["Дарҳақиқат, Аллоҳ сиз билан ўз эри ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган аёлнинг гапини эшитди. Аллоҳ гаплашаётганингизни эшитиб турибди. Албатта, Аллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчидир.","Сизлардан ўз хотинларини зиҳор қиладиган кимсаларнинг хотинлари уларнинг оналари эмас. Уларнинг оналари уларни туққан аёлдан бошқаси эмас. Аниқки, улар номақбул ва ёлғон гапни айтяптилар. Албатта, Аллоҳ Афв этгувчи ва Мағфират қилгувчи Зотдир.","Ўз хотинларини зиҳор қилиб, кейин айтган гапларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир. Шу ишдан насиҳатланасизлар. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир.","Бас, ким топмаса, қўшилишларидан илгари пайдар-пай икки ой рўза тутсин. Ким қодир бўлмаса, бас, олтмишта мискинга таом берсин. Бу ишлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтиришларингиз учундир. Аллоҳнинг ҳадлари мана шулар. Кофирлар учун аламли азоб бордир.","Дарҳақиқат, Аллоҳ ва Расулига қарши чиқадиганлар ўзларидан олдингилар хор бўлгани каби хор бўлурлар. Биз очиқ оятларни нозил қилиб қўйдик. Кофирлар учун хор қилгувчи азоб бордир.","Аллоҳ ҳаммаларини қайта тирилтирган кунда уларга қилган ишлари ҳақида хабар берур. Аллоҳ ҳисоблаб қўйган. Улар эса унутиб юборганлар. Аллоҳ ҳар бир нарсага Гувоҳдир.","Кўрмадингизмики, Аллоҳ самолардаги нарсаларни ҳам, заминдаги нарсаларни ҳам билади. Уч киши сирлашаётган бўлса, У тўртинчисидир. Беш киши бўлса, У олтинчисидир. Шундан оз бўладими, кўп бўладими, қаерда бўлсалар ҳам У ўшалар билан биргадир. Кейин уларга Қиёмат куни қилган ишлари ҳақида хабар беради. Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир.","Шивирлашишдан қайтарилган, кейин шу қайтарилган ишни қайта қилган, гуноҳ, душманлик ва Пайғамбарга итоатсизлик ҳақида шивирлашадиган кимсаларни кўрмадингизми? Сизнинг олдингизга келсалар, сизга шундай салом берадиларки, Аллоҳ сизга ундай салом бермаган. Яна ичларида: «Айтаётган гапимиз учун Аллоҳ бизни азобламаса эди», деб ҳам қўядилар. Улар учун жаҳаннам кифоядир. Унда ёнадилар. Бас, нақадар ёмон оқибат!","Эй иймон келтирган зотлар, шивирлашиб гаплашадиган бўлсангиз, гуноҳ, душманлик ва Пайғамбарга итоатсизлик ҳақида шивирлашманглар. Эзгулик ва тақво ҳақида эса шивирлашаверинглар. Аллоҳдан қўрқингларки, тўпланиб борадиган жойингиз Унинг ҳузуригадир.","Шивирлашиш шайтондан бўлиб, иймон келтирган зотларни хафа қилиш учундир. Лекин у Аллоҳнинг изнисиз уларга бирон зарар етказгувчи эмас. Шундай экан, мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар.","Эй иймон келтирган зотлар, сизларга мажлисда: «Жой беринглар», дейилса, жой беринглар. Аллоҳ ҳам сизларга жой беради. Агар: «Туринглар», дейилса, туринглар. Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм берилган зотларни баланд даражаларга кўтаради. Аллоҳ сизлар қилаётган ишлардан Хабардордир.","Эй иймон келтирган зотлар, Пайғамбар билан сирлашмоқчи бўлсангиз, сирлашишингиздан олдин садақа беринглар. Мана шу сизлар учун яхшироқ ва покроқдир. Агар топа олмасангиз, бас, Аллоҳ Мағфиратли Меҳрибон Зотдир.","Сирлашишингиздан олдин садақа қилишни оғир олдингизми? Бажармадинглар ва Аллоҳ сизларни кечирди. Бас, намозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар, Аллоҳга ва Расулига итоат этинглар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан Хабардордир.","Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмадингизми? Улар сизлардан ҳам, улардан ҳам эмаслар. Билиб туриб, ёлғон қасам ичадилар.","Аллоҳ улар учун оғир азобни тайёрлаб қўйган. Уларнинг қилаётган ишлари нақадар ёмон!","Қасамларини ўзларига қалқон қилиб олдилар-да, Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Уларга хорловчи азоб бордир!","Моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳдан (келган) бирон нарсани улардан қайтара олмас. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Ўша жойда улар абадий қоладилар.","Аллоҳ ҳаммаларини қайта тирилтирадиган кунда худди сизларга қасам ичганларидек, У Зотга ҳам қасам ичадилар ва бирон нарсага эришамиз, деб ўйлайдилар. Огоҳ бўлингизким, албатта, улар ғирт ёлғончилардир!","Шайтон уларни эгаллаб олиб, Аллоҳни эслашни унуттирган. Ана ўшалар шайтон гуруҳидир. Огоҳ бўлингизким, шайтон гуруҳи аниқ ютқазгувчилардир.","Аллоҳга ва Расулига қарши чиққанлар, ана ўшалар хорлар қаторидадирлар.","Аллоҳ: «Мен ва Менинг элчиларим ғалаба қиламиз», деб битиб қўйган. Албатта, Аллоҳ Қувватли ва Ғолибдир.","Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган қавмнинг Аллоҳ ва Расулига қарши бўлганлар билан дўстлашаётганини топмассиз. Гарчи улар ўз оталари, болалари, ака-укалари ёки қариндошлари бўлса-да. Ана ўшаларнинг қалбларига иймонни битиб қўйган ва уларни Ўзи тарафидан бир руҳ ила қўллагандир. Уларни остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритур. Унда мангу қолурлар. Аллоҳ улардан рози бўлур. Улар ҳам У Зотдан рози бўлурлар. Ана ўшалар Аллоҳнинг гуруҳидир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг гуруҳи муваффақият қозонгувчилардир.","Самолардаги нарсалар ҳам, заминдаги нарсалар ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтди. У Азиз, Ҳаким Зотдир.","У шундай Зотки, аҳли китоб орасидаги куфр келтирганларни биринчи тўплашдаёқ диёрларидан чиқариб юборди. Уларнинг чиқиб кетишларини ўйлаб ҳам кўрмаган эдингизлар. Улар ҳам ўзларининг қўрғонларини Аллоҳдан ҳимоя қилгувчидир, деб ўйлагандилар. Бас, Аллоҳ улар ҳисобга олмаган тарафларидан келди ва қалбларига қўрқув солди. Уйларини ўз қўллари ва мўминларнинг қўллари билан хароб қиладилар. Бас, эй ақл эгалари, ибрат олинглар!","Аллоҳ уларга сургунни битиб қўймаганида эди, уларни шу дунёдаёқ азоблаган бўларди. Улар учун охиратда дўзах азоби бордир.","Бунга сабаб шуки, улар Аллоҳ ва Расулига қарши чиқдилар. Ким Аллоҳга қарши чиқса, бас, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир.","Сизлар бирон хурмо дарахтини кесдингларми ёки уни ўз танасида тик ҳолида қолдирдингларми, бас, Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва фосиқларни хорлаши учун (бўлган).","Аллоҳ Ўз Пайғамбарига улардан ўлжа қилиб берган нарсаларнинг устига сизлар оту туяларни чоптириб бормадингиз. Лекин Аллоҳ элчиларини Ўзи хоҳлаган кимсалардан устун қилиб қўяди. Аллоҳ ҳамма нарсага Қодир.","Аллоҳ Ўз Пайғамбарига қишлоқ-шаҳарлар аҳолисидан ўлжа қилиб берган нарсалар Аллоҳники, пайғамбарники ҳамда қариндош-уруғлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларникидир. Токи (бойлик) сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина айланиб юраверадиган нарса бўлиб қолмасин. Пайғамбар нимани берса, ўшани олинглар. Нимадан қайтарса, ўшандан тийилинглар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ Зотдир.","Ўз юртидан ва мол-мулкидан ҳайдаб чиқарилган муҳожир фақирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл ва ризо истайдилар ҳамда Аллоҳ ва Расулига ёрдам берадилар. Ана ўшалар содиқлардир.","Улардан олдин юртида ва иймон-эътиқодда яшаган зотлар эса ўзларига ҳижрат қилиб келган кишиларни севадилар ва дилларида уларга берилган нарсага ҳасад туймайдилар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларидан уларни устун қўядилар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчилардир.","Улардан кейин келган зотлар айтадилар: «Парвардигоро, бизни ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин ва дилларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон гина қолдирмагин. Парвардигоро, албатта, Сен Меҳрибон ва Раҳмлидирсан».","Кўрмадингизмики, мунофиқлик қилганлар ўзларининг аҳли китоблардан бўлган биродарларига шундай дедилар: «Агар қувиб чиқарилсангизлар, биз ҳам, албатта, сизлар билан бирга чиқамиз. Сизлар ҳақингизда бирон одамга ҳеч қачон бўйсунмаймиз. Агар сизларга қарши жанг қилинса, албатта, сизларга ёрдам берамиз». Аллоҳ гувоҳлик берадики, улар аниқ ёлғончилардир.","Агар чиқариб юборилсалар, улар билан бирга чиқмайдилар. Уларга қарши жанг қилинса, уларга ёрдам бермайдилар. Ёрдам берсалар ҳам ортларига чекинадилар. Кейин уларга ёрдам берилмас.","Албатта, сизлар уларнинг дилларида Аллоҳдан кўра кўпроқ қўрқинчлисизлар. Бунга сабаб улар англамайдиган қавмдир.","Сизларга қарши ҳаммалари бир бўлиб очиқ жанг қила олмайдилар. Қўрғонли қишлоқлар ёки деворлар ортидан бўладиган жанглар бундан мустасно. Уларни бир деб ўйлайсиз, қалблари эса турфа хил. Зеро, улар ақл юритмайдиган қавмдир.","Ўзларидан бироз олдин қилмишларининг ёмон оқибатини татиб қолган кимсалар каби. Улар учун аламли азоб бор.","(Мунофиқлардан гапларни эшитишларининг мисоли) Шайтонга ҳам ўхшайди. У инсонга: «Кофир бўл», дейди. У кофир бўлгач: «Мен сендан безорман, мен оламлар Парвардигори Аллоҳдан қўрқаман», дейди.","Иккисининг ҳам оқибати шуки, улар дўзахдадирлар. Унда абадий қоладилар. Золимларнинг жазоси мана шу.","Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳдан қўрқинглар. Ҳар бир жон эрта учун нима тайёрлаб қўйганига қарасин. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан Хабардордир.","Аллоҳни унутган ва натижада Аллоҳ уларга ўзларини унуттириб қўйган кимсалар каби бўлманглар. Ана ўшалар фосиқлардир.","Дўзах эгалари билан жаннат эгалари баробар бўлмас. Жаннат эгалари зафар қучган зотлардир.","Агар бу Қуръонни бир тоққа туширганимизда унинг Аллоҳдан қўрққанидан эгилиб, ёрилиб кетганини кўрар эдингиз. Бу мисолларни инсонлар учун зарб этурмиз. Шоядки, улар фикр юритсалар.","У Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ғайбу шаҳодатни Билгувчидир. У Раҳмон ва Раҳимдир.","У Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Подшоҳдир. Қуддусдир. Саломдир. Мўминдир. Муҳайминдир. Азиздир. Жаббордир. Мутакаббирдир. Аллоҳ улар келтираётган ширклардан Покдир.","У Аллоҳ Холиқдир. Борийдир. Мусаввирдир. Гўзал номлар Уникидир. Осмонлару ердаги нарсалар Унга тасбеҳ айтар. У Азиздир, Ҳакимдир.","Эй иймон келтирган зотлар, Менинг душманимни ва ўзларингизнинг душманингизни дўст тутмангиз! Сизлар уларга дўстлик қўлини узатасизлар, улар эса сизларга келган ҳаққа куфр келтирадилар. Пайғамбарни ҳам, сизларни ҳам Парвардигорингиз Аллоҳга иймон келтирганингиз учун қувиб чиқаряптилар-ку! Агар Менинг йўлимда ва Менинг розилигимни истаб жиҳодга чиққан бўлсангизлар. Яширин тарзда уларга дўст бўласизлар. Мен эса яширин қилган ишларингизни ҳам, ошкора қилган ишларингизни ҳам биламан. Сизлардан ким шу ишни қилса, бас, у тўғри йўлдан озибди.","Агар сизлардан ғолиб бўлсалар, сизларга душман бўлиб, қўлларини ва тилларини ёмонлик билан чўзадилар. Кофир бўлишингизни истайдилар.","Сизларга қариндошларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам ҳаргиз фойда бермайди. Қиёмат куни орангизни ажратиб қўяди. Аллоҳ қилаётган ишларингизни кўриб тургувчи Зотдир.","Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда сизлар учун гўзал намуна бор. Ўшанда улар ўз қавмларига дедилар: «Дарҳақиқат, биз сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган бутларингиздан ҳам безормиз. Биз сизларни инкор этдик. Токи ёлғиз Аллоҳгагина иймон келтирмагунингизча биз билан сизнинг ўртамизда адоват ва нафрат зоҳир бўлди. Фақат Иброҳим ўз отасига: «Албатта, мен сен учун мағфират сўрайман, сен учун Аллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсага молик эмасман», деган гапи бундан мустасно. «Парвардигоро, ёлғиз Ўзингга таваккул қилдик ва Ўзингга қайтдик. Қайтиб борар жой ҳам ёлғиз Ўзинггадир».","«Парвардигоро, бизни куфр келтирган кимсаларга фитна қилиб қўйма. Бизни мағфират айла. Парвардигоро, албатта, Сен Азизсан, Ҳакимсан».","Сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умиди борлар учун уларда гўзал намуна бор эди. Ким юз ўгирса, бас, Аллоҳ Беҳожат ва мақтовга лойиқ Зотдир.","Эҳтимол Аллоҳ сизлар билан сизлар душманлик қилаётган кимсалар ўртасига дўстликни солиб қўяр. Аллоҳ Қодирдир. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.","Аллоҳ сизларни сизларга қарши дин борасида жанг қилмаган ва сизларни юртингиздан қувиб чиқармаган кимсаларга яхшилик қилишингиздан, уларга нисбатан адолатли бўлишингиздан қайтармайди. Албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни яхши кўради.","Албатта, Аллоҳ сизларни динингиз борасида сизларга қарши жанг қилган, сизларни юртингиздан қувиб чиқарган ва сизларни ҳайдаб чиқаришда ўзаро ёрдамлашган кимсалар билан дўст бўлишдан қайтаради. Ким уларни дўст тутса, бас, ана ўшалар золимлардир.","Эй иймон келтирганлар, қачон сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, уларни имтиҳон қилиб кўринглар. Аллоҳ уларнинг иймонларини билгувчироқдир. Агар уларнинг мўминалар эканини билсангизлар, бас, уларни кофирларга қайтарманглар! Булар уларга ҳалол эмас. Улар буларга ҳалол эмас. Уларга сарфлаган нарсаларини беринглар. Уларга (эрларига) ҳақларини бергач, уларни никоҳлаб олсангиз, гуноҳ бўлмас. Кофираларнинг билакларидан ушламанглар, ўзларингиз сарфлаган нарсани талаб қилинглар ва улар ҳам ўзлари сарфлаган нарсани талаб қилсинлар. Бу Аллоҳнинг ҳукмидир. У сизларнинг ўртангизда ҳукм қилур. Аллоҳ Билгувчи ва Ҳаким Зотдир.","Агар аёлларингиздан бирортаси кофирлар тарафига ўтиб кетса ва ғолиб бўлсангизлар, аёллари ўтиб кетган кишиларга улар қанча берган бўлсалар, ўшанча беринглар! Ўзингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар!","Эй Пайғамбар, олдингизга мўминалар келиб, Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасликка, ўғирлик қилмасликка, зино қилмасликка, болаларини ўлдирмасликка, қўллари ва оёқлари орасида тўқиб оладиган бўҳтонни қилмасликка, бир савобли ишда сизга итоатсизлик қилмасликка байъат бермоқчи бўлсалар, улардан байъат олинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг. Албатта, Аллоҳ Мағфиратли Меҳрибон Зотдир.","Эй, иймон келтирган зотлар! Аллоҳнинг ғазабига учраган қавм билан дўст бўлманглар. Кофирлар қабр эгаларидан умид узганларидек, улар ҳам охиратдан умид узганлар.","Самолардаги нарсалар ҳам, заминдаги нарсалар ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтди. У Азиз, Ҳаким Зотдир.","Эй иймон келтирган зотлар, нима учун қилмаган ишингизни гапирасизлар?!","Қилмаган ишингизни гапиришингиз Аллоҳнинг наздида ўта ёқимсиз бўлди.","Аллоҳ Ўзининг йўлида худди туташган бинолардек бир саф бўлиб жанг қиладиган зотларни яхши кўради.","Ўшанда Мусо қавмига деди: «Эй қавмим, нима учун менга озор берасизлар?! Менинг сизларга юборилган Аллоҳнинг пайғамбари эканимни биласизлар-ку». Ўзлари адашгач, Аллоҳ уларнинг қалбларини адаштириб қўйди. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас.","Ўшанда Ийсо ибн Марям деди: «Эй Бани Исроил, мен сизларга юборилган Аллоҳнинг пайғамбариман. Ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлаб, мендан кейин Аҳмад исмли бир пайғамбар келиши ҳақида хушхабар олиб (келганман)». Уларга ҳужжатларни олиб келганда эса: «Бу очиқ сеҳрдир», дедилар.","Ўзи Исломга чақирилиб турган бир пайтда Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган одамдан ҳам золимроқ ким бор? Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас.","Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса гарчи кофирлар ёқтирмасалар-да, Ўз нурини камолига етказгувчидир.","У шундай Зотки, Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин ила юборди. Токи у, гарчи мушриклар ёқтирмаслар-да, ҳамма динлардан ғолиб бўлсин.","Эй иймон келтирган зотлар, сизларни аламли азобдан қутқарадиган бир тижоратга йўллаб қўяйми?","Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирасизлар, молларингиз ва жонларингиз билан Аллоҳ йўлида жиҳод қиласизлар. Агар билсангизлар, мана шу сизлар учун яхшироқдир.","Гуноҳларингизни кечириб, ўзингизни остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга ва мангу боғлардаги сўлим масканларга киритади. Энг буюк муваффақият мана шу.","Сизлар ёқтирадиган бошқа нарсалар ҳам (муваффақиятдир. У) Аллоҳ тарафидан бўлган қўллов ва яқин ғалабадир. Мўминларга хушхабар беринг.","Эй иймон келтирган зотлар, Ийсо ибн Марям ҳаворийларга: «Аллоҳ учун ким менинг ёрдамчиларим бўлади», деганида ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз», дедилар. Сизлар ҳам худди ўшалардек Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлинглар. Ўшанда Бани Исроилдан бир тоифа иймон келтириб, бошқа тоифа куфр келтирганди. Бас, иймон келтирган зотларни душманларига қарши қўллаб-қувватладик ва улар ғолиб бўлдилар.","Подшоҳ, Қуддус, Азиз, Ҳаким Аллоҳга самолардагилар ҳам, заминдагилар ҳам тасбеҳ айтур.","У шундай Зотки, омилар орасига ўзларидан бир пайғамбарни юборди. Пайғамбар уларга У Зотнинг оятларини тиловат қилади. Уларни поклайди. Уларга Китоб ва ҳикматни ўргатади. Гарчи улар олдин очиқ залолатда бўлсалар-да.","Ҳали уларга етиб келмаган. Улардан бошқаларга ҳам. У Зот Азиз, Ҳакимдир.","Бу Аллоҳнинг фазлидир. Уни Ўзи истаган бандасига беради. Аллоҳ буюк фазл эгасидир.","Таврот юклатилган, лекин унга амал қилмаган кимсалар худди бир китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайдилар. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарувчилар мисоли нақадар ёмон. Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас.","Айтинг: «Эй яҳудийлар, агар бошқа одамларсиз фақат ўзингизни Аллоҳнинг дўстлари, деб даъво қилсангизлар ва ростгўй бўлсангизлар, ўлимни орзу қилинглар-чи».","Қўллари қилиб қўйган ишлар туфайли уни ҳеч қачон орзу қилмайдилар. Аллоҳ золимларни Билгувчи Зотдир.","Айтинг: «Сизлар қочаётган ўлим сизларга йўлиқувчидир. Кейин ғайбу шаҳодатни билгувчи Зотга қайтариласизлар. Ўшанда қилиб ўтган ишларингиз ҳақида хабар беради».","Эй иймон келтирган зотлар, Жума куни намозга чақирилса, савдони ташлаб, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар. Агар биладиган бўлсангизлар, мана шу сизлар учун яхшироқдир.","Намоз тугагач, ер юзига тарқалиб, Аллоҳнинг фазлидан умид қилаверинглар. Аллоҳни кўп эсланглар. Шоядки, нажот топсангизлар.","Агар бирон тижорат ёки кўнгилхушликни кўриб қолсалар, сизни турган ҳолингизда ташлаб, ўшанга қараб кетадилар. Айтинг: «Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса кўнгилхушликдан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир. Аллоҳ энг яхши ризқ бергувчидир».","Мунофиқлар сизга келиб: «Гувоҳлик берамизки, сен Аллоҳнинг пайғамбарисан», дейдилар. Аллоҳ сиз Унинг пайғамбари эканингизни билади. Аллоҳ гувоҳлик берадики, мунофиқлар аниқ ёлғончилардир.","Қасамларини қалқон қилиб олиб, Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Уларнинг қилган ишлари нақадар ёмон бўлди!","Бунга сабаб шуки, улар иймон келтирдилар, кейин куфр келтирдилар. Бас, қалбларига муҳр урилди. Энди улар англамайдилар.","Уларни кўрсангиз, жисмлари сизни ҳайратлантиради. Гапирсалар, гапларига қулоқ соласиз. Улар худди йўлаб қўйилган ходаларга ўхшайдилар. Ҳар бир қичқириқни ўзларига қарши, деб ўйлайверадилар. Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг. Аллоҳ уларни лаънатласин! Қандай йўлдан озмоқдалар-а!","Агар уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг пайғамбари сизлар учун мағфират сўрайди», дейилса, бошларини бурадилар. Уларнинг мутакаббирлик қилиб юз ўгираётганларини кўрасиз.","Улар учун мағфират сўрадингизми ёки мағфират сўрамадингизми, уларга фарқи йўқ. Аллоҳ уларни ҳеч қачон мағфират қилмайди. Аллоҳ фосиқ қавмни мағфират қилмас.","«Аллоҳнинг пайғамбари ҳузуридаги кишиларга эҳсон қилманглар, токи тарқаб кетсинлар», дейдиган кимсалар ана ўшалардир. Осмонлару ернинг хазиналари Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар англамайдилар.","«Агар Мадинага қайтсак, азиз хорни ундан, албатта, чиқариб юборади», дейдилар. Азизлик Аллоҳники, Пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар билмайдилар.","Эй иймон келтирган зотлар, молларингиз ҳам, болаларингиз ҳам сизларни Аллоҳни эслашдан чалғитиб қўймасин. Ким шу ишни қилса, бас, ана ўшалар зарар кўргувчилардир.","Бировингизга ўлим келиб: «Парвардигорим, мени озгина муддатга кечиктириб турсанг, садақа қилиб, солиҳлардан бўлиб олардим», деб қолишидан олдин Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилинглар.","Бир жоннинг ажали келгач, Аллоҳ уни асло кечиктирмас! Аллоҳ қилаётган ишларингиздан Хабардордир.","Аллоҳга самолардагилар ҳам, заминдагилар ҳам тасбеҳ айтур. Мулк Уникидир. Ҳамд Уникидир. У ҳар нарсага Қодирдир.","У сизларни яратган Зотдир. Бас, сизлардан кимдир кофир, яна сизлардан кимдир мўмин. Аллоҳ қилаётган ишларингизни Кўргувчидир.","Осмонлару ерни ҳақ ила яратди. Сизга шакл берди ва суратингизни гўзал қилди. Қайтиб бориш Унгадир.","Осмонлару ердаги нарсаларни билади. Яширганингизни ҳам, ошкор этганингизни ҳам билади. Аллоҳ қалблардаги нарсаларни ҳам Билгувчидир.","Олдинги куфр келтириб, қилмишларининг азобини тотганлар ҳақидаги хабар сизларга етиб келмадими? Улар учун аламли азоб бордир.","Бунга сабаб шуки, уларга пайғамбарлари ҳужжатларни олиб келардилар. Улар эса: «Бизни тўғри йўлга (фаришта эмас) инсон бошлайдими?» - деб куфр келтирдилар, юз ўгирдилар. Аллоҳ беҳожат бўлди. Аллоҳ Беҳожат ва мақтовга лойиқ Зотдир.","Куфр келтирган кимсалар ҳеч қачон қайта тирилмасликларини даъво қилдилар. Айтинг: «Асло! Парвардигоримга қасамки, албатта, қайта тирилурсизлар, кейин, албатта, қилган ишларингиз ҳақида хабар берилурсизлар. Бу иш Аллоҳга осон».","Бас, Аллоҳга, У Зотнинг элчисига ва Биз нозил қилган нурга иймон келтиринглар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан Хабардордир.","Сизларни тўплайдиган тўпланиш куни. У тағобун (бир-бирига зарар бериш) кунидир. Ким Аллоҳга иймон келтириб, яхши иш қилган бўлса, унинг ёмонликларини ўчириб, ўзини остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритур. У ерларда абадий қолурлар. Бу буюк муваффақиятдир.","Куфр келтириб, оятларимизни ёлғонга чиқарган кимсалар, ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, унда мангу қолгувчидирлар. Нақадар ёмон оқибат!","Бирон мусибат Аллоҳнинг изнисиз етмас. Ким Аллоҳга иймон келтирса, унинг қалбини ҳидоят қилиб қўяди. Аллоҳ ҳар бир нарсани Билгувчидир.","Аллоҳга итоат қилинглар. Пайғамбарга итоат қилинглар. Агар бош тортсангизлар, элчимиз зиммасида аниқ қилиб етказиб қўйиш бор, холос.","Аллоҳ. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар.","Эй иймон келтирган зотлар, аёлларингиз ва болаларингиздан сизларга душман бор. Бас, улардан эҳтиёт бўлинглар. Агар афв этсангизлар, кечирсангизлар, мағфират қилсангизлар, бас, албатта, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир.","Мол-давлатларингиз ва бола-чақаларингиз бир синов, холос. Аллоҳнинг ҳузурида эса буюк мукофот бор.","Бас, қўлингиздан келганича Аллоҳдан қўрқинглар. Қулоқ солинглар, итоат этинглар ва эҳсон қилинглар, ўзингизга яхши бўлади. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, бас, ана ўшалар нажот топгувчилардир.","Агар Аллоҳга қарзи ҳасана берсангизлар, уни сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва сизларни мағфират қилур. Аллоҳ Шакур ва Ҳалим Зотдир.","Ғайбу шаҳодатни Билгувчи, Азиз, Ҳаким.","Эй Пайғамбар, қачон аёлларингизни талоқ қилсангизлар, уларнинг иддаларида талоқ қилинглар ва иддани ҳисобланглар. Парвардигорингиз Аллоҳдан қўрқинглар. Уларни уйларидан чиқариб юборманглар ва ўзлари ҳам чиқиб кетмасинлар. Очиқ фаҳш ишни қилган ҳолатлари бундан мустасно. Бу Аллоҳнинг ҳад-ҳудудларидир. Ким Аллоҳнинг ҳадларидан ошса, у ўзига аниқ зулм қилибди. Сиз билмассиз, эҳтимол Аллоҳ бундан кейин бирон ишни пайдо қилар.","Муддатларига етганида эса ё яхшилик билан олиб қолинглар ёки яхшилик билан ажрашинглар ва ўзингиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Гувоҳликни Аллоҳ учун тўкис бажаринглар. Бундан Аллоҳга ва Қиёмат кунига иймон келтирган киши насиҳатланади. Ким Аллоҳдан тақво қилса, унга чиқар йўлни барпо қилиб беради.","Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ беради. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишига етгувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳар бир нарсага бир миқдор қилиб қўйгандир.","Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганларига келсак, агар шубҳангиз бўлса, уларнинг иддаси уч ойдир. Ҳайз кўрмаганлариники ҳам. Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўйишларидир. Ким Аллоҳдан қўрқса, унга ишини осон қилиб қўяди.","Бу Аллоҳнинг сизларга нозил қилган фармонидир. Ким Аллоҳдан қўрқса, унинг ёмонликларини ўчириб, ажрини улуғ қилур.","Уларга қўлингиздан келганча ўзларингиз яшаётган уйдан жой беринглар ва сиқиб чиқариш учун уларга зарар берманглар. Агар ҳомиладор бўлсалар, то ҳомилаларини қўйгунларича уларни таъминлаб туринглар! Сизлар учун эмизсалар, уларнинг ҳақларини беринглар! Ўзаро яхшилик билан келишиб олинглар! Қийналиб қолсангизлар, унинг учун бошқаси эмизур.","Бадавлат одам бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи ўлчаб қўйилган бўлса, Аллоҳ унга ато этганидан нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этганидан ортиқ нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ оғирликдан кейин енгилликни барпо қилур.","Ўз Парвардигорлари ва Унинг пайғамбарлари буйруғидан бош тортган қанчадан-қанча шаҳарлардан қаттиқ ҳисоб-китоб олганмиз ва уларни ёмон азоблаганмиз.","Бас, улар қилмишларининг зарарини тотдилар ва ишларининг оқибати муваффақиятсизлик бўлди.","Аллоҳ уларга қаттиқ азобни тайёрлаб қўйган. Бас, эй иймон келтирган ақл эгалари, Аллоҳдан қўрқинглар. Аллоҳ сизларга Эслатмани (Пайғамбарни) юборди.","(Аллоҳ) иймон келтириб, яхши амалларни қилган зотларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга Аллоҳнинг очиқ-аниқ оятларини тиловат қилиб берадиган Пайғамбарни (юборди). Ким Аллоҳга иймон келтирса ва яхши амал қилса, уни остидан анҳорлар оқиб ўтадиган ва у ерда мангу қоладиган жаннатларга киритур. Дарҳақиқат, Аллоҳ унинг ризқини гўзал қилиб қўйган.","Аллоҳ шундай Зотки, етти осмонни ва ердан ҳам шунчасини яратди. Фармон уларнинг орасида нозил бўлиб туради. Токи Аллоҳ ҳар нарсага Қодир эканини ва Аллоҳ ҳамма нарсани илми билан қамраб олганини билинглар.","Эй Пайғамбар, нима учун аёлларингиз ризосини истаб, Аллоҳ сиз учун ҳалол қилган нарсани ҳаром қиласиз? Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон Зотдир.","Аллоҳ сизларга қасамларингиздан қутулиб олишни буюриб қўйган-ку. Аллоҳ Ҳожангиздир. У Билгувчи, Ҳаким Зотдир.","Пайғамбар аёлларидан бирига бир гапни пинҳона айтганда, у эса хабар бериб юборганда ва Аллоҳ уни ошкор этганда, бир қисмини билдириб, бир қисмидан бош тортди. Унга хабарни айтганда: «Бу хабарни сизга ким билдирди?» - деди. «У хабарни менга Билгувчи, Хабардор Зот билдирди», деди.","Иккалангиз Аллоҳга тавба қилишингиз лозим бўлиб қолди. Чунки қалбларингиз тойиб кетди. Агар унга қарши ҳамкорлик қилсангизлар, бас, Аллоҳ унинг Мададкоридир. Жаброил ва солиҳ мўминлар ҳам. Бундан ташқари фаришталар ҳам ёрдамчилардир.","Агар сизларни талоқ қилса, эҳтимол унга Парвардигори сизлардан кўра яхшироқ муслима, мўмина, итоатли, тавба қилгувчи, обида, рўзадор жувонларни ва қизларни берар.","Эй иймон келтирган зотлар, ўзингизни ва оилангизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақланглар. Унинг устида Аллоҳ буюрган ишга осийлик қилмайдиган ва буюрилган ишни бажарадиган қўпол, дарғазаб фаришталар туради.","Эй куфр келтирганлар, бугун узр сўраманглар. Энди қилиб ўтган ишларингизга яраша жазо оласизлар.","Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар. Шоядки, Аллоҳ Пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмайдиган кунда Парвардигорингиз ёмонликларингизни ўчириб, ўзингизни остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритса. Уларнинг нури олдиларида ва ўнг тарафларида юриб боради. Ўзлари эса: «Парвардигоро, нуримизни тўла қилиб бер ва бизни мағфират айла, Сен ҳар нарсага Қодирсан», дейдилар.","Эй Пайғамбар, кофирлар ва мунофиқларга қарши курашинг. Уларга қаттиққўл бўлинг. Уларнинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат!","Аллоҳ куфр келтирган кимсалар ҳақида Нуҳнинг аёли ва Лутнинг аёлини мисол қилиб келтирди. У иккиси бандаларимиздан икки солиҳ банда қўл остида эдилар. Бас, уларга хиёнат қилдилар. Шу билан икки солиҳ банда Аллоҳдан бирон нарсани у иккисидан даф қила олмадилар ва: «Киргувчилар билан бирга дўзахга киринглар», дейилди.","Аллоҳ иймон келтирган зотлар ҳақида эса Фиръавннинг аёлини мисол қилди. Ўшанда у: «Парвардигорим, мен учун Ўзингнинг ҳузурингда жаннатдан бир уй қуриб бер, менга Фиръавн ва унинг ишидан нажот бер ва мени золим қавмдан қутқар», деганди.","Ўз номусини сақлаган Имроннинг қизи Марямни ҳам (мисол қилди). Бас, унга Ўз Руҳимиздан пуфладик. У Парвардигорининг сўзларини, китобларини тасдиқ этди ва у итоаткорлардан бўлди."]