["Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди. Ийсо бинни Марямга ҳужжатлар бердик ва уни Руҳул-Қудс (Жаброил) билан қувватлантирдик. Агар Аллоҳ хоҳлаганда у пайғамбарлардан кейин ўтган одамлар ҳужжатлар келганидан кейин уришишмаган бўлардилар. Аммо улар ихтилоф қилдилар. Бас, уларнинг орасида мўминлар ҳам бор, кофирлар ҳам. Агар Аллоҳ хоҳлаганда уришишмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишини қилади.[50]###[50]Пайғамбарлар ичида Аллоҳ бевосита сўзлаган, Мусо ва Муҳаммад — алайҳимас-салоту вас-салом — каби пайғамбарлар бор. Бу оятда Аллоҳ азза ва жаллага калом (сўзлаш) сифатини Унинг улуғлигига лойиқ тарзда исбот қилиш бор.","Эй мўминлар, на олди-сотди, на ошна-оғайнигарчилик ва на шафоат — қўллов бўлмайдиган Кун келишидан илгари ҳаёти дунёда сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ-эҳсон қилинглар! Кофир бўлган кимсаларгина зулм қилгувчилардир.","Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ. Фақат Унинг Ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир. Уни на мудроқ, на уйқу олмайди. Самовот ва Ердаги бор нарсалар Унингдир. Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди. У уларнинг (барча одамларнинг) олдиларидаги ва орқаларидаги бор нарсани билади. Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг курсиси осмонлар ва Ердан кенгдир. Ва уни осмонлар ва Ерни ҳифзу ҳимоятда сақлаб туриш қийнамайди. У энг юксак ва буюкдир.","Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.[51]###[51]Ушбу дин ғоят комил ва оят-аломатлари аниқ-равшан бўлганидан жизя тўлаб туришни истаган кишиларни унга мажбурлаб киритишга эҳтиёж йўқ, далил-ҳужжатлар ҳақ ботилдан, ҳидоят залолатдан ажралиб турадиган даражада аниқ-равшандир.","Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик — нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар кофирларни ёруғлик-нурдан қоронғу-зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар.","Аллоҳ подшоҳлик берганидан ҳовлиқиб Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсанинг (Намруднинг) ҳоли-хабарини билмадингизми? Қайсики Иброҳим: «Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган зотдир», деганида, у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим айтди: «Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради. Сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?» Шунда бу кофир довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди.[52]###[52]Подшоҳ Намруд Иброҳим алайҳиссаломга: «Сен бизларни даъват қилаётган Парвардигоринг қандай зот?» деганида Иброҳим пайғамбар айтдилар: «Парвардигорим ўз бандаларига жон бериб, жон олгувчидир». Шунда Намруд: «Бу менинг ҳам қўлимдан келади», деб икки кишини келтирди-да, бирини ўлдириб, яна бирини қўйиб юборди. Иброҳим алайҳиссалом унинг аҳмоқлигини кўргач, дедилар: «Менинг Парвардигорим қуёшни шарқдан чиқаради. Агар сен чиндан ҳам қудрат эгаси бўлсанг, уни ғарбдан чиқаргин-чи?!» Ана шундагина Намруд жавоб тополмай лол бўлиб қолди.","Ёки бир зот (Узайр пайғамбар) ҳақидаги масални (билмадингизмики), у зот томлари йиқилиб ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: «Аллоҳ бу хароб бўлган қишлоқни қандай тирилтирар экан-а?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб сўради: «Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?» «Бир кун ё ярим кун», деди у. Аллоҳ деди: «Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара — бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин. (Бу ҳодисани Аллоҳнинг қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят — ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин». Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: «Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан», деди.","Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Иброҳим: «Парвардигор, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсат», деганида, Аллоҳ: «Ишонмаганмидинг?», деди. Иброҳим айтди: «Йўқ, ишонаман-ку, лекин дилим яна ҳам таскин топиши учун». Аллоҳ айтди: «Тўртта қушни олиб, ўз олдингга тўплагин (ва уларни бош, оёқ, қанот ва патларини тортиб-узиб, сўнгра бир-бирларига аралаштириб), кейин (атрофдаги тоғлардан) ҳар бир тоғнинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, сенинг олдингга дарҳол келадилар. Билгилки, Аллоҳ шубҳасиз, қудратли ва ҳикматлидир».","Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда.) Аллоҳ истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир.","Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, сўнгра берган нарсаларига миннат ва озорни эргаштирмайдиган зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида улуғ ажр бордир. Улар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.","Яхши гап ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан яхшироқ. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир.","Эй мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва Охират Кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! Зеро, унинг (риёкорнинг) мисоли худди бир устини чанг-тупроқ қоплаб олган силлиқ тошга ўхшайдики, унга шаррос қуйган ёмғир теккан-да қаттиқ-силлиқ тошлигича қолдирган. (Ундай риёкор) мунофиқлар яхши амаллар қилдик, деб ҳисоблайдилар, аммо Қиёмат Кунида топган ва сарфлаган дунёларидан ҳеч нарсага эга бўлмайдилар. Аллоҳ кофирларни ҳидоят қилмайди.","Молларини Аллоҳнинг ризолигини истаб ва дилларида мустаҳкам ишонч билан сарф қиладиган зотларнинг мисоли худди адирликдаги шаррос қуйган ёмғир теккач, ҳосилини икки баробар қилган боққа ўхшайди. Энди агар унга шаррос қуйган ёмғир тегмаган бўлса, майдалаб ёққан ёмғир ҳам кифоя қилади. Аллоҳ қилаётган амалингизни кўргувчидир.","Сизлардан биронтангиз тагларидан дарёлар оқиб тургувчи, хурмо-ю узумлари бор, ҳар турли меваларга тўла боғи бўлиб, кексайиб нимжон болалари билан қолган пайтида ўша боғини ўтли бўрон уриб, ёниб битишини истайдими? Шундай қилиб, тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён қилади.[53]###[53]Ушбу оятда Аллоҳ таоло эҳсон қилиб орасидан миннат қиладиган ёки хўжакўрсинга эҳсон қиладиган кимсаларнинг Охиратдаги аҳволи ҳақида хабар бериб, гарчи улар «қилган эҳсонларимиз сабабли жаннатларга эришамиз», деб хомтама бўлсаларда, уларнинг қилган «эҳсонлари»ни миннат ва риё бўрони учириб-ёндириб кетиши аниқ эканини уқтиради.","Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун Ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Эҳсон қилиш учун улардан ўзингиз фақат кўз юмиб туриб оладиган — паст-нопокларини танламангиз! Ва билингизки, албатта Аллоҳ беҳожат ва ҳамду сано эгаси бўлган Зотдир.","Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчидир.","У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди. Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар.","Инфоқ қилган ҳар бир нафақангиз ва назр қилган ҳар бир назрингизни шубҳасиз, Аллоҳ билади. Ва (инфоқ-эҳсон қилмайдиган) золимлар учун ҳеч қандай ёрдамчи йўқдир.","Агар садақаларни ошкора ҳолда берсангиз, жуда яхши. Ва агар махфий қилиб, фақир-камбағалларга берсангиз — бу ўзингиз учун янада яхшироқдир. Ва қилган гуноҳларингизга каффорат бўлади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.","Уларни ҳидоят қилиш Сизнинг зиммангизда эмас (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом). Балки Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилади. Қандай яхшилик (мол) инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, ўзингиз учундир. Фақат Аллоҳ юзини истаб яхшилик инфоқ-эҳсон қилингиз! Қилган ҳар бир яхшилигингиз сизларга зулм қилинмаган ҳолида ўзингизга тўла-тўкис қайтарилади.[54]###[54]Бу оятда Аллоҳ таолога важҳ (юз) сифатининг У субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига лойиқ бўлган тарзда исботи бордир.","(Садақот-эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тўсилган (яъни, ўзларини ушлаган), бирор Ерга сафар қилишга қодир бўлмайдиган, қаноатлари сабабли, билмаган одамга бой-бадавлат бўлиб кўринадиган фақир-камбағаллар учундир. Уларнинг фақирликларини сиймоларидан билиб оласиз. Улар тиланиб туриб олмайдилар, қандай яхшилик қилсангиз, бас, албатта Аллоҳ уни билгувчидир.","Мол-дунёларини кечаю кундуз, яширин ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар учун Парвардигорларининг ҳузурида улуғ ажр бор. Улар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.","Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат Кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Байъ (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?», деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас, кимга Парвардигоридан мавъиза — насиҳат етгач (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади). (Яъни, Аллоҳ хоҳласа афв қилар). Ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар.","Аллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади ва садақаларнинг (фойдасини) зиёда қилади. Аллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол деб биладиган) кўрнамакни ва (судхўрлик қиладиган) жиноятчини севмайди.","Албатта иймон келтирган, яхши амаллар қилган ва намозни тўкис адо қилиб, закотни берган зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида ажр бор. Улар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.","Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз. (Яъни, одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз.)","Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг! Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга — золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз.","Агар (қарздор) ночор бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир.","Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди.","Эй мўминлар, бир-бирларингиз билан қарз муомаласини қилсангиз, ёзиб қўйинглар! Ораларингизда бир котиб адолат билан ёзсин! Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдирган ёзишдан бош тортмасин, албатта ёзсин! Зиммасида қарзи бўлган киши ёздирсин — Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқсин ва у қарздан бирон нарса камайтириб ёзмасин! Агар зиммасида қарзи бўлган киши ақлсиз ё ожиз (ёш бола ё жуда кекса) бўлса, ёки (кар, соқовлиги ё тил билмаслиги сабабли айтиб туриб) ёздиришга қодир бўлмаса, унинг ҳомий вакили адолат билан ёздирсин! Ва сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёлни — бири унутиб адашса, яна бири унга эслатади — гувоҳ қилинглар! Гувоҳлар (гувоҳлик учун) чақирилганда бош тортмасинлар! Хоҳ катта, хоҳ кичик қарз бўлсин, муддати келгунича ёзиб қўйишдан эринманглар. Мана шу Аллоҳ наздида адолатлироқ, гувоҳлик учун тўғрироқ ва шак-шубҳа қилмасликка яқинроқ бўлган (ҳукмдир). Лекин агар (ўртадаги муомалангиз) ораларингизда юргизиб турган нақд савдо бўлса, уни ёзмасангизда, сизлар учун гуноҳ йўқдир. Ва бир-бирингиз билан савдо қилганда гувоҳ келтиринг! Ва на котиб, на гувоҳга зарар етмасин. Агар шундай қилсангиз (яъни, улардан биронтасига зарар етказсангиз), бу Аллоҳга итоатсизлигингиздир. Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга (ҳақ-ҳидоят йўлини) билдиради. Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.","Агар сафарда бўлсангиз ва котиб топа олмасангиз (берилган нарса эвазига) қўл билан тутгудек гаров олинг! Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз, омонат қўйилган киши омонатини адо қилсин ва Парвардигори — Аллоҳдан қўрқсин! Гувоҳликни яширмангиз! Ким (гувоҳликдан бош тортиш билан) уни яширса, бас, албатта унинг қалби осий — гуноҳкордир. Аллоҳ қилаётган амалингизни билгувчидир.","Самовот ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади ва Ўзи истаган кишини мағфират қилиб, Ўзи истаган кишини азоблайди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.","Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз». Ва «Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз», дедилар.","Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнигадир. Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг буйинларига қўйган юкингни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама! Бизларни афв эт, (гуноҳларимизни) мағфират қил, (ҳолимизга) раҳм айла! Ўзинг Хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!","Алиф, Лом, Мим.","Аллоҳ (ягона) ҳеч бир илоҳ йўқ. Фақат Унинг Ўзи бор. У тирик ва абадий тургувчидир.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), У Зот Сизга ўзидан аввал тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни (Қуръонни) ҳақ билан нозил қилди. Таврот ва Инжилни ҳам туширди.","Ундан олдин одамларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун. (Энди эса) ҳақ билан ноҳақни ажратгувчини (— Қуръонни) нозил қилди. Аллоҳнинг оятларини инкор қилувчи кимсалар учун шубҳасиз, қаттиқ азоб бордир. Аллоҳ қудратли ва интиқом Соҳибидир.","Албатта, Аллоҳга на Ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир.","У сизларга (оналарингизнинг) қоринларида бўлган пайтингизда Ўзи хоҳлаган суратни берган Зотдир. Ҳеч бир илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикматлидир.","У Сизга Китоб нозил қилган Зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли — моҳияти бўлган муҳкам — аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа (Қиёмат, жаннат, дўзах ва ҳоказолар ҳақидаги) муташобиҳ — тушуниш қийин бўлган оятлар ҳам (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадидар. Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур. Илмда собитқадам бўлган бундай кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир», дейдилар. Ва фақат аҳли донишларгина панд-насиҳат олурлар.","«Парвардигоро, бизни ҳидоят қилганингдан кейин — энди дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирма ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато этгин! Албатта, Сенгина барча яхшиликларни ато этгувчисан!»","«Парвардигоро, албатта Сен одамларни ҳеч шак-шубҳасиз, келадиган бир Кунга тўплагувчисан. Албатта, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмагай!»","Куфр йўлини тутган кимсаларнинг на моллари ва на болалари уларни Аллоҳ азобидан қутқара олмайди. Улар дўзахнинг ўтинларидир.","Уларнинг ҳоли худди Фиръавн одамларининг ва улардан аввал ўтган кофирларнинг ҳоли кабидирки, бизнинг оятларимизни ёлғон дейишгач, Аллоҳ уларни гуноҳлари (куфрлари) билан ушлаб азоблади. Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), куфр йўлини тутган кимсаларга айтинг: «шак-шубҳасиз, (бу дунёда) мағлуб бўласизлар ва (Охиратда) жаҳаннамда тўпланажаксиз. Нақадар ёмон жой у!»","(Эй яҳудийлар), сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта, бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир.[1]###[1]Мусулмонлар Бадр жангида ўзларидан бир неча марта кўп бўлган Қурайш кофирларининг устидан ғалаба қозонишгач, Мадинага қайтганларидан кейин Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом яҳудийларни тўплаб: «Эй яҳудийлар, сизлар менинг ҳақ пайғамбар эканимни Тавротдан ўқиб билгансизлар. Бас, шундай бўлгач, бошингизга қурайшликларнинг куни тушмасдан аввал менга қарши туришни бас қилинглар!», дедилар. Шунда улар: «Сен уруш илмидан бехабар бўлган бир гуруҳ жоҳил Қурайшликни енгганинг билан ғурурланма! Бизнинг зўрлигимизни биз билан урушганда биласан», деб жавоб қилишганда юқоридаги оятлар нозил бўлди.","Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой — жаннат бордир. (Яъни, ўткинчи нарсаларга кўнгил бермай, ҳақиқий гўзалликни севмоқ лозим).","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Сизларга булардан яхшироқ нарса ҳақида хабар берайми? Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида улар абадий қоладиган, тагларидан дарёлар оқиб тургувчи боғлар, покиза жуфтлар ва Аллоҳнинг Ризолиги бор. Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир.","Улар: «Парвардигоро, бизлар Сенга иймон келтирганмиз, энди Ўзинг гуноҳларимизни мағфират айла ва бизни жаҳаннам азобидан асра», дейдилар.","Улар сабр-қаноатли, иймонларида содиқ, ибодат-итоатли, инфоқ-эҳсонли бўлган ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиган кишилардир.","Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи — ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир.","Албатта, Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) уларга (Ислом ва Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбарлиги ҳақида) ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига кофир бўлса, бас, албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.","Агар Сиз билан (дин ҳақида) тортишсалар: «Мен ва менга тобеъ бўлган кишилар ўзимизни Аллоҳга топширдик — Унга бўйсундик», деб айтинг! Сўнг аҳли китоблар ва (китоб берилмаган) омий-бутпарастлардан: «Исломга кирдингизми?», деб сўранг! Агар Исломга кирсалар, муҳаққақ Тўғри Йўлни топибдилар. Энди агар юз ўгирсалар, у ҳолда Сизнинг зиммангиздаги нарса фақатгина етказишдир. Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир.","Аллоҳнинг оятларини инкор қиладиган, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирадиган ва одамлар орасидаги адолатга чақирувчи зотларни ўлдирадиган кимсаларга, албатта, аламли азоб «хушхабар»ини етказинг!","Уларнинг қилган амаллари дунёю Охиратда беҳуда кетмиш ва улар учун бирор ёрдамчи йўқдир.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Китобдан (Тавротдан) насибадор бўлган кимсалар ораларида ҳакамлик қилсин учун Аллоҳнинг Китобига чақирилганларни, сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгирган ҳолларида бурилиб кетганларини кўрмадингизми?[2]###[2]Ривоят қилишларича, яҳудийлар ўзларидан бўлган икки зинокорни Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг ҳузурларига келтириб, ҳукм қилишларини сўрашганда у зот тошбўрон қилишга буюрганлар. Улар эса: «Бизнинг динимизда зинокорни юзига қора чаплаб, кўча айлантирилади», деб туриб оладилар. Шунда Таврот китобини келтириб кўришса, унда ҳам тошбўрон қилиш буюрилган бўлиб чиқади ва жиноятчилар қилмишларига яраша жазо оладилар. Бу ҳукмдан норози бўлган яҳудийлар юз ўгириб чиқиб кетганларида юқоридаги оят нозил бўлди.","Бунга (яъни, адолатли ҳукмдан юз ўгиришларига) сабаб уларнинг: «Бизга фақат саноқли кунлардагина дўзах ўти тегади», дейишларидир. Ўзлари тўқиган бу ёлғонлари уларни динларидан адаштириб қўйди.[3]###[3]Яҳудийлар: «Биз фақат аждодларимиз бузоққа сиғинган қирқ кун муддатдагина дўзахда бўламиз, кейин эса албатта жаннатга кирамиз», деб даъво қиладилар.","Энди уларни ҳеч шак-шубҳасиз, келадиган Кунга тўплаганимизда ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолда қилган амаллари учун тўла жазо-мукофот берилганда қандай бўларкин?!","Айтинг: «Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳ, Сен истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта, Сен барча нарсага қодирсан.[4]###[4]Оятда Аллоҳ таолонинг Ўз олийлиги ва улуғлигига муносиб равишдаги қўл сифатига эгалигининг исботи бордир.","Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда истаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан».[5]###[5]Бу оятда кеча-кундузнинг узайиб-қисқариб туриши ва ўлик данак, тухум, нутфа (маний, шаҳват суви) каби нарсалардан дарахт, парранда, инсон каби жонли мавжудотнинг пайдо бўлиши ёки аксинча тирик жонзотдан тухум, нутфа каби жонсиз нарсалар чиқиши — буларнинг барчаси ёлғиз Аллоҳнинг амри билан бўлиши ифодаланган.","(Модомики, барча иш — бутун мулк Аллоҳнинг қўлида экан, демак), мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, бас, Аллоҳ томонидан ҳеч нарсада эмас (яъни, Аллоҳга бегонадир). Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз (юзаки муомала қилсангиз жоиздир), Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Ва фақат Аллоҳга қайтажаксиз.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Дилларингиздаги нарсани хоҳ яширинг, хоҳ ошкор қилинг, Аллоҳ билур. Ва (шунингдек, У зот) осмонлар ва Ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир».","Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайдиган Кунни (эсланглар)! Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир».[6]###[6]Эй Пайғамбар, айтинг: «Агар Аллоҳни чиндан яхши кўрсангиз, менга эргашинг ва зоҳиру ботинда менга иймон келтиринг, шунда Аллоҳ сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни кечиради. Шубҳасиз, У мўмин бандаларининг гуноҳларини кечирувчи ва уларга меҳрибон Зотдир». Бу ояти карима Аллоҳ таолонинг муҳаббатини даъво қилган, лекин Унинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳаққи-рост эргашмаган ва у зотнинг буйруқ ва қайтариқларига итоат қилмаган ҳар бир кишига қарши ҳукмдир. Зеро, бундай кимса то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳақиқий маънода эргашмас экан, ўз даъвосида ёлғончидир.","Айтинг: «Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз!» Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларни севмас.","Албатта, Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим хонадонини ва Имрон хонадонини бутун оламлар устида (пайғамбарлик учун) танлаб олди.","Уларнинг бировлари бировларига зурриёт (эдилар). Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Имроннинг хотини: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта, Сен эшитгувчи, билгувчисан», деганини эсланг!","Кўзи ёригач эса бундай деди: «Парвардигор, мен қиз туғдим». — Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билгувчироқдир ва ҳар қандай ўғил бу қиз каби (яъни, бу қизнинг ўрнини босгувчи) эмасдир. — «Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан».[7]###[7]Бу оятдан қуйидагилар келиб чиқади: ўғил бола қиз боладан устундир; болага туғилган пайт исм қўйилади; агар ота қаршилик қилмаса, болага она исм қўйиши мумкин.","Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига — ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?», деб сўраганида (Марям) жавоб қилди: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта, Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур».[8]###[8]Марямнинг онаси ибодатхонага олиб бориб бергач, уни тарбиялаш Закариё пайғамбарнинг чекига тушади. У қачон Марямнинг хонасига кирса, у ерда қишда ёз мева-чевалари, ёзда қишда бўладиган ноз-неъматларни кўради. Шунда уларнинг ўртасида юқоридаги оятда зикр қилинган савол-жавоблар бўлиб ўтади.","Ўшанда Закариё Парвардигорига дуо қилиб деди: «Парвардигорим, менга ҳам Ўз ҳузурингдан бир покиза фарзанд ато эт! Албатта, Сен дуо-илтижоларимни эшитгувчисан».","Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: «(Эй Закариё), Аллоҳ сенга Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли фарзанд хушхабарини берур».","«Парвардигорим, менга кексалик етган, хотиним туғмас бўлса, мендан қандай фарзанд бўлсин?», деди (Закариё). (Аллоҳ) айтди: «Шундай, Аллоҳ истаган ишини қилур».","Парвардигор, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги — аломат қилсанг», деди у. Аллоҳ айтди: «Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан. Парвардигорингни мудом ёд қил ва туну кун У зотни поклаб ибодат қил!»[9]###[9]Дарҳақиқат, уч кунгача Закариёнинг тили Аллоҳнинг зикридан ўзга сўзга айланмай қолди. Одамларга эса фақат имо-ишора билан муомала қилди. Мазкур оятларда кексайиб, фарзанд кўришдан умидлари узилган кишиларга Аллоҳ Ўз изни-иродаси билан фарзанд ато этгани баён қилинган бўлса, қуйидаги оятларда янада, ажиброқ қисса — Ийсонинг отасиз дунёга келиши ҳақида ҳикоя қилинади. Бу қиссадан ҳисса шуки, Ийсо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг амри билан биби Марямдан туғилган одам фарзандидир.","Фаришталар Марямга: «Ё Марям, албатта Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гуноҳлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди.","Ё Марям, Парвардигорингга итоат қил ва рукуъ (Аллоҳга ибодат) қилгувчилар билан бирга сажда ва рукуъ (яъни, ибодат қил!») — деганларини эсланг!","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ғайб хабарларидан бўлган бу хабарни сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки, Сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлишини билишлик учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз.","Эсланг (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), фаришталар дедилар: «Ё Марям, албатта Аллоҳ сенга Ўзининг Сўзини хушхабар қилиб берадики, унинг исми ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям бўлиб, дунё-ю Охиратда обрўли ва (Аллоҳнинг) яқинларидандир.[10]###[10]Аллоҳнинг сўзи — Ийсо бинни Марямдир. Чунки у зот Қуръоннинг хабарига кўра Аллоҳнинг: «Бўл!», деган сўзи — фармони билан Марямдан отасиз таваллуд топганлар.","У одамларга гўдаклик пайтида ҳам вояга етган чоғидагидек гапирур. Ва (у) солиҳ бандалардандир».","Марям: «Парвардигорим, менга одамзод тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?», деди. Аллоҳ айтди: «Шундай, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсасини (Ўзи хоҳлаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: «Бўл!», дейди. Бас, у иш бўлади».","Ва унга (Ийсога) ёзиш ва ҳикмат илмини, Таврот ва Инжилни таълим беради.[11]###[11]Пайғамбарлар тарихидан шу нарса маълум бўладики, ҳар бир пайғамбар ўзининг замонида ривожланиб, тараққий этган соҳада замондошларидан устун ва пешқадам бўлади. Масалан, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом замонларида араб оламида адабиёт ниҳоят даражада ривожланган бўлиб, адиблар орасида тез-тез мусобақалар ўтказилиб турар ва ғолибларнинг асарларини Каъба деворларига осиб қўйишар эди. Кунлардан бир куни саҳобалардан бири Қуръондаги энг кичик сура бўлган «Кавсар» сураси ёзилган варақни ғолиб асарлар ёнига илиб қўяди. Шунда мўъжиза юз беради: бу сурани ўқиган шоирлар бир овоздан: «Бу башарнинг сўзи эмас!», деб гувоҳлик берадилар. Ийсо алайҳиссаломнинг даврида эса табобат илми шундай тараққий қилган эдики, дунёда биронта давосиз дард йўқ, деб ҳисобланар эди. Шунда Ийсо алайҳиссалом келдилару ҳеч бир табибнинг қўлидан келмайдиган ишни қилдилар — ўликни тирилтирдилар! Шунинг учун ҳам Қуръонда у зотнинг номларига ал-масиҳ — силовчи лақаби қўшилди. Яъни, у кишининг қўллари теккан — силаган ўликка жон кирар эди. Бундай мўъжизалар, табиийки, одамлар ўз пайғамбарларига иймон келтиришларига сабаб бўлар эди.","Уни Бани Исроил қавмига пайғамбар қилади. (Ийсо Бани Исроилга дейди): «Мен (ўзимнинг ҳақ пайғамбар эканлигим ҳақида) сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим: Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясаб унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни-иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади. Ва яна кўр, пес касалларини тузата оламан ва Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларга ейдиган ва уйларингизда сақлайдиган нарсаларингизни айтиб беришга қодирман. Агар мўмин бўлсангизлар, албатта бу ишларда сизлар учун аниқ оят-далиллар бордир».","«(Мен) сизларга ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканлигини) тасдиқловчи бўлган ҳолда, сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим). Ва сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилингиз!","Албатта, Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилингиз! Мана шу Тўғри Йўлдир!»","Энди қачонки Ийсо улар томондан куфрни кўргач: «Аллоҳнинг динига даъват қилишимда ким менга ёрдамчи бўлур?», деди. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам бергувчилармиз. Аллоҳга иймон келтирдик. (Эй Ийсо), гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунгувчилармиз.","Парвардигоро, нозил қилган нарсангга ишондик, пайғамбарингга эргашдик. Бас, бизни (Ўзингнинг бирлигингга, пайғамбарингнинг ҳақлигига) гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин!»","(Яҳудийлар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ макр қилгувчиларнинг «зўри»дир.[12]###[12]Улар Ийсо алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлдилар. Аллоҳ эса унга бирор зарар етказмай Ўз ҳузурига — самога кўтарди. Аллоҳнинг «макри» — тадбири устунроқ бўлиб чиқди. Бу оятда «макр» сифатини Аллоҳ таолога Унинг жалоли ва камолига лойиқ бўлган кўринишда исботлаш бордир. Чунки, У маккорларнинг макрига қарши ҳақ билан макр қилди.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: «Ё Ийсо, албатта Мен сени Ердан бус-бутун (яъни, ҳеч қандай зарар етказмасдан) олувчи ва Ўз ҳузуримга кўтаргувчиман. Ва кофирлар ёмонлигидан халос қилгувчиман ҳамда то Қиёмат Кунигача сенга эргашган зотларни кофирлардан юқори қўйгувчиман. Сўнгра Менга қайтажаксиз. Бас, ўзим сизлар талашиб-тортишган нарсалар ҳақида ораларингизда ҳакамлик қилурман.","Бас, кофир бўлган кимсаларга дунё ва Охиратда қаттиқ азоб-ла азоб берурман. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас.","(Аллоҳ) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга эса ажрларини комил суратда берур. Аллоҳ зулм қилгувчиларни севмайди. (Бинобарин, Ўзи ҳам ҳеч кимга зулм қилмай, ҳар кимга қилган ишига лойиқ жазо беради)».","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Сизга тиловат қилаётганимиз бу қисса Аллоҳнинг оятлари ва ҳикматли эслатмаларидандир.","Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдаи яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди.[13]###[13]Ривоят қилишларича, бир гуруҳ насронийлар Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳузурларига келиб: «Нега сен бизнинг пайғамбаримиз Ийсони: «у ҳам бир инсон, Аллоҳнинг бандаси», деб ҳақорат қиласан! Агар у худо бўлмаганида отасиз туғилармиди?», дейишди. Шунда Одамнинг на ота, на онасиз дунёга келиши уни бандалик қилишдан тўсмагани янглиғ, Ийсонинг отасиз туғилиши ҳам унинг банда бўлишига монеъ бўлмайди, деган мазмунда юқоридаги оят нозил бўлди.","(Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган ҳақ сўздир. Бас, шубҳа қилгувчилардан бўлманг!","Энди Сизга келган мана шу ҳақ маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким Сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб-йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарруъ билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънат қилишини сўрайлик».[14]###[14]Мазкур оятда Муҳаммад пайғамбарга Ийсони худо деб билувчи кимсалар агар Қуръон оятларига ишонмасалар, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънатини сўраб, қасам ичишликка таклиф қилиш буюрилди. Ровийларнинг айтишларича, биронта насроний келиб, қасам ичишга журъат этмаган экан.","Албатта, бу ҳақ-рост қиссадир. (Яъни, Ийсо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг бошқа ҳамма пайғамбари каби оддий одам зотидандир). Ва ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Аллоҳнинг Ўзи бор. Ва албатта Аллоҳнинг Ўзигина қудратли ва ҳикматлидир.","Энди ҳам (ҳақиқатдан) юз ўгирсалар бас, албатта Аллоҳ бузғунчиларни билгувчидир.","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) айтинг: «Эй аҳли китоб» (яъни, яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз — ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик». Агар улар (яъни, аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар — ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз![15]###[15]Ислом эътиқодига кўра бутун оламни яратган Аллоҳ таоло барча инсонлар бахтли яшасинлар деб Ўз томонидан ҳаёт учун дастуруламал бўлган қонун-қоидалар, яъни динни юборган. Кимда-ким бу қонун-қоидаларни тан олмасдан ўз-ўзича янги қонун чиқармоқчи бўлса, у худоликни даъво қилган ҳисобланади ва унинг изидан эргашганлар эса уни худо деб билган бўладилар.","Эй аҳли китоб, нима учун Иброҳим хусусида (у бизнинг динимизда бўлган, деб) талашасизлар! Ахир Таврот ҳам, Инжил ҳам ундан кейин нозил бўлгани аниқ-ку?! Ақл юргизмайсизларми?!","Ҳой (яҳудий ва насронийлар), сизлар биладиган нарсаларингиз (Мусо ва Ийсо пайғамбарлар) ҳақида-ку талашдингиз. Энди нима учун билмайдиган нарсангиз (Иброҳимнинг қайси динда бўлганлиги) хусусида талашмоқдасиз? Аллоҳ билур, сизлар билмассиз.","Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳақ йўлдан тоймаган ҳолида (Аллоҳга) итоат қилгувчи киши бўлган. У мушриклардан ҳам бўлмаган.","Одамларнинг Иброҳимга яқинроғи унинг йўлига эргашган зотлар, мана бу пайғамбар (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) ва иймон келтирган кишилардир. Аллоҳ мўминларнинг дўстидир.","Аҳли китобдан бир тоифаси сизларни (ҳақ динингиздан) адаштирмоқни хоҳлайди. Лекин улар ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларинигина адаштирадилар, холос.","Эй аҳли китоб, нима учун ўзларингиз гувоҳ бўлиб туриб, Аллоҳнинг (Тавротдаги Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлиги ҳақидаги) оятларини инкор қиласиз?!","Эй аҳли китоб, нима учун ўзингиз билган ҳолингизда ҳақни ботилга аралаштирасиз ва ҳақни беркитасиз?!","Аҳли китобдан бир тоифаси бир-бирларига шундай дейишди: «Мўминларга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) куннинг бошида иймон келтириб, куннинг охирида уни инкор қилинглар. Шояд (улар ҳам иймонларидан) қайтсалар.","Токи бирорта одамга сизларга берилган билим берилмаслиги ёки Парвардигорингиз ҳузурида сизлар билан ҳужжатлашмаслиги учун фақат ўз динингизга бўйсунган кишиларнинг гапларинигина тасдиқ этиб ишонинглар!» (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) айтинг: «Албатта, Ҳақ йўл Аллоҳнинг йўлидир». Айтинг: «Албатта, фазлу карам Аллоҳнинг қўлида, уни Ўзи истаган кишиларга берур. Аллоҳ фазли кенг, билгувчи Зотдир.","Ўз раҳматини (яъни, пайғамбарликни) Ўзи истаган кишига хос қилиб беради. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат Соҳибидир».","Аҳли китоб орасида шундай кишилар борки, унга беҳисоб молни омонат қўйсангиз, хиёнат қилмай сизга қайтаради. Уларнинг орасида яна шундайлари ҳам борки, унга бир динорни ишониб берсангиз, то устида туриб олмагунингизча сизга қайтиб бермайди. Бунинг боиси — уларнинг «омий-китобсиз кимсалар учун бизнинг устимизга ҳеч қандай йўл йўқ», дейишларидир. (Яъни, айрим яҳудийлар ўзларидан бошқаларни паст табақа ҳисоблаб: «Биз Аллоҳнинг суйган бандаларимиз, демак, бошқа миллатларнинг моллари биз учун ҳалол», дер эдилар.) Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзларни сўзлайдилар.","Йўқ! (Уларнинг даъволари ботилдир.) Балки ким аҳдига вафо қилса ва тақводор бўлса (ана ўша киши, Аллоҳнинг суйган бандасидир). Зеро, Аллоҳ тақво қилгувчи кишиларни севади.","Аллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат Кунида Аллоҳ уларга сўз қотмайди, раҳмат назари билан боқмайди ва гуноҳларидан покламайди. Улар учун аламли азоб бордир.","Улардан (яҳудийлардан) яна бир гуруҳи борки, сизлар Китобдан (Тавротдан) бўлмаган нарсани Китобдан деб ўйлашингиз учун Таврот китобини тилларини бураб (бузиб-ўзгартириб) ўқийдилар ва Аллоҳнинг ҳузуридан келмаган (ўзларининг сўзларини) «Аллоҳнинг ҳузуридан келган», дейдилар. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзлайдилар.","Бирор одам учун Аллоҳ унга Китоб, ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан сўнг, одамларга: «Аллоҳга эмас, менга ибодат қилинглар», дейиши жоиз эмас, балки уларга: «Аллоҳнинг китобини одамларга таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар» (демоғи лозимдир).[16]###[16]Бу оят баъзи бир насронийларнинг: «Ийсо алайҳиссалом бизни ўзига сажда қилишга буюрган», деган ботил даъволарига раддия тарзида нозил бўлган.","У (пайғамбар) сизларни фаришталар ва бошқа пайғамбарларни худо қилиб олишингизга буюриши ҳам жоиз эмас. Ахир у сизларни мусулмон — Аллоҳга бўйсунгувчи бўлганингиздан кейин куфр — динсизликка қайтишга буюрадими?!","Эсланг (эй аҳли китоб), Аллоҳ барча пайғамбарлардан: «Мен сизларга қандай Китоб ва ҳикмат бермайин, кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (яъни Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) келгач, албатта унга иймон келтирурсиз ва ёрдам берурсиз», деб аҳд-паймон олгач, уларга: «Мана шу аҳд-паймонимни иқрор бўлиб қабул қилдингизларми?», деди. У пайғамбарлар: «Иқрормиз», деб жавоб қилишгач, Аллоҳ айтди: «Гувоҳ бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлгувчиларданман».","Бас, ким шундан кейин ҳам (аҳд-паймондан) юз ўгирса, ана ўшандай кимсалар фосиқ — бузуқилардир.","Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару Ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибди-ку! Ўшалар (яъни, Аллоҳнинг динига итоат қилишни хоҳламаётганлар) ҳам фақат Унинг Ўзига қайтариладилар-ку!","(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), «Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг уруғ-авлодларига нозил қилинган нарсаларга ва Мусо, Ийсо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсаларга иймон келтирдик. У пайғамбарлардан бирортасини ажратиб қўймаймиз. Ва биз Унинг Ўзигагина бўйсунгувчилармиз», деб айтинг.","Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у Охиратда зиён кўргувчилардандир.","Иймон келтириб, пайғамбарнинг ҳақ пайғамбар эканлигига гувоҳ бўлишганидан кейин ва уларга далил-оятлар келганидан кейин кофир бўлган кимсаларни Аллоҳ қандай ҳидоят қилсин?! Аллоҳ зулм қилгувчи қавмни ҳидоят қилмайди.","Уларнинг жазоси — устларига тушажак Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънатидир.","Улар азоблари енгиллатилмаган ҳолда дўзахда абадий қолгувчилардир ва уларга (бу азоб бирон лаҳза) кечиктирилмайди.","Магар шундан (яъни, куфрларидан) кейин тавба қилиб, ўзларини ўнгласалар (Аллоҳ гуноҳларини мағфират қилур). Чунки Аллоҳ мағфират қилгувчи, меҳрибондир.","Албатта иймон келтирганларидан кейин кофир бўлган, сўнгра куфрлари янада зиёда бўлган кимсаларнинг қилган тавбалари ҳаргиз қабул қилинмайди. Ана ўшалар адашганлардир.","Албатта кофир бўлган ва кофир ҳолда ўлган кимсалар, агар улардан биронтаси Ер юзи тўла олтинни тўлов қилиб берса ҳам ҳаргиз қабул қилинмас. Ундай кимсалар учун аламли азоб бордир. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас.","Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур."]