ичларига огоҳлантиргувчилар юбордик.","Бас, огоҳлантирилганларнинг оқибати қандай бўлганига қаранг.","Аллоҳнинг покиза бандаларигина бундан мустасно.","Бизга Нуҳ нидо қилди. Бас, Биз нақадар яхши ижобат қилгувчилармиз.","Уни ва унинг аҳлини буюк қайғудан қутқардик.","Айнан унинг зурриётини боқий қолгувчилар қилиб қўйдик.","Кейингилар орасида унинг учун (олқишлар) қолдирдик.","Барча оламларда Нуҳга салом бўлсин!","Дарҳақиқат, Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.","Дарҳақиқат, у мўмин бандаларимиздандир.","Кейин бошқаларни ғарқ айладик.","Албатта, Иброҳим ҳам унинг гуруҳидандир.","Ўшанда у Парвардигорига соф дил билан келганди.","Ўшанда отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» - деганди.","Аллоҳни қўйиб, сохта худоларни истаб қолдингларми?","Оламлар Парвардигори ҳақида қандай гумондасиз?","Кейин у юлдузларга тикилиб қаради.","«Мен аниқ касалман», деди.","Бас, ундан юз ўгириб кетдилар.","Бас, уларнинг худолари ёнига келиб деди: «Қани, емайсизларми?!","Нега гапирмаяпсизлар?»","Бас, улар ёнига бориб, ўнг қўли билан урди.","Бас, унинг олдига шошиб келдилар.","Деди: «Ўзингиз йўниб ясаган нарсага ибодат қиласизларми?!","Ҳолбуки, сизларни ҳам, қилиб олган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!»","Дедилар: «Унинг учун бир бино қуриб, уни оловга отинглар».","Унга бир макрни қасд қилгандилар. Ўзларини паст айладик.","Деди: «Мен, албатта, Парвардигорим сари боргувчиман. У мени ҳидоят қилур».","Парвардигорим, менга солиҳлардан ато эт.","Бас, Биз унга бир ҳалим ўғил ҳақида хушхабар бердик.","У билан бирга юрадиган бўлгач: «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман. Нима фикр билдиришингни бир ўйлаб кўр», деди. Деди: «Эй отажон, сизга буюрилган ишни қилаверинг. Иншооллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсиз».","Иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) таслим бўлиб, (отаси) уни пешонаси билан ётқизган пайтда","Унга нидо қилдик: «Иброҳим!","Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқ этдинг». Албатта, Биз муҳсинларни мана шундай мукофотлаймиз.","Албатта, бу очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир.","Унинг ўрнига бир катта қурбонликни эваз қилиб бердик.","Кейингилар орасида унинг учун (олқишлар) қолдирдик.","Иброҳимга салом бўлсин!","Биз гўзал амал қилгувчиларни шундай мукофотлармиз.","Дарҳақиқат, у мўмин бандаларимиздандир.","Унга бир пайғамбар ва солиҳлардан бўлажак Исҳоқ ҳақида хушхабар бердик.","Унинг ўзига ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Ҳар иккисининг зурриётидан гўзал амал қилгувчи ҳам, ўз жонига очиқ жабр қилгувчи ҳам бўлур.","Дарҳақиқат, Биз Мусо ва Ҳорунга инъом қилдик.","Иккисига ҳам, қавмига ҳам улуғ ғамдан нажот бердик.","Уларни қўлладик, бас, улар ғолиб бўлдилар.","Иккисига равшан Китобни бердик.","Иккисини тўғри йўлга ҳидоят қилдик.","Кейингилар орасида иккиси учун (мақтовлар) қолдирдик.","Мусо ва Ҳорунга салом бўлсин!","Дарҳақиқат, Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.","Улар мўмин бандаларимиздандирлар.","Илёс ҳам, шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.","Ўшанда у қавмига деди: «Тақво қилмайсизларми?!","Баълга (бутга) ибодат қилиб, энг гўзал Яратгувчини тарк қиласизларми?!","Сизларнинг ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигори Аллоҳни (тарк қиласизларми)?!»","Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Энди, албатта, улар (азобга) ҳозир қилингувчилардир.","Аллоҳнинг покиза бандаларигина бундан мустасно.","Кейингилар орасида унинг учун (олқишлар) қолдирдик.","Илёсга салом бўлсин.","Дарҳақиқат, Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.","Дарҳақиқат, у мўмин бандаларимиздандир.","Лут ҳам, шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.","Ўшанда Биз унга ва унинг барча аҳлига нажот бердик.","Фақат азобда қолгувчилар орасидаги бир кампиргина бундан мустасно.","Кейин бошқаларни ҳам ҳалок қилдик.","Шак-шубҳасиз, сизлар тонг чоғида уларнинг устидан ўтиб турасизлар.","Кечаси ҳам. Ақл юритмайсизларми?!","Юнус ҳам, шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир.","Ўшанда у ичи тўла кемага қочганди.","Бас, қуръа ташлашди ва у мағлублардан бўлди.","Бас, уни маломатга лойиқ бўлган ҳолида наҳанг балиқ ютди.","Агар у кўп тасбеҳ айтгувчилардан бўлмаганида эди,","Унинг қорнида қайта тириладиган кунгача қолиб кетган бўларди.","Бас, уни хаста ҳолида қуруқликка отдик.","Ва унинг устига қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик.","Уни юз минг ёки ундан-да кўпроққа пайғамбар қилдик.","Иймон келтирдилар. Бас, уларни маълум муддат баҳраманд этдик.","Энди улардан сўранг-чи, Парвардигорингизники қизлар-у, уларники ўғиллар эканми?","Ёки фаришталарни қиз қилиб яратганмиз-у, улар эса гувоҳ бўлиб туришганми?","Огоҳ бўлингизки, улар ўз уйдирмаларида шундай дейдилар:","«Аллоҳ бола кўрди». Ва, албатта, улар ёлғончилардир.","Ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эмишми?!","(Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?","Эс-ҳушингизни йиғиб олмайсизларми?!","Ёки сизларда очиқ-ойдин бир ҳужжат борми?!","Ростгўйлардан бўлсангиз, китобингизни келтиринглар-чи!","У билан жинлар орасида насаб риштаси бор, дедилар. Ҳолбуки, жинлар аниқ билдиларки, улар ҳозирлангувчилардир.","Аллоҳ улар васф қилган нарсадан покдир.","Аллоҳнинг покиза бандаларигина бундан мустасно.","Албатта, сизлар ҳам, сиғинаётган бутларингиз ҳам","У Зотга қарши фитнага солгувчи бўла олмассиз.","Жаҳаннамга киргувчи бўлганлар бундан мустасно.","Биздан ҳар биримиз учун маълум бир мақом бор.","Албатта, бизлар саф тортиб тургувчилармиз.","Ва, албатта, бизлар тасбеҳ айтгувчилармиз.","Ҳолбуки, улар дер эдилар:","«Бизда ҳам олдингилардан бир эслатма бўлганида эди.","Биз ҳам сўзсиз Аллоҳнинг покиза бандалари бўлар эдик».","Бас, унга куфр келтирдилар. Энди яқинда билурлар.","Дарҳақиқат, пайғамбар қилиб юборилган бандаларимизга Сўзимиз ўтган.","Шак-шубҳасиз, аниқ улар қўллаб-қувватлангувчилардир.","Ва, албатта, Бизнинг қўшинимиз ғолиблардир.","Бас, сиз улардан бироз муддат юз ўгириб туринг.","Ўшанда уларни кўринг. Улар ҳам сизни кўрадилар.","Ҳали улар Бизнинг азобимизни шоширяптиларми?!","Азоб уларнинг ҳовлисига тушганида огоҳлантирилганларнинг тонги жуда ёмон бўлади.","Бас, улардан бироз муддат юз ўгириб туринг.","Кўринг. Улар ҳам яқинда кўрадилар.","Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз улар васф этаётган сифатлардан Покдир.","Пайғамбарларга салом бўлсин!","Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсин!","Сод. Зикр соҳиби бўлмиш Қуръонга қасам.","Балки куфр келтирганлар такаббурлик ва саркашликдадирлар.","Биз улардан олдин ҳам қанча асрларни ҳалок этганмиз. Бас, нидо қилдилар. Аммо бу вақт нажот вақти эмас эди.","Ўзларидан бир огоҳлантиргувчи келганидан ажабландилар ва кофирлар: «Бу бир ёлғончи сеҳргар», дедилар.","Ҳамма худоларни битта худо қилибдими? Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!","Уларнинг катталари дедилар: «Юринглар, худоларингиз борасида сабр қилинглар. Албатта, бу қасддан қилинаётган нарсадир».","Охирги миллат орасида бу ҳақда эшитмадик. Бу тўқимадан бошқа нарса эмас.","«Орамиздан келиб-келиб ўшанга Зикр нозил қилинибдими?!» Йўқ! Улар Зикрим ҳақида шак-шубҳададирлар. Йўқ! Улар ҳали азобимни татиб кўрмадилар.","Ёки Қудратли ва Саховатли Парвардигорингизнинг раҳмат хазиналари уларнинг олдиларидамикин-а?!","Ёки осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг мулки уларникими? У ҳолда сабаблари ила кўтарилаверсинлар!","Анави ердаги фирқалар орасида мағлуб бўлган бир қўшин.","Улардан олдин Нуҳ қавми, Од ва қозиқлар эгаси Фиръавн ҳам ёлғончи қилган.","Самуд, Лут қавми ва дарахтзор эгалари ҳам. Ана ўшалар фирқалардир.","Ҳаммалари пайғамбарларни аниқ ёлғончи қилдилар. Бас, Менинг азобим ҳақ бўлди.","Ана ўшалар ҳеч тўхтамасдан келадиган биргина даҳшатли қичқириқдан бошқа нарсани кутмаяптилар.","Дедилар: «Парвардигоро, бизга насибамизни ҳисоб кунидан олдин тезроқ бера қол».","Cиз улар айтаётган гапларга сабр қилинг ва қувват соҳиби бўлган бандамиз Довудни эсланг! Дарҳақиқат, у бутунлай қайтгувчидир.","Дарҳақиат, Биз тоғларни бўйсундирдик. Улар у билан кечки пайт ва эрталаб тасбеҳ айтадилар.","Тўпланган қушларни ҳам. Барчалари унга қайтгувчидир.","Унинг давлатини қудратли қилдик. Унга ҳикматни ва очиқ хитобни бердик.","Сизга даъволашгувчилар хабари келдими? Ўшанда улар меҳробга чиқишганди.","Довуднинг олдига киришган пайтида улардан қўрқиб кетди. Дедилар: «Қўрқма. Биримиз биримизга тажовуз қилган икки даъволашгувчимиз. Бас, сен бизнинг ўртамизда ҳақ билан ҳукм қил, жабр қилма ва бизни тўғри йўлга бошла».","«Мана бу менинг биродарим. Унинг тўқсон тўққизта совлиқ қўйи бор. Менинг эса битта совлиқ қўйим бор. У ўшани ҳам менга берасан, деди ва сўзлашувда мени енгди».","Деди: «Дарҳақиқат, у сенинг совлиқ қўйингни ўзининг совлиқларига қўшиб олишни сўраб сенга зулм қилибди. Кўп шериклар бир-бирларига зулм қиладилар. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган кишиларгина бундан мустасно. Улар жуда озчилик». Довуд уни имтиҳон қилганимизни билди-да, Парвардигоридан мағфират тилади ва саждага йиқилиб, тавба-тазарру қилди.","Бас, унинг ўша (хатоси)ни мағфират қилдик. Албатта, унинг учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бордир.","Эй Довуд, дарҳақиқат, Биз сени ерда халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ билан ҳукм чиқар. Ҳавойи нафсга эргашиб кетма. Тағин сени Аллоҳнинг йўлидан оздириб қўймасин. Албатта, Аллоҳ йўлидан озадиганлар учун ҳисоб кунини унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир.","Осмону ерни ва улар орасидаги нарсаларни беҳуда яратмадик. Бу куфр келтирганларнинг гумонидир. Бас, куфр келтирганларга дўзахдан иборат ҳалокат бўлсин!","Иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларни ер юзида бузғунчилик қилувчилар каби қилармидик?! Йўқ! Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик?!","Биз сизга нозил қилган Китоб муборакдир. Токи унинг оятларини тадаббур қилсинлар ва ақл эгалари эслатма-ибрат олсинлар.","Довудга Сулаймонни ҳадя қилдик. У нақадар яхши банда. Албатта, у қайтгувчидир.","Эсланг, бир оқшом унга гижинглаб турган учқур отлар кўрсатилди.","Бас, деди: «Дарҳақиқат, мен дунё ишқига берилиб кетиб, Парвардигоримни эслашдан чалғиб қолибман. Ҳатто (қуёш) парда ортига беркинибди.","Уларни менга қайтаринглар». Бас, уларнинг оёқ ва бўйинларини силашга киришди.","Дарҳақиқат, Биз Сулаймонни синадик ва тахти устига бир жасадни ташладик. Сўнгра у тавба-тазарру қилди.","Деди: «Парвардигорим, мени кечир. Менга мендан кейин бирон кишига муяссар бўлмайдиган подшоҳликни ато эт. Дарҳақиқат, Сенинг Ўзинг ҳадя этгувчисан».","Бас, унга шамолни бўйсундирдик, унинг амри ила у истаган тарафга майин эсадиган бўлди.","Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам.","Бошқаларни ҳам. Кишанланган ҳолларида.","Бу Бизнинг ато этган нарсамиздир. Бас, инъом эт ёки ўзингда олиб қол. Ҳисоб-китоб қилинмас.","Шак-шубҳасиз, унинг учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бор.","Бандамиз Айюбни эсланг. Ўшанда у Парвардигорига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила ушлади», деганди.","«Оёғинг билан теп! Бу чўмиладиган ва ичиладиган муздек сувдир».","Ўз томонимиздан марҳамат кўрсатиб ҳамда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бўлиши учун унга оиласини ва улар билан бирга яна ўшанчани ҳадя этдик.","«Қўлингга бир боғ новдани олиб, ўша билан ур. Қасамингни бузма». Дарҳақиқат, Биз уни сабрли топдик. У нақадар яхши банда. Албатта, у қайтгувчидир.","Қўллар ва кўзлар эгалари бўлган бандаларимиз Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубни эсланг.","Дарҳақиқат, Биз уларни (охират) диёрини эслаш хислати билан холис қилдик.","Ҳақиқатан, улар Бизнинг ҳузуримизда танланган яхши кишилардандир.","Исмоил, ал-Ясаъ ва Зул-Кифлни ҳам эсланг. Барчалари яхшилардандир.","Бу бир эслатмадир. Шак-шубҳасиз, тақводор зотлар учун гўзал оқибат бордир.","Дарвозалари очиқ мангу жаннатлар.","У жойларда ястаниб ўтириб, кўп мева ва шароб чақирурлар.","Уларнинг ҳузурида кўзларини тийган тенгдошлар бордир.","Бу сизларга ҳисоб куни учун ваъда этилган нарсалардир.","Дарҳақиқат, бу Бизнинг ризқимиздир. Унинг адоси йўқ.","Гап шу. Ҳаддан ошгувчилар учун ёмон оқибат бордир.","У жаҳаннамдир. Унда ёнадилар. У нақадар ёмон жой!","Мана буни татисинлар. У қайноқ сув ва йирингдир.","Бошқалари ҳам шу шаклда турли хилдир.","Мана булар сизлар билан бирга ташлангувчи гуруҳдир. Хуш келмабдилар! Дарҳақиқат, улар дўзахга киргувчилардир.","Дедилар: «Аксинча, ўзингиз хуш келмабсиз! Уни бизга сизлар тақдим этдингиз. Нақадар ёмон жой!»","Дедилар: «Парвардигоро, ким бизга шуни тақдим этган бўлса, унга дўзахдаги азобни икки баробар зиёда қил».","Дедилар: «Бизга нима бўлдики, ёмонлардан деб ҳисоблаб юрган кишиларни кўрмаяпмиз».","Биз уларни масхара қилиб олган эдикми ё?! Ёки кўзлар улардан тойдими?","Дарҳақиқат, дўзах аҳлининг ана шундай талашиб тортишишлари ҳақдир.","Айтинг: «Мен фақат огоҳлантирувчиман, холос. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. У Ягонадир, Қаҳҳордир».","Осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Парвардигори, Азиз ва Ғаффор.","Айтинг: «У улуғ хабардир».","Сизлар эса ундан юз ўгирмоқдасизлар.","Менда тортишаётган фаришталар ҳақида ҳеч қандай билим йўқ эди.","Менга фақат ўзимнинг очиқ-ойдин огоҳлантиргувчи эканлигим ваҳий қилинади, холос.","Эсланг! Ўшанда Парвардигорингиз фаришталарга: «Дарҳақиқат, Мен лойдан бир одам яратгувчиман», деган эди.","Бас, қачон уни расо қилиб, унга Ўз Руҳимдан пуфлаганимдан кейин унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинглар!","Бас, ҳамма фаришталар сажда қилдилар.","Иблисгина бундан мустасно бўлди. Мутакаббирлик қилиб, кофирлардан бўлди.","Деди: «Эй, Иблис, Ўзим икки Қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! Мутакаббирлик қилдингми ёки олий даражалилардан эдингми?!»","Деди: «Мен ундан яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг».","Деди: «Ундан чиқ! Бас, сен аниқ қувилгансан».","Ва, албатта, то жазо кунига қадар сенга Менинг лаънатим бўлгай!","Деди: «Парвардигорим, улар қайта тириладиган кунга қадар менга муҳлат бер».","Деди: «Бас, сен муҳлат берилганлардансан».","Маълум вақтдаги кунга қадар.","Деди: «Иззатингга қасамки, уларнинг ҳаммасини йўлдан оздираман».","Улар орасидаги ихлосли бандаларинггина бундан мустасно.","Деди: «Ҳақиқат шуки, фақат ҳақни айтаман.","Мен жаҳаннамни сен ва улар орасидаги барча сенга эргашганлар билан тўлдираман».","Айтинг: «Сизлардан бу ишга ажр сўрамайман ва мен сохтакорлардан эмасман».","У бутун оламлар учун бир эслатма, холос.","Унинг хабарини бир муддатдан кейин аниқ билиб оласизлар.","Китоб Азиз, Ҳаким бўлган Аллоҳ тарафидан нозил қилинган.","Дарҳақиқат, Биз сизга Китобни ҳақ билан нозил қилдик. Бас, Аллоҳга динни холис этиб ибодат қилинг.","Огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир. Уни қўйиб, бошқаларни дўст тутганлар: «Биз уларга фақат бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Албатта, Аллоҳ улар ўртасида ихтилоф қилаётган нарсалари хусусида ҳукм қилур. Дарҳақиқат, Аллоҳ каззоб ва кўрнамакларни ҳидоят қилмас.","Агар Аллоҳ бола олмоқни истаса, Ўзи яратганлар орасидан истаганини танлаб олаверган бўларди. У Зот Покдир. У Ягона ва Ғолиб Аллоҳдир.","Осмонлару ерни ҳақ ила яратди. Тунни кунга ўрайди. Кунни тунга ўрайди. Қуёш ва ойни бўйсундириб қўйган. Ҳаммаси белгиланган муддатга қадар юрадилар. Огоҳ бўлингизким, у Азиздир, Ғаффордир.","У сизларни бир жондан яратди, кейин ундан жуфтини яратди ва сизларга чорва ҳайвонларидан саккиз жуфтни туширди. У сизларни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста-секин яратур. Ана ўша Аллоҳ Парвардигорингиздир. Барча мулк Уникидир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, қаён бурилиб кетмоқдасизлар?!","Агар куфр келтирсангизлар, бас, Аллоҳ сизлардан Беҳожатдир. У бандаларига куфрни раво кўрмайди. Агар Унга шукр қилсангизлар, сизларнинг шу ишингиздан рози бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи ўзга жоннинг юкини кўтармас. Кейин ёлғиз Парвардигорингизга қайтишингиз бор. Бас, У Зот қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур. Албатта, У диллардаги сирларни ҳам Билгувчидир.","Қачон инсонни бирон зиён ушласа, Парвардигорига тазарру билан дуо қилади. Кейин қачон Ўз томонидан унга бир неъмат ато этса, олдин қилган дуосини унутиб, Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун У зотга тенгдошлар қилади. Айтинг: «Куфрингдан бироз фойдаланиб қол! Шак-шубҳасиз, сен дўзах эгаларидандирсан».","Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда тоат-ибодат қиладиган, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳматидан умидвор бўладиган зотми?! Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар баробарми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар.","Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: «Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда яхшилик қилганларга яхшилик бор. Аллоҳнинг ери кенгдир. Дарҳақиқат, сабр қилгувчиларга ажру мукофотлари беҳисоб берилур».","Айтинг: «Дарҳақиқат, мен Аллоҳга динимни холис У Зот учун қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман».","Мен мусулмонларнинг пешвоси бўлишга буюрилганман.","Айтинг: «Парвардигоримга осийлик қиладиган бўлсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман».","Айтинг: «Ёлғиз Аллоҳга У Зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилурман».","Сизлар эса У Зотни қўйиб, истаган бутларингизга ибодат қилаверинглар. Айтинг: «Дарҳақиқат, зиёнкорлар Қиёмат куни ўзларига ҳам, аҳли оилаларига ҳам зиён қилгувчилардир. Огоҳ бўлингизким, айнан шу иш очиқ зиёнкорликдир».","Улар учун устларидан ҳам оловдан бўлган «соябонлар», остларидан ҳам «соябонлар» бордир. Аллоҳ Ўз бандаларини мана шундан қўрқитур. Эй бандаларим, Мендан қўрқингиз!","Шайтонга ибодат қилишдан ўзини олиб қочган ва Аллоҳга қайтган зотлар учун хушхабар бор. Бас, бандаларимга хушхабар беринг!","Шундай зотларки, гапни эшитиб, унинг энг гўзалига эргашадилар. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят берган зотлардир. Ана ўшалар ақл эгаларидир.","Азоб сўзи ҳақ бўлиб турган кимсани (ҳидоят қила олармидингиз). Дўзахдаги кимсани қутқара олармидингиз!","Лекин Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун устма-уст қурилган хоналар бўлиб, уларнинг остидан дарёлар оқиб турар. Аллоҳнинг ваъдаси! Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас.","Аллоҳ осмондан сув ёғдириб, уни ердаги чашмалар қилиб оқизиб қўйганини кўрмадингизми? Кейин у билан турли хил рангдаги экинлар чиқарур. Кейин у қурийди. Бас, сиз уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Кейин уни хашакка айлантиради. Албатта, бу ишда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бордир.","Аллоҳ қалбини Ислом учун кенг қилиб қўйган киши (қалби тош инсон билан баробар бўладими)? Бас, у Парвардигори тарафидан бўлган бир нур устида-ку. Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга ҳалокат бўлсин. Ана ўшалар очиқ залолатдадир.","Аллоҳ энг гўзал сўзни бир-бирига ўхшайдиган ва такрорланиб келадиган Китоб ҳолида туширди. Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг баданлари ундан титраб кетади. Кейин эса баданлари ҳам, қалблари ҳам Аллоҳнинг зикрига мулойимлашади. Бу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У билан Ўзи истаган одамни ҳидоят қилур. Аллоҳ кимни адаштириб қўйса, унинг учун бирон тўғри йўлга солувчи йўқдир.","Қиёмат куни золимларга: «Қилиб ўтган ишларингизни татинглар», деб турилган пайтда ёмон азобдан ўз юзи ила сақланадиган кимса (шу азобдан холи кимса билан баробар бўладими)?","Улардан олдингилар ҳам ёлғончи қилганлар. Бас, уларга азоб ўзлари сезмаган тарафдан келган.","Аллоҳ уларга дунё ҳаётида хорликни тоттирди ва, албатта, охират азоби янада улканроқ. Агар биладиган бўлсалар.","Дарҳақиқат, бу Қуръонда одамларга турли мисоллар келтирдик. Шоядки, эслатма-ибрат олсалар.","Бирон эгрилиги йўқ арабий Қуръон. Шоядки, тақво қилсалар.","Аллоҳ бир мисол келтирди. Бир киши борки, унинг устида талашадиган бир неча шериклар бор. Бошқа бир киши борки, у саломат ҳолида бир киши учундир. Шу иккиси мисолда баробарми? Ҳамд Аллоҳникидир. Балки, уларнинг кўплари билмайдилар.","Дарҳақиқат, сиз ҳам ўлгувчисиз, улар ҳам ўлгувчидирлар.","Кейин Қиёмат куни, албатта, Парвардигорингиз ҳузурида хусуматлашасизлар."]