["(Барча оламлар) подшоҳлиги Ўз қўлида бўлган Зот — Аллоҳ баракотли-буюкдир. У барча нарсага қодирдир.","(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яраттан Зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир.[1]###[1]Демак, Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг мана шу ҳаёти дунёда қилиб ўтадиган амалларини синаб, Охиратда ўша амалга яраша мукофот-жазо бериш учун ўлим ва ҳаётни яратган экан. Ушбу ояти каримада ўлим сўзи ҳаёт сўзидан муқаддам келтирилишига сабаб, ўлим калимасининг мазмуни ҳаёт калимасининг маъносидан теранроқ, қамровлироқ эканлигидир. Чунки ҳаёт сўзи мана шу ўткинчи дунёда яшашнинг бошланишини билдирса, ўлим сўзи Охират диёридаги мангу ҳаётнинг бошланишини англатади. Демак, ўлим юзаки қараганда ҳаётнинг интиҳоси бўлиб кўринса-да, аслида у мангу ҳаётнинг ибтидосидир. Бу хусусда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом шундай деганлар: «Жоним қўлида бўлган Зотга — Аллоҳга қасамки, сизлар менинг сўзларимни улардан (ўликлардан) яхшироқ англагувчи эмассизлар. Фақат улар жавоб қила олмайдилар, холос».","(У) етти осмонни устма-уст қилиб яратган Зотдирки, сиз У Раҳмоннинг (Меҳрибон зотнинг) яратишида бирон тафовут-нуқсонни кўрмассиз. Энди кўзингизни яна (самога) қайтаринг-чи, (унда) бирон футур-ёриқни кўрармикансиз?","Сўнгра кўзингизни қайта-қайта (самога) қайтаринг, кўзингиз сизга чарчаб, ҳолдан тойган ҳолда қайтур (аммо Аллоҳ таоло яратган осмонлардан бирон айб-нуқсон топа олмас).","Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Биз улар (шайтонлар) учун (Охиратдаги) олов-дўзах азобини ҳам тайёрлаб қўйгандирмиз.","Парвардигорларига кофир бўлган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир. Нақадар ёмон оқибат бу!","Қачон улар (жаҳаннамга) ташланганларида қайнаб турган (жаҳаннамнинг худди эшак ҳанграшидек) бир ўкирик-фарёдини эшитурлар.","У ғазабдан бўлиниб-парчаланиб кетгудек бўлур. Ҳар қачон унга бир тўда (кофир) ташланганида унинг қўриқчилари улардан (кофирлардан): «Сизларга (ҳаёти дунёда) бирон огоҳлантиргувчи — пайғамбар келмаганмиди?», деб сўраганида,","Улар дерлар: «Ҳа, дарҳақиқат, бизларга огоҳлантиргувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончи қилганмиз ва: «Аллоҳ (ҳеч кимга) ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолат-гумроҳликдадирсизлар», деганмиз».","Улар (кофирлар) яна: «Агар бизлар (огоҳлантиргувчи пайғамбарнинг сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах эгалари қаторида бўлмас эдик», дерлар.","Мана улар ўз гуноҳларини эътироф этдилар! Энди у дўзах эгаларига ҳалокат бўлгай!","Албатта ғайбдаги (кўзларига кўринмайдиган) Парвардигорларидан қўрқадиган зотлар учун мағфират ва катта ажр-мукофот бордир.","(Эй инсонлар), сизлар сўзларингизни яширинглар ёки ошкора қилинглар (ҳар ҳолда Аллоҳ билиб турур). Албатта У диллардаги сирларни билгувчидир.","(Ахир) яратган Зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) Огоҳдир.","У (Аллоҳ) сизлар учун Ерни ҳокисор-бўйсунгувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, (ер)нинг ҳар томонида (сайр-саёҳат қилиб ё тижорат билан, ёки деҳқончиликни касб қилиб) юраверинглар ва (Аллоҳнинг берган) ризқ-рўзидан енглар. Ёлғиз Унинг ҳузурига тирилиб чиқиш — қайтиш бордир.","(Эй Макка кофирлари,) ё сизлар (кофирлигингизда оёқ тираб тураверсангизлар,) осмондаги Зот сизларни Ерга юттириб юборишидан, бас, баногоҳ (Ер) титроққа тушиб, (сизларни босиб) қолишидан хотиржаммисизлар (қўрқмайсизларми)?![2]###[2]Бу оятда Аллоҳ азза ва жаллага барча нарсадан юқорида — олий бўлиш сифатини Унинг улуғлигига лойиқ тарзда исбот қилиш бор.","Ёки сизлар осмондаги Зот устингизга тош ёғдиришидан хотиржаммисизлар?! Ҳали (азобга гирифтор қилинганларингизда) Менинг огоҳлантиришим қандай эканлигини билиб олажаксизлар!","Дарвоқеъ, улардан аввалги кимсалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилгандилар. Бас, Менинг инкорим — азобим қандоқ бўлди?!)","Улар устларида (қанотларини) ёйгувчи бўлган ва йиққан ҳолда (учиб юрган) қушларни кўрмадиларми?! У (қуш)ларни ёлғиз Раҳмонгина (самода) ушлаб турар! Албатта У барча нарсани кўриб тургувчидир.","(Эй мушриклар), Раҳмондан ўзга сизларга ёрдам берадиган, сизлар учун қўшин-ёрдамчи бўлган ўша зот ким ўзи?! (Аллоҳдан ўзга бирон мададкор йўқдир). Кофирлар эса фақат ғурур-алданишдадирлар. (Шунинг учун улар ўзлари сиғинаётган бут-санамларга уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олади, деб ҳисоблайдилар).","Агар (Раҳмон) Ўз ризқини ушлаб-тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ-рўз берадиган ўша зот ким ўзи?! (Аллоҳдан ўзга бирон ризқ-рўз бергувчи йўқдир). Йўқ, улар (кофирлар) катта кетишда ва (ҳақдан) йироқлашишда давом этдилар.","Ахир юз тубан (яъни, оёғининг остидан ўзга ёққа қарамасдан) юрадиган кимса Ҳақ йўлни топгувчироқми ёки қадди рост ҳолида Тўғри Йўлда юрадиган кишими?![3]###[3]Ушбу ояти карима кофир билан мўмин ҳақида келтирилган ибратли бир масалдир. Уни шундай тушунмоқ лозим: динсиз-эътиқодсиз кимса бирон илоҳий қўлланмасиз, ўтган кунини ҳам, келажагини ҳам унутиб, фақат бугунини қандай ўтказиш ғами, бугуннинг муаммоларини ҳал қилиш билан овораю-сарсон бўлиб, яъни фақат оёғининг тагига қараб кун ўтказади. Демак, унинг эрта бир кун йўлидан чиқиб қолиши аниқ бўлган ҳар қандай тошга-тўсиққа қоқилиб, юз тубан қулаши ҳеч гап эмас. Аммо иймон-эътиқод эгаси эса Яратган юборган Илоҳий Қўлланма кўрсатиб қўйган Тўғри Йўлда, қаддини рост тутиб, қиладиган ҳар бир иш-амалида фақат ҳозирнинг ҳузурини кўзламасдан, балки Эрта — Қиёмат Кунидаги ҳисоб-китоб ва ажр-мукофотни ўйлаб боради. Бинобарин бугуннинг, яъни ўткинчи дунёнинг арзон матолари, уни ўзи танлаб олган Тўғри Йўлидан адаштира олмайди.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, у кофирларга) айтинг: «У (Аллоҳ) сизларни (йўқдан) пайдо қилган ва сизлар учун қулоқ-кўзлар ва дилларни (ато) қилган Зотдир. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар».","Айтинг: «У сизларни Ер юзида яратиб қўйган Зотдир. Сизлар (Қиёмат Кунида) ёлғиз Унга тўпланурсизлар».","Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), ушбу ваъда (қилинган Қиёмат Куни) қачон бўлади?», дерлар.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «(Қиёмат қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат бир очиқ огоҳлантиргувчидирман, холос».","Бас, қачонки улар (Қиёмат Кунида ваъда қилинган азобни ўзларига) яқин ҳолда кўришгач, у кофирларнинг юзлари қорайиб кетур ва (уларга): «Мана шу сизлар истаган нарсадир», дейилур.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, у кофирларга айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ мени ва мен билан бирга бўлган кишиларни ҳалок қилса ёки (умримизни узун қилиш билан) бизларга раҳм-шафқат қилса, Ўзининг изн-ихтиёридадир. Аммо энди кофирларни (яъни, сизларни) ким аламли азобдан ҳимоя қилур?![4]###[4]Макка кофирлари доим Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом ва у зотнинг саҳобаларига ўлим-ҳалокат тилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримизга юқоридаги оят нозил қилиниб, у кишини кофирларга шундай жавоб қилишга амр этилди: «Биз мўминлар икки гўзал оқибатга кўз тутиб яшаймиз. Улар бири сизлар орзу қилаётганингиздек, дин йўлида ҳалок бўлиб, жаннатга етиш бўлса, иккинчиси — омон қолиб, сизларнинг устингиздан ўзимиз умид қилган ғалабага эришишдир. Аммо сизлар кофир бўлган ҳолларингизда кимнинг ҳимоясини кутмоқдасизлар?!»","Айтинг: «У (Аллоҳ) Раҳмон — Меҳрибондир. Бизлар Унга иймон келтирдик ва ёлғиз Унинг Ўзига таваккул қилдик — суяндик. Ҳали сизлар ким очиқ залолатда эканлигини билиб олажаксизлар!»","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, у мушрикларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар (баногоҳ ичар) сувларингиз (ер тубига) сингиб кетар бўлса, у ҳолда ким сизларга оқар сув келтира олур?! (Жонсиз бутларингизми?! Бас, нега у бефойда-бежон бутларни Меҳрибон Аллоҳга шерик қилиб олдингизлар?!)»","Нун. Қалам ва (у билан фаришталар) битадиган битикларга қасамки,[1]###[1]Сура «Нун» ҳарфи билан бошланди. Қуръондаги бир неча сура мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланади. Кўпчилик Ислом уламолари наздида мазкур ҳарфлар «хуруфи муқаттаот», яъни маънодан узилган ҳарфлар саналиб, уларнинг маъноси ёлғиз Аллоҳ таологагина маълумдир. Уламолар айтишларича, илоҳий мўъжиза бўлган бу Китоб одамлар осон ўқиб-англаб амал қилишлари учун улар яхши танийдиган ҳарфлар билан осон тушуниладиган қилиб юборилган. Қуръондаги сураларнинг жойлашиш тартибида ушбу сура ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланадиган сураларнинг сўнггисидир».","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз Парвардигорингизнинг марҳамати билан мажнун эмасдирсиз.","Албатта сиз учун (кофирларнинг бундай озорларига сабр-тоқат қилганингиз сабабли) битмас-туганмас ажр мукофот бордир.","Албатта сиз улуғ Хулқ устидадирсиз.[2]###[2]Айрим муфассирларнинг айтишларича, бу оятдаги «Улуғ Хулқ»дан мурод улуғ диндир. Зеро, Аллоҳ таоло наздида Ислом динидан суюклироқ ва гўзалроқ бирон хулқ йўқдир. Оиша (Аллоҳ ундан рози бўлсин) онамиздан Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг ахлоқлари тўғрисида сўралганида: «У зотнинг хулқлари Қуръон эди. Қуръон рози бўлган ишдан рози, Қуръон норози бўлган ишдан норози бўлар эдилар», деб жавоб қилганлари ҳам юқоридаги тафсирни қувватлайди. Зотан, Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам: «Дарҳақиқат, мен улуғ хулқларни камолига етказиш учун пайғамбар қилиб юборилганман», деб марҳамат қилганлар.","Ҳали яқинда сиз ҳам кўражаксиз, улар ҳам кўражаклар,","Қайсиларингиз (яъни, сизми ёки уларми) мафтун-мажнун эканликларингизни.","Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билгувчидир ва У ҳидоят топгувчиларни ҳам жуда яхши билгувчидир.","Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизнинг ҳақ пайғамбарлигингизни ва Қуръонни «ёлғон» дегувчи кимсаларга итоат этманг!","Улар сизнинг (ўзларига) кўнгилчанлик — муроса қилишингизни истарлар, шунда улар ҳам (сизга) кўнгилчанлик қилурлар. (Лекин сиз уларнинг бу истакларига бўйинсунманг!)","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр,","ғийбатчи-ю, гап ташувчи,","яхшиликни манъ қилгувчи-бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган,","қўпол ва булардан ташқари бенасаб-ҳароми кимсага итоат этманг!","У мол-мулк ва ўғиллар эгаси бўлгани учун (ўзидан кетиб),","қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: «Булар аввалгиларнинг афсоналари-ку!», дер.","Яқинда Биз уни тумшуғидан тамғалаб қўяжакмиз![3]###[3]Бу оятлар малъун кофир Валид ибн Муғийра ҳақида нозил бўлгандир. У Қуръон оятларига аввалгилардан қолган афсоналар, деб, Пайғамбаримизга эса мажнун, деб туҳмат қилганида Аллоҳ таоло унинг бир эмас, тўққиз иллатини фош қилади. Шунда у мазкур иллатлардан саккизтасини рад эта олмайди, аммо тўққизинчи, бенасаб-ҳароми деган номни кўтара олмай, (чунки то Аллоҳ таоло Ўз ояти билан ошкор қилгунича Валид ўзининг ҳароми эканлигидан бехабар эди) бу шармандаликни ўзидан дафъ қилиш учун туққан онасини қисти-бастига олиб сўроққа тутганида онаси ҳақиқатан унинг зинодан бўлган бола эканлигини тан олади. Саҳобалардан Ибн Аббос (Аллоҳ ундан рози бўлсин) гувоҳлик беришларича, Аллоҳ таоло Ўзи ваъда қилганидек, Валид ибн Муғийра Бадр жангида «тумшуғидан тамғаланади», яъни худди бурнидан қилич еб, ўлгунича одамлар орасида ўша «тамға»си билан юради. Мана, ушбу оятларда бир кофир кимсанинг кирдикори ва кўргулиги ҳақида хабар берилгач, қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло ато этган неъматларга ношукурлик-нонкўрлик қилганлари учун бутун Макка аҳли қаҳатчилик ва очарчиликка мубтало қилинганлари баён этилиб, илгари ҳам Аллоҳ таоло имтиҳон қилиш учун берган ноз-неъматлардан камбағал-бечораларнинг ҳақларини бермасдан бахиллик қилганлари сабабли бир боғнинг эгалари бор будларидан маҳрум бўлганлари тўғрисидаги бир ибратли қисса сўйланади. Қиссанинг аввали будир: Маккадан унча узоқ бўлмаган Яман диёрида жуда катта мевали боғ эгаси бўлган бир киши ўтган эди. У ҳар йили ҳосил пишганида ундан камбағал-мискинларнинг ҳақ-улушларини ажратиб берарди. Лекин у киши вафот этгач, мевазор-боғнинг эгалари бўлиб қолган фарзандлари бошқа йўлни тутадилар. Қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло мана шу ҳақда ҳикоя қилади.","Дарҳақиҳат, Биз уларни (Макка аҳлини очарчилик ва қаҳатчилик билан) балоладик. Биз (илгари) боғ эгаларини ҳам худди шундай (маҳрумлик билан) балолаган эдик. Ўшанда улар албатта уни (яъни, боғнинг ҳосилини) эрта тонгда узиб олишга қасам ичган эдилар.","(Камбағал-мискинларга ҳақ-улуш) ажратмаган ҳолларида (узиб олишга қасам ичган эдилар).","Бас, (тунда) улар уйқуда бўлган чоғларида у (боғ)нинг устида Парвардигорингиз томонидан бўлган айлангувчи (бало-олов) бир айланди-ю,","у (боғнинг ҳосили) узилгандек бўлди-қолди (яъни, бутун боғ куйиб кул бўлди).","Улар эса тонгда туришиб (тунда бўлган ҳодисадан бехабар бўлган ҳолларида) бир-бирларини шундай дея чақирдилар:","«Агар (ҳосилни) узмоқчи бўлсангизлар зироатгоҳларингизга юра қолинглар».","Сўнг бир-бирларига пичирлашган ҳолларида жўнаб кетдилар:","«Бугун у (боғда ҳосил узаётган вақтда) устларингизга бирон мискин кириб қолмасин-да».","Улар (ўз гумонларича мискинларни боғга йўлатмаслик тўғрисидаги) мақсад-ғаразга қодир бўлган ҳолларида тонг-саҳарлаб бордилар.","Энди қачонки уни (яъни, куйиб кулга айланган боғларни) кўришгач, (аввал): «Шак-шубҳасиз, бизлар йўлдан адашиб қолдик (яъни, адашиб бошқа боғга келиб қолдик), дедилар.","(Сўнг бу ўзларининг боғлари эканини билишгач эса): «Йўқ, бизлар (боғимиздан) маҳрум бўлибмиз», дедилар.","(Шунда) уларнинг инсофлироқлари: «Мен сизларга (Аллоҳга) тасбеҳ айтиш — шукр қилмайсизларми (яъни, шундай мўл ҳосил ато этганининг шукронасига кабағалларнинг улушларини бермайсизларми?) демаганмидим?, деган эди.","Улар (энди вақт ўтгач): «Парвардигоримизни поклаймиз. Дарҳақиқат, бизлар (ўзимизга) зулм қилгувчи бўлдик», дедилар.","Сўнг улар бир-бирларига боқиб, маломат қилиша бошладилар.","Улар дедилар: «Эй ўлим бўлсин бизларга! Дарҳақиқат, бизлар ҳаддан ошгувчи бўлдик.","Шоядки Парвардигоримиз бизларга у (боғ)дан ҳам яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар албатта ёлғиз Парвардигоримизга рағбат-илтижо қилгувчидирмиз».","(Аллоҳнинг амридан четга чиққан кимсалар учун) мана шундай азоб бордир. Агар билсалар, Охират азоби шак-шубҳасиз, янада каттароқдир.","Албатта тақводор зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида ноз-неъмат боғлари бордир.[4]###[4]Ушбу оят нозил бўлганида Макка мушриклари: «Агар Муҳаммаднинг айтганлари рост бўлса, бизларга худди бу дунёда бўлганидек, Охиратда ҳам ундан ва у билан бирга бўлган мусулмонлардан яхшироқ ноз-неъматлар берилади», дея бошладилар. Шунда уларнинг бу пуч даъволарини инкор этиб қуйидаги оятлар нозил бўлди.","Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?!","(Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?","Балки сизлар учун (осмондан туширилган) бирон китоб бўлиб, ўқиб-ўрганаётгандирсизлар?!","Унда сизлар ўзларингиз учун (Охиратда) шак-шубҳасиз, танлаган-хоҳлаган нарсаларингиз бор эканлигини (ўқиб-ўрганаётгандирсизлар?!)","Балки сизлар учун Бизнинг зиммамизда: «Шак-шубҳасиз, ўзларингиз ҳукм-қарор қилган бор нарса сизларники бўлур», деган то Қиёмат Кунигача етгувчи қасамлар (яъни, Биз томондан берилган аҳд-паймонлар) бордир?!","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улардан сўранг-чи, қайсилари бунга (яъни, ўзларининг пуч даъволарининг ҳақ эканлигига) кафил бўла олар эканлар?!","Балки уларнинг (бу даъволарини тасдиқлайдиган) шериклари бордир?! У ҳолда ростгўй бўлсалар ўша шерикларини келтирсинлар!","Болдирлар очиладиган (яъни, оғир ҳисоб-китобга чоғланиладиган) ва улар (кофирлар) сажда қилишга чорланишиб, (лекин саждага) кучлари етмай қоладиган Кунни (эсланг)![5]###[5]Қиёмат куни ҳисоб-китоб шиддатли ва аҳвол оғир бўлади. Аллоҳ таоло халқлар ўртасида ҳукм қилиш учун келади, бир пайт У зотнинг мукаррам болдири очилади, бироқ бу махлуқларидаги бирон ҳолатга ўхшамайди. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Раббимиз болдирини очади ва ҳар бир мўмин ва мўмина Унга сажда қилади. Дунёда одамларга кўрсатиш ва эшиттириш учун риёкорона сажда қилган кимсаларгина қолади. Улар сажда қилмоқчи бўладилар-у, бироқ беллари (букилмайдиган) бир бутун қилиб қўйилади».","Улар (кофирлар) кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида (сажда қилишга чорланишиб, лекин саждага кучлари етмай қоладиган Кунни эсланг)! (Чунки ҳаёти дунёдалик пайтларида) улар соғ-саломат бўлган ҳолларида сажда қилишга чорланар эдилар (аммо саждага қодир бўла туриб ундан бош тортар эдилар).","Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз ушбу Сўзни — Қуръонни ёлғон дейдиган кимсаларни Менга қўйиб беринг! Яқинда Биз уларни ўзлари билмайдиган — сезмайдиган томондан аста-секин (ҳалокатга дучор қилажакмиз)!","Мен (гуноҳларини кўпайтиришлари учун) уларга муҳлат бериб, (умрларини узун қилиб) қўюрман. Дарвоқеъ, Менинг «макрим» жуда қаттиқдир!","Балки сиз (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, динга даъват қилганингиз учун), улардан ажр-ҳақ сўраб, улар зиён қилишларидан оғирсинаётгандирлар? (Яъни, сиз улардан ҳеч қандай ҳақ сўраётганингиз йўқ-ку)!","Балки уларнинг олдиларида ғайб (яъни, ғайбда бўладиган барча ишлар битилган Лавҳул-Маҳфуз) мавжуд бўлиб, улар (айтаётган сўзларини ўшандан) ёзиб олаётгандирлар?!","Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига (яъни, у Зот кофирларга муҳлат бериб қўйганича, Ислом дини тезроқ ғолиб бўлмаётганига) сабр қилинг ва наҳанг-балиқ соҳиби (яъни, Юнус пайғамбар) каби (бесабр) бўлманг! Эсланг, ўзи бесабрлиги учун тушиб қолган балиқ қорнида туриб ғамга тўлган ҳолда (Парвардигордан паноҳ тилаб) нидо қилган эди.","Агар унга Парвардигори томонидан бўлган неъмат-марҳамат етмаганида, албатта қуруқликка мазамматланган ҳолида улоқтирилган бўлур эди, (лекин Парвардигори унга марҳамат кўрсатиб балиқ қорнидан соғ-омон чиқарди).","Сўнг Парвардигори уни (яна қайта пайғамбарликка) танлаб, солиҳ (пайғамбар)лардан қилди.","Албатта кофир бўлган кимсалар эслатма — Қуръонни эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқитаёзурлар ва (Муҳаммад) шак-шубҳасиз, мажнундир, дерлар.","Ҳолбуки, у (Қуръон) барча оламлар учун фақат бир (буюк) эслатмадир!","Аниқ рўй бергувчи (Қиёмат)...","Ўша аниқ рўй бергувчи нимадир?","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз Аниқ рўй бергувчининг нима эканлигини қаердан билурсиз?[1]###[1]Ушбу оятларда «Ал-Ҳааққа» (Қиёмат Кунининг номларидан бири), яъни Аниқ рўй бергувчи Қиёмат ибораси кетма-кет уч бор такрорланди. Бунга сабаб, у Куннинг Аллоҳ таоло наздида нақадар улуғ мақом тутишини таъкидлашдир. Шунинг учун ҳам сўнгги оятда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга хитоб қилиниб, у куннинг қандай кун эканини, моҳият-ҳақиқатини сиз билмассиз, дейилди. Энди қуйидаги оятларда ўша Қиёмат Куни ҳақ эканлигини инкор этиб, ҳалокатга дучор бўлган қавмлар ҳақида хабарлар берилади.","Самуд ва Од (қабилалари ўз даҳшатлари билан қалбларни) қаттиқ қоқувчи (Қиёмат Куни)ни ёлғон, дедилар.","Энди Самуд (қабиласи)га келсак, бас, улар ҳаддан ташқари қаттиқ нарса (чақмоқ) билан ҳалок қилиндилар.","Энди Од (қабиласи)га келсак, бас, улар бир даҳшатли, қутурган бурон билан ҳалок қилиндилар.","У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб — ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз.","Бас, улардан бирон (омон) қолгувчини кўрармисиз? (Асло, уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар).","Фиръавн ҳам, ундан аввал (ўтган динсиз) кимсалар ҳам, зеру забар бўлган қишлоқлар (яъни, Лут пайғамбар қавмининг қишлоқлари) ҳам хато ишлар қилдилар.","Улар Парвардигорларининг Пайғамбарига итоатсизлик қилдилар. Бас, У зот уларни ортиқча қаттиқ ушлаш билан ушлади (яъни, мислсиз қаттиқ азоб билан азоблади).","Дарвоқеъ, Биз сув туғёнга тушган вақтида сизларни (Нуҳ пайғамбар ясаган) кемада кўтардик.","Биз у (ишни, яъни мўминларга нажот бериб, кофирларни сувга ғарқ қилиб юбориш)ни сизлар учун эслатма-ибрат қилиш учун ва англагувчи қулоқлар англаб-эшитиб олишлари учун (қилдик).","Бас, қачон Сур бир бор чалинганида.","Ва Еру тоғлар (ўз жойларидан) кўтарилиб, (бир-бирларига) бир бор урилиб (чилпарчин бўлганида).","Ана ўша Кунда воқеа воқеъ бўлур! (Яъни, Қиёмат қойим бўлур!)","Ва осмон ёрилур! Чунки (осмон) у Кунда заиф бўлиб қолур!","Ва фаришталар (осмоннинг) чор-атрофида (Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турурлар. Уларнинг устида Парвардигорингизнинг аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур.","Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар — сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас.","Бас, энди ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у: «Мана менинг китобимни ўқинглар.","Дарҳақиқат, мен ҳисоб-китобимга (яъни, Охиратдаги ажр-мукофотга) рўбарў бўлишимни билган эдим», дер.","Сўнг у кўнгилли ҳаётда,","Юксак жаннатда бўлур.","Унинг мевалари (аҳли жаннат учун) яқиндир.","(Жаннат аҳлига): «Ўтган кунларда (яъни, ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар», (дейилур).","Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, бас, у дер: «Эҳ, қани энди, менга китобим берилмаса эди!","Ва мен ҳисоб-китобим (яъни, оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди!","Эҳ қани энди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатгувчи-узгувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди!","Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я!","Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!»","(Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар!","Сўнгра дўзахга ташланглар!","Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!»","Чунки (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди.","Ва мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди.","Бас, Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир!","Ва бирон таом ҳам йўқдир! Фақат йирингдан бўлган (бир «таом» борки),","Уни фақат (йўлдан адашган (кофир)ларгина ерлар!","Бас, Мен сизлар кўрадиган нарсаларга қасам ичурман,","Сизлар кўра олмайдиган нарсаларга ҳам (қасам ичурманки),","У (Қуръон) шак-шубҳасиз, улуғ Элчининг (Аллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир!","У бирон шоирнинг сўзи эмасдир! Сизлар (ушбу Қуръон Аллоҳнинг каломи эканлигига) камдан-кам иймон келтирурсизлар!","Ва бирон коҳин-фолбиннинг сўзи ҳам эмасдир. Сизлар камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар!","(У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинган (Китобдир).","Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида,","Албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган,","сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик.","У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни, пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди. (Бас, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом Аллоҳнинг каломига ўз томонидан бирон сўз қўшмагани, балки зиммасидаги омонат-пайғамбарликни ҳалол адо қилиб келаётгани учун ҳам сизларнинг орангизда соғ-омон ҳаёт кечирмоқда, акс ҳолда Аллоҳ уни ҳалок қилган бўлур эди. Бу Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг ҳақ пайғамбар эканликларининг яна бир ёрқин далилидир).","Албатта у (Қуръон) тақводор зотлар учун панд-насиҳатдир.","Шак-шубҳасиз, Биз сизларнинг орангизда (Қуръонни) ёлғон дегувчилар ҳам бор эканини аниқ билурмиз.","Албатта у (Қуръон) кофирларга (улар Қиёмат Кунида Қуръонга иймон келтирган кишиларнинг савобга эга бўлганларини кўрган вақтларида) ҳасрат-надомат бўлур.","Албатта у (Қуръон) аниқ Ҳақиқатдир!","Бас, улуғ Парвардигорингизнинг номини (мудом, барча айб-нуқсонлардан) пок тутинг!","Бир сўрагувчи кимса тушгувчи азобни (ўз устига тушишини) сўради.","Кофирларга (тушгувчи) у (азоб)ни биров қайтара олмайди.","(У азоб, осмонларнинг барча) поғоналари — қаватлари соҳиби бўлмиш Аллоҳ томонидан (кофирлар устига тушгувчидир).[1]###[1]Бу оятлар мушриклардан Назр ибн Хорис ҳақида нозил бўлган. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом кофирлар учун тайёрлаб қўйилган Аллоҳ таолонинг азоби бор эканлигини билдириб, уларни огоҳлантирганларида, Назр туриб: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин, ёки бизларга аламли азоб келтиргин», дейди. Мана шу тилакнинг ўзидан Назр ва у кабиларнинг ким эканликлари маълумдир. Чунки улар Ҳақ йўлга юришни истаган кишилар бўлганларида: «Эй Худо, агар мана шу Қуръон Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, бизларни ҳам унинг йўлига ҳидоят қилгин», деган бўлур эдилар. Энди қуйидаги оятда барча фаришталар Қиёмат Кунида осмон қаватларини босиб ўтишиб, Аллоҳ ҳузурига тўпланишлари зикр қилинади.","Фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил) миқдори-узунлиги эллик минг бўлган бир Кунда (яъни, Қиёмат Кунида) У зотнинг ҳузурига кўтарилурлар.","Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, кофирларнинг озор-азийятларига) чиройли сабр билан сабр-тоқат қилинг!","Чунки улар у (Кун)ни узоқ деб билурлар.","Биз эса унинг яқинлигини билурмиз!","У Кунда осмон эритилган мис каби бўлиб қолур.","Тоғлар юнг каби (енгил) бўлиб қолурлар.","Ва бирон дўст дўстидан (ҳол-аҳвол) сўрамас.","(Ҳолбуки) улар (бир-бирларига) кўрсатилурлар! Жиноятчи-кофир кимса у Куннинг азобидан (қутулиш учун) ўғилларини тўлов қилиб бериб юборишни,","хотинини ва биродарини ҳам,","уни ўз паноҳига оладиган қариндош-уруғини ҳам,","ва Ердаги барча кишиларини ҳам (тўлов қилиб бериб юборишни), сўнгра (бу тўлов) унга нажот беришини истар.","Йўқ, (ҳеч қандай тўлов уни азобдан қутқара олмас)! Албатта у бир оловдирки,","(Кофирлар ташланадиган дўзах ўз ҳарорати билан) бош териларини сидириб олгувчи бир оловдир!","У (Ҳақ йўлидан) юз ўгириб, терс қараб кетган","ва (пул-мол) йиғиб тўплаган (яъни, уни Аллоҳ буюрган жойларга сарфламаган) кимсаларни (ўзига) чорлаб турар!","Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир.","Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир.","Қачон унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса, у ўта манъ қилгувчи — бахилдир.","Фақат намоз ўқигувчи зотлар (яъни, мусулмонларгина ундоқ эмасдирлар)ки,","Улар намозларида доим — барқарор бўлгувчи зотлардир.","Улар (топган) мол-мулкларида маълум ҳақ (яъни, закот) бўлган зотлардир.","Сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун (маълум ҳақ ажратган зотлардир).","Улар жазо — Қиёмат Кунини тасдиқ этадиган зотлардир.","Улар Парвардигорларининг азобидан қўрқувчи бўлган зотлардир.","Зотан, Парвардигорларининг азоби (ҳеч ким учун) бехатар эмасдир (яъни, ҳеч кимнинг «Менга Аллоҳнинг азоби тушмайди», деб хотиржам бўлишга ҳаққи йўқдир).","Улар авратларини (ҳаромдан — зинодан пок) сақлагувчи зотлардир.","Магар ўз жуфти ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас, улар маломат қилинмаслар.","Энди ким бундан ўзгани (яъни, зино ва шу каби шариати исломийяда ҳаром қилинган бошқа нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошгувчи кимсалардир.","Улар (яъни, мўмин-мусулмонлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳд-паймонларига риоя қилгувчи зотлардир.","Улар ўз гувоҳликларини тўғри-холис адо қилгувчи зотлардир.","Улар намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақлагувчи бўлган зотлардир.","Ана ўшалар жаннатларда ҳурмат-иззат кўргувчидирлар.[2]###[2]Мазкур оятларда ҳақиқий мўмин-мусулмонларнинг сифат-фазилатлари баён қилинди ва ана ўшалар жаннат неъматларига сазовор бўлгувчи зотлар эканликлари уқтирилди. Энди қуйидаги оятларда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом атрофларига келишиб, тўп-тўп бўлиб ўтиришиб олишиб, у зот айтган сўзларни масхара қиладиган ва бир-бирларига саҳобаларни кўрсатишиб: «Агар мана шулар Муҳаммад айтаётгандек, жаннатга кирадиган бўлсалар, бизлар ҳеч шак-шубҳасиз, улардан олдинроқ ўша жойга кирамиз», деб сафсатабозлик қиладиган мушриклар ҳақида сўзланиб, уларнинг бундай тамаълари бефойда эканлиги таъкидланади ва Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломни улардан юз ўгиришга амр этилади.","Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бу кофир бўлган кимсаларга нима бўлдики, сиз томонга чопурлар?!","Улар ўнг ва сўлдан тўда-тўда бўлиб, (сиз томонга чопурлар?!)","Ё улардан ҳар бир кимса ноз-неъмат жаннатига киритилишни тамаъ қилурми?!","Йўқ, (улар ҳеч қачон жаннатга кирмаслар)! Албатта Биз уларни ўзлари биладиган нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратдик.","Бас, (шундоқ экан) машриқу мағрибларнинг Парвардигорига қасам ичурманки, шак-шубҳасиз, Биз қодирдирмиз,","(бу кофирларни ҳалок қилиб ўринларига), улардан яхшироқ (инсонларни) алмаштириб қўйишга ва Биз (бу ишга) ожиз эмасдирмиз.","Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларни тарк қилинг! Улар то ўзларига ваъда қилинаётган кунларига рўбарў бўлгунларича (ўз ботил-беҳуда хаёлларига) шўнғишиб, ўйнаб-кулиб юраверсинлар!","У кунда улар гўё (ўзлари сиғинадиган) бутларга қараб чопишаётгандек шошилган ҳолларида қабрларидан чиқиб келурлар!","Кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида (қабрларидан чиқиб келурлар!) Мана шу (ҳаёти дунёда) уларга ваъда қилингувчи бўлган Кундир!","Дарҳақиқат, Биз Нуҳни: «Қавмингни уларга аламли азоб келиб қолишидан илгари огоҳлантиргин», деб ўз қавмига пайғамбар қилиб юбордик.","У деди: «Эй қавмим, албатта мен сизларга (юборилган) очиқ огоҳлантиргувчидирман.","Аллоҳга ибодат қилинглар ва У зотдан қўрқинглар ҳамда менга итоат этинглар.","(Шунда Аллоҳ) сизларни гуноҳларингиздан мағфират қилур ва сизларни белгиланган муддатгача (яъни, ажалларингиз битгунича тирик) қолдирур. Агар билгувчи бўлсангизлар, Аллоҳнинг (ўлим учун белгилаб қўйган) муддати келган вақтида асло ортга сурилмас.","(Нуҳнинг бу даъватлари уларга кор қилмагач), у деди: «Парвардигорим, албатта мен қавмимни кеча-ю кундуз (иймон-эътиқодга) даъват этдим.","(Аммо) менинг даъватим уларга фақат (иймондан) қочишни зиёда қилди, холос.","Дарвоқеъ, ҳар қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга (сабаб бўладиган дин йўлига) даъват қилсам, улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) кийимларини ўраб-чирмаб олдилар ва (ўз куфрларида) оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар.[1]###[1]Муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, Нуҳ пайғамбарнинг қавмлари орасидаги кофир кимсалар Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом замонларидаги ва ундан кейинги даврлардаги кофирларга ўхшаб Аллоҳнинг динидан юз ўгириб, терс қараб кетмайдилар, балки улар худди ёш болаларга ўхшаб бармоқларини қулоқларига тиқиб, юзу кўзларини рўмоллар билан ўраб олишиб, Ҳақ йўлидан қайсарлик билан бош тортадилар. Бунга сабаб, Қуръони Карим бизларга ушбу сурада неча ўнг минг йиллар илгари ўтган, иккинчи Одам Ато ҳисобланмиш Нуҳ алайҳиссалом замонларидан, яъни башариятнинг айни гўдаклик палласидан ҳикоя қилмоқда. Қуръоннинг бу ажиб услуби, яъни, ҳар бир давр ҳақида айни ўша даврнинг руҳи — тили билан сўзлаши — тасвирлаши ҳам унинг илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир далолатдир. Зеро, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломдек хат-саводи бўлмаган бир киши ўзининг инсоний онг — шуури билан узоқ ўтмиш қаърига сингиб кетган қавм-қабилаларнинг ҳар бирини «ўз тили» билан сўзлата олиши мумкин бўлмаган бир ишдирки, бунга фақат барча замонларда ҳаёт ва барча нарсадан огоҳ бўлган азалий ва абадий Зот — Аллоҳ таологина қодирдир.","Сўнгра, мен уларни ошкора (яъни, одамлар тўпланган жойларда баланд овозда) даъват этдим.","Сўнгра мен уларга (ўз даъватимни) очиқ эълон ҳам қилдим, пинҳона сир қилиб ҳам айтдим.","Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган Зотдир.","(Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур.","Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур.","Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (яъни, Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?!","Ҳолбуки, У зот сизларни босқичма-босқич яратди-ку![2]###[2]Ушбу ва қуйидаги оятларда нима сабабдан бандалар Аллоҳ таолога ибодат қилишлари зарур эканлигига далиллар келтирилгандир. Аллоҳ таоло инсонларнинг диққат-эътиборларини аввало ўзларининг қандай яратилганларига қаратади. Дарҳақиқат, ҳар бир инсон она қорнида даставвал бир томчи сув бўлиб, сўнгра қуюқ қонга айланиб, кейин бир парча гўшт бўлиб, сўнгра унга жон ато этилиб ёруғ дунёга келиши ҳақида ўйлаган ҳар бир соғлом ақл ва тоза дил эгаси беихтиёр Яратганнинг қудратига-улуғлигига тасаннолар айтиб, У зотга сажда қилмай тура олмас. Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таолонинг қудрати нақадар чексиз-чегарасиз эканлигига очиқ далолат қилиб турган самовот ва ундаги сайёралар ҳақида сўз юритилади.","Аллоҳ етти осмонни қандай устма-уст қилиб яратганини;","Ва ойни улардаги нур-ёруғлик қилиб, қуёшни эса (нур сочгувчи) чироқ қилиб қўйганини кўрмадингларми?!","Аллоҳ сизларнинг (отангиз Одамни) Ердан ундириб-ўстирди (яъни, пайдо қилди).","Сўнгра (вафот қилганларингизда) У зот сизларни яна (ерга) қайтарур ва (Қиёмат қойим бўлганида) сизларни чиқариб олур!","Аллоҳ Ерни сизлар учун ёйиқ-текис қилиб қўйди.","— Сизлар ундаги кенг йўлларда юришларингиз учун (ёйиқ-текис қилиб қўйди)».","Нуҳ айтди: «Парвардигорим, дарҳақиқат, улар менга итоатсизлик қилдилар ҳамда (топган) мол-дунёси ва бола-чақаси ўзига фақат зиённи (яъни, куфр ва туғённи) зиёда қилган кимсаларга (ўзларининг бой-бадавлат бошлиқларига) эргашиб кетдилар».","У (бошлиқлари Нуҳга қарши) жуда катта макр-ҳийлалар қилдилар.","Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар! Вадни ҳам, Сувоъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ва Насрни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!», дедилар.[3]###[3]Бу оятда зикр қилинган бешта ном Нуҳ пайғамбар замонларидаги кофирлар сиғинадиган бут санамларнинг номидир. Улар Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватларига қулоқ солмай ўша бутларга сиғинганликлари учун ҳам тўфон балосига гирифтор қилиниб, ҳалок бўлганлар.","«Дарҳақиқат, улар (яъни, Нуҳ қавмининг бой-бадавлат бошлиқлари) кўп (кишилар)ни йўлдан оздирдилар. (Парвардигорим), бу золим кимсаларга фақат гумроҳликни зиёда қилгин», (деди Нуҳ).","Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар. Бас, ўзлари учун Аллоҳдан ўзга ёрдам бергувчиларни топмадилар (яъни, сиғинган бут-санамлари уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмадилар).","Нуҳ айтди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин.","Чунки Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар.","Парвардигорим, Ўзинг мени, ота-онамни, менинг уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират қилган, золим кимсаларга эса фақат ҳалокатни зиёда қилгин»!","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач, дедилар: «Дарҳақиқат, бизлар бир ажиб Қуръонни эшитдик.","Ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган (бир ажиб Қуръонни эшитдик) ва дарҳол унга иймон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз».[1]###[1]Саҳобалардан Ибн Аббос (Аллоҳ ундан рози бўлсин) гувоҳлик беришларича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Бомдод намозини ўқиётган чоғларида бир гуруҳ жинлар ҳозир бўлишиб, Қуръон оятларини тинглаганлар ва дарҳол унга иймон келтирганлар. Лекин Расулуллоҳ уларнинг келишганидан ҳам, Каломуллоҳга қулоқ тутишганидан ҳам бехабар эдилар. Қачонки ушбу сура нозил қилинганидан кейингина у зот бу воқеадан воқиф бўлдилар. Юқоридаги оятларда жинларнинг Қуръонни эшитишлари билан «бу башар сўзи эмас, балки илоҳий мўьжиза», деб иймон келтирганлари тўғрисида хабар берилишидан кўзланган мақсад, муфассирларнинг айтишларича, биринчидан, барча инсониятга Каломуллоҳ фақат инсонлар учунгина эмас, балки жинлар олами учун ҳам илоҳий кўрсатма бўлиб нозил қилинганини эълон қилиш бўлса, иккинчидан, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни шахсан танийдиган ва у кишининг хат-саводлари йўқ эканлигини ҳам жуда яхши биладиган Макка аҳлига — арабларга, ўзларининг тилларида нозил бўлган, фасоҳат-балоғатининг беназирлигидан саводсиз одам эмас, балки дунёдаги энг етук адиблар бирлашиб ҳам ёза олишлари имконсиз бўлган бир Китобга — ҳатто жинлар ҳам эшитибоқ иймон келтирган Каломуллоҳга улар (Макка аҳли) иймон келтирмаганлари учун танбеҳ-дашном беришдир. Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло мўмин жинлар тилидан ҳикоя қилишда давом этади.","«Албатта буюклиги юксак бўлган Парвардигоримиз бирон жуфт ва ё фарзанд тутган эмасдир.","Албатта бизларнинг ичимиздаги аҳмоқ (иблис) Аллоҳ шаънига («У зотнинг хотини ва боласи бор», деб) ноҳақ сўз айтар эди.","Албатта бизлар инс ҳам, жин ҳам Аллоҳ шаънига ҳаргиз ёлғон сўзламас, деб ўйлар эдик».[2]###[2]Бу сўзлар жинлар томонидан Аллоҳ таолога айтилган узрдир. Яъни, улар инсонлар ҳам, жинлар ҳам Аллоҳ шаънига ёлғон сўзни айта олмайди, деб ўйлаганлари учун жинлардан бўлган Иблис уларга «Аллоҳнинг хотини, боласи бор», деб иғво қилганида унинг сўзларига ишонганлари ва қачонки Қуръон оятларини эшитганларидан кейингина Аллоҳ таолонинг бирон шериги йўқ яккаю ягона Зот эканини билишиб, «Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз», деб онт ичганларини айтишиб узр сўрамоқдалар.","Албатта инсдан бўлган (айрим) кишилар жиндан бўлган кимсалардан паноҳ тилашиб, уларга янада ҳаддан ошишни — муттаҳамликни зиёда қилур эдилар».[3]###[3]Яъни, қадимда (ҳозир ҳам) айрим кимсалар бирон хилватроқ ерга бориб қўнмоқчи бўлсалар, ўша ернинг «эгалари» бўлган жинларнинг катталаридан паноҳ сўрар эдилар ва буни билган жинларнинг муттаҳамлиги янада зиёда бўлиб, «Мана бизлар фақат жинларга эмас, балки инсларга ҳам хожамиз», дейишиб ғурурланар эдилар. Ушбу оятда Қуръон бундай ақиданинг ботил эканлигини айтиб, жинлар ҳам худди инсонлар каби Аллоҳнинг бандалари эканликларини, бинобарин Аллоҳ таолонинг изни-иродасисиз ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмасликларини билдиради. Қуйидаги оятларда яна жинлар тилидан ҳикоя қилинади. Дастлабки оятда мўмин жинлар кофирларига хитоб қилиб, дедилар:","«Албатта улар (яъни, инсонларнинг кофирлари) ҳам худди сизлар гумон қилганингиздек, Аллоҳ ҳаргиз бирон кимсани қайта тирилтирмас, деб гумон қилдилар. (Яъни, сизларнинг гумонларингиз ҳам, уларнинг гумонлари ҳам нотўғридир. Чунки Қуръонда қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб бўлиши ҳақ экани тўғрисида айтилди ва бизлар бунга иймон келтирдик).","Албатта бизлар (фаришталарнинг сўзларини ўғринча эшитиб олиш учун) осмонга тақилган эдик, унинг кучли қўриқчи (фаришта)лар ва (ўғри жинларга отилгувчи учар) юлдузлар билан тўла эканлигини кўрдик.","Албатта бизлар (илгари осмондан айрим) жойларга (фаришталарнинг сўзларини ўғринча) эшитиб олиш учун ўтириб олар эдик. Энди ҳозир (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин) эса ким (яъни, қайси жин ўғринча) эшитар бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдузни кўрар.","Албатта бизлар Ердаги кишиларга (Аллоҳ томонидан) ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга тўғрилик — яхшиликни ирода қилганми, билмасмиз».[4]###[4]Мазкур оятлардан маълум бўладики, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом пайғамбар қилиб юборилишларидан илгари, жоҳилийят даврида жинлар осмон хабарларини ўғирлаб, айрим коҳин-фолбинларга етказиш билан машғул бўлар эканлар. (Бу ҳақда «Ҳижр» сурасининг 18-оятига берилган изоҳда батафсил айтилган эди). Аммо Ислом дини келиб, Қуръон нозил бўла бошлагач эса жинлар учун осмоннинг барча йўллари беркилган ва юқоридаги оятда жинларнинг ўзлари эътироф этишларича, улар Аллоҳ ердаги бандалари бўлмиш инсонларга нимани, яъни, яхшилик ё ёмонликни ирода қилишидан мутлақо бехабардирлар. Бас, жинлардан паноҳ тилаш ёки улардан нажот кутиш нодонликдан ўзга нарса эмасдир. Паноҳ ҳам, нажот ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидангина сўралиши лозимдир. Қуръон ушбу оятлари билан мўмин-мусулмонларни ҳар қандай ваҳму гумондан халос этади. Қуйидаги оятларда жинлар тилидан ҳикоя қилиш давом этилади.","«Албатта бизларнинг орамизда яхшилар ҳам бордир ва (шунингдек), орамизда ундоқ эмаслар (яъни, ёмонлар) ҳам бордир. Бизлар (Қуръонни эшитишдан илгари) бўлак-бўлак йўлларда эдик.","Албатта бизлар (Қуръонни эшитганимиздан сўнг) билдикки, Ер юзида ҳаргиз Аллоҳни ожиз қила олмасмиз (яъни, фақат Аллоҳ ирода қилган ишгина бўлур) ва У зотдан (яъни, Унинг жазосидан) қочиб ҳам қутула олмасмиз.","Албатта бизлар қачонки Ҳидоятни — Қуръонни эшитгач, унга иймон келтирдик. Бас, кимки Парвардигорига иймон келтирса, демак у (яхшиликларининг) камайиб қолишидан ҳам, (ёмонликларининг) ҳаддан ортиб кетишидан ҳам қўрқмас (яъни, Парвардигори унга ҳаргиз зулм қилмас, балки қилган ҳар бир амали учун муносиб жазо-мукофот ато этур).","Албатта бизларнинг орамизда мусулмонлар ҳам бордир ва (шунингдек), орамизда (йўлдан) озганлар ҳам бордир. Бас, кимки мусулмон бўлса, демак ана ўшалар Тўғри Йўлни мақсад қилиб олибдилар.","Энди (йўлдан) озганларга келсак, бас, улар жаҳаннам учун ўтин бўлган кимсалардир».[5]###[5]Мана шу оятга келиб, иймон келтирган жинлар тилидан қилинган ҳикоя ниҳоясига етди.","Албатта, агар улар (Тўғри) йўлда устивор турганларида, албатта Биз уларни мўл ёмғир билан суғорган бўлур эдик (яъни, уларга мўл-кўл ризқ ато этган бўлур эдик).","Уларни имтиҳон қилиш учун. Кимки Парвардигорининг зикридан — Қуръондан юз ўгирса, У зот уни қаттиқ азобга йўллар.","Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!","Албатта, қачонки Аллоҳнинг бандаси (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) У зотга дуо-илтижо қилган ҳолда турганида, улар (яъни, жинлар Қуръон эшитиш иштиёқида) унинг устига ғуж-ғуж бўлиб ёпирилишга яқин бўлдилар.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, динингиздан қайтишингизни талаб қилаётган кофирларга) айтинг: «Мен ёлғиз Парвардигоримгагина дуо-илтижо қилурман ва У зотга бирон кимсани шерик қилмасман».","Айтинг: «Албатта мен сизларга на бир зиён ва на бир тўғри йўл беришга эга эмасдирман, (Тўғри Йўлга солгувчи ҳам, зиён етказа олгувчи ҳам ёлғиз Аллоҳдир)».","Айтинг: «Албатта мени Аллоҳ(нинг азоби)дан (агар У зотга осийлик қилсам), бирон кимса ҳимоя қила олмас ва мен У зотдан ўзга паноҳ ҳам топа олмасман.","(Мен) фақат Аллоҳ томонидан етказишга ва У зотнинг элчилик вазифаларигагина (эгадирман). Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас, албатта унинг учун жаҳаннам олови бордир. (Ундай кимсалар) ўша жойда мангу қолурлар.","Энди қачон улар ўзларига ваъда қилинаётган азобни кўрганларида, бас, (ўша пайтда) кимнинг (яъни, уларнингми ёки мўминларнингми) ёрдамчиси ожизроқ ва саноғи ҳам озроқ эканини билажаклар!»","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, у кофирларга) айтинг: «Мен сизларга ваъда қилинаётган азоб яқинми ёки Парвардигорим унинг учун (узоқроқ) муҳлат қилганми, билмасман.","(У зот) ғайбни билгувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирон кимсани огоҳ қилмас.","Фақат Ўзи рози бўлган пайғамбарнигина (Ўзининг ғайбидан сир-асрорининг айримларидан огоҳ этар). Бас, албатта У (Аллоҳ Ўзининг ғайбидан огоҳ қилиб қўйган ҳар бир пайғамбарнинг) олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатгувчи (фаришта) йўллар.","Токи (пайғамбарлар) Парвардигорларининг элчилик вазифаларини (ўз умматларига) тўла етказганларини билиш учун (кузатгувчи фаришта йўллар). У зот (пайғамбарлар) ҳузуридаги бор нарсани (яъни, уларнинг илму амалларини) иҳота қилиб олгандир ва (коинотдаги) ҳар бир нарсанинг саноғини ҳисоб-китоб қилиб қўйгандир».","Эй (кийимларига) ўралиб олган зот,","кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг! Фақат озгина (ухлаб ором олинг).","Унинг (кечанинг) ярмида (ухлаб ором олинг) ёки (уйқуни кечанинг) ярмидан ҳам бир оз камайтиринг.[1]###[1]Ушбу оятларда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга кечанинг ярмини ёки учдан иккисини ёхуд учдан бирини бедор бўлиб тоат-ибодат билан ўтказиш ҳамда Қуръони Каримни шошмасдан, мазмун-моҳиятига эътибор бериб тиловат қилиш буюрилди. Бу оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида турли ривоятлар мавжуддир. Улардан бирида айтилишича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Қурайш кофирлари тўпланишиб Ислом динига ва Пайғамбарнинг ўзларига қарши ҳар хил макр-ҳийла режаларини тузишаётганидан хабар топгач, ғамгин бўлиб, кийимларига ўралган ҳолларида ётиб, энди уйқуга кетганларида, Жаброил фаришта мазкур оятларни келтириб, уларда Пайғамбаримизга ҳозир уйқу вақти эмаслиги, балки тунларни тоат-ибодат билан бедор ўтказиб, барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинаётган илоҳий Қўлланма — Қуръонни дона-дона қилиб ўқиб, кишиларга етказиш вақти эканлиги уқтирилади.","Ёхуд унга (бир оз) зиёда қилинг (яъни, кечанинг ярмидан кўпроғида ухлаб, истироҳат қилинг) ва Қуръонни тартил билан (яъни, дона-дона қилиб) тиловат қилинг!","Зеро, Биз сизга оғир Сўзни — Қуръонни туширажакмиз.","Албатта кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш (тун уйқу-ором вақти бўлгани сабабли) жуда оғир юкдир ва (лекин у пайтда кундузги безовталиклар бўлмагани учун) энг тўғри сўздир.[2]###[2]Тун сукунатида ибодат қилаётган киши Қуръонни ҳам адашмай тиловат қилади, дуо-илтижоларни ҳам ҳузури дил билан бехато қилади ва бу вақтда ўзгалар уйқу-ғафлатда бўлгани учун унинг қилган ибодати — ўқиган намози бериё, яъни ёлғиз Аллоҳ учун бўлади.","Албатта, сиз учун кундузи узун-тинимсиз машғулот бордир (шу сабабли кечалари бедор бўлиб ибодат қилинг).","Парвардигорингизнинг номини (мудом) ёд этинг ва Унга бутунлай берилиб, (чин ихлос билан бандалик қилинг)!","(У) машриқ ва мағрибнинг Парвардигоридир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, факат Унинг Ўзигина бордир. Бас, сиз (ўзингиз учун) Унигина вакил-ҳомий қилиб олинг!","Ва улар (мушриклар) айтаётган сўзларига (бераётган озорларига) сабр қилинг ҳамда уларни чиройли тарк этинг!","(Сизни) ёлғончи қилгувчи у аҳли неъмат-аҳли дунёларни менга қўйиб беринг ва уларга озгина (Қиёматгача) муҳлат беринг!","Зеро, Бизнинг даргоҳимизда (кофирлар учун тайёрлаб қўйилган) кишанлар ва (уларни куйдириб азоб бергувчи) олов-дўзах бордир!","Ва (томоққа) тиқилгувчи (йиринг ва қон каби) «таом» ҳамда аламли азоб бордир!","У Кунда Ер ва тоғлар титроққа тушар ва у тоғлар тўкилиб тургувчи қумтепаларга айланиб қолур!","(Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз худди Фиръавнга Пайғамбар юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар Қиёмат Кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир Пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни) юбордик.","(Ўшанда) Фиръавн (Мусо) Пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик).","Бас, агар сизлар кофир бўлсангизлар (ўз даҳшати билан) болаларни(нг сочларини оқартириб) чолларга айлантириб қўядиган Кун(нинг азоби)дан қандай сақланурсизлар!","У (даҳшатли Кун) сабабли осмон ҳам ёрилгувчидир! (Аллоҳнинг) ваъдаси амалга ошгувчидир!","Албатта ушбу (оятлар) бир эслатмадир. Бас, ким хоҳласа (бу насиҳатдан ибрат олиб) Парвардигорига йўл тутар.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Парвардигорингиз сиз ва сиз билан бирга бўлган кишилардан иборат тоифа (яъни, саҳобаларингиз гоҳо) кечанинг учдан иккисидан озроғида, (гоҳо) унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур. Кеча ва кундуз (соатлари)ни Аллоҳ белгилар. У зот (фасллар ўзгариши билан кечалар ҳам узун-қисқа бўлиб туриши сабабли сизлар у кечаларда бедор бўлишларингиз лозим бўлган соатларнинг) саноғига ета олмасликларингизни билиб, сизларга қайта енгиллик берди. — Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар. У зот сизларнинг орангизда (кечалари бедор бўлишга қуввати етмайдиган) беморлар бўлишини, бошқалар Аллоҳнинг фазл-марҳаматидан (ризқ-рўз) истаб Ер юзида (яъни, унинг турли томонларига) сафар қилишларини ва яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жангга чиқиб кетишларини билди. Бас, (ўзларингизни қийнамай Қуръондан) муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар. Ва намозни тўкис адо этинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ва (бечора мискинларга хайру саховат қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана беринглар! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган ҳар бир яхшиликни (Қиёмат Куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ ажр-мукофот ҳолида топурсизлар. Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.","Эй (либосларига) бурканиб олган зот,[1]###[1]Саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом юқоридаги оятлар нозил бўлиши хусусида шундай деганлар: «Мен бир куни йўлда кетаётиб осмондан бир овоз эшитдим. Бошимни кўтариб қарасам, баногоҳ мен Ҳиро ғорида эканлигимда олдимга келган фаришта осмон билан Ернинг ўртасида муаллақ бўлган бир курсида ўтирибди. Бу ҳолни кўриб қўрққанимдан ерга йиқилдим ва қалтираб-титраган ҳолимда уйга етиб келиб, «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар», дедим. Энди кўрпага бурканиб ётганимда, менга «Эй (либосларига) бурканиб олган зот», деб бошланган оятлар нозил бўлди».","Туринг-да, (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг!","Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг!","Либосларингизни пок тутинг!","Бутлардан йироқ бўлинг!","(Бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолингизда эҳсон қилманг!","Ёлғиз Парвардигорингиз (Юзи) учун (кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг!","Чунки қачон (Қиёмат қойим бўлгани ҳақида хабар бериб) бурғу чалинганида,","ана ўша Кун қийин Кундир!","Кофирларга осон бўлмаган (Кундир)![2]###[2]Ушбу оятларда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини зиммасидаги пайғамбарлик вазифасини сабр-тоқат билан адо этишга чорлаб, у зотга яқинда дин йўлига ғов бўлган кимсалар учун қийин бир Кун — Қиёмат келиши тўғрисида хабар берди. Энди қуйидаги оятларда ўша кофирлардан бири бўлган Валид ибн Муғийранинг Қуръон ва Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга қарши қилган кирдикори ва у топажак оқибат ҳақида сўз боради.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Мен сўққабош ҳолида яратган кимсани Ўзимга қўйиб беринг!","Мен унга кенг-мўл мол-давлат,","ва (доимо ёнида) ҳозиру нозир ўғилларни (ато) қилдим.","Яна унга (ҳаётнинг барча неъматларини) қулай-осон қилиб қўйдим.","Сўнгра у яна зиёда қилишимни тамаъ қилур.","Йўқ, (унинг тамаъси беҳудадир)! Чунки у Бизнинг оятларимизга қаршилик қилгувчидир.","Яқинда Мен уни бир харсанг тошга (яъни, ўтиб бўлмас тўсиққа) дучор қилажакман!","Чунки у (Қуръонни эшитгач, бу илоҳий Китобга қандай туҳмат қилиш тўғрисида) ўйлади, режа тузди.","Ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?!","Яна ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?!","Сўнгра у (ўйлаган режаларига) қаради.","Сўнгра (Қуръондан бирон айб топа олмагач, пешонасини) тириштирди ва (афтини) буриштирди.","Сўнгра (Ҳақдан) юз ўгирди ва кибр-ҳаво қилди.","Бас, у: «Бу (Қуръон Аллоҳнинг сўзи эмас, балки) фақат (аввалгилардан нақл қилинаётган бир сеҳрдир.","Бу фақат башарнинг сўзидир», деди.","Яқинда Мен уни Сақарга (жаҳаннамга) киритажакман!","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Сақарнинг нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз.","У (бирон кофирни) қолдирмас — қўймас (балки куйдириб ҳалок қилур)!","(У беш юз йиллик масофадан) инсонларга яққол кўриниб тургувчидир.","Унинг устида ўн тўққиз (фаришта қўриқчилик-эгалик қилур).","Биз фақат фаришталарни дўзах эгалари-қўриқчилари қилдик ва Биз фақат кофир бўлган кимсаларни синаш учун у (фаришта)ларнинг саноғини (ўн тўққизта) қилдик. Токи китоб берилган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар ўзларининг илоҳий китоблари бўлмиш Таврот ва Инжилда ҳам дўзах қўриқчилари бўлган фаришталар саноғи ўн тўққизта экани айтилганини кўриб Қуръоннинг Аллоҳ томонидан нозил қилинган Ҳақ Китоб эканлигини) аниқ билгайлар ва иймон келтирган зотларнинг иймонлари эса янада зиёда бўлгай ҳамда китоб берилган кимсалар ҳам, мўминлар ҳам (дўзах қўриқчиларининг саноғи тўғрисида) шак-шубҳа қилмагайлар. Ва токи дилларида мараз (мунофиқлик) бўлган кимсалар ва кофирлар: «Буни мисол қилиш билан (яъни, фаришталар саноғини ўн тўққизта қилиш билан) Аллоҳ нима демоқчи?», дегайлар. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни мана шундай йўлдан оздириб қўюр ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Парвардигорингизнинг қўшинларини (яъни, фаришталарнинг қанча ададда ва қандай сифатда эканликларини) ёлғиз Унинг Ўзигина билур. У (яъни, ушбу оятларда таърифланган жаҳаннам) фақат инсонлар (панд-насиҳат олишлари) учун бир эслатмадир.","Дарҳақиқат, Ойга қасам,","Ўтиб кетган тунга қасам,","Ёришиб келаётган тонгга қасамки,","Албатта у (жаҳаннам) чўнг (бало)лардан биридир.","(Барча) инсонлар учун огоҳлантиргувчи (бўлган чўнг балолардан биридир).","— Сизларнинг орангизда (яхшилик ва тоат-ибодат томонга) илгарилаётган ёки (куфру исён томонига) чекинаётган кишилар учун (огоҳлантиргувчи бўлган чўнг балолардан биридир).","Ҳар бир жон ўзи (ҳаёти-дунёда) касб қилган амали сабабли (дўзахда) ушлангувчидир.","Фақат ўнг қўл эгаларигина (яъни, ҳаёти-дунёда иймон келтирганлари ва эзгу амаллар қилганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи аъмоллари ўнг қўлларидан берилган саодатманд зотларгина дўзахдан) нажот топгувчидирлар.","Улар жаннатларда бир-бирлари билан савол-жавоб қилишурлар.","(Дўзахга ташланган) жиноятчи-кофир ҳақида.","(Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?», (деганларида),","Улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқигувчилардан бўлмадик.","Мискин-бечорага таом бергувчи ҳам бўлмадик.","Бизлар (ботил-беҳуда сўзларга) шўнғигувчи кимсалар билан бирга шўнғир эдик (яъни, Қуръон ва пайғамбар хусусида туҳмат-ёлғонлар тўқир эдик).","Бизлар Жазо — Қиёмат Кунини ёлғон дер эдик.","То бизларга аниқ (ўлим) келгунича».","Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас![3]###[3]Яъни Қиёмат Кунида ҳаёти-дунёдан кофир бўлиб ўтган кимсалар ўзлари учун бирон оқловчи топа олмаслар ва агар фаразан Ер юзидаги барча одамлар уларни оқлаган тақдирда ҳам бу оқлов уларга фойда бермас! Юқоридаги оятларда кофирлар топадиган оқибат зикр қилинди. Энди қуйидаги оятларда уларнинг Ҳақдан юз ўгиришлари тўғрисида бир ибратли мисол келтирилади:","Нега улар бу Эслатмадан — Қуръондан юз ўгирадилар-а?!","Худди ёввойи эшакларга,","Шердан қочган (ёввойи эшакларга ўхшаб Қуръондан юз ўгирадилар-а?!)","Йўқ, (улар ҳеч қачон Қуръон оятларига қулоқ тутмаслар, балки) улардан ҳар бир кимса ўзига очиқ саҳифалар берилишини истар![4]###[4]Макка мушриклари Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга: «Токи сен бизларнинг ҳар биримизга осмондан алоҳида саҳифа келтирмагунингча ва бу саҳифада ҳар биримизга Аллоҳ томонидан сенга эргашиш буюрилганини ўқиб кўрмагунимизча, сенга иймон келтирмаймиз», деганларида, ушбу ояти карима нозил бўлди.","Йўқ, (уларнинг кофир бўлишларига сабаб, асло уларга очиқ саҳифалар берилмагани эмас), балки улар Охират(га иймон келтирмайдилар ва унда бўладиган азоб-уқубат)дан қўрқмаслар (ва шу сабабдан Қуръондан юз ўгирурлар).","Ҳа, албатта у (Қуръон) бир эслатмадир.","Бас, хоҳлаган киши ундан эслатма-ибрат олур.","Улар ёлғиз Аллоҳ хоҳлаганидагина (Қуръондан) эслатма-ибрат олурлар. У (Аллоҳ) тақво эгасидир (яъни, бандалари Ундан тақво қилишлари — қўрқишлари лозимдир) ва (У Аллоҳ тақво қилгувчи бандалари учун) мағфират Эгасидир.","Мен Қиёмат Кунига қасам ичурман.","Ва Мен маломатгўй нафсга қасам ичурманки, (ҳеч шак-шубҳасиз, қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар)![1]###[1]Ушбу ояти каримадаги «маломатгўй нафс» ўз эгаси Аллоҳ таолога ибодат қилишда қосирлик-бепарволик қилса, маломат қиладиган нафсдир. Умуман, Қуръонда нафс калимаси уч хил сифат билан келади: 1. Нафси аммора (ёмонлик-гуноҳга) буюргувчи нафс (Юсуф сураси, 53-оят); 2. Маломатгўй нафс; 3. Хотиржам-сокин нафс (Фажр сураси, 27-оят).","Инсон Бизни унинг (чириб, тупроққа айланиб кетган) суякларини ҳаргиз тўплай олмас, деб гумон қилурми?!","Йўқ, Биз унинг бармоқларини (ҳам) тиклаб жойига келтиришга қодир бўлган Зотдирмиз![2]###[2]Аллоҳ таоло Қиёмат Кунида ҳар бир инсоннинг бармоқларигача тиклаб — асл ҳолига келтириши ҳақидаги хабардан икки нарсани уқиш мумкин: Биринчидан, шундай кичик нозик бармоқларни тиклашга қодир бўлган Зот бошқа суяк-сўнгакларни ҳам тиклай олиши шубҳасиздир. Иккинчидан, Қиёмат қойим бўлганида ҳар бир банда ҳаёти-дунёда қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларига жавоб берар экан, унинг бармоқлари бутун бўлиши ўта муҳимдир. Чунки дунёдаги ҳеч бир кишининг бармоқ изи иккинчи кишининг бармоқ изига ўхшамайди. (Бу ҳақиқатни илм-фан ўрганиб, исботлашидан неча аср илгари Қуръони Карим бир оғиз сўз билан айтиб қўйганининг ўзи барча инсонни ҳар бир бармоғигача яратган ҳам, ушбу азиз Китобни юборган ҳам ёлғиз Аллоҳ эканига очиқ далолатдир)! Бинобарин, қилинган барча эзгулик ҳам, ёмонлик ҳам адолат тарозусида тортилиб, ўзининг мукофот ёки жазосини оладиган Кунда ҳар бир бармоқ ўз эгасининг ҳаёти-дунёда қилиб ўтган қилмишларига жонли гувоҳ бўлиши шубҳасиздир.","Балки инсон олдинда (келгуси ҳаётида ҳам) фисқ-фужур (гуноҳ амалларни) қилмоқни истаб:","«Қиёмат Куни қачон ўзи?», деб сўрар?![3]###[3]Иймонсиз кимсаларни ёмон амаллар қилишдан қайтарилса, улар ўзлари ўрганиб қолган фисқ-фужурларидан ажралгилари келмасдан «Қиёматгача ҳали жуда узоқ, кексайганимизда қилган гуноҳларимизга тавба-тазарру қилиб оламиз», дейдилар, (Худди қўлларида то кексайиб, тавба қилгунларича ўлмаслик ҳақида васиқалари бордек)! Қуйидаги оятларда ана шундай кимсаларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволи тасвирланади.","Бас, (кўрган даҳшатларидан) кўз қамашиб,","(осмондаги) ой ҳам тутилган ҳолда","қуёш ва ой бирлаштирилган вақтда,","— ана ўша Кунда у инсон «(у бало-офатлардан) қаерга қочиб-қутулиш мумкин?», деб қолур!","Йўқ! (Эй инсон, Аллоҳнинг азобидан қочиб қутуладиган) бирон бошпана йўқдир!","У Кунда ёлғиз Парвардигоринг (ҳукм қилган жой)га қарор топишгина бордир!","У Кунда инсонга (ҳаёти-дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларнинг (яъни, яхши-ёмон амалларнинг) хабари берилур.","Балки (У Кунда) инсон(нинг барча аъзолари) ўзининг зиёнига гувоҳлик бергувчидир!","Гарчи ўз узр-баҳоналарини (ўртага) ташласа — келтирса-да, (унинг барча аъзолари ўзининг зиёнига гувоҳлик бергувчидир!)[4]###[4]Яъни инсон ҳаёти дунёдалик пайтида ҳар қандай ҳакамни ўз тили-нутқи билан алдаб кетиши мумкин, аммо Қиёмат Кунида — ёлғиз Аллоҳ таоло ҳакам бўлган пайтида инсоннинг нотиқлиги бекор-бефойда бўлиб қолади. Чунки у Кунда инсон ўзини оқлаш учун қандай сабаб-баҳоналар топмасин, Аллоҳ таоло томонидан унинг баданидаги барча аъзоларига тил ато этилиб, улар ўз эгаларининг қилиб ўтган гуноҳларига гувоҳлик берадилар. Мазкур оятларда Қиёмат Куни ва инсоннинг у Кундаги аҳволи тасвирлангач, энди сўз Қуръонга ва унинг оятларини Жаброил фариштадан қабул қилиб олиш тариқасига кўчади. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ўзларига ваҳий нозил бўлаётган пайтда бирон калима ёдларидан чиқиб қолмаслиги учун лабларини қимирлатиб — такрорлаб турар эдилар. Ушбу оятларда у зотга бундай қилишнинг ҳожати йўқ эканлиги уқтирилди.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг.","Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир.","Бас, қачон Биз (яъни, Жаброил фаришта) уни (яъни, ҳар бир ваҳийни) ўқиб битганимиздан сўнггина сиз ҳам уни ўқишга эргашинг!","Сўнгра уни — Қуръонни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир.[5]###[5]Яъни, Аллоҳ таоло Ўз каломидаги тушуниб етиш мушкул бўлган айрим оятларни Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга англатиш кафолатини ҳам Ўз зиммасига олиб, пайғамбаримизни хотиржам қилмоқда. Мана шу оятлар келгач, Расулуллоҳ ваҳий нозил бўлаётган вақтда бошларини қуйи солиб, хомуш ўтирадиган ва қачонки ваҳий келтирган Жаброил алайҳиссалом кетганларидан сўнггина нозил қилинган оятларни ўқийдиган бўлдилар. Қуйидаги оятларда сўз яна Қиёмат Кунини ёлғон дегувчи кимсаларга ва у Куннинг аҳволини тасвирлашга қайтади.","Йўқ, (эй Макка мушриклари, сизлар гумон қилгандек қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб йўқ нарсалар эмасдир)! Балки сизлар нақд (дунё)ни яхши кўрурсизлар.","Охират (Куни)ни эса тарк қилурсизлар (яъни, Охират учун амал қилмайсизлар)!","У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб,","Парвардигорларига боқиб тургувчидир![6]###[6]Дарҳақиқат, аҳли жаннат учун Парвардигорнинг дийдорига етишдан суюклироқ бирон нарса йўқдир. Шунинг учун ҳам Яратганга боқар эканлар, уларнинг юзлари янада яшнаб, мунаввар бўлиши табиий ҳолдир. Саҳиҳул-Бухорийда ворид бўлган мана бу ҳадиси шариф ҳам мазкур ояти карима мазмунини таъкидлайди: «Албатта сизлар яқинда Парвардигорингизни худди мана шу тўлин ойни кўриб турганингиздек очиқ-аён кўрурсизлар».","Ва у Кунда (кофирларнинг) юзлари буришиб,","ўзларига албатта белни синдиргувчи (бирон бало) қилинишини ўйлаб-кутиб қолур![7]###[7]Ушбу оятларда Қиёмат Кунида кишилар албатта икки гуруҳга — саодатмандлар ва бадбахтларга бўлинишлари ҳақида хабар берилгач, қуйида инсонларнинг дунё ҳовлисидан Охират диёрига кўчишлари — жон таслим қилиш соатлари ғоят жонли лавҳаларда тасвирланади.","Дарҳақиқат, (жон) ҳалқумга етган,","(вафот қилаётган кимсанинг атрофидагилар томонидан): «Дам солиб-ўқиб қўйгувчи бирон киши борми?», деб қолинган,","(жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу ҳолатнинг ҳаёти-дунёдан) ажралиш эканини англаган,","ва (жон бериш қийинлигидан) оёқ оёққа чалмашиб қолган бир вақтда,","— ана ўша кунда ёлғиз Парвардигорингиз (ҳузури)га ҳайдалиш бордир![8]###[8]Дунёда яшаш соати битиб, ажали етган ҳар бир киши топган бола-чақасини ҳам, мол-давлатини ҳам, шаъну-шавкатини ҳам тарк этиб, ёлғиз ҳолда Аллоҳ таоло ҳузурига ҳайдалиши бор экан, демак у Яратганга ёруғ юз билан рўбарў бўлиш учун ҳаёти-дунёдаги ҳар бир лаҳзасини иймон-эътиқод ва эзгу амаллар қилиш билан ўтказиши лозим. Аммо калтабин инсон эса...","На (Қуръон ва пайғамбарни) тасдиқ этди ва на намоз ўқиди!","Балки у (Қуръонни) ёлғон деди ва (иймондан) юз ўгирди!","Сўнгра (мана шу қилмишларидан уялиш ўрнига) гердайганича ўз аҳли томон кетди!","(Эй кўрнамак инсон), ўлим бўлсин сенга, ўлим!","Сўнгра яна ўлим бўлсин сенга, ўлим!","Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, Охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?!","Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?!","Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди.","Сўнг ундан эркак ва аёл жуфтларини (пайдо) қилди.","Ана шу (Аллоҳ) ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?! (Албатта Аллоҳ бунга қодирдир)!","Аниқки, инсоннинг устига замондан у тилга олгулик бир нарса бўлмаган вақт-муддат ҳам келгандир.[1]###[1]Ушбу ояти каримани муфассирлар икки хил тафсир қилганлар. Биринчи тафсир: Аллоҳ таоло Ер юзидаги барча мавжудотни ва ундаги ҳаёт кечиришга қулай мувофиқ иқлимни Инсон учун яратгандир. Лекин Аллоҳ мана шу оламни яратганидан то Одам алайҳиссаломни яратиб, унга жон ато этгунича орадан ўтган узун бир муддатда инсон исмли, Яратганнинг Ер юзидаги халифаси бўлгувчи жонзот дунёга келиши зикр қилинмаган — тилга олинмаган эди. Иккинчи тафсир: Одамзот она қорнида пайдо бўлганидан тортиб, то инсон шаклига кириб, унга жон ато этилгунича ўтадиган муддатда уни аввал нутфа, сўнг лахта қон, кейин бир парча гўшт деб номланади-ю, аммо уни ҳали инсон дейилмайди. Аниқки, ҳар бир инсон то онадан таваллуд топгунича мана шу савдоларни ўз бошидан ўтказгандир.","Дарҳақиқат, Биз инсонни (вояга етганидан сўнг шариат таклифлари билан) имтиҳон қилгувчи бўлган ҳолимизда (оталик ва оналик сувларидан) аралаш бўлган нутфадан яратдик. Бас, уни (Бизнинг оятларимизни тинглаши ва оламдаги Бизнинг борлигимизга далолат қилиб турган аломатларни кўриши учун) эшитгувчи, кўргувчи қилиб қўйдик.","Дарҳақиқат, биз уни (инсонни) хоҳ у шукр қилгувчи-мусулмон бўлсин ва хоҳ кўрнамак-кофир бўлсин (тўғри) йўлга ҳидоят қилдик (яъни, шукр қилгувчилар Биз уларни ҳидоят қилган Тўғри Йўлни — Ҳақ динни маҳкам тутадилар, кўрнамак кимсалар эса ўзларига кўрсатилган Тўғри Йўлдан юз ўгириб кетадилар).","Албатта Биз кофирлар учун занжиру кишанларни ва (дўзах) алангасини тайёрлаб қўйгандирмиз!","Албатта (ҳаёти-дунёдан Аллоҳ таолонинг амру фармонларига итоат қилиб ўтган) яхшилар (жаннатда) мизожи-аралашмаси кофур майкосалардан (май) ичурлар.","(Улар) Аллоҳнинг (яхши) бандалари ичадиган (жаннатий) чашма бўлган майкосалардан (май) ичурлар. Улар у (чашмани ўзлари хоҳлаган жойдан) чиқариб-оқизиб олурлар.","Улар (ҳаёти-дунёда ўз зиммаларига олган) назрларини тўла адо қилурлар ва ёмонлик-даҳшатлари кенг ёйилгувчи бўлган (Қиёмат) кунидан қўрқурлар.","Ва таомни суюб-хоҳлаб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни таомлантирурлар.","(Улар айтурлар): «Биз сизларни ёлғиз Аллоҳнинг Юзи учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз — кутмасмиз.","Албатта бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (даҳшатли азобидан юзлар) тиришиб, буришиб қолгувчи бир Кундан қўрқурмиз».","Бас, Аллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва улар(нинг юзлари)га жилва — нур, (дилларига) сурур бахш этди.","Ва уларни сабр-қаноатлари сабабли жаннат ва (жаннатда эгниларида бўладиган) ипак (либослар) билан мукофотлади.","Улар у жойда сўриларга ястанган ҳолларида ўтирурлар. Улар у жойда қуёш(нинг қизиғи)ни ҳам, замҳарир (қишнинг совуғи)ни ҳам кўрмаслар.","(Жаннат) соялари уларга яқин ва мевалари ҳам (узиб тановул қилиш осон бўлсин учун) эгиб қўйилган бўлур.","Уларга кумуш идишлар(да таомлар) ва шиша қадаҳлар(да шароблар) айлантирилиб турилур.","Улар ўзи кумушдан (ясалган бўлса-да нафислигидан шиша-шиша бўлиб кетган қадаҳлардир). (У шаробларни соқийлар ҳар кимнинг эҳтиёжига яраша) ўлчаб-белгилаб қўйгандирлар.","(Жаннат аҳли) у жойда мизожи-аралашмаси занжабил бўлган майкосалар билан суғорилурлар.","(Жаннатларидаги) салсабил-ўтимли деб аталадиган чашма (билан суғорилурлар).","Уларнинг устида мангу ёш (яъни, ҳеч қаримайдиган) болалар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрган вақтингизда (гўзалликлари, рангларининг тиниқлиги ва юзларининг нурлилигидан) сочиб юборилган марваридларми, деб ўйларсиз.","У жойда қачон қарасангиз, ноз-неъматларни ва катта мулку-давлатни кўрурсиз.","Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безангандирлар ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир.","Албатта бу (жаннат ва ундаги ноз-неъматлар) сизлар учун мукофот бўлди.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Бизнинг ўзимиз сизга бу Қуръонни бўлиб-бўлиб нозил қилдик.","Бас, сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига сабр қилинг ва улардан (кофирлардан) бирон гуноҳкор ё кўрнамакка итоат қилманг!","Ва эрта-ю кеч Парвардигорингизнинг номини зикр қилинг!","Яна кечанинг бир қисмида ҳам У зотга сажда қилинг ва тунда узоқ (бедор бўлиб) У зотга тасбеҳ айтинг!","Албатта ана у (кофир)лар нақд (дунё)ни суюрлар ва ортларидаги оғир Кунни (Қиёматни) эса тарк қилурлар (яъни, у Кун учун бирон амал қилмаслар).","Биз уларни яратдик ва (барча) аъзоларини мустаҳкам қилдик ва хоҳлаган вақтимизда (уларни ҳалок қилиб, ўринларига) ўзларига ўхшаганларни алмаштириб қўюрмиз.","Албатта бу (сура) бир панд-насиҳатдир. Бас, ким хоҳласа (бу панд-насиҳатни қабул қилиб), Парвардигори томонга йўл тутур.","(Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина (У зот томонга йўл тутишни) хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас). Албатта Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.","У Ўзи хоҳлаган кишиларни (яъни, мўминларни) Ўз раҳматига — жаннатига киритур. Золимлар учун эса аламли азобни тайёрлаб қўйгандир.","Пайдар-пай юбориладиган (шамол)ларга,","қутурадиган (бўрон)ларга қасам;","(Булутларни Аллоҳ хоҳлаган томонларга) ёйиб юборадиган,","(ҳақ билан ботилни ва ҳалол билан ҳаромни) ажратиб берадиган,","эслатма-ваҳий олиб тушадиган,","(мўмин бандаларни) узр-мағфират қилиш учун ё (кофирларни Охират азобидан) огоҳлантириш учун (ваҳий олиб тушадиган фаришта)ларга (яъни, юқорида мазкур бўлган барча нарсаларга) қасамки,","ҳеч шак-шубҳасиз, сизларга ваъда қилинаётган нарса (Қиёмат ва ҳисоб-китоб) воқеъ бўлгувчидир!","Бас, қачон юлдузлар (нурлари сўниб) ўчирилгач;","Ва қачон осмон (қобиғи) ёрилиб-очилгач;","Ва қачон тоғлар (қумлар каби) сочилгач;","Ва қачон пайғамбарларга (уларни ёлғончи қилган қавмлари билан ҳисоб-китоб қилишлари учун) белгиланган вақт келгач, (ана ўша вақтда ваъда қилинган Қиёмат қойим бўлур)!","(Пайғамбар ўз қавмлари билан ҳисоб-китоб қилишлари) қай Кунга белгиланган эди?","(Ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кунга (белгилангандир)!","(Эй инсон), сен (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кун нима эканлигини қаердан ҳам билурсан?!","У Кунда (ўша Кунни) ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!","Ахир Биз аввалги (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган уммат)ларни ҳалок қилмадикми?!","Сўнгра кейинги (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломни ёлғончи қилгувчи Макка кофирлари ва бошқа)ларни ҳам уларга эргаштирурмиз!","Биз барча жиноятчи-кофирларни мана шундай (ҳалок) қилурмиз!","У Кунда ўша Кунни ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!","Ахир Биз сизларни бир ҳақир сувдан яратмадикми?!","Сўнг у (сувни-нутфа)ни мустаҳкам қароргоҳда (она қорнида барқарор) қилиб қўймадикми?!","Маълум муддатгача (яъни, ой-куни етиб туғилгунича она қорнида барқарор қилиб қўймадикми?!)","Бас, Биз (бир томчи сувни комил инсон қилиб яратишга) қодир бўлдик. Нақадар қудратлидирмиз![1]###[1]Ушбу оятларда яна қайта тирилиш масаласи баён қилинди. Мана бу ҳадиси қудсий ҳам юқоридаги оятларга муносиб тафсирдир. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом бир куни кафтларига тупурдилар-да, саҳобаларга бармоқлари билан ўша тупукни кўрсатиб дедилар: «Аллоҳ таоло айтур: «Эй одам боласи, ахир Мeн сени худди мана шунга ўхшаган бир томчи сувдан яратдим-ку! Бас, сен Мендан (яъни, Қиёмат Куни Менинг ҳузуримга йиғилиб, ҳисоб-китоб беришдан) қаёққа ҳам қочиб қутула олар эдинг?!»","У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!","Ахир Биз Ерни йиғгувчи қилиб қўймадикми?!","Тирикларни ҳам, ўликларни ҳам (йиғгувчи қилиб қўймадикми?!)[2]###[2]Мазкур оятлардан заминни беҳуда она дейилмаслиги маълум бўлади. Зеро, у тирикларни ўз елкасида — устида кўтариб турса, ўликларга ўз қучоғидан жой беради.","Яна Биз (ерда) баланд тоғларни (пайдо) қилдик ва сизларни (ўша тоғлардан оқиб тушадиган) чучук-тотли сув билан суғордик.","У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай.","(У Кунда кофирларга дейилур): «Сизлар (ҳаёти-дунёдалик пайтингизда) ёлғон дегувчи бўлган нарсага (ҳисоб-китоб ва дўзах азобига) боринглар!","(Жаҳаннамда ёнаётган дўзахилардан кўтарилаётган бадбуй тутундан иборат, осмонга ўрлаган сари бўлиниб кетган) уч бўлакли «соя»га боринглар!","Ҳеч қандай салқинлик бермайдиган ва (дўзах) алангасини ҳам тўсмайдиган («соя»га боринглар!)»","Дарвоқеъ, у (жаҳаннам ҳар томонга ҳар бири) қасрдек учқунларни отиб турур!","Худди сариқ туяларга ўхшаган (учқунларни отиб турур!)","У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлғай!","Бу (Кун) улар сўзлай олмайдиган","Ва улар учун узр айтишларига ҳам изн берилмайдиган Кундир!","У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!","Бу (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кундир! (Эй бу Кунни ёлғон дегувчи кимсалар, мана) Биз сизларни ҳам, аввалги (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган)ларни ҳам жамладик.","Мана, агар сизлар учун (дўзахдан қутқарадиган) бирон найранг бўлса, Менга ўша найрангларингизни кўрсатинглар-чи?","У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!","Тақводор зотлар эса (У Кунда) албатта соя-салқинлар ва чашмаларда,","Ва кўнгиллари тусаган мева-чевалар устидадирлар.","(Уларга дейилур): «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли (ушбу жаннат ноз-неъматларини) пок билиб еб-ичаверинглар».","Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.","У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!","(Эй кофирлар) озгина вақт (яъни, тўрт кунлик дунёда ақлсиз ҳайвонлардек) еб, фойдаланиб қолинглар! Албатта сизлар жиноятчидирсизлар!","У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!","Қачон уларга: «Рукуъ қилинглар, (яъни, намоз ўқинглар)», дейилса, рукуъ қилмаслар!","У Кунда (ўша Кунни) ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!","Ахир улар (Қуръондан) кейин (яъни, беназир илоҳий мўъжиза бўлган шундай азиз Китобга иймон келтирмасдан) қандай сўзга-китобга иймон келтирурлар?!"]