["Эй Пайғамбар, дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Хавла бинти Саълабанинг сўзларини эшитди. У эри Авс ибн Сомитнинг зиҳор қилгани ҳақида Аллоҳга шикоят қилиб, сизга мурожаат қилди. Парвардигор сизларнинг суҳбатингизни эшитди. Зеро, Ундан ҳеч нарса махфий қолмас. Албатта Аллоҳ бандаларининг сўзларини Эшитувчи ва қилган ишларини Кўрувчи Зотдир. Ундан ҳеч нарса яширин қолмас.","Аёлларини зиҳор қиладиган кишилардан бири аёлига:”Сенинг баданинг мен учун онамнинг бадани кабидир”, дейди. Улар ёлғон сўзни айтибдилар. Уларнинг аёллари ҳеч қачон оналари эмас. Уларнинг оналари уларни туққан аёллардир. Бас, улар айтган ўша сўз ўта хунук, қабиҳ ва ғирт ёлғон сўздир. Албатта Аллоҳ авф этувчи, мағфират қилувчидир. Уларни гуноҳларидан халос этиш учун уларга каффоратни машруъ қилди.","Бу қабиҳ сўзни айтиб қўйиб, кейин аёлига яқинлик қилмоқчи бўлган кишилар олдин бир қулни озод қилишлари лозим. Мазкур ҳукм зиҳордан сизларни қаттиқ қайтариш учун амр этилди. Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан Хабардордир. Қилган ишларингиздан бирон нарса Ундан махфий қолмас.","Кимки озод қилишга қул тополмаса, аёлига яқинлик қилишдан олдин икки ой узлуксиз рўза тутиши керак бўлади. Узлуксиз икки ой рўза тутишга ҳам қодир бўлмаса, олтмишта мискиннинг қорнини тўйдириши лозим. Биз бу ҳукмни Аллоҳнинг буйруғи, деб иймон келтириб, бажаришингиз учун чиқардик. Сизларга машруъ қилинган бу ҳукмлар Аллоҳ бандалари учун белгилаб қўйган чегаралар, қонунлардир. Уни ҳаргиз босиб ўтманглар. Аллоҳнинг ҳукмлари ва қонунларини инкор қилувчи кофирларга аламли азоб бордир.","Аллоҳ ва Расулига душманлик қилганлар худди шу ишни қилган олдинги умматлар хор-зор бўлгани каби хор-зор бўлдилар. Дарҳақиқат, Биз очиқ-ойдин оятларни нозил қилдик. Аллоҳни, Унинг пайғамбарлари ва оятларини инкор қилувчи кофирлар учун хорловчи азоб бордир.","У кунда Аллоҳ таоло ҳеч кимни қолдирмасдан барчани қайта тирилтиради. Кейин дунё ҳаётида қилиб ўтган қабиҳ амалларини эслатади, ҳаммасини ҳисоб-китоб қилади, ҳеч бир амални ўтказиб ҳам юбормайди, унутиб ҳам қўймайди. Улар номаи аъмолларида ўзлари унутиб юборган катта-кичик барча гуноҳларининг битиб қўйилганини кўрадилар. Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан Хабардордир. Уларнинг амалларидан бирон нарса Ундан махфий қолмайди.","Кўрмадингизми, эй Пайғамбар, Аллоҳ таоло осмонлару ердаги ҳамма нарсани билур ва ҳеч нарса У Зотдан яширин қолмас?! Уч киши ўзаро сирлашсалар, Аллоҳ таоло ўз илми билан уларнинг тўртинчисидир. Беш киши ўзаро сирлашсалар, Аллоҳ таоло ўз илми билан уларнинг олтинчисидир. Уларнинг сони бундан оз ёки кўп бўладими, қаерда бўлишларидан қатъи назар, Аллоҳ таоло ўз илми билан уларнинг олдидадир. Уларнинг гап-сўзларидан бирон нарса У Зотдан яширин қолмайди. Кейин Қиёмат куни Аллоҳ таоло уларга қилган амалларини билдиради. Дарҳақиқат, Парвардигор ҳамма нарсани Билгувчидир, У Зотдан ҳеч нарса махфий қолмайди.","Кўрмадингизми, эй Пайғамбар, Аллоҳ таоло яҳудийларни шивир-шивир қилишдан қайтарган эди. Улар бир мўминни кўриб қолсалар, пичир-пичир қилар эдилар. Бироқ улар Аллоҳ қайтарган бу ишни қайта-қайта қилавердилар. Улар мўминнинг орқасидан гапириш, уларга тажовуз қилиш ва Пайғамбарга итоатсиз бўлиш каби гуноҳ ишларда ўзаро пичирлашар эдилар. Сизнинг олдингизга келиб саломлашганларида Аллоҳ таоло саломлашганда ишлатмаган сўзлар билан саломлашардилар. Улар ”Ассому алайка”, дея ўлимни қасд қилардилар ва Пайғамбарни ёлғончига чиқариш учун ўзларича шундай дердилар: ”Қани, бу айтган сўзларимиз учун Аллоҳ бизни азобласин-чи. Агар у даъво қилаётганидек, Аллоҳнинг Пайғамбари бўлганида эди, бу деганларимиз учун Аллоҳ бизни азоблаган бўлар эди”. Бу айтган сўзлари учун жаҳаннам уларга кифоядир. Унинг оташида ёнадилар. Улар қайтиб борадиган жой нақадар ёмон жой!","Эй, Аллоҳга иймон келтириб, унинг шариатига амал қилаётганлар! Яҳудийларга ўхшаб, гуноҳ, тажовуз ва пайғамбарга осийлик қилиш ҳақида ўзаро шивирлашманглар. Аллоҳга итоат қилиш, гуноҳлардан тийилиш ҳақида эса пинҳона гаплашаверинглар. Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилинглар. Қиёмат куни ҳисоб ва жазо учун ёлғиз Унинг ҳузурига тўпланасизлар.","Дарҳақиқат, гуноҳ, тажовуз ва пайғамбарга исёндан иборат бўлган бу пичир-пичирлар шайтоннинг ўз дўстларига чиройли кўрсатган васвасасидир. Бундан мақсад гўё мўминларга қарши бир ҳийла уюштирилаётгандек қилиб кўрсатиш орқали уларнинг дилига қайғу солишдир. На шайтон ва на унинг чиройли қилиб кўрсатган ишлари Аллоҳнинг изни-иродаси бўлмаса, мўминларга ҳеч қандай зарар келтирмайди. Бас, шундай экан, мўминлар барча ишларида Аллоҳгагина суянсинлар.","Эй Аллоҳга иймон келтириб, Унинг шариатига амал қилганлар, сизларга мажлисда ўтирган пайтингизда, жой беринглар, дейилса, дарҳол жой беринглар. Аллоҳ таоло ҳам сизларга дунё ва охиратда кенглик беради. Мажлислардан бирида сизларга, қалқинглар, дейилса, фазл аҳлига жой бериш учун дарҳол қалқинглар. Аллоҳ таоло иймон келтирган ва илм ато этилган кишиларни баланд даражаларга кўтаради. Аллоҳ сизлар қилаётган ишлардан Хабардордир. Сизларнинг амалларингиздан бирон нарса махфий қолмас ва яқинда сизларни ўша амалларингизга яраша мукофотлайди.","Саҳобалар Пайғамбар алайҳиссолат вассалом билан сирлашавергач, Аллоҳ деди: \"Эй иймон келтирган зотлар, агар Пайғамбар алайҳиссолату вассалом билан холи қолиб дилдан суҳбатлашишни истасангиз, суҳбатдан олдин садақа беринглар. Бу садақа ўзларингиз учун яхшилик ва покликдир. Зеро, Аллоҳнинг тоати қалбларни поклайди. Мабодо садақа қилишга имкон тополмасангиз, ҳеч қандай хижиллик бўлмас. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бандаларининг гуноҳларини кечирадиган ва тоқатларидан ташқари нарсани юкламайдиган раҳмли Зотдир\".","”Пайғамбар алайҳиссалом билан суҳбатлашишдан олдин садақа берсак, камбағал бўлиб қоламиз”,- деб қўрқдингларми?! Бу буйруқни бажармаган бўлсангизлар ҳам Аллоҳ таоло сизларни кечирди. Чунки У Зот буни қилмасликка Ўзи рухсат берган. Энди тақво қилиб, намозни тўла-тўкис адо қилинглар, молларингизнинг закотини беринглар, Аллоҳ ва Расулига итоат этинглар. Аллоҳ таоло барча ишларингиздан хабардордир. Амалларингиздан бирон нарса У Зотдан махфий қолмас. Сизларга яқинда амалларингизга яраша жазо ёки мукофот берур.","Мунофиқларга қаранг, эй Пайғамбар алайҳиссалом, қилган гуноҳлари ва куфрлари сабабли Аллоҳнинг ғазабига учраган яҳудийларга дўст бўлиб олибдилар. Улар мўминлардан ҳам, яҳудийлардан ҳам эмаслар. Аросатда қолган сарсонлардир. Яна: ”Бизлар мусулмонлармиз, яҳудийларга мусулмонларнинг хабарларини етказмадик”, деб ёлғон қасам ичадилар.","Аллоҳ таоло охиратда улар учун қаттиқ азобни тайёрлаб қўйди. Уларни жаҳаннамнинг энг тубига киритади. Уларнинг дунёдаги куфр амаллари нақадар қабиҳдир!","Улар куфри сабабли қатл қилинишлари мумкин эди. Шундан сақланиб қолиш учун тил учида иймон келтирдик, деб ичган қасамларини ўзларига қалқон қилиб олдилар. Чунки улар моллари ва жонларини ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиш орқали асраб қолгандилар. Мусулмонларнинг қизиқишларини сўндириб, дилларига ғулғула солиб ҳақдан тўсадилар. Бас, уларни хор-зор қилувчи азоб бордир.","Уларнинг на моллари ва на болалари Аллоҳдан келадиган жазонинг бирон қисмини ҳам тўхтатиб қола олмайди. Улар дўзахнинг ҳақиқий эгаларидир. Қайтиб чиқолмайдиган бўлиб унга кирадилар. У ердаги азоб ҳеч қачон тўхтатилмайди.","Қиёмат куни Аллоҳ таоло уларнинг биронтасини ҳам қолдирмасдан ҳамма-ҳаммасини жазо учун қайта тирилтиради. Эй мўминлар, улар дунёда мусулмонмиз, деб сизларга қасам ичганлари каби охиратда ҳам куфр ва нифоқда эмасдик, Аллоҳни рози қиладиган амалларни қиладиган мўминлардан эдик, деб Аллоҳга қасам ичадилар. Улар ўзларича бу қасамлари билан бирон фойдани қўлга киритаман ёки бир балони даф қиламан, деб ўйлайдилар. Огоҳ бўлингизким, улар дунёда ҳам, охиратда ҳам ёлғончилардир, қасамлари ҳам ғирт ёлғондир.","Шайтон уларни эгаллаб олди ва васваса қилиб Аллоҳнинг зикрини унуттирди. Бас, улар Аллоҳни рози қиладиган амалларни қилмадилар, аксинча, Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган амалларни қилдилар. Мана шундай сифатга эга бўлган кимсалар Иблиснинг лашкарлари ва гумашталаридир. Огоҳ бўлингизким, Иблиснинг лашкарлари ва гумашталари дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўргувчилардир. Дарҳақиқат, улар ҳидоятни залолатга, жаннатни эса дўзахга пуллаб юбордилар.","Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига душманлик қиладиган кимсалар Аллоҳ таоло дунёда ҳам, охиратда ҳам хор қилиб қўйган кофирлар сафидадирлар.","Аллоҳ таоло Ўзининг азалий илмида: \"Мен ва элчиларим душманлар устидан далилда ҳам, майдонда ҳам ғолиб бўламиз\", деб ҳукм қилиб қўйган. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ўзининг элчиларини ғолиб қила оладиган Қувватлидир. У Зот душманларидан ўч оладиган енгилмасдир.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Аллоҳ ва Расулига ҳамда Қиёмат кунига иймон келтирганларнинг Аллоҳ ва Расулига душман бўлган кимсаларни яхши кўриб, улар билан дўстлашаётганини кўрмайсиз. Гарчи улар ўзларининг оталари, болалари, ака-укалари ёки яқин қариндош-уруғлари бўлсалар-да. Иймон уларни Аллоҳ ва Расулининг душманларига яқин бўлишдан ман қилади. Чунки иймон риштаси барча ришталардан устундир. Қарама-қарши келиб қолганида мана шу ришта муқаддамдир. Аллоҳ ва Расулига душман бўлган кимсалар билан, гарчи улар ўзларининг яқин қариндошлари бўлсалар-да, дўст бўлмаганларнинг қалбларига Аллоҳ таоло бир иймонни жо қилдики, у ҳеч қачон ўзгармайди. Уларнинг иймонини ҳужжат ва нур билан қувватлади. Аллоҳ таоло Қиёмат куни уларни қасрлари ва дарахтлари остидан дарёлар оқиб турадиган Адн жаннатларига киритади. У ерда абадий қоладилар. Жаннатларда неъматларнинг кети узилмайди, тугаб қолмайди. Аллоҳ таоло улардан шундай рози бўладики, бундан кейин уларга ҳеч қачон ғазаб қилмайди. Улар ҳам Аллоҳ таоло берган битмас-туганмас неъматлар туфайли рози бўладилар. Ана шу неъматлардан бири Аллоҳ таолони кўриш неъматидир. Юқорида айтиб ўтилган сифатларга эга бўлган кишилар Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариб, тақиқларидан тийиладиган аскарларидир. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг аскарлари дунёю охиратда мурод-мақсадларига эришиб, қўрққан нарсаларидан нажот топиб, муваффақият қозонган кишилардир.","Осмонлару ердаги барча махлуқотлар Аллоҳ таолони нолойиқ нарсалардан поклади ва улуғлади. Аллоҳ таоло Азиздир. Уни ҳеч ким мағлуб қила олмайди. Ҳар бир яратиши, шариати ва тақдирини ҳикмат билан қиладиган Ҳаким Зотдир.","Аллоҳ таоло Ўзига куфр келтирган ва пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончига чиқарган Бану Назир қабиласини ўз диёри Мадинадан сургун қилди. Уларнинг дастлабки сургуни Мадинадан Шом диёрларига бўлди. Булар Тавротга ишонган яҳудийлар бўлиб, Расулуллоҳ билан тузган битимларига хиёнат қилиб, у зотга қарши мушриклар билан бирлашган эдилар. Эй мўминлар, сизлар уларнинг куч-қудратини ва мустаҳкам ҳимояларини кўриб, ўз диёрларидан Шом ерларига чиқиб кетадилар, деб хаёл ҳам қилмаган эдингиз. Уларнинг ўзлари ҳам қурган қўрғонларимиз бизни Аллоҳ таолонинг қудратидан ва жазосидан ҳимоя қилади, деб ўйлаган эдилар. Аллоҳ таоло пайғамбарига: ”Уларга қарши курашинг ва диёрларидан сургун қилинг”, дея амр қилган пайтда яҳудийларга ўзлари кутмаган томондан Аллоҳ таолонинг куч-қудрати намоён бўлди. Аллоҳ таоло уларнинг қалбларига шу қадар қаттиқ қўрқув солдики, мусулмонлар кириб фойдаланмасин дея, ўз уйларини ўз қўллари билан ичкаридан буза бошладилар. Мўминлар эса ташқаридан бузардилар. Эй ақл эгалари, куфрлари сабабли уларнинг бошларига тушган азоб-уқубатлардан ибрат олинглар. Улар каби бўлманглар. Токи уларга берилган азоб-уқубатлар сизларга ҳам етиб қолмасин.","Агар Аллоҳ таоло уларга диёрларидан сургун бўлишни битмаганида эди, уларни шу дунёдаёқ қатл ва асирлик азобига гирифтор қилган бўлар эди. Охиратда уларга дўзах азоби мунтазир бўлиб турибди. Унда абадий қоладилар.","Уларнинг бошига келган мусибат Аллоҳ таолога ва Унинг Пайғамбарига куфр келтириб, берган аҳдларини бузиб, душманлик қилганлари туфайли содир бўлди. Ким Аллоҳга душманлик қилса, албатта, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир. Ана шу қаттиқ азобдан ”насиба”сини олади.","Эй мўминлар жамоаси, сизлар ғазотда Аллоҳнинг душманлари бўлмиш Бану Назирни ғазаблантириш учун хурмоларни кесдингизларми ёки ўзларингиз фойдаланишингиз учун кесмасдан қолдирдингизларми, ҳаммаси Аллоҳнинг амри билан бўлди. Улар маломат қилганларидай ер юзида бузғунчилик қилиш учун эмас. Айни пайтда бу иш аҳдларини бузган, вафо йўли қолиб, хиёнат йўлини танлаган ҳамда Аллоҳга итоат этишдан юз ўгирган яҳудийларни хор қилиш учун ҳам бўлган.","Аллоҳ таоло Пайғамбарига Бану Назирнинг мол-мулкидан берган ўлжага келсак, сизлар бу ўлжа талабида от ҳам, туя ҳам суриб бормадингизлар. Сизларга ҳеч қандай машаққат етмади. Бироқ Аллоҳ таоло пайғамбарларини Ўзи хоҳлаган кимсалардан устун қилади. Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссаломни Бану Қурайзадан устун қилди. Уларнинг диёрини Расулуллоҳ жангсиз эгаллади. Аллоҳ ҳамма нарсага Қодирдир. Уни ҳеч нарса ожиз қолдиролмайди.","Аллоҳ таоло баъзи қишлоқ-шаҳарларнинг мол-мулкини Пайғамбарига ҳеч қандай жангу-жадалларсиз ўлжа қилиб берди. Бу мулк Аллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандасига беради. Аллоҳ мулкни Пайғамбар алайҳиссаломга, садақадан ман қилинганлиги эвазига қариндошлари Бану Ҳошим ва Бану Муттолибга, етим-есирларга, фақирларга ва маблағи тугаб қолган мусофирларга берди. Токи мол-мулк камбағаллар қолиб, бойларнинг қўлларидагина айланиб қолмасин. Эй мўминлар, Пайғамбар сизларга берган нарсани олинглар, бермаганидан тийилинглар. Аллоҳ таолодан Унинг буйруқларини бажариб, тақиқларидан тийилиб, тақво қилинглар. Албатта Аллоҳ жазоси қаттиқ бўлган Зотдир. Унинг жазосидан қўрқинглар.","Бу мол-мулкнинг бир қисми Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган камбағалларга берилади. Улар бу дунёда фазлу марҳамат, охиратда эса Аллоҳнинг розилигини умид қилиб, мол-дунёларини ва фарзандларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар ҳамда Аллоҳ йўлида жиҳод қилиб, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ёрдам берадилар. Мана шундай сифатларга эга бўлганлар ҳақиқатан ҳам иймонларида собит кишилардир.","Ансорлар Мадинани муҳожирлардан олдин манзил тутган, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига иймон келтирган кишилардир. Улар Маккадан ҳижрат қилиб келган кишиларни яхши кўрадилар. Агар ўлжадан Аллоҳ йўлидаги муҳожирларга берилиб, уларга берилмаса ҳам қалбларида биродарларига нисбатан нафрат ва ҳасадни топмайдилар. Ўзлари камбағал ва ҳожатманд бўла туриб, дунёвий насибаларни муҳожирларга илинадилар. Аллоҳ таоло кимни мол-дунёга очкўзликдан сақласа ва у мол-мулкини Аллоҳ йўлида сарфласа, ана ўшалар мурод-мақсадига етиб, хавф-хатардан қутулиб, зафар қучган кишилардир.","Кейин келган ва уларга қиёматгача яхшилик билан эргашган кишилар айтадилар: \"Парвардигоро, бизни ва биздан олдинги Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтирган диндош биродарларимизни кечиргин, қалбларимизда мўминларнинг ҳеч бирига нисбатан бирон гина-кудурат қолдирмагин. Парвардигоро, албатта Сен бандаларингга меҳрибон ва раҳмлисан\".","Эй Пайғамбар, кофирлигини яшириб, ўзларини иймонли қилиб кўрсатаётганларни кўрмадингизми?! Улар бузилган Тавротга эътиқод қилувчи кофир ҳамтавоқларига айтадилар: ”Диёрингизда маҳкам туринглар, биз сизларни ҳеч қачон ёрдамсиз ташлаб, душманга топшириб қўймаймиз. Агар мусулмонлар сизларни диёрингиздан чиқариб юборсалар, биз ҳам кўнгиллилардан бўлиб, сизлар билан бирга чиқамиз. Чиқишимизга тўсқинлик қилишни истаганларга итоат қилмаймиз. Агар сизларга қарши уруш очсалар, уларга қарши сизларга ёрдам берамиз. Аллоҳ гувоҳлик берадики, мунофиқлар: ”Агар чиқариб юборилсангизлар, бирга чиқамиз, сизларга қарши жанг қилсалар, биз сизлар билан биргамиз”, деган даъволарида ёлғончидирлар.","Мусулмонлар яҳудийларни чиқариб юборсалар, улар билан бирга чиқиб кетмайдилар. Агар жанг қилсалар, уларга ёрдам бермайдилар, уларни қўлламайдилар. Башарти мусулмонларга қарши уларга ёрдам берсалар ҳам, шак-шубҳасиз, қўрқиб қочиб қоладилар. Кейин бу мунофиқларга бошқа ёрдам берилмайди. Балки Аллоҳ уларни хорлаб, шармисор қилади.","Эй мўминлар, мунофиқ ва яҳудийларнинг дилларига сизлар Аллоҳдан кўра қўрқинчлироқ туюласизлар. Улар сизлардан кўпроқ қўрқадилар. Аллоҳдан эса у қадар қўрқмайдилар. Чунки улар тушунмайдиган, англамайдиган қавмдир. Уларда онг бўлганида эди, Аллоҳдан кўпроқ қўрқиш лозимлигини, чунки сизларни устун қилган Зот Аллоҳ эканини англаган бўлардилар","Эй мўминлар, яҳудийлар сизларга қарши бир бўлиб очиқ уруша олмайдилар. Урушганда ҳам қўрғонланган қишлоқларда ёки деворлар ортидан урушадилар. Қўрқоқликлари туфайли очиқчасига жанг қила олмайдилар. Ўрталаридаги адоват ўта кучли. Сизлар уларни бирлашган, бир сафдаги одамлар, деб ўйлайсиз. Аслида эса уларнинг қалблари турфа хил. Чунки улар ақл юритмайдилар. Ақл юритганларида эди, ҳақни таниб, унга эргашган ва қарши чиқмаган бўлардилар.","Бу яҳудийлар кофирлиги ва бошига тушган мусибатлар бобида ўзларидан бироз олдинги Макка мушрикларига ўхшайдилар. Ўша мушриклар кофирлигининг ёмон оқибатига учраб, Бадр куни кимларидир ўлиб кетди, яна кимларидир асир олинди. Охиратда эса улар учун аламли азоб бордир.","Уларга қулоқ соладиган мунофиқлар худди шайтонга алданган инсонга ўхшайдилар. Шайтон инсонга куфрни чиройли қилиб кўрсатди. Унинг васвасасига учган инсон кофир бўлди. Шунда шайтон унга: \"Мен сенинг кофир бўлганингга айбдор эмасман. Мен ҳамма махлуқотлар Парвардигори Аллоҳдан қўрқаман\", деди.","Шайтоннинг оқибати ҳам, унга итоат этган инсоннинг оқибати ҳам Қиёмат куни дўзахга кириш ва унда абадий қолишдир. Аллоҳ белгилаб қўйган ҳадлардан ошган золимларнинг жазоси мана шу.","Эй Аллоҳга иймон келтириб, шариатига амал қиладиган зотлар, Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилинглар. Ҳар бир жон эртанги Қиёмат учун қандай яхши амал тайёрлаб қўйганига қарасин. Аллоҳдан тақво қилинглар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан Хабардордир. Бирон амалингиз У Зотдан яширин қолмас. Яқинда амалларингизга яраша жазо ёки мукофотингизни берур.","Аллоҳни унутиб, натижада Аллоҳ уларга ўзларини унуттириб, У Зотнинг буйруқларини бажармайдиган ва тақиқларидан тийилмайдиган ҳамда У Зотнинг ғазабидан, азобидан нажот берадиган ишларни қилмайдиган кимсаларга ўхшаб қолманглар. Аллоҳни унутиб, У Зотнинг буйруқларини бажармайдиган, тақиқларидан тийилмайдиган кимсалар Аллоҳга итоатсизлик қиладиган фосиқлардир.","Дўзахийлар билан жаннатийлар баробар эмас. Улар шу дунёдаги амалларда ҳам, охиратдаги жазо ёки мукофот олишда ҳам турличадирлар. Жаннатийлар мурод-мақсадига етиб, хавфсираган нарсаларидан нажот топиб, зафар қучган зотлардир.","Эй Пайғамбар, агар бу Қуръонни бир улкан тоққа туширганимизда ундаги насиҳату эслатмаларни, азоб ҳақидаги қаттиқ ваъдаларни кўриб, Аллоҳдан қўрққанидан эгилиб ёрилиб кетганини кўрар эдингиз. Бу мисолларни одамлар учун келтирамиз. Шоядки, улар ақлларини ишлатиб, ундаги маънолардан таъсирлансалар, насиҳат, ибрат олсалар.","У Аллоҳдирки, Ундан ўзга чин маъбуд йўқдир. Ғайбни ҳам, ҳозирни ҳам Билгувчидир. Бирон нарса У Зотдан яширин қолмас. У Зот дунё ва охиратнинг Раҳмони ва Раҳимидир. У Зотнинг раҳмати бутун оламларни қамраб олгандир. Подшоҳдир. Қуддусдир, ҳар қандай нуқсондан покдир. Саломдир, ҳар қандай айбдан саломатдир. Мўминдир, элчиларини ёрқин ҳужжатлар билан тасдиқлагувчидир. Муҳайминдир, бандаларининг амалларини кузатиб тургувчидир. Азиздир, ҳаммадан Ғолибдир. Жаббордир, Ўз қаҳри ила ҳамма нарсани эгаллаб олгандир. Мутакаббирдир. Аллоҳ мушриклар келтираётган ширклардан, бутлару бошқа нарсалардан Пок ва Олийдир.","У Аллоҳдирки, Ундан ўзга чин маъбуд йўқдир. Ғайбни ҳам, ҳозирни ҳам Билгувчидир. Бирон нарса У Зотдан яширин қолмас. У Зот дунё ва охиратнинг Раҳмони ва Раҳимидир. У Зотнинг раҳмати бутун оламларни қамраб олгандир. Подшоҳдир. Қуддусдир, ҳар қандай нуқсондан покдир. Саломдир, ҳар қандай айбдан саломатдир. Мўминдир, элчиларини ёрқин ҳужжатлар билан тасдиқлагувчидир. Муҳайминдир, бандаларининг амалларини кузатиб тургувчидир. Азиздир, ҳаммадан Ғолибдир. Жаббордир, Ўз қаҳри ила ҳамма нарсани эгаллаб олгандир. Мутакаббирдир. Аллоҳ мушриклар келтираётган ширклардан, бутлару бошқа нарсалардан Пок ва Олийдир.","У Аллоҳдир. Холиқдир, ҳамма нарсани яратгандир. Борийдир, йўқдан бор қилгувчидир. Мусаввирдир, махлуқотларига Ўзи истаган шаклни бергувчидир. У Зотнинг зоти олийсига муносиб гўзал номлари бор. Осмонлару ердаги ҳамма нарса У Зотни ҳар қандай нуқсондан поклаб, тасбеҳ айтар. У Азиздир, ҳаммадан Ғолибдир. У Ҳакимдир, ҳар бир яратишини, шариатини, тақдирини ҳикмат билан қиладиган Зотдир.","Эй Аллоҳга иймон келтириб, У Зотнинг шариатига амал қиладиган зотлар, Менинг душманимни ва ўзларингизнинг душманингизни дўст тутмангиз! Сизлар уларга дўстлик қўлини узатасизлар, улар эса пайғамбарингиз сизларга олиб келган динга куфр келтирадилар. Пайғамбарни ҳам, сизларни ҳам Парвардигорингиз Аллоҳга иймон келтирганингиз учун ўз юртингиздан, Маккадан қувиб чиқаряптилар-ку! Қариндошликнинг ҳам, яқинликнинг ҳам риоясини қилмаяптилар-ку! Сизларнинг Аллоҳга иймон келтирганингиздан бошқа айбингиз йўқ эди-ку! Агар Менинг йўлимда ва Менинг розилигимни истаб жиҳодга чиққан бўлсангизлар, ҳаргиз улар билан дўст бўлманглар! Мусулмонлар ҳақидаги хабарларни уларга пинҳона етказиб, яширин тарзда улар билан дўст бўласизлар. Мен эса яширин қилган ишларингизни ҳам, ошкора қилган ишларингизни ҳам биламан. Мендан бирон ишингиз яширин қолмас. Сизлардан ким ўшалар билан дўст бўлса, бас, у ҳақиқатдан адашибди, тўғри йўлдан озибди.","Агар сизлардан ғолиб бўлсалар, дилларидаги адоватни ошкор қилиб, қўллари билан ҳам, тиллари билан ҳам сизларга озор етказадилар. Ўзларига ўхшаб Аллоҳга ва Расулига куфр келтиришингизни истайдилар.","Қариндошингиз ёки фарзандингиз бўлгани туфайли кофирлар билан дўст бўлсангизлар, ўша қариндошларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам ҳаргиз фойда бермайди. Қиёмат куни Аллоҳ ораларингизни ажратиб қўяди. Жаннатийлар жаннатга, дўзахийлар дўзахга киради. Бири бирига асқотмайди. Аллоҳ қилаётган ишларингизни кўриб тургувчи Зотдир. У Зотдан бирон ишингиз махфий қолмас. Яқинда амалларингизга яраша жазо ёки мукофотингизни берур.","Эй мўминлар, Иброҳим алайҳиссалом ва у билан бирга бўлган мўминларда сизлар учун гўзал намуна бор. Ўшанда улар ўзларининг кофир қавмига шундай дегандилар: \"Дарҳақиқат, биз сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан ҳам безормиз. Биз сизларнинг динингизни инкор этдик ва биз билан сизнинг ўртамизда адоват ва нафрат зоҳир бўлди. То ёлғиз Аллоҳгагина иймон келтириб, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмагунингизча бу адоват ва нафрат давом этаверади\". Сизлар ҳам кофир қавмингиздан безор бўлмоғингиз лозим. Фақат Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз отасига: \"Албатта мен сен учун Аллоҳдан мағфират сўрайман\", деган гапи бундан мустасно. Шу ишдан ўрнак олманглар. Чунки Иброҳим алайҳиссалом бу гапни айтаётган пайтида отасининг иймонга келишидан ҳали умиди сўнмаган эди. Хуллас, мўмин одамнинг мушрик учун мағфират сўраши дуруст эмас. Ўшанда Иброҳим алайҳиссалом: \"Аллоҳнинг азобидан бирон қисмини ҳам сендан даф қила олмайман\", деган гапни ҳам қўшиб айтганди. \"Парвардигоро, ҳамма ишларимизда ёлғиз Ўзингга таяндик ва тавба қилиб Ўзингга қайтдик. Қиёмат куни қайтиб борар жой ҳам ёлғиз Ўзинггадир\".","Парвардигоро, бизни куфр келтирган кимсалар учун бир синовга айлантириб, уларни устимиздан ҳукмрон қилиб қўйма. Кейин улар: \"Агар мўминлар ҳақ бўлганида эди, биз уларнинг устидан ҳукмрон бўлмас эдик\", деб юрмасинлар. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират айла. Дарҳақиқат, Сен Азиз, Ғолиб ҳамда ҳар бир яратишингни, шариатингни ва қадарингни ҳикмат билан қиладиган Ҳаким Зотсан.","Аллоҳдан дунё ва охират яхшилигини умид қилган кишиларгина улардан ўрнак оладилар. Ким ўрнак олишдан юз ўгирса, бас, Аллоҳ бандаларидан Беҳожат Зотдир. Уларнинг тоат-ибодатларига муҳтож эмас. У ҳар қандай ҳолатда ҳам мақтовга лойиқ Зотдир.","Эй мўминлар, эҳтимол Аллоҳ сизлар билан душманларингиз бўлмиш кофирлар ўртасига уларни Исломга ҳидоят қилиш орқали бир муҳаббатни солиб қўяр. Шу билан улар сизларнинг диний биродарларингизга айланиб қолар. Аллоҳ қалбларни иймон сари буриб қўйишга Қодир. Аллоҳ тавба қилган бандалари учун Мағфиратли, уларга Меҳрибон Зотдир.","Аллоҳ Исломингиз туфайли сизларга қарши жанг қилмаган, сизларни юртингиздан қувиб чиқармаган кишиларга яхшилик қилишингиздан ва уларга нисбатан ҳақ-ҳуқуқ масаласида адолатли бўлишингиздан қайтармайди. Аллоҳ ўзларига нисбатан ҳам, оилаларига нисбатан ҳам, қўл остидагиларга нисбатан ҳам одил бўлган кишиларни яхши кўради.","Албатта Аллоҳ сизларни иймонингиз туфайли сизларга қарши жанг қилган, сизларни юртингиздан қувиб чиқарган ва сизларни ҳайдаб чиқаришда ўзаро ёрдамлашган кимсалар билан дўст бўлишдан қайтаради. Ким уларни дўст тутса, бас, ана ўшалар Аллоҳнинг амрига қарши бориб, ўз жонига жабр қилган золимлардир.","Эй Аллоҳга иймон келтириб, шариатига амал қиладиганлар, қачон сизларга мўминалар куфр юртидан Ислом диёрига ҳижрат қилиб келсалар, уларнинг чин мўмина эканини имтиҳон қилиб кўринглар. Аллоҳ уларнинг иймонларини билгувчироқдир. Улар сир сақлаган бирон иш У Зотдан яширин қолмас. Имтиҳондан кейин уларнинг мўминалар эканини билсангизлар, бас, уларни кофир эрлариларга қайтарманглар! Мўмина аёллар кофир эрларга ҳалол эмас. Кофир эрлар мўмина аёлларга ҳалол эмас. Эрларига сарфлаган маҳрларини беринглар. Эй мўминлар, қочиб келган мўмина аёлларнинг иддаси тугаб, маҳрларини берганингиздан кейин уларни никоҳлаб олсангиз, гуноҳ бўлмас. Кимнинг хотини диндан қайтиб кофир бўлса, унинг билакларидан ушламасин. Чунки у кофира бўлиши билан никоҳ бекор бўлади. Кофирлардан ўзларингиз муртад аёлларингизга берган маҳрни талаб қилинглар ва улар ҳам ўзлари Исломни қабул қилган хотинларига берган маҳрни талаб қилсинлар. Сизлар тарафингиздан ҳам, улар тарафидан ҳам маҳрнинг қайтариб берилиши Аллоҳнинг ҳукмидир. Аллоҳ сизларнинг ўртангизда Ўзи истаганича ҳукм қилур. Аллоҳ бандаларининг аҳволини Билгувчидир. Бирон нарса У Зотдан яширин қолмас. Аллоҳ бандалари учун тузиб шариатини ҳикмат билан қилган Ҳаким Зотдир.","Фаразан аёлларингиздан бири муртад бўлиб кофирлар тарафга ўтиб кетгач, кофирлардан унинг маҳрини талаб қилсангизлар ва улар бермасалар, кейин эса урушда ғолиб бўлиб, кофирлардан ўлжалар олсангизлар, бас, хотини муртад бўлиб кетиб қолган эрларга қанча маҳр берган бўлсалар, ўшанчасини беринглар. Ўзларингиз иймон келтирган Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилинглар.","Эй Пайғамбар, Макка фатҳида юз берганидек, олдингизга мўминалар келиб, Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасдан ёлғиз Унгагина ибодат қилишга, ўғирлик қилмасликка, зино қилмасликка, жоҳилият одатларига эргашиб болаларини ўлдирмасликка, зинодан бўлган боласини эримдан бўлган, деб туҳмат қилмасликка, бир савобли ишда сизга итоатсизлик қилмасликка байъат бермоқчи бўлсалар, улардан байъат олинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг. Албатта Аллоҳ тавба қилган бандалари учун Мағфиратли ва уларга Меҳрибон Зотдир.","Эй Аллоҳга иймон келтириб, шариатига амал қиладиган зотлар, Аллоҳнинг ғазабига учраган қавм билан дўст бўлманглар. Улар охиратга ишонмайдилар, аксинча, қайта тирилишни инкор қилганлари боис ўлиб кетган ота-боболари қайтишидан қандай умид узган бўлсалар, охиратдан ҳам ўшандай умид узганлар.","Аллоҳни самолардагилар ҳам, заминдагилар ҳам Ўзига нолойиқ нарсалардан поклаб, У Зотга тасбеҳ айтди. У Азиз, ҳаммадан Ғолиб Зотдир. Ҳар бир яратишини, тақдирини ва шариатини ҳикмат билан қиладиган Ҳаким Зотдир.","Эй Аллоҳга иймон келтирган зотлар, нима учун қилмаган ишингизни қилдим, дейсизлар?! Масалан, кимдир, қиличим билан чопиб ташладим, дейди. Аслида эса чопмаган бўлади.","Қилмаган ишингизни гапиришингиз Аллоҳнинг наздида ўта манфур иш бўлди. Содиқ мўмин кишига бундай қилиш ярашмайди. Унинг гапи билан иши бир бўлмоғи лозим.","Аллоҳ Ўзининг йўлида, Аллоҳ ризолигини истаб, худди бир-бирига туташган бинолардек жипслашиб, бир саф бўлиб жанг қиладиган мўминларни яхши кўради.","Эй Пайғамбар, эсланг! Ўшанда Мусо қавмига деди: \"Эй қавмим, нима учун менга озор берасизлар, гапимга қулоқ солмайсизлар?! Ахир менинг сизларга юборилган Аллоҳнинг пайғамбари эканимни биласизлар-ку\". Ўзлари пайғамбар олиб келган ҳақдан юз ўгиргач, Аллоҳ ҳам уларнинг қалбларини ҳақдан буриб қўйди. Аллоҳ итоатсиз, фосиқ қавмни ҳидоят қилмас.","Эй Пайғамбар, эсланг, ўшанда Ийсо ибн Марям алайҳиссалом деди: \"Эй Бани Исроил, мен сизларга юборилган Аллоҳнинг пайғамбариман. Ўзимдан олдин нозил бўлган Тавротни тасдиқлаб ва мендан кейин Аҳмад исмли бир пайғамбар келиши ҳақида хушхабар олиб келганман\". Ийсо уларга ўзининг ҳақ эканини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб келганда эса: \"Бу очиқ сеҳрдир, ҳеч қачон унга эргашмаймиз\", дедилар.","Ислом динига, Аллоҳни бир деб билиш динига чақирилиб турган бир пайтда Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиб, унга ширк келтирадиган ва бутларга ибодат қиладиган кимсадан ҳам золимроқ одам йўқ. Аллоҳ ширку маъсиятлар ила ўз жонига жабр қилган золимларга рушду ҳидоят бермас.","Анави ёлғонга чиқарувчилар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлиб, бузғунчи гаплар айтадилар, ҳақни бўяб кўрсатишга уринадилар. Аллоҳ эса улар ёқтирмасалар-да, Ўз нурини машриқу мағрибга тарқатиб, Ўз сўзини олий қилур.","Аллоҳ шундай Зотки, Муҳаммад алайҳиссаломни Ислом дини ила, эзгуликка чорловчи рушду ҳидоят дини ила, фойдали илм ва солиҳ амал дини ила пайғамбар қилиб юборди. Токи у, гарчи мушриклар ёқтирмасалар-да, ҳамма динлардан ғолиб ва олий бўлсин.","Эй Аллоҳга иймон келтирган ва шариатига амал қиладиган зотлар, сизларни аламли азобдан қутқарадиган ўта фойдали бир тижоратга йўллаб қўяйми?","Бу фойдали тижорат шундан иборатки, Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирасизлар, У Зотнинг ризоси йўлида молларингиз ва жонларингизни тикиб жиҳод қиласизлар. Агар билсангизлар, мана шу иш сизлар учун яхшироқдир. Шундай экан, уни бажаришга шошилинглар.","Бу тижоратнинг фойдаси шуки, Аллоҳ гуноҳларингизни кечириб, ўзингизни қасрлари ва дарахтлари остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга ва мангу боғлардаги сўлим масканларга киритади. Энг буюк, мислсиз муваффақият мана шу.","Бу тижоратнинг сизлар ёқтирадиган ва шу дунёда содир бўладиган бошқа фойдалари ҳам бор. Аллоҳ душманларингизга қарши жангда сизларни қўллаб-қувватлайди ва сизларга яқинда Маккани фатҳ қилиб беради. Эй Пайғамбар, мўминларга мана шу хушхабарни, бу дунёдаги ғалаба ва охиратдаги жаннат хушхабарини етказинг.","Эй Аллоҳга иймон келтирган ва У Зотнинг шариатига амал қиладиган зотлар, Ийсо ибн Марям ҳаворийларга: \"Аллоҳ учун ким менинг ёрдамчиларим бўлади\", деганида ҳаворийлар: \"Биз Аллоҳнинг ёрдамчилармиз\", дедилар. Сизлар ҳам худди ўша ҳаворийлардек Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлиб, пайғамбарингиз олиб келган динни қўллаб-қувватланглар. Ўшанда Бани Исроилдан бир тоифа Ийсо алайҳиссаломга иймон келтириб, бошқа бир тоифа куфр келтирганди. Бас, иймон келтирган зотларни қўллаб-қувватлаб, кофирлардан устун қилдик ва улар ғолиб бўлдилар.","Осмонлару ердаги ҳамма махлуқотлар Аллоҳни У Зотга нолойиқ бўлган ҳар қандай нуқсондан поклаб тасбеҳ айтадилар. У ҳамма салтанат ёлғиз Ўзиники бўлган буюк Подшоҳдир. Ҳар қандай нуқсондан Покдир. Ҳаммадан Ғолиб Азиздир. Ҳар бир яратишини, шариатини ва тақдирини ҳикмат билан қиладиган Ҳакимдир.","У шундай Зотки, ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган араблар орасига ўзларидан бир пайғамбарни юборди. Пайғамбар уларга Аллоҳ нозил қилган оятларни тиловат қилади. Уларни куфр ва ёмон хулқлардан тозалайди. Уларга Қуръон ва суннатни ўргатади. Улар олдин ҳақ йўлдан озиб, очиқ залолатда бўлиб, бут-санамларга ибодат қилиб, ноҳақ қонлар тўкиб, қариндошлик ришталарини узиб юрган эдилар.","Пайғамбар алайҳиссалом арабларга ва ҳали уларга етиб келмаган, энди келадиган бошқа қавмларга ҳам юборилган. Аллоҳ азиздирки, ҳеч кимса У Зотдан ғолиб эмас. Ҳакимдирки, ҳар бир яратишида, шариатида, тақдирида бир ҳикмат бор.","Пайғамбар алайҳиссаломнинг арабларга ва бошқаларга юборилиши Аллоҳнинг фазлидир. Уни Аллоҳ Ўзи истаган одамга беради. Аллоҳ ўта фазлу марҳаматли Зотдир. Пайғамбар алайҳиссаломни бутун башариятга юборгани ҳам ана шу фазлу марҳаматидандир.","Тавротга амал қилиш вазифаси топширилган, лекин уни бажармаган яҳудийлар устига катта-катта китоблар ортилган эшакка ўхшайдилар. Эшак ўзининг устидаги нарса китобми, бошқа нарсами, билмайди. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарувчилар мисоли нақадар ёмон. Аллоҳ золим қавмнинг ҳақни топишига тавфиқ бермайди.","Эй Пайғамбар, айтинг: \"Эй дини бузилиб кетганидан кейин ҳам яҳудийлигида қолганлар, бошқа одамлар эмас, фақат бизгина Аллоҳнинг дўстларимиз, деган даъволарингиз рост бўлса, ўлимни орзу қилинглар-чи. Ана шунда ўзингизга аталган улуғликка тезроқ эришасизлар-ку. Шундай эмасми?\"","Ҳеч қачон ўлимни орзу қилмайдилар. Аксинча, дунёда абадий қолишни истайдилар. Чунки улар ўзларининг куфру маъсиятга, зулму зўравонликка ботиб, Тавротни ўзгартириб юборганларини яхши биладилар. Аллоҳ золимларни кўриб-билиб туради. Уларнинг бирон иши Аллоҳдан яширин қолмайди. Яқинда уларни қилган ишларига яраша жазолайди.","Эй Пайғамбар, анави яҳудийларга айтинг: \"Сизлар ўзингиз қочаётган ўлимга эртами, кечми, барибир йўлиқасизлар. Кейин Қиёмат куни яширин ишларни ҳам, ошкора ишларни ҳам Билгувчи Аллоҳнинг ҳузурига қайтариласизлар. У Зотдан бирон нарса яширин қолмас. Ана ўшанда сизларга шу дунёда қилиб ўтган ишларингиз ҳақида хабар беради ва қилмишингизга яраша жазолайди\".","Эй Аллоҳга иймон келтирган ва шариатига амал қилган зотлар, агар муаззин Жума куни имом минбарга чиққанидан кейин (иккинчи азонни айтиб) намозга чақирса, савдони ташлаб, хутбани эшитиш ва намоз ўқишга шошилинглар. Агар биладиган бўлсангизлар, мана шундай қилишингиз ўзингиз учун яхшидир. Шундай экан, бўйсунинглар ва бажаринглар.","Жума намозини ўқиб бўлгач, ер юзига тарқалиб, ҳалол ризқ топиш ва юмушларингизни бажаришга киришаверинглар. Айни пайтда Аллоҳни кўп эсланглар. Тирикчилик билан овора бўлиб, Аллоҳни унутиб қўйманглар. Шоядки, шунда мурод-мақсадингизга етиб, хавфсираётган нарсангиздан нажот топсангизлар.","Эй Пайғамбар, айрим мусулмонлар бирон тижорат ёки кўнгилхушликни кўриб қолсалар, сизни минбарда турган ҳолингизда ташлаб, ўшанга қараб кетадилар. Эй Пайғамбар, уларга айтинг: \"Аллоҳнинг ҳузуридаги солиҳ амал учун бериладиган мукофот кўнгилхушликдан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир. Аллоҳ энг яхши ризқ бергувчидир\".","Эй Пайғамбар, мунофиқлар сизнинг олдингизга келганларида дилларидаги куфрни яшириб, ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиб: \"Гувоҳлик берамизки, сен Аллоҳнинг чин пайғамбарисан\", дейдилар. Аллоҳ сиз Унинг чин пайғамбари эканингизни билади. Аллоҳ гувоҳлик берадики, мунофиқлар бу даъволарида аниқ ёлғончилардир.","Мўминлигига қасам ичиб, қасамини қалқон қилиб, ўзини ўлимдан ва асирликдан асраб қолдилар. Одамларни эса шак-шубҳаларга солиб, иймондан чалғитишга уриндилар. Уларнинг ёлғон иймонлари, мунофиқликлари нақадар манфур иш!","Бунга сабаб шуки, улар мунофиқлик қилиб, ёлғондан тил учида иймон келтирдилар. Дилларида эса иймондан асар ҳам йўқ. Кейин яширин тарзда Аллоҳга куфр келтирдилар. Шу билан уларнинг дилларига муҳр босилди. Энди улар рушду ҳидоят нима, ўнгланиш нима, билмайдилар, англамайдилар.","Уларни кўрсангиз, бўй-бастлари, салобати, кўркамлиги сизни ҳайратга солади. Гапирсалар, гапларига маҳлиё бўлиб қулоқ соласиз. Эй Пайғамбар, улар сизнинг олдингизда суяб қўйилган ходаларга ўхшайдилар. Ҳеч нарсани англамайдилар. Қўрқувлари шу даражадаки, ҳар бир шовқинни ўзларига қарши қаратилган бир бало-офат, деб биладилар. Улар ҳақиқий душманлардир. Эй Пайғамбар, улардан эҳтиёт бўлинг. Тағин найранг ишлатиб, сизларингизни фош этиб юборишмасин. Аллоҳ уларни лаънатласин. Ҳужжату далиллар шу қадар очиқ-равшан бўлиб турса-да, яна қандай қилиб иймондан юз ўгирар эканлар-а!","Агар ўша мунофиқларга: \"Қилган ишингиз учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдига узр сўраб келинглар. Шунда у зот сизлар учун Аллоҳдан мағфират сўрайди\", дейилса, масхара қилиб, бошларини буриб кетадилар. Уларнинг ҳақни қабул қилишдан ва унга бўйсунишдан ўзларини катта олиб, юз буриб кетаётганларини кўрасиз.","Эй Пайғамбар, улар учун мағфират сўрадингизми ёки мағфират сўрамадингизми, фарқи йўқ. Аллоҳ уларни ҳеч қачон мағфират қилмайди. Аллоҳ гуноҳ кетидан гуноҳ қилаверадиган итоатсиз, фосиқ қавмни мағфират қилмас.","\"Аллоҳнинг пайғамбари ҳузуридаги камбағаллар ва Мадина атрофидан келган аъробийларга эҳсон қилманглар, токи унинг олдидан тарқаб кетсинлар\", дейдиган кимсалар ана ўшалардир. Ҳолбуки, осмонлару ернинг хазиналари ёлғиз Аллоҳникидир. Ўзи истаган бандасига ризқини мўл қилиб беради. Лекин мунофиқлар буни билмайдилар, англамайдилар.","Уларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай айтади: \"Агар Мадинага қайтсак, азиз хорни ундан албатта чиқариб юборади\". Бу гапи билан ўзи ва қавмини азиз, Муҳаммад алайҳиссалом ва саҳобаларни эса хор демоқчи бўлади. Лекин азизлик Абдуллоҳ ибн Убайники эмас, Аллоҳники, пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар буни билмайдилар.","Эй Аллоҳга иймон келтириб, шариатига амал қиладиган зотлар, мол-давлатларингиз ва бола-чақаларингиз сизларни намоз каби Ислом буюрган фарзларни адо этишдан чалғитиб қўймасин. Ким мол-давлати ва бола-чақаси билан банд бўлиб, намоз ва бошқа фарзлардан чалғиса, уларни адо этмаса, бас, ана ўшалар Қиёмат куни ўзларини ҳам, оилаларини ҳам қўлдан бой берган ҳақиқий зарар кўргувчилардир.","Бировингизга ўлим келиб: \"Парвардигорим, мени озгина муддатга кечиктириб турсанг, мол-давлатимдан Аллоҳ йўлида садақа қилиб, Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан бўлиб олардим\", деб қолишидан олдин Биз сизларга ризқ қилиб берган мол-давлатлардан эҳсон қилинглар.","Бир жоннинг умри тугаб, ажали келгач, Аллоҳ уни асло кечиктирмас! Аллоҳ қилаётган ишларингиздан Хабардордир. У Зотдан бирон амалингиз яширин қолмас. Яқинда ўша амалларингизга яраша сизларга жазо ёки мукофот берур.","Осмонлару ердаги ҳамма-ҳамма Аллоҳни Ўзи Зотига нолойиқ сифатлардан поклаб тасбеҳ айтади. Мулк ёлғиз Уникидир. Ундан ўзга подшоҳ йўқ. Ҳамду сано ёлғиз Уникидир. У ҳар нарсага Қодирдир. Унинг Қўлидан келмайдиган иш йўқ.","Эй одамлар, У сизларни яратган Зотдир. Бас, сизлардан кимдир кофир бўлиб, дўзахга тушади. Яна кимдир мўмин бўлиб, жаннатга киради. Аллоҳ қилаётган ишларингизни кўриб тургувчидир. Бирон ишингиз У Зотдан яширин қолмас. Яқинда сизларга амалларингизга яраша жазо ёки мукофот берур.","Самоларни ҳам, заминни ҳам ҳақ ила яратди. Уларни бекорга яратмади. Эй одамлар, У Зот Ўз фазлу карами ила сизларга гўзал шакл берди. Хоҳлаганида сизларни хунук қилиб қўйиши ҳам мумкин эди. Қиёмат қайтиб бориш ёлғиз Унгадир. Ўшанда қилган амалларингизга яраша сизларга жазо ёки мукофот берур.","Самолардаги нарсаларни ҳам, заминдаги нарсаларни ҳам билади. Яширин қилган ишларингизни ҳам, ошкора қилган ишларингизни ҳам билади. Аллоҳ дилларда яхши-ёмон сирларни ҳам, ниятларни ҳам билади. Бирон нарса У Зотдан яширин қолмас.","Эй мушриклар, сизларга ўтмишдаги Нуҳ қавми, Од, Самуд ва бошқа қабилаларнинг ҳақни ёлғонга чиқариб, оқибатда шу дунёнинг ўзидаёқ қилмишларининг аччиқ аламини тотган кимсалар ҳақидаги хабар етиб келмадими? Улар учун яна охиратда аламли азоб бордир. Ҳа, бу хабар сизларга етиб келган. Бас, ундан ибрат олиб, сизларнинг ҳам бошингизга ўша кунлар тушишидан олдин Аллоҳга тавба қилинглар.","Бунга сабаб шуки, уларга пайғамбарлари ёрқин ҳужжатларни, аниқ-тиниқ далилларни олиб келардилар. Улар эса: \"Бизни тўғри йўлга ўзимизга ўхшаган инсон зоти бошлар эканми?\", деб куфр келтирдилар ва иймон келтиришдан бош тортдилар. Бу билан Аллоҳга зарар қилмадилар. Зеро, Аллоҳ уларнинг иймон келтиришларига, тоат-ибодат қилишларига муҳтож эмас. Алоҳ биронта бандасига муҳтож бўлмайдиган Беҳожат ва ҳамма гапларию ишларида мақтовга лойиқ Зотдир.","Куфр келтирган кимсалар ўлганларидан қайта тирилмасликларини даъво қилдилар. Эй пайғамбар, ўша қайта тирилишни инкор қилаётганларга айтинг: \"Асло! Парвардигоримга қасамки, Қиёмат куни албатта қайта тириласизлар. Кейин шу дунёда қилиб ўтган ишларингиз ҳақида албатта хабардор қилинасизлар. Қайта тирилтириш иши Аллоҳ осон. Илк бора йўқдан бор қилган Зот ҳисоб-китоб қилиш ва жазо ёки мукофот бериш учун яна қайта тирилтиришга ҳам Қодир.","Бас, эй одамлар, Аллоҳга иймон келтиринглар. У Зотнинг элчисига иймон келтиринглар. Элчимизга нозил қилганимиз Қуръонга иймон келтиринглар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан Хабардордир. Бирон ишингиз У Зотдан яширин қолмас. Яқинда ўша ишларингизга яраша сизларга жазо ёки мукофот берур.","Эй Пайғамбар, Аллоҳ сизларни қилган амалларингизга яраша жазо ёки мукофот бериш учун тўплаган Қиёмат кунида кофирларнинг муваффақиятсизликка учраб, зарар кўрганлари аён бўлур. Зеро, мўминлар дўзах аҳлининг жаннатдаги жойларини эгалласалар, дўзахийлар жаннат аҳлининг дўзахдаги ўрнини эгаллайдилар. Ким Аллоҳга иймон келтириб, яхши иш қилган бўлса, Аллоҳ унинг ёмонликларини ўчириб, ўзини қасрлари ва дарахтлари остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритади. У ерларда абадий қоладилар. Ҳеч қачон чиқмайдилар. Неъматлари ҳеч қачон тугаб қолмайди. Энг буюк муваффақият мана шудир.","Аллоҳга куфр келтириб, пайғамбаримизга нозил қилган оятларимизни ёлғонга чиқарган кимсалар, ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, унда мангу қолгувчидирлар. Уларнинг оқибати нақадар ёмон оқибат!","Бирон кимсанинг жонига, молига ёки боласига бирон мусибат етса, у Аллоҳнинг қазойи қадари билан бўлади. Ким Аллоҳга, Унинг қазойи қадарига иймон келтирса, Аллоҳ унинг қалбини хотиржам этиб, пешонасига ёзилганига рози бўладиган қилиб қўяди. Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир. Бирон нарса У Зотдан яширин қолмас.","Аллоҳга итоат қилинглар. Пайғамбарга итоат қилинглар. Агар Пайғамбар олиб келган ҳаққа бўйсунишдан бош тортсангизлар, бу ишнинг гуноҳи, зарари ўзингизга бўлади. Элчимиз зиммасида эса Биз юборган рисолатни аниқ қилиб етказиб қўйиш бор, холос.","Чин маъбуд Аллоҳдир. Ундан ўзга чин маъбуд йўқ. Бас, мўминлар ўзларининг ҳамма ишларида Аллоҳгагина таянсинлар.","Эй Аллоҳга иймон келтириб, шариатига амал қиладиган зотлар, аёлларингиз ва болаларингиздан сизларга душман бор. Чунки улар сизларни Аллоҳнинг зикридан, Унинг йўлида жиҳод қилишдан тўсадилар, чалғитадилар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинглар. Агар уларнинг хатоларини афв этсангизлар, айбу нуқсонларини кечирсангизлар, гуноҳларидан ўтсангизлар, бас, албатта Аллоҳ ҳам сизларга раҳм қилиб, гуноҳларингизни кечиради. Зеро, ҳар ким экканини ўради. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир.","Мол-давлатларингиз ва бола-чақаларингиз бир синов, холос. Улар сизларни ҳаромдан пул топишга, Аллоҳга итоатсизлик қилишга ундаши ҳам мумкин. Аллоҳнинг ҳузурида эса фарзандлар риоясини қилгандан кўра Аллоҳнинг риоясини қилишни афзал билган киши учун буюк мукофот бор. У жаннатдир.","Имконинглар борича Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилинглар. Аллоҳга ва Унинг Расулига қулоқ солинглар, итоат этинглар ва Аллоҳ ризқ қилиб берган мол-давлатингиздан эзгулик йўлида сарфланглар. Аллоҳ кимни нафсининг тўймаслигидан асраган бўлса, ана ўшалар мурод-мақсадларига етган ва хавфсираган нарсаларидан нажот топган зотлардир.","Агар мол-давлатларингиздан Аллоҳ йўлида сарфлаб, У Зотга қарзи ҳасана берсангизлар, унинг мукофотини сизларга бир неча баробар, ўн баробардан етти юз баробаргача қилиб қайтарур ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Аллоҳ Шакурдир, яъни, озгина амал учун ҳам кўп ажру мукофотлар берадиган Зотдир. У Ҳалимдир, яъни, жазони, азобни тезлатиб юбормайдиган Зотдир.","Аллоҳ ғайбдаги, инсон зотига номаълум бўлган оламдаги нарсаларни ҳам, ҳозирдаги, инсон зотига маълум бўлган оламдаги нарсаларни ҳам Билгувчи Зотдир. Ҳар икки оламдаги бирон нарса У Зотдан яширин қолмас. У ҳаммадан Ғолиб, Азиз Зотдир. Ҳар бир яратишини, шариатини ва тақдирини ҳикмат билан қиладиган Ҳаким Зотдир.","Эй Пайғамбар, қачон сиз ёки умматингиздан биронтаси аёлини талоқ қилса, унинг иддасида талоқ қилсин, яъни, ҳали қўшилмаган пок пайти бўлсин. Иддани ҳисоблаб, билиб юринглар. Токи аёлингизга қайта ярашмоқчи бўлиб қолсангиз, шундай қилиш имкони бўлиб турсин. Парвардигорингиз Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилинглар. Талоқ қилинган хотинларингизни то иддалари тугамагунча яшаб турган уйларидан чиқариб юборманглар ва ўзлари ҳам чиқиб кетмасинлар. Зино каби очиқ фаҳш ишни қилган ҳолатлари бундан мустасно. Бу ҳукмлар Аллоҳ Ўзининг бандалари учун белгилаб қўйган ҳад-ҳудудлардир. Ким Аллоҳнинг ҳадларидан ошса, у ўзига аниқ зулм қилибди. Эй талоқ қилинган аёл, сиз билмассиз, эҳтимол Аллоҳ бундан кейин сиз кутмаган бирон ишни пайдо қилар-да,у яна ярашишни истаб қолар.","Муддатлари тугай деб қолганда эса ё яхшилик билан ярашиб олинглар ёки иддалари тугагунига қадар тек қўйиб, яхшилик билан ажрашинглар. Уларнинг ҳуқуқларини поймол қилманглар. Ярашмоқчи бўлганингизда ҳам, ажрашмоқчи бўлганингизда ҳам низони бартараф этиш учун ўзингиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Гувоҳлар гувоҳликни Аллоҳ учун тўкис бажарсинлар. Бу ҳукмлардан Аллоҳга ва Қиёмат кунига иймон келтирган киши ибрат, насиҳат олади. Чунки насиҳат фақат мўмингагина кор қилади. Ким Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилса, Аллоҳ унга ҳар қандай қийин, танг аҳволдан чиқиб кетиш йўлини кўрсатиб қўяди.","Ва уни хаёлига ҳам келмаган тарафдан ризқлантиради. Ким ўзининг ишларида Аллоҳга таянса, Аллоҳнинг Ўзи унга кифоя қилади. Аллоҳ Ўзи истаган ишни бажара оладиган Зотдир. Унинг Қўлидан келмайдиган иш йўқ. Бирон нарсани ўтказиб юбормайди. Аллоҳ ҳар бир нарсага бир миқдор тайин қилиб қўйган. Қийинчиликнинг ҳам бир миқдори бор, осонликнинг ҳам. Улардан бири кетиб, бири келиб туради. Биттаси тинимсиз давом этавермайди.","Ёши катта ҳайздан қолган аёлларнинг иддаси ҳақида шубҳаланаётган бўлсангизлар, билингларки, уларнинг иддаси уч ойдир. Ҳали ҳайз кўриш ёшига етмаган аёлларнинг ҳам иддаси ҳам уч ойдир. Ҳомиладор аёлларни эрлари талоқ қилган бўлса ҳам, вафот этган бўлса ҳам, уларнинг иддаси кўзлари ёригунчадир. Ким Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилса, Аллоҳ унга енгиллик бериб, ишларини осонлаштириб қўяди.","Эй мўминлар, мана шу талоқ, ражъа ва идда ҳукмлари Аллоҳнинг сизларга нозил қилган ҳукмларидир. Ким Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилса, унинг ёмонликларини ўчириб, охиратда ажрини улуғ қилиб беради. Бу ажр жаннат ва ундаги битмас-туганмас неъматлардир.","Эй эрлар, талоқ қилган аёлларингизга қўлингиздан келганча ўзларингиз яшаётган уйдан жой беринглар. Аллоҳ устингизга имконингиздан ортиғини юкламайди. Уларга тазйиқ ўтказиш учун уларни уй-жойдан ҳам, таъминотдан ҳам, бошқа нарсадан ҳам сиқманглар. Агар ҳомиладор бўлсалар, то ҳомилаларини қўйгунларича уларни таъминлаб туринглар! Сизлар учун болаларингизни эмизсалар, эмизганига яраша ҳақларини беринглар! Бериладиган ҳақ хусусида ўзаро яхшилик билан келишиб олинглар! Хотин сўраётган ҳақни беришга эр бахиллик қилса, айни пайтда хотин ҳам эрнинг берганига кўнмаса, ота ўзининг боласига бошқа бир эмизувчи топсин.","Ким бадавлат бўлса, талоқ қилган хотинига ҳам, боласига ҳам бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилиб қўйилган бўлса, Аллоҳ унга ато этганидан нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этганидан ортиқ нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ оғирликдан кейин енгилликни, тангликдан кейин кенгликни барпо қилур.","Қанчадан-қанча шаҳарлар Аллоҳнинг ва пайғамбарларнинг буйруқларини бажаришдан бош тортганлари туфайли уларни жуда оғир ҳисобга тутиб, дунёда ҳам, охиратда ҳам қаттиқ азоблаганмиз.","Улар ўзлари содир этган ёмон ишларнинг азобини тортдилар. Уларнинг оқибати дунёда ҳам, охиратда ҳам муваффақиятсизлик бўлди.","Аллоҳ уларга қаттиқ азобни тайёрлаб қўйган. Бас, эй Аллоҳга ва пайғамбарларга иймон келтирган ақл эгалари, Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилинглар. Аллоҳ сизларга гуноҳнинг ёмон оқибатини, тоатнинг эса хуш оқибатини эслатадиган Эслатмани (Пайғамбарни) юборди.","Айтилаётган бу Эслатма, иймон келтириб, Пайғамбарни тасдиқ этиб, яхши амалларни қилган зотларни залолат зулматларидан ҳидоят нурига чиқариш учун сизларга Аллоҳнинг очиқ-аниқ оятларини тиловат қилиб берадиган Пайғамбардир. Ким Аллоҳга иймон келтириб, яхши амал қилса, уни Аллоҳ қасрлари ва дарахтлари остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритур ва у жаннатларда мангу қолур. Дарҳақиқат, Аллоҳ унинг ризқини гўзал қилиб қўйди. Зеро, уни битмас-туганмас неъматларга тўла жаннатга киритди.","Аллоҳ шундай Зотки, етти осмонни ва ердан ҳам шунчасини яратди. Аллоҳнинг коинотга доир ва шариатга оид фармонлари уларнинг орасида нозил бўлиб туради. Шоядки, шу билан Аллоҳ ҳар нарсага Қодир эканини, Қўлидан келмайдиган бирон иш йўқлигини ва Аллоҳ ҳамма нарсани илми билан қамраб олганини, бирон нарса У Зотдан яширин қолмаслигини билиб олсангизлар.","Эй Пайғамбар, Аллоҳ жориянгиз Мориядан фойдаланишни ҳалол қилиб қўйган бўлса, нима учун рашк қилаётган хотинларингизни рози қилиш мақсадида Аллоҳ сизга ҳалол қилган ишни ўзингизга ҳаром қилиб оласиз?","Қасам ичиб, ортидан уни бузмоқчи бўлсангизлар ёки уни бузишда бирон яхшиликни кўрсангизлар, каффоратини тўлаб бузиш жоизлигини Аллоҳ шариатлаштириб қўйган-ку. Аллоҳ Мададкорингиздир. У Зот аҳволингизни, сизга нима яхши бўлишини билгувчи, Ўз шариатини ва қадарини ҳикмат билан қилгувчи Зотдир.","Эсланг, ўшанда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом хабарни фақат Ҳафсагагина айтиб, Мория билан ҳеч қачон яқинлик қилмаслигини билдирган эди. Ҳафса бу хабарни Оишага етказгач, Аллоҳ пайғамбарига сири фош бўлганини билдирди. Шунда у зот Ҳафсани койиб, ўзига айтилган гапларнинг бир қисмини унга айтди, бир қисмини эса айтмади. Шунда Ҳафса: \"Бу хабарни сизга ким етказди?\", деб сўраган эди, \"У хабарни менга ҳамма нарсани билгувчи ва ҳамма яширин нарсалардан хабардор Зот етказди\", деб жавоб берди.","Иккалангизга тавба қилиш лозим бўлди. Чунки қалбларингиз Пайғамбар алайҳиссалом ёқтирмайдиган ишни ёқтириб қолди. Яъни, жориядан ўзини тортиб, уни ўзига ҳаром қилиб олишини истаб қолдинглар. Пайғамбарга қарши тил бириктиришда давом этаверсангизлар, бас, Аллоҳ унинг Мададкоридир. Жаброил ҳам, солиҳ мўминлар ҳам. Бундан ташқари фаришталар ҳам у зотнинг ёрдамчилари бўлиб, у кишига озор берувчиларга қарши турадилар.","Агар сизларни талоқ қилса, эҳтимол Парвардигори Ўз Пайғамбарига сизларнинг ўрнингизга сизлардан кўра яхшироқ Аллоҳга ва пайғамбарга иймон келтирадиган, Аллоҳга итоат этадиган, гуноҳларига тавба қиладиган, Парвардигорига ибодат қиладиган, рўзалар тутадиган жувон ва қизларни берар.","Эй Аллоҳга иймон келтирган ва шариатига амал қиладиган зотлар, ўзингизни ва оилангизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақланглар. Унинг устида Аллоҳ буюрган ишга осийлик қилмайдиган ва буюрилган ишни сўзсиз бажарадиган, унга кираётганларга нисбатан қўпол, дарғазаб фаришталар туради.","Қиёмат куни кофирларга шундай дейилади: \"Эй Аллоҳга куфр келтирганлар, бугун қилиб ўтган куфру маъсиятларингиз учун узр сўраманглар. Чунки узрингиз ҳаргиз қабул қилинмас. Бу кунда у дунёда қилиб ўтган ишларингиз, Аллоҳга куфр келтирганингиз ва пайғамбарларини ёлғончига чиқарганингиз учун жазо олишингиз муқаррар.","Эй Аллоҳга иймон келтириб, шариатига амал қиладиган зотлар, Аллоҳга гуноҳларингиздан холис тавба қилинглар. Шоядки, Аллоҳ Пайғамбарни ҳам, у билан бирга иймон келтирган зотларни ҳам дўзахга солиб шарманда қилмайдиган кунда Парвардигорингиз ёмонликларингизни ўчириб, ўзингизни қасрлари ва дарахтлари остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритса. Кўприк узра уларнинг нури олдиларида ва ўнг тарафларида юриб боради. Ўзлари эса: \"Парвардигоро, нуримизни тўла қилиб бер, то жаннатгача кириб борайлик. Кўприк устида нури ўчиб қоладиган мунофиқлар каби бўлмайлик. Гуноҳларимизни мағфират айла, Сен ҳар нарсага, бизни кечиришга ҳам, нуримизни тўла қилиб беришга ҳам Қодирсан\", дейдилар.","Эй Пайғамбар, кофирларга қарши қилич билан, мунофиқларга қарши тил (далил, ҳужжат) билан, ҳадларни ижро этиш билан курашинг. Уларга қаттиққўл бўлинг. Токи сиздан қўрқсинлар, ҳайбатлансинлар. Қиёмат куни уларнинг борар жойи жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат!","Аллоҳ ва Расулига куфр келтирган кимсаларнинг мўминлар билан муомала-муносабатини Аллоҳ икки пайғамбарнинг, Нуҳ ва Лут алайҳиссаломларнинг хотинларига ўхшатади. Улар икки солиҳ банданинг завжалари эдилар. Эрларига хиёнат қилиб, кофирларга ёрдам бериб, Аллоҳнинг йўлига тўсқинлик қилдилар. Шу билан уларга икки солиҳ банданинг аёллари экани ҳам фойда бермай қолди. Уларга: \"Ҳамма кофирлар ва фосиқлар қаторида дўзахга киринглар\", дейилди.","Аллоҳга ва пайғамбарларига иймон келтирган зотларнинг кофирлар билан мулоқотлари, модомики, ҳақ устида барқарор турар эканлар, ҳеч бир ҳолатда кофирларнинг уларга зарар етказа олмасликлари, таъсир кўрсата олмасликлари ҳақида эса Аллоҳ Фиръавннинг аёлини мисол қилди. Ўшанда у: \"Парвардигорим, мен учун Ўзингнинг ҳузурингда жаннатдан бир уй қуриб бер, менга Фиръавннинг зулму зўравонлигидан, манфур ишларидан паноҳ бер, ва мени унинг зулму зўравонлигига эргашиб, ўз жонига жабр қилган золим қавмдан қутқар, саломат қил\", деганди.","Аллоҳга ва пайғамбарларига иймон келтирган зотлар ҳақида Аллоҳ ўз номусини зинодан сақлаган Имроннинг қизи Марямни ҳам мисол қилди. Аллоҳ Жаброилга унга пуфлашни амр этди. Бас, у Аллоҳнинг қудрати билан Ийсо ибн Марямга отасиз ҳомиладор бўлди. У Аллоҳнинг шариатларини ҳам, пайғамбарларига нозил қилган китобларини ҳам тасдиқ этди. Шу билан Аллоҳга буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила бўйсунадиган итоаткорлардан бўлди."]