["Юқорида сизга айтиб ўтганимиз пайғамбарларнинг айримларини айримларидан ваҳий, тобелар ва даражалар жиҳатидан афзал қилдик. Масалан, улардан Мусо алайҳиссалом билан Аллоҳ гаплашди. Муҳаммад алайҳиссаломни эса олий даражаларга кўтарди. Зеро, У Зот бутун инсониятга юборилди. У Зотнинг рисолати билан пайғамбарлик ниҳоясига етди. У Зотнинг уммати бошқа умматлардан афзал қилинди. Марям ўғли Ийсога ўликларни тирилтириш, пес ва моховларни даволаш каби пайғамбарлигига далолат қиладиган очиқ-равшан мўжизаларни бердик ва уни Аллоҳнинг фармонини бажаришда Жаброил алайҳиссалом билан қўллаб-қувватладик. Аллоҳ хоҳлаганида пайғамбарлардан кейин келганлар бу қадар очиқ-равшан оят-аломатлар келганидан кейин урушмаган бўлардилар. Лекин улар ихтилоф қилиб, бўлиниб кетдилар. Бир қисми Аллоҳга иймон келтирса, бошқаси куфр келтирди. Аллоҳ хоҳлаганида урушмаган бўлардилар. Лекин Аллоҳ Ўзи истаган ишини қилади. Истаган бандасини Ўз фазли ва марҳамати билан Исломга ҳидоятлаб қўяди. Истаган одамини Ўз адли ва ҳикмати билан адаштириб қўяди.","Эй Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарига эргашганлар, қиёмат куни келишидан олдин сизларга ризқ қилиб берганимиз ҳалол моллардан инфоқ-эҳсон қилиб қолинглар. Қиёмат кунида инсон фойдаланиб қолиши мумкин бўлган олди-сотди ҳам, қийинчилик пайтида қўллаб юборадиган яқин дўст ҳам, зарарни даф қилиб, фойда келтирадиган бирон воситачи ҳам бўлмайди. Фақат Аллоҳнинг Ўзи Ўз хоҳиш-иродаси билан изн берган кишигина шафоат қила олади. Кофирлар Аллоҳ таолога куфр келтиришлари сабабли ҳақиқий золимлардир.","Аллоҳ шундай Зотки, чин маъбудликка ёлғиз Ўзи лойиқдир. Тирикдирки, ҳаётида на ўлим бор ва на нуқсон. У Қайюмдир, яъни, бор бўлиши учун Ўзи яратганларидан биронтасига муҳтож бўлмаган, ҳамма яратганлари эса бирон ҳолатда ҳам У Зотдан беҳожат эмас. У Зотни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Зеро, У Зот барҳаётлик ва қайюмликда комилдир, бенуқсондир. Осмонлару ердаги ҳамма нарса Унинг мулкидир. У Зотнинг ҳузурида Унинг Ўзи рози бўлиб изн бермагунича ҳеч ким ҳеч кимни шафоат қила олмайди. Ўтган ишларни ҳам, энди бўладиган ишларни ҳам билади. Бошқалар Унинг илмидан Унинг Ўзи хоҳлаган миқдоринигина била оладилар. Курсиси - Парвардигори оламнинг икки қадами турадиган жой - шу қадар улканки, осмонлару ерни қамраб олган. Уларни муҳофаза қилиб туриш У Зотга қийин эмас. У Ўз зотида ҳам, куч-қудратида ҳам, қаҳрида ҳам ҳаммадан Юксакдир, мулку салатанатида ҳаммадан Буюкдир.","Ҳеч кимни мажбурлаб, зўрлаб Ислом динига киритилмайди. Чунки бу дин очиқ кўриниб турган ҳақиқатдирки, мажбурлашга мутлақо зарурат йўқ. Рушду ҳидоят куфру залолатдан ажралиб бўлди. Аллоҳдан ўзга барча сохта маъбудлардан юз ўгириб, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига иймон келтирган одам қиёмат кунида нажотга олиб борадиган энг мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ бандаларининг гап-сўзларини эшитиб, қилган ишларини кўриб-билиб турадиган Зотдир. Яқинда уларга амалларига яраша жазо ёки мукофотларини беради.","Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларга тавфиқ, нусрат беради. Уларни куфру жаҳолат зулматларидан иймону маърифат нурига олиб чиқади. Кофирларнинг дўстлари эса бутлар ва Аллоҳга тенг, шерик қилган бошқа худоларидир. Уларга куфрни чиройли қилиб кўрсатадилар. Уларни иймону маърифат нуридан куфру жаҳолат зулматларига бошлайдилар. Улар дўзах эгаларидир ва у ерда абадий қолурлар.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом билан Аллоҳнинг рубубияти ва тавҳиди борасида мужодала қилган золимнинг ҳовлиққанини кўрдингизми? Нима учун ҳовлиққанини биласизми? Чунки Аллоҳ унга подшоҳликни берганди ва у босар-тусарини билмай қолганди. Иброҳим алайҳиссалом олдинига Парвардигорининг бир сифатини айтиб: \"Раббим халойиқни ўлдиради ва тирилтиради\", деди. Золим бунга жавобан саркашлик билан: \"Мен ҳам истаган одамимни ўлдираман, истаган одамимни кечириб юбораман\", деди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом каттароқ ҳужжат келтириб: \"Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради, сен уни мағрибдан чиқар-чи\", деди. Шу билан золим мот бўлди-қолди. Ҳужжат кучли эди. Мағлублигини тан олишдан бошқа чора қолмаганди. Аллоҳ золимларни зулми ва зўравонлиги туфайли Ўзининг йўлига йўллаб қўймайди.","Томлари йиқилиб, деворлари ағанаб, аҳолиси қирилиб, ўзи ҳувиллаб қолган қишлоқдан ўтган одамни кўрдингизми? У ҳайратланиб: \"Аллоҳ бу тугаб бўлган қишлоқни қандай тирилтирар экан-а\", деганди. Шунда Аллоҳ унинг ўзини юз йил муддатга ўлдириб, қайта тирилтирди ва ундан: \"Ўлик ҳолингда қанча турдинг?\", деб сўради. У: \"Бир кун ё ярим кун\", деб жавоб берди. Шунда Аллоҳ унга деди: \"Юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара, қандай бўлса, ўшандоқ турибди, заррача ўзгармаган. Ҳолбуки, озиқ-овқат энг тез ўзгарадиган маҳсулот. Анави ўлиб ётган эшагингга қара, чириб, суяклари ажраб ётибди. Энди сени Аллоҳнинг қайта тирилтиришга қодир эканини кўрсатувчи ҳужжат-аломат қилишимиз учун эшагингнинг сочилиб кетган суякларини қандай бирлаштиришимизга, кейин уларнинг устига қандай гўшт қоплашимизга ва шу билан янги ҳаёт бахш этишимизга қара\". Буларнинг ҳаммасини кўргач, унга ҳақиқат ойдинлашди ва эътироф этиб: \"Аллоҳ ҳар ишга Қодир эканини биламан\", деди.","Эсланг, эй Пайғамбар алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом: \"Парвардигоро, ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат, ўз кўзим кўрай\", деганида, Аллоҳ: \"Ишонмаганмидинг?\", деди. Иброҳим: \"Ишонгандим, лекин қалбим яна ҳам таскин топиши учун\", деди. Шунда Аллоҳ унга деди: \"Тўртта қушни олгин-да, уларни майдалаб ташла, кейин атрофдаги тоғларга бўлакларини сочиб юбор, ундан кейин уларни ўзингга чақир, ҳаммаси олдингга дарҳол етиб келадилар. Билгилки, эй Иброҳим, Аллоҳ Ўз мулкида ғолиб, Азиз ҳамда ҳар бир ишини, ҳукмини ва яратишини ҳикмат билан қиладиган Зотдир\".","Молларини Аллоҳнинг йўлида инфоқ-эҳсон қиладиган мўминларнинг савоби бир дона донга ўхшайди. Деҳқон уни бир унумли ерга экади ва ундан етти бошоқ ўсиб чиқадики, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Аллоҳ Ўзи истаган бандасига кўпайтириб, ҳисобсиз қилиб ажрлар беради. Аллоҳ фазлу карами кенг ва кўпайтириб беришга ким ҳақли эканини яхши биладиган Зотдир.","Аллоҳнинг тоати ва розилиги йўлида молларини сарфлаб, ортидан гап биланми ё амал биланми миннат қилиб, савобини пучга чиқариб юбормайдиган мўминларнинг ажри Павардигорлари ҳузуридадир. Уларни олдинда ҳеч қандай хавф-хатар кутмаяпти. Эришадиган неъматлари буюклигидан ортда қолиб кетган нарсалари учун эса заррача хафа бўлмайдилар.","Мўминнинг қалбига хурсандлик олиб кирадиган ширин гап ва ёмонлик қилган одамни кечириб юбориш ортидан миннату озорлар келадиган садақадан яхшироқ. Аллоҳ бандаларидан беҳожат ва жазони тезлатмайдиган ҳалим Зотдир.","Эй Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарига эргашганлар, одамларга кўрсатиш ва улардан мақтов эшитиш учун эҳсон қиладиган, ўзи эса Аллоҳга ҳам, Қиёмат кунига ҳам, у кунда бўладиган мукофоту жазога ҳам ишонмайдиган кофирга ўхшаб, бировга садақа бериб, ортидан миннат қилиб, озор бериб, берган садақаларингизни йўққа чиқарманг! Унинг мисоли худди бир устини чанг-тупроқ қоплаган силлиқ тошга ўхшайдики, унга шаррос қуйган ёмғир тегиб, ҳалиги чанг-тупроқни ювиб юборган-да, ўзини қаттиқ-силлиқ тошлигича қолдирган. Худди шунга ўхшаб, риёкорлар ҳам қилган амалларию садақаларининг савобларини пучга чиқарадилар-да, Аллоҳнинг олдига олиб борадиган ҳеч нарсалари қолмайди. Аллоҳ кофирларни Ўзи рози бўладиган ҳамда қилган амалларию инфоқ-эҳсонлари асқотадиган ишларга бошламайди.","Молларини Аллоҳнинг ризолигини истаб ва Аллоҳнинг ваъдасига аниқ ишониб, сидқидилдан сарфлайдиган мўминлар мисоли худди баланд ҳосилдор жойдаги бўстонга ўхшайди. Унга шаррос ёмғир қуйса, ҳосили мўл бўлади. Савалаб қуядиган ёмғир бўлмаса, севалаб ёққан ёмғир ҳам ери унумдор бўлгани учун кифоя қилаверади. Ихлос билан сарфлайдиган кишиларнинг инфоқ-эҳсонларини ҳам Аллоҳ қабул қилиб, ўзи оз бўлса-да, ажрини мўл қилиб беради. Аллоҳ сизларнинг қилаётган ишларингизни кўриб-билиб туради. Ким ихлос билан қиляпти, ким риё учун қиляпти, ҳаммасидан хабардор, бирон иш У Зотдан яширин қолмайди ва яқинда ҳаммага қилган ишига яраша жазо ёки мукофотини беради.","Биронтангиз остидан дарёлар оқиб турадиган, хурмою узумлари пишиб турган, турли хил меваларга бой боғи бўлиб, кексайиб ҳеч иш қўлидан келмайдиган пайтида ўзидек нимжон, заиф болалари билан қолганида боғини ўтли бўрон уриб, ҳаммаси ёниб, култепага айланишини истайдими?! Нотавон ўзи ва нимжон болалари энг муҳтож бўлиб турган бир пайтида-я?! Молини риёкорлик билан сарфлайдиган одамнинг аҳволи мана шундай бўлади. Қиёмат кунида - мазкур қариядек бир савобга энг муҳтож бўлиб турган бир пайтида Аллоҳ таолога қуруқ қўл билан йўлиқади. Аллоҳ сизларга дунё ва охиратингиз учун фойдали бўлган оятларини мана шундай баён қилади. Шоядки, фикр юритсангизлар.","Эй Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарига эргашган зотлар, ҳалолдан касб қилиб топган молингиздан ва Биз сизларга ердан ундириб берган неъматларимиздан инфоқ-эҳсон қилингиз. Ўзингизга тақдим қилинганда ёқтирмасдан, жирканиброқ, кўзингизни юмиб оладиган тубан-нопок нарсаларни бировга бермангиз. Ўзларингиз учун муносиб кўрмаган нарсани қандай қилиб Аллоҳ учун муносиб кўрасизлар? Билингизки, Аллоҳ сизларнинг инфоқ-эҳсонингиздан беҳожатдир, Ўз зотию амалларида ҳамду санога лойиқ Зотдир.","Шайтон сизларни камбағал бўлиб қолишдан қўрқитиб, бахилликка ва гуноҳлар қилишга чақиради. Аллоҳ эса сизларга гуноҳларингизни мағфират қилишини ва мўл ризқни ваъда қилади. Аллоҳ фазлу карами кенг, бандаларининг аҳволидан хабардор Зотдир.","Аллоҳ таоло ҳикматни, яъни, гап-сўзда ҳам, амалда ҳам энг тўғри йўлдан бора олишни Ўзи истаган бандасигагина ато этади. Кимга бу неъмат ато этилган бўлса, демак, у жуда кўп яхшиликка ноил бўлибди. Аллоҳнинг оятларидан Аллоҳнинг нуридан баҳра олиб мунаввар бўлган ва ҳидояти ила тўғри йўлни топган комил ақл эгаларигина ибрат-насиҳат оладилар.","Аллоҳнинг розилигини истаб, оздир, кўпдир инфоқ-эҳсон қилсангиз ёки кўнгилли бўлиб Аллоҳ учун бирон савоб ишни назр қилсангиз, Аллоҳ ҳаммасини кўриб-билиб туради ва бирон амалингизни зое қилмайди. Яқинда қилган яхши амалингиз учун улуғ ажрлар беради. Кўнгилли бўлиш у ёқда турсин, ҳатто бўйнидаги вазифасини ҳам бажармайдиган, Аллоҳнинг ҳудудларидан ошган золимларга эса қиёмат кунида азобдан қутқариб қоладиган ёрдамчилар топилмайди.","Қилаётган садақангизни ошкора қилсангиз, қандай яхши. Уни яшириб камбағалларга берсангиз, ўзингиз учун янада яхши. Чунки ихлосга яқинроқ бўлади. Ихлос билан қилинган садақалар гуноҳларнинг яширилиши ва кечирилишига сабаб бўлади. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир. Бирон ҳолатингиз У Зотдан яширин эмас.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, уларни ҳидоятга бошлаш, ҳақиқатни тан олдириш ва унга эргаштириш сизнинг зиммангиздаги бурчингиз эмас. Сизнинг вазифангиз ҳақиқатни таништириш ва унга йўллаб қўйиш, холос. Тавфиқ ва ҳидоят Аллоҳнинг қўлидадир. У Зот Ўзи истаган одамни ҳидоят қилади. Қандай яхшиликни инфоқ-эҳсон қилсангизлар, ҳаммаси ўзингизнинг фойдангиз учундир. Чунки Аллоҳ сизнинг эҳсонингизга муҳтож эмас. Қилаётган эҳсонинглар холис Аллоҳ учун бўлсин. Зеро, ҳақиқий мўминлар ёлғиз Аллоҳнинг розилигини истаб инфоқ-эҳсон қиладилар. Озми, кўпми, қилган эҳсонингларнинг савобини тўла-тўкис оласизлар. Чунки Аллоҳ ҳеч кимга зулм қилмайди.","Инфоқ-эҳсонингизни Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётгани туфайли тирикчилик қилишга вақт топа олмаётган, ризқ талабида бирон жойга боролмаётган, бировдан нарса сўрашдан қаноат қилишни афзал билгани сабабли нодонлар кўзларига бой кўринаётган, диққат-эътибор билан қараган одамгина уларнинг аҳволи ва кийимларидан муҳтожлигини била оладиган, бошқа фақир-камбағалларга ўхшаб, тиланчилик билан оёқ тираб туриб олмаётган фақирларга қилингиз. Мол билан бўладими, бошқа биланми, нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни кўриб-билиб турибди ва яқинда сизларга жуда катта мукофот беради.","Мол-дунёларини кечаю кундуз, яширину ошкора, риё ва обрў учун эмас, Аллоҳнинг розилигини истаб инфоқ-эҳсон қиладиганларнинг савоблари Қиёмат кунида Парвардигорлари ҳузуридадир. Уларни олдинда кутаётган хавфу хатар ҳам йўқ ва улар бу дунёда йўқотган нарсаларига хафа ҳам бўлмайдилар. Бу Аллоҳнинг фазли ва неъматидандир.","Судхўрлик қилиб, қарзга фоиз оладиганлар қиёмат куни қабрларидан худди шайтон чалиб кетган одамга ўхшаб, гандираклаб, ўзини бошқара олмаган ҳолда турадилар. Чунки улар судхўрликни ҳалол билдилар, у билан Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган савдо орасини ажрата олмадилар-да, савдо ҳам, рибо ҳам бир, иккиси ҳам фойда келтиради, мол-давлатни кўпайтиради, дедилар. Аллоҳ уларни рад қилиб, бу қиёсларининг норўғрилигини, ёлғонлигини очиқлаб, савдони ҳалол, рибони эса ҳаром қилди. Зеро, савдода хосу оммага манфаат бор бўлса, рибода зулм, ўзгалар молини ноҳақ эгаллаб олиш бордир. Кимга Парвардигори тарафидан насиҳат келиб, уни рибодан огоҳлантирган бўлса ва у йўлидан қайтиб, тавба қилса, олдинги топган мол-дунёси ўзиники бўлади. Олдинги ишлари учун унга гуноҳ ёзилмайди. Унинг келгусидаги иши Аллоҳга ҳавола. Ким Аллоҳ тарафидан тақиқ қўйилганидан кейин ҳам яна судхўрлик қилса, дўзахга кириш ва унда абадий қолишга лойиқ бўлиб қолади. Дўзахда абадий қолишдан мақсад узоқ муддат назарда тутилган бўлиши ҳам, ёки рибони ҳалол қилиб олганлар ҳақида айтилган бўлиши ҳам мумкин. Зеро, дўзахда абадий қолиш кофирларга хосдир. Тавҳид аҳли эса унда абадий қолмайдилар.","Аллоҳ судхўрлик билан топилган бойликни барбод қилади. Бевосита ўша бойликнинг ўзига талафот етказиши ҳам мумкин ёки билвосита ундан баракани олиб қўйиши ҳам мумкин. Ихлос билан қилинган садақаларни эса савобини мўл қилиш билан ўстиради, кўпайтиради. Бир яхшиликнинг савоби ўн баробардан етти юз баробаргача кўп бўлади. Шу билан бирга Аллоҳ садақа қилувчиларнинг мол-дунёсига барака беради. Аллоҳ гуноҳлар лойига ботиб, ҳаромни ҳалол қилиб оладиган саркаш кофирни яхши кўрмайди.","Аллоҳга иймон келтирган, пайғамбарига эргашган, яхши амаллар қилган, намозни шариатда кўрсатилгандек тўла-тўкис адо этган ва молларидан ҳақдорлар учун закот берганларнинг савоби Парвардигорлари ҳузуридадир. Улар учун келажакда - охиратда ҳеч қандай хавфу хатар йўқ, бу дунёда қўлдан чиқариб юборган нарсаларига эса хафа бўлмайдилар.","Эй Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарига эргашган мўминлар, Аллоҳнинг буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш билан тақво қилинглар. Агар Аллоҳга ва Аллоҳнинг судхўрликдан қайтарганига чин дилдан ишонганингиз рост бўлса, одамларда қолиб кетган судхўрлик пулларини талаб қила кўрманглар.","Буйруқни бажармасангиз, билиб қўйингки ва ишончингиз комил бўлсинки, Аллоҳ ва пайғамбари тарафидан уруш бўлиши тайиндир. Агар тавба қилиб, судхўрликни тарк қилсангиз, берган соф қарзингиз - дастмоянгиз ўзингизники. Устига фоиз олиб, сиз ҳам бировга зулм қилмайсиз, пулингизни каматириб бериб, сизга ҳам зулм қилмайдилар.","Сизлардан қарз олган киши камбағал-фақир бўлса ва қарзини тўлай олмаса, то бойиб, тўлай оладиган бўлгунича муддат беринг. Қарзнинг ҳаммасидан ёки бир қисмидан кечиб, садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир. Бу ишнинг фазли Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлишини билганингларда эди!","Ҳаммангиз Аллоҳга қайтариладиган ва Унинг қўл остида турадиган куннинг азобидан қўрқингиз! Кейин ҳар бир жон қилган яхши ёки ёмон амалининг жазо ёки мукофотини тўла-тўкис олади. Яхшиликларининг савобини камайтириш ёки ёмонликлари учун зиёдароқ азоб бериш билан зулм қилинмайдилар.","Эй Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарига эргашган мўминлар, қарзга оид муомала қилганингизда, яъни, бировингиз бошқангизга муайян муддатга қарз берганда уни ёзиб қўйинглар. Бир котиб шариатга мувофиқ инсоф билан тўғрисини ёзсин. Котиб Аллоҳ билдирганидек адолат билан ёзишдан бош тортмасин. Қарз олаётган одам айтиб турсин ва котиб ёзсин. Шу иши унинг қарз олганига иқрори бўлади. Парвардигоридан тақво қилсин-да, қарзнинг миқдори, сифати ва аҳволи ҳақида бирон жойини кам айта кўрмасин. Агар қарз олаётган одам бу ишнинг уддасидан чиқа олмаса ёки ёшлиги ё ақли заифлиги туфайли ожиз бўлса ёки гунглик каби бирон нуқсони сабабли айтиб тура олмаса, унинг ўрнига шу ишга масъул бўлган ҳомий вакили айтиб турсин. У ҳам инсоф билан ростини айтсин. Иккита ақлли, адолатли эркакни гувоҳликка чақиринглар. Икки эркак топилмаса, бир эркак ҳамда икки диндор ва омонатдор аёл бўлсин. Аёллардан бири унутган жойини иккинчиси эслатиб туради. Гувоҳлар қарз муомаласида гувоҳликка чақирилсалар, рад этмасинлар. Гувоҳ бўлиш уларнинг бурчларидир. Қарз оз бўлсин, кўп бўлсин аниқ муддат белгилаб ёзиб қўйишни малол олманглар. Ёзиб қўйиш Аллоҳнинг шариатида адолатлироқ, гувоҳларнинг гувоҳлик беришлари борасида мукаммалроқ, қарзнинг нави, миқдори ва муддати борасида шубҳага ўрин қолдирмайдиганроқ ишдир. Лекин агар муомала нақд нарса ва аниқ нарх билан савдо қилиш бўлса, уни ёзмасангизлар ҳам бўлаверади. Чунки бундай пайтда ёзишга ҳожат қолмайди. Низонинг олдини олиш учун гувоҳ чақириш шариатлаштирилди. Котиблар ва гувоҳларга зарар қилиш жоиз эмас. Айни пайтда котиблар ва гувоҳлар ҳам ёзиб бериш ёки гувоҳликка ўтиб беришни илтимос қилган кишига зарар қилмасинлар. Зарар қилиш Аллоҳга итоатсизлик, маъсиятдир. Эй мўминлар, Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш билан тақво қилинглар. Аллоҳ сизларга дунё ва охиратингизни ислоҳ қиладиган ишларни ўргатади. Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб-билиб туради. Ҳеч нарса У Зотдан яширин қолмайди.","Сафарда бўлиб, қарз васиқасини ёзишга котиб топа олмасангизлар, қарз олаётган одам уни бераётган одамга бирор нарсани гаров қўйиши кифоя қилади. Қўйган гарови то қарзини қайтаргунича кафил бўлиб туради. Агар бир-бирларингизга қаттиқ ишонсангизлар, ёзиш ҳам, гувоҳ чақириш ҳам, гаровга нарса қўйиш ҳам шарт бўлмайди. У пайтда қарз қарздорнинг бўйнига омонатга айланади ва у Аллоҳдан тақво қилиб, омонатга бирон шикаст етказмасдан эгасига қайтариши вожиб бўлади. Қарздор қарзидан тонса, гувоҳ гувоҳлигини қилиши шарт. Гувоҳлик қилишдан бош тортиб, бўлган қарз муомаласини яширган одам қалби бузуқ, гуноҳкор, осийдир. Аллоҳ қилган ишларингизни кўриб-билиб тургувчидир. Ҳеч нарса У Зотдан яширин қолмайди. Яқинда амалларингизга яраша жазо ёки мукофотингизни беради.","Осмонлару ердаги ҳамма нарса Аллоҳнинг халқи, Аллоҳнинг мулки, Аллоҳнинг тадбиридир. Қалбларингиздаги нарсани ошкор қиласизларми ё яширасизларми, ҳаммасини Аллоҳ кўриб-билиб турибди ва яқинда ўшанга яраша ҳисоб-китоб қилади. Шундан кейин Ўзи истаган бандасини фазлу марҳамат кўрсатиб кечириб юборади, истаган бандасини адлу ҳикматини намоён қилиб азоблайди. Аллоҳ ҳар ишга Қодир Зотдир.","Муҳаммад алайҳиссалом ўзига Парвардигори тарафидан нозил бўлган нарсаларнинг ҳаммасига иймон келтирди. Мўминлар ҳам иймон келтирдилар. Ҳаммалари Аллоҳга иймон келтирдилар, ҳамма фаришталарига, анбиёларига нозил қилган ҳамма китобларига, юборган пайғамбаларига иймон келтирдилар ва дедилар: \"Аллоҳнинг пайғамбарларидан биронтасини ажратиб қўймаймиз\". Яна шундай дедилар: \"Бизгу буюрган буйруқларинг ва бизни қайтарган тақиқларингга қулоқ соламиз ҳамда буйруқларингни бажариш ва тақиқларингдан тийилиб, Сенга итоат этамиз. Парвардигоро, бизни мағфират қилишингни сўраймиз, зеро, ҳамма ишларимизда борадиган, мурожаат қиладиганимиз якка-ёлғиз Ўзингсан\".","Аллоҳ ҳеч кимга тоқати етмайдиган ишларни юкламайди. Зеро, Аллоҳнинг дини осонлик, қулайлик асосига қурилган. Унда ҳеч қандай машаққат йўқ. Ким яхши иш қилса, ўшанга яраша савобини олади. Савоби заррача камайиб қолмайди. Ким ёмон иш қилса, унга ҳам ўшанга яраша гуноҳ ёзилади. Унинг гуноҳини ҳам бошқа биров бўйнига олмайди. Пайғамбар алайҳиссалом ва мўминлар шундай дедилар: \"Парвардигоро, бирон сўзимиз ё амалимизда беихтиёр хато қилиб ё унутиб қўйсак, бизни азобламагин. Парвардигоро, олдинги ўтганларга юклаганинг каби бизга кучимиз етмайдиган ишларни юкламагин. Ўшанда уларни - яҳудларни қилган зулмлари туфайли азоблагандинг. Бизга оғирлик қиладиган, тоқатимиз кўтаролмайдиган буйруқ ва тақиқларни бўйнимизга қўймагин. Гуноҳларимизни кечиргин, бизни мағфират қилгин, фазлинг ила бизга раҳм этгин. Сен бизнинг хожамиз ва мададкоримизсан. Бизни кофирлар устидан ғолиб айлагин.","Алиф, лом, мим. \"Бақара\" сураси ҳам шу ҳарфлар билан бошланганди. Бу билан Қуръон мана шу каби оддий ҳарфлардан тузилганига қарамасдан, арабларнинг энг моҳир сўз усталари ҳам унга ўхшашини ёза олишмаганига ишора қилиняпти.","Ибодат қилинишга лойиқ ҳақиқий маъбуд ёлғиз Аллоҳдир. У абадий барҳаётдирки, унда ўлим йўқ, нуқсон йўқ. Бор бўлишда У Зот ҳеч кимга, ҳеч нарсага таянмайди. Қолган махлуқотлар эса бирон лаҳза ҳам У Зотдан беҳожат бўла олмайдилар.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Аллоҳ сизга Қуръонни нозил қилди. Унинг хабарлари рост, ҳукмлари эса адолатлидир. У олдинги илоҳий китобларга мувофиқдирки, улар орасида ҳеч қандай зиддият йўқ. Аллоҳ Қуръондан олдин Мусо алайҳиссаломга Тавротни, Ийсо алайҳиссаломга эса Инжилни нозил қилди. Бу илоҳий китобларнинг ҳаммасида инсонларнинг дунё ва охиратларини ислоҳ қилишлари учун ҳидоят ва иршод бор. Аллоҳ ҳақ билан ботилни, ҳидоят билан залолатни ажратиб берадиган Фурқонни ҳам нозил қилди. Аллоҳнинг сизга нозил қилган оятларига куфр келтирганларга қаттиқ азоб бордир. Аллоҳ Азиздирки, ҳеч ким, ҳеч нарса Ундан ғолиб эмас. Аллоҳ пайғамбарларини ёлғончига чиқариб, фармонларига қарши чиқадиганлардан интиқом оладиган Зотдир.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Аллоҳ сизга Қуръонни нозил қилди. Унинг хабарлари рост, ҳукмлари эса адолатлидир. У олдинги илоҳий китобларга мувофиқдирки, улар орасида ҳеч қандай зиддият йўқ. Аллоҳ Қуръондан олдин Мусо алайҳиссаломга Тавротни, Ийсо алайҳиссаломга эса Инжилни нозил қилди. Бу илоҳий китобларнинг ҳаммасида инсонларнинг дунё ва охиратларини ислоҳ қилишлари учун ҳидоят ва иршод бор. Аллоҳ ҳақ билан ботилни, ҳидоят билан залолатни ажратиб берадиган Фурқонни ҳам нозил қилди. Аллоҳнинг сизга нозил қилган оятларига куфр келтирганларга қаттиқ азоб бордир. Аллоҳ Азиздирки, ҳеч ким, ҳеч нарса Ундан ғолиб эмас. Аллоҳ пайғамбарларини ёлғончига чиқариб, фармонларига қарши чиқадиганлардан интиқом оладиган Зотдир.","Аллоҳга на ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмас. У Зот ҳамма-ҳамма нарсаларнинг зоҳирини ҳам ботинини ҳам кўриб-билиб туради.","Сизларни оналарингиз қоринларида эркак ва аёл, чиройли ва хунук, оқ ва қора қилиб, Ўзи истаганча турли хил суратларда яратган Зот Аллоҳдирки, Ундан ўзга чин маъбуд йўқдир. У Азиздирки, ҳеч ким, ҳеч нарса Ундан ғолиб бўла олмас. У ҳар бир яратишини, тадбирини, шариатини ҳикмат билан қиладиган Зотдир.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Аллоҳ шундай Зотдирки, сизга Қуъонни нозил қилди. Унда ҳеч қандай чалкашлиги йўқ, аниқ-равшан маънолар тараладиган муҳкам оятлар бор. Бу оятлар Қуръоннинг асоси ва катта қисмини ташкил қилади. Ихтилофлар чоғида айнан шу оятларга мурожаат қилинади. Айни пайтда бир неча хил маъноларни англатадиган муташобиҳ оятлар ҳам борки, кўп одамларга қайси маънода келаётганини англашда чигаллик юзага келади. Қалбида марази - ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар оятларнинг муҳкамини қўйиб, муташобиҳини оладилар. Бу билан шубҳа қўзғаш, одамларни йўлдан оздириш ва ўз ҳавойи нафсларига тўғри келадиган тарзда таъвил-тафсир қилишни кўзлайдилар. Аслида бу оятларнинг маъноларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Илмда мустаҳкам бўлган зотлар эса: \"Қуръоннинг ҳаммасига иймон келтирдик, ҳаммаси Парвардигоримиз тарафидан нозил бўлган\", дейдилар. Муташобиҳ оятларни муҳкам оятлар билан тафсир қиладилар. Соғлом ақли борларгина эслатма-насиҳатга қулоқ соладилар.","Илмда мустаҳкам бўлган зотлар яна шундай дейдилар: \"Парвардигоро, бизни ҳаққа ҳидоят қилиб, йўлдан озганлар йўлиққан фожиадан саломат қилганингдан кейин энди яна қалбларимизни ҳақ йўлдан оғдирма! Бизга Ўз ҳузурингдан кенг раҳмат ато этгинки, у билан қалбларимиз ҳидоятлансин, йўлдан озиш фалокатидан ҳимоялансин. Парвардигоро, барча яхшиликларни ато этгувчи ёлғиз Ўзингсан!\"","Парвардигоро, Сен ҳамма одамларни бир кунга тўплаб, уларни ҳисоб-китоб қиласан. У куннинг келиши муқаррар. Парвардигоро, Сен ваъдангга хилоф қилмайсан.","Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига куфр келтирганларни на бу дунёда ва на охиратда моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳнинг азобидан қутқара олмайдилар. Улар Қиёмат кунида дўзахнинг ўтинларидир.","Бу кофирларнинг иши Фиръавн ва ундан олдинги Аллоҳга куфр келтирган ва оятларини ёлғонга чиқарган бадбахтларнинг иши кабидирки, Аллоҳ уларни гуноҳлари сабабли азоблаганди. Ўшанда уларга моллари ҳам, болалари ҳам асқотмаганди. Аллоҳ куфр келтириб, оятларини ёлғонга чиқарганларга нисбатан азоби қаттиқ Зотдир.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, ҳар қандай ботил дин орқали куфр йўлига кирганларга айтингки, яқинда мўминлар сизлардан ғолиб бўладилар, сизлар эса кофир ҳолингизда ўлиб кетасизлар ва Аллоҳ сизларни жаҳаннам оловига тўплайди. Сизлар учун тайёрлаб қўйилган қароргоҳ нақадар ёмон жой!","Бадр кунида жанг қилиш учун тўқнаш келган икки гуруҳда сизлар учун ибрат бор эди. Улардан бири Аллоҳ йўлида Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши, кофирлар калимаси эса маҳв этилиши учун жанг қилаётган Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалардан иборат мўминлар гуруҳи бўлса, иккинчиси каттазанглик, риё ва тарафкашлик байроғи остида урушга чиққан Макка кофирлари эди. Мўминлар уларнинг икки баробар кўплигини ўз кўзлари билан кўрдилар. Аллоҳ Ўзининг дўстларига нусрат-ғалаба берди. Аллоҳ Ўзи истаган бандаларини ғалаба билан қувватлайди. Бу ишда фикр юрита оладиганлар учун ибрат ва насиҳат бордир. Токи, ғалаба сони оз бўлса-да, аҳли иймонники эканини, мағлубият эса сони кўп бўлса-да, аҳли ботилники эканини билиб олсинлар.","Аллоҳ таоло хабар беряптики, одамларни синаш учун уларга аёллар, болалар, тилла, кумуш каби бойликлар, қимматбаҳо донғи чиққан отлар, туя, сигир, қўй каби чорвалар ҳамда экин-тикинлар каби истак-ҳоҳишларга қўнгил қўйиш чиройли, ёқимли қилиб кўрсатилди. Аслида бу нарслар дунёнинг ўткинчи нарсалари. Улардан бир муддатгина фойдаланиш мумкин, холос. Кейин ҳаммаси бир зумда йўқ бўлиб кетади. Мўмин одамга уларга кўнгил бериш ярашмайди. Зеро, энг гўзал оқибат, қайтиб борар жой Аллоҳнинг ҳузуридадир. У кенглиги осмонлару ерча бўлган жаннатдир.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, айтинг: \"Мана шу истак-хоҳишлардан кўра яхшироқ нарсалар ҳақида хабар берайми? Аллоҳдан тақво қилиб, буйруқларини бажарадиган, тақиқларидан тийиладиган зотлар учун қасрлари ва дарахтлари остидан дарёлар оқиб турадиган боғлар бор. Боғларда улар абадий қоладилар, ўлмайдилар, якун топмайдилар. Улар учун яна сурати ҳам, сийрати ҳам покиза жуфтлар ҳамда Аллоҳнинг ризолиги ҳам борки, Аллоҳ уларга ҳамма нарсани ҳалол қилиб беради, уларга ҳеч қачон ғазаб қилмайди. Аллоҳ бандаларининг аҳволини кўриб-билиб туради. Ҳеч нарса У Зотдан яширин қолмайди. Яқинда уларнинг амалларига яраша жазо ёки мукофотларини беради\".","Жаннатилар Парвардигорига дуо қилиб, шундай дейдилар: \"Парвардигоро, биз Сенга ва пайғамбарларингга нозил қилган рисолатларга иймон келтирдик, шариатингга эргашдик. Қилган гуноҳларимизни кечир ва бизни дўзах азобидан асра\".","Улар тоат-ибодат қилишда ҳам, гуноҳлардан тийилишда ҳам, балолар чоғида ҳам сабр-тоқатли, гапидаю амалида садоқатли, Аллоҳ таолога тўла итоатли, мол-давлатларини Аллоҳнинг йўлида инфоқ-эҳсон қиладиган, қалблар ташвишлардан, юмушлардан холи ва дуо ижобат бўлишига яқин бўлган онлар - саҳарларда истиғфор айтадиган зотлардир.","Аллоҳ Ўзининг илоҳлигига далолат қилувчи шаръий ва кавний ҳужжатлар келтириш билан ёлғиз Ўзи ҳақиқий маъбуд эканига гувоҳлик берди. Фаришталар ҳам шунга гувоҳлик бердилар. Тавҳидни баён қилиш ва унга даъват этиш билан аҳли илм ҳам энг буюук гувоҳликни бердилар. У Аллоҳнинг ягоналиги ва халқию шариати борасида адолат билан иш қилишидир. Ундан ўза илоҳ йўқ. У азиздирки, ҳеч ким, ҳеч нарса Ундан ғолиб эмас. У яратиш, тадбир қилиш ва шариатлаштиришда ҳар бир ишни ҳикмат билан қиладиган Зотдир.","Аллоҳ наздида мақбул дин Исломдир. У ёлғиз Аллоҳга бўйсуниш, таслим бўлиш, тоат-ибодат қилиш, ҳамма пайғамбарларга, жумладан, уларнинг хотималовчиси Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келириш ва ёлғиз у кишининг шариатидан бошқасини тан олмасликдир. Яҳуд ва насоролар илм-ҳужжат келганидан кейин ҳасадлари ва дунёга қўйган ҳирслари туфайли диний фирқаларга, гуруҳларга бўлиниб кетдилар. Аллоҳ пайғамбарига нозил қилган оятларга куфр келтирган одам билиб қўйсинки, Аллоҳ кофирлар ва каззоблардан жуда тез ҳисоб олади.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, сизга нозил бўлган ҳақ борасида талашиб-тортишадиган бўлсалар: \"Мен ва менга тобе бўлган мўминлар Аллоҳ таолога таслим бўлдик\", деб айтинг. Эй Пайғамбар алайҳиссалом, аҳли китоб ва мушриклардан: \"Мен олиб келган ҳукмларга эргашиш билан Аллоҳ таолога холис таслим бўлдингизми?\", деб сўранг. Аллоҳга таслим бўлиб, шариатингизга эргашсалар, демак, ҳидоят йўлига ўтибдилар. Бордию Исломдан юз ўгирсалар, сизнинг вазифангиз фақат етказиб қўйиш, холос. Кейин уларнинг иши Аллоҳа ҳавола. У Зот бандаларини кўриб-билиб туради. Яқинда уларга амалларига қараб жазо ёки мукофот беради.","Аллоҳнинг ҳужжатларини инкор қиладиган, пайғамбарларини ноҳақ, зулм ва тажовузкорлик билан ўлдирадиан, адолатга чақириб, яхшиликка буюриб ва ёмонликдан қайтарадиган одамларни ҳам ўлдирадиган бадбахт қотилларга аламли азоб борлиги ҳақида хабар бериб қўйинг.","Бундай бадбахтларнинг амаллари Аллоҳга ишонмаганлари туфайли ҳабата кетмишдирки, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда бермас. Уларни азобдан мудофаа қиладиан бирон мададкор йўқдир.","Эй Муҳаммад алайҳиссалом, яҳудлар аҳволига бир қаранг. Аллоҳ уларга Таврот илмидек бебаҳо неъматни бериб қўйибди. Унда сизнинг пайғамбарлигингизга далолат қилувчи ҳужжат бор. Энди улар ўзаро ихтилофларига Тавротни ҳакам қилиб олишга чақирилсалар, олимлари ва раҳбарларидан бир гуруҳи ундан бош тортяптилар. Чунки бу иш уларнинг ҳавойи нафсларига мос тушмаяпти. Ахир улар ўзларини, Тавротнинг тобелари, дея даъво қилмасмидилар?! Шундай экан, Тавротни ҳакам қилиб олишга биринчилардан бўлиб чопиб келишлари керак эмасмиди?","Ҳақдан бош тортиб, юз ўгиришларига сабаб шуки, улар дўзах бизни саноқли кунларгина ушлаб туради, кейин жаннатга кирамиз, дея даъво қилардилар. Ёлғону иғволардан иборат шу гумонга алданиб, Аллоҳга ва Унинг динига қарши гапиришга журъат қилишгача бордилар.","Уларнинг аҳволи нима кечар экан?! Надоматлари қандай бўлар экан?! Келиши муқаррар бўлган қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилиш учун уларни тўплаганимизда, яхшилигини камайтирмай, ёмонлигини кўпайтирмай, заррача зулм қилинмай, ҳар бир жонга қилган амалига яраша жазо ёки мукофот берилганида уларнинг аҳволи ўта-ўта аянчли бўлади!","Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Парвардигорингизни улуғлаб, Унга сано айтиб, шундай денг: \"Аллоҳим, дунёю охиратдаги ҳамма мулкнинг эгаси Ўзингсан. Мулкни истаган одамингга берасан, истаган одамингдан тортиб оласан. Хоҳлаган одамингни азиз қиласан. Хоҳлаган одамингни хор қиласан. Ҳар бир ишни Ўз ҳикматинг ва адлинг ила қиласан. Ҳамма яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингда ва Сен ҳар ишга, ҳар нарсага Қодир Зотсан\".","Қудратингнинг кўринишларидан бири шуки, тунни кун ичига киритасан, шу билан кун вақти узаяди, кунни эса тун ичига киритасан, шу билан тун вақти узаяди, уруғдан экинни ва кофирдан мўминни чиқарганингдек, ўликдан тирикни чиқарасан, товуқдан тухумни ва мўминдан кофирни чиқарганингдек, тирикдан ўликни чиқарасан ҳамда Ўзинг истаган бандангга беҳисоб, кенг ризқ берасан.","Эй мўминлар, кофирларни дўст тутмангиз. Қалбингиз ва мадад қўлингизни мўминлар қолиб, уларга узатмангиз. Ким шундай қилса, у Аллоҳга бегона, Аллоҳ ҳам унга бегона. Лекин агар уларнинг салтанатида яшаётган бўлсангиз ва ҳаётингизга хавф туғилса, уларнинг озорларидан эҳтиёт бўлиш учун дилингиздаги адоватингизни яшириб, ширинсуханлик билан мулойим муомалада бўлсангиз, зарар қилмайди. Аллоҳ улардан эмас, Ўзидан эҳтиёт бўлишга чақиради. У Зотдан қўрқинглар. Гуноҳлар қилиб, ғазабига йўлиқманглар. Қиёмат куни ҳамма бандаларнинг борар жойи ёлғиз Аллоҳгадир. Ўшанда уларга амалларига яраша жазо ёки мукофот беради.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, айтинг: \"Аллоҳ тақиқлаган ишни, яъни, кофирларни дўст тутганингизни яширасизми ё ошкор қиласизми, фарқи йўқ. Ҳаммасини Аллоҳ кўриб-билиб турибди. Ҳеч нарса, ҳеч иш У Зотдан яширин қолмайди. Осмонлару ердаги ҳамма-ҳамма нарсадан огоҳ, хабардор. Аллоҳ ҳар нарсага Қодир Зот. У Зотга оғирлик қиладиган бирон иш йўқ\".","Қиёмат куни яхши амаллар қилган одам савобини тўла қилиб олади, заррача камайтирилмайди. Ёмон амаллар қилган одам эса амаллари олис-олисларда қолиб кетишини орзу қилиб қолади. Аммо у пайтда бундай орзунинг амалга ошишига йўл бўлсин! Аллоҳ сизларни Ўзидан огоҳлантиради. Гуноҳлар қилиб, Унинг ғазабига гирифтор бўлиб қолманглар. Аллоҳ бандаларига Меҳрибон Зот. Шунинг учун ҳам уларни огоҳлантиради, эҳтиёт бўлишга чорлайди.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, айтинг: \"Агар ҳақиқатан Аллоҳни яхши кўрсангизлар, мен олиб келган рисолатга ичинглару ташингларда эргашинглар. Шунда Аллоҳнинг муҳаббатига ноил бўласизлар ва У Зот гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ тавба қилган бандасини кечирадиган Раҳмли Зотдир.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, айтинг: \"Аллоҳга ва пайғамбарига буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш билан итоат этинглар\". Юз ўгирсалар, Аллоҳ Ўзининг ва пайғамбарининг буйруқларига қарши чиқадиган кофирларни ёмон кўради.","Аллоҳ танлаб-саралаб олган бандаларини кўринг. Одам алайҳиссаломга фаришталарни сажда қилдирди. Нуҳ алайҳиссаломни ер юзига биринчи элчи-пайғамбар қилиб юборди. То қиёматга қадар пайғамбарлик Иброҳим алайҳиссаломнинг авлоди-зурриётида қоладиган бўлди. Имрон авлоди ҳам сара зотлар бўлдилар. Хуллас, мазкур зотларнинг ҳаммалари ўз замонасининг афзаллари, саралари эдилар.","Мазкур анбиёлар ва Аллоҳни бир деб билишда ҳамда яхши ишлар қилишда уларнинг изидан борган зурриётлари бир силсиладирки, улуғ хулқларни ва олийжаноб фазилатларни бир-бирларидан мерос қилиб олганлар. Аллоҳ бандаларининг гапираётган гапларини ҳам, қилаётган ишларини ҳам эшитиб-билиб туради. Шунинг учун улар орасидан Ўзи истаганини танлаб-саралаб олади.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, эсланг! Имроннинг аёли, Марям алайҳиссаломнинг онаси: \"Парвардигорим, қорнимдаги ҳомиламни дунё ишларидан озод этиб, Сенга ва уйингга хизмат қилиши учун холис Ўзингга назр қилдим, уни Ўз даргоҳингда қабул айла, Сен дуойимни эшитиб, ниятимни билиб турган Зотсан\", деган эди.","Вақти соати етиб, кўзи ёригач: \"Парвардигоро, мен қиз туғдим ва уни Марям, деб номладим. Унга ва унинг зурриётига раҳматингдан қувилган шайтондан паноҳ беришингни сўрайман\", деди. Нима туққанини Аллоҳ яхшироқ билади. Ўғил кутаётгани учун бу гапни худди узр сўрагандек айтди. Ҳа, у туққан қиз билан у кутган ўғил қувватда ҳам, хилқатда ҳам баробар эмас.","Аллоҳ унинг назрини чиройли қабул қилди. Уни гўзал тарзда тарбиялади-ўстирди, солиҳ бандаларининг қалбларини унга меҳрибон қилиб қўйди. Закариё алайҳиссаломга уни ўз қарамоғига олишини тайинлади. Закариё алайҳиссалом унинг ибодат қилиб турган жойига кирганида бир хуш ризқни-таомни кўриб: \"Марям, бу ризқ сенга қаердан келди\", деди. Марям шундай жавоб берди: \"Бу Аллоҳ ҳузуридан. Аллоҳ Ўзи истаган бандасига беҳисоб мўл ризқ ато этур\".","Закариё Аллоҳ таолонинг Имрон қизи Марямга ноодатий тарзда ризқ берганини кўргач, ўзи қари, аёли эса туғмас бўлишига қарамай, унда бир фарзандли бўлиш умиди туғилиб, шундай деди: \"Парвардигоро, менга бир солиҳ бола бер, Сен дуони Эшитгувчи ва ижобат қилгувчи Зотсан\".","Намоз ўқиб турган чоғида фаришталар унга нидо қилиб, шундай дедилар: \"Аллоҳ сенга бир бола ҳақида хушхабар беряпти. Унинг номи Яҳё. Сифатларидан бири Аллоҳ тарафидан келган калимани, яъни, Ийсо ибн Марямнинг ўзига хос тарзда яратилганини тасдиқ этгувчи бўлмоғидир. Бу бола ўз қавмига илму ибодатда пешво бўлиб, ўзини шаҳватлардан, жумладан, аёллардан тияди. Ҳамма вақтини Парвардигорига ибодат қилишга бағишлайди ва айни пайтда солиҳлар қаторидаги пайғамбар бўлади\".","Яҳё ҳақидаги хушхабарни эшитган Закариё: \"Парвардигорим, ўзим чол бўлиб қолган бўлсам, аёлим туғмас бўлса, менга қаёқдан бола бўлсин\", деди. Аллоҳ таоло унга шундай жавоб берди: \"Қарилигинг ва аёлингнинг туғмаслигига қарамасдан, Яҳёнинг дунёга келиши Аллоҳ таолонинг бошқа ноодатий яратишлари кабидир. Зеро, Аллоҳ ҳар ишга Қодир ва Ўз илму ҳикмати ила истаган ишини қиладиган Зотдир\".","Закариё деди: \"Парвардигоро, аёлимнинг мендан ҳомиладор бўлганига бир белги бергин!\" Аллоҳ деди: \"Белги шуки, ўзинг соппа-соғдек кўринасан-у, аммо уч кеча-кундуз одамлар билан гаплаша олмай қоласан. Фақат имо-ишора қила оласан, холос. Эртаю кеч Аллоҳни зикр қилиш ва Унга тасбеҳ айтишни кўпайтир\".","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, эсланг! Малоикалар Марям алайҳассаломга шундай дегандилар: \"Олийжаноб хислатларинг туфайли Аллоҳ сени ўз замонангдаги дунё аёллари орасидан танлаб олди ва сендан айбу нуқсонларни аритди\".","(Яна дедилар:) \"Эй Марям, узоқ намоз ўқи, Парвардигорингга сажда қил ва рукуъ қилувчи солиҳ бандалар билан бирга рукуъ қил\".","Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Закариё ва Марям алайҳимассалом ҳақидаги бу гаплар ғайб хабарлари бўлиб, уларни сизга ваҳий қиляпмиз. Ўша пайтдаги олимлар ва солиҳлар Марямни тарбия қилишга ким ҳақли эканини аниқлаш учун талашиб-тортишганларида сиз у ерда бўлмагандингиз. Ўшанда улар қаламларини қуръа қилиб ташлагандилар ва Закариё алайҳиссалом ютиб чиққанди.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, эсланг! Фаришталар шундай дегандилар: \"Эй Марям, Аллоҳ сенга отасиз туғилажак бир бола ҳақида хушхабар бермоқда. У Аллоҳнинг \"бўл\" деган сўзи билан Аллоҳнинг изни ила дунёга келади. Унинг номи Масиҳ Ийсо ибн Марям бўлади. Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам мартабаси жуда улуғ бўлиб, Аллоҳ таолога муқарраблар (Аллоҳга яқин бандалар) сафидан жой олади\".","Одамларга ҳали тили чиқмаган гўдаклигида ҳам, куч-қувватга тўлган йигитлигида ҳам гапиради. Гапиранда ҳам уларнинг дунё ва охиратларига доир ҳамма ишларини ислоҳ қиладиган гапларни гапиради. Ўзи эса гапирган гапида ҳам, қилган ишида ҳам солиҳ бўлганлар сафида бўлади.","Марям ўзининг эрсиз бола кўришини ақлига сиғдиролмай: \"Бирон одам ҳалолдан ҳам, ҳаромдан ҳам мен билан яқинлик қилмаган бўлса, бола қандай бўлсин?\", деди. Шунда унга фаришта шундай деди: \"Аллоҳ сенга бир болани отасиз яратиб бергандек, Ўзи истаган нарсасини одатдан ташқари тарзда ҳам яратаверади. У бир ишни истаса, унга: \"Бўл\", дейди, шу билан у бўлаверади. Унинг қўлидан келмайдиган бирон иш йўқ\".","Аллоҳ унга ёзишни, энг тўғри гапни айтишни, энг тўғри ишни қилишни, ўтмишда Мусога нозил қилгани Тавротни ва келгусида унинг ўзига нозил қиладигани Инжилни ўргатади.","Шунингдек, уни Бани Исроилга пайғамбар қилади ва у дейди: \"Мен сизларга пайғамбарлигимга далил бўладиган белгиларни келтирдим. Улар шулардан иборатки, лойдан қуш шаклини ясаб, бир пуфласам, Аллоҳнинг изни ила тирик қушга айланади, туғма кўрни даволасам, кўзи очилади, пес-моховни даволасам, касалдан фориғ бўлиб, терилари соппа-соғаяди, ўликни эса тирилтираман, шуларнинг ҳаммасини Аллоҳнинг изни билан қиламан, сизлар еяётган ва уйингизда яшириб, ғамлаб қўйган озиқ-овқатларингизни ҳам айтиб бера оламан. Агар сизлар иймон келтириш ва ҳужжатларни тасдиқлаш ниятида бўлсангизлар, айтиб ўтганларим инсон зотининг қўлидан келмайдиган буюк ишлар бўлиб, менинг Аллоҳнинг пайғамбари эканимга яққол белгилардир\".","\"Шунингдек, мен сизларга ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлаб ҳамда сизларга осон ва қулай бўлиши учун олдин ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун келдим. Айни пайтда айтган гапларимнинг тўғрилигига очиқ-равшан ҳужжат ҳам келтирдим. Бас, Аллоҳга буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш билан тақво қилинглар, мен даъват қилаётган ишларда менга итоат этинглар.","Зеро, Аллоҳ менинг парвардигорим ва сизларнинг парвардигорингиздир. Ёлғиз Угина ибодат ва тақво қилинишга лойиқ Зотдир. Шундай экан, ёлғиз Унгагина ибодат қилинглар. Аллоҳгагина ибодат қилиш ва Ундангина тақво қилиш ҳеч бир қинғирлиги бўлмаган энг тўғри йўлдир.","Ийсо алайҳиссалом уларнинг саркашлик билан куфрда қотиб туриб олишларини билганидан кейин Бани Исроилга: \"Аллоҳга даъват қилишимда ким менга ёрдам беради?\", дея хитоб қилди. Тобеларидан энг саралари, мусаффолари: \"Аллоҳнинг динига ёрдам бервучилар мана бизлармиз, Аллоҳга иймон келтирдик ва сенга эргашдик, Эй Ийсо, гувоҳ бўлки, биз Аллоҳни бир деб биламиз, Унга итоат этамиз ва бўйсунамиз\", дедилар.","Ҳаворийлар ҳам шундай дедилар: \"Парвардигоро, нозил қилган китобинг Инжилга иймон келтирдик, Ийсо алайҳиссаломга эргашдик. Бас, бизни Ўзингга ва пайғамбарларингга ишониб, ҳаққа гувоҳлик берганлар сафида қилгин!\"","Бани Исроилдаги кофирлар макр қилиб, Ийсо алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлдилар. Аллоҳ ҳам макр қилиб, уларни адаштирди ва Ийсо алайҳиссаломни бошқа бир кишининг суратига киритиб қўйди. Аллоҳ макр қилувчиларнинг энг зўридир. Душманга қарши макр қилишда Аллоҳ таолодан ўтадигани йўқ.","Аллоҳнинг макри мана шундай бўлди. Ийсо алайҳиссаломга хитоб қилиб, шундай деди: \"Эй Ийсо, мен сени ўлдирмасдан Ўзимга қайтараман, жисмингни ҳам, руҳингни ҳам Ўзимга кўтариб оламан. Сени кофирларнинг ёмонлигидан, нопоклигидан озод қиламан ва улардан узоқлаштираман. Ҳақ дин (Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш ҳам шу ҳақ дин жумласидандир) асосида сенга эргашганларни то қиёматга қадар кофирлардан ҳужжатда ҳам, иззатда ҳам устун қиламан. Кейин эса қиёмат кунида ёлғиз Ўзимга қайтиб келасизлар. Ўшанда ихтилоф қилган ишларингизда ҳақ билан ҳукм қиламан.","Сенга ва сен олиб келган ҳаққа куфр келтирганларни бу дунёда ўлим, асирга тушиш, хорлик ва бошқа балоларга гирифтор қилсам, охиратда дўзах ўти билан азоблайман. Уларни азобдан ҳимоя қиладиган ёрдамчилари йўқдир.","Сенга ва сен олиб келган ҳаққа иймон келтириб, намоз, рўза, закот, қариндошчилик ришталарини боғлаш ва бошқа яхши амалларни қилганларга эса савобларини камайтирмасдан тўла қилиб беради. Ийсо алайҳиссаломнинг тобелари ҳақидаги бу гап Муҳммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб юборилишидан олдинги даврга алоқадор. Бу ҳақда Ийсо алайҳиссаломнинг ўзи хушхабар берган. Аллоҳ золимларни хуш кўрмайди. Энг катта зулм эса Аллоҳ таолога ширк келтириш ва У Зотнинг пайғамбарларини ёлғончига чиқаришдир.","Сизга ўқиб бераётганимиз Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги хабарлар унга нозил қилинган рисолатнинг ростлигига далолат қилувчи очиқ ҳужжатлардир. У тақводорларга зикр-эсатмадир, ноҳақлик аралашмаган мустаҳкам ҳақиқатдир.","Аллоҳнинг наздида Ийсо алайҳиссаломнинг отасиз яратилиши худди Одам алайҳиссаломнинг ота-онасиз яратилиши кабидир. Ўшанда Аллоҳ Одамга: \"инсон бўлиб ярал!\" деган эди ва у Аллоҳ таоло айтганидек яралганди. Қандай қилиб отасиз яратилганини ҳужжат қилиб, уни Худо дейдилар? Ахир улар ота-онасиз яратилган Одамни инсон дейдилар-ку?!","Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги шубҳасиз ҳақиқат сизга Парвардигорингиз тарафидан нозил қилинган хабардир. Шундай бўлгач, иккиланаверадиган шаккоклардан бўлманг. Аксинча, сиз ҳақсиз, бас, ҳақ устида мустаҳкам туринг.","Эй Муҳаммад алайҳиссалом, сизга бу ҳақиқат билдирилганидан кейин Нажрон насоролари Ийсо алайҳиссалом ҳақида тортишиб, уни Аллоҳнинг бандаси эмас, десалар: «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимизни ва аёлларингизни, ўзимизни ва ўзингизни чақириб, бир жойга тўпланайлик-да, сўнгра ёлбориб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўрайлик», деб айтинг.","Ийсо алайҳиссалом ҳақида айтганларимиз ҳеч бир ёлғони йўқ ва шубҳасиз рост хабардир. Ёлғиз Аллоҳдан ўзга чин маъбуд йўқ. Аллоҳ Ўз мулкида Азиз, тадбири, фармони ва яратишида эса Ҳаким Зотдир.","Сиз олиб келган ҳақиқатдан юз ўгирсалар ва сизга эргашмасалар, бу уларнинг бузғунчилигидан далолатдир. Аллоҳ ер юзида бузғунчилик қиладиганларни жуда яхши билади ва яқинда уларни жазолайди.","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, айтинг: \"Эй аҳли китоб - яҳуд ва насоролар, келинглар, ҳаммамиз унинг олдида баробар бўлган бир одил сўз асосида бирлашайлик, яъни, чин маъбудликда Аллоҳ ягона, деб тан олайлик, ҳар қанча мартабаси улуғ ва мақоми олий бўлмасин, ҳеч кимни маъбудликда Унга тенг кўрмайлик, бир-биримизни ибодат қилинадиган ва итоат этиладиган парвардигор қилиб олмайлик\". Энди мана шу ҳақиқат ва адолатга чақириғингиздан бош тортсалар, эй мўминлар: \"Гувоҳ бўлингларки, биз Аллоҳга бўйсунадиган, итоат этадиган, таслим бўладиган бандалармиз\", деб айтинглар.","Эй аҳли китоб, нима учун Иброҳим алайҳиссаломнинг қайси динда бўлгани ҳақида талашиб-тортишасизлар? Яҳудийлар уни яҳудий бўлган, десалар, насронийлар насроний бўлган, дейдилар. Ҳолбуки, яҳудийлик ҳам, насронийлик ҳам Иброҳим алайҳиссалом вафотидан анча кейин пайдо бўлганини жуда яхши биласизлар. Наҳотки, гапингиз ноҳақлиги ва даъвойингиз пучлигига ақлингиз етмаётган бўлса?!","Эй аҳли китоб, сизлар Муҳаммад алайҳиссалом билан ўзларингиз биладиган нарсаларингиз - ўзингизга нозил бўлган динингиз ҳақида талашиб-тортишдингиз. Энди нима учун билмайдиган нарсаларингиз - Иброҳим алайҳиссалом ва унинг дини ҳақида ҳам талашиб-тортишасизлар? Китобларингизда ҳам, пайғамбарларингиз олиб келган хабарларда ҳам унинг дини ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ-ку! Ишларнинг моҳиятларини ҳам, ички яширин тарафларини ҳам фақат Аллоҳ билади, сизлар эса билмайсизлар.","Иброҳим алайҳиссаом яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган. У ботил динлардан юз ўгирган, ёлғиз Аллоҳ таолога таслим бўлган ва мушриклардан бўлмаган. Араб мушрикларининг \"биз Иброҳимнинг динимиз\" деган даъволари ҳам пуч, асоссиз.","Иброҳим алайҳиссаломга мансуб бўлиши мумкин бўлган кишиларнинг энг муносиби ўз замонасидаги унга эргашганлар ҳамда Муҳаммад алайҳиссалом ва мўминлардир. Аллоҳ мўминларни Ўз ҳифзу ҳимоясида асрайди ва уларга нусрат ато этади.","Эй мўминлар, аҳли китоблар - яҳуд ва насороларнинг олимлари сизларни Аллоҳ ҳидоят қилиб қўйган ҳақдан адаштирмоқчи бўладилар. Аммо улар ўзларини ўзлари адаштирадилар, холос. Зеро, мўминларни адаштиришга уринишлари ўзларининг залолат ботқоғига янада баттарроқ ботишларига олиб боради. Улар бу ишлари нақадар аянчли оқибатларга олиб боришини билмайдилар.","Эй аҳли китоб - яҳуд ва насоролар, нима учун Аллоҳнинг ўзларингизга нозил қилган оятларига куфр келтирасизлар? Ахир уларда Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига далолат қилувчи ҳужжатлар очиқ-равшан кўриниб турибди-ку! Ўзларингиз уни китобларингиз далолат қилиб турган ҳақ эканига гувоҳ бўлиб турибсизлар-ку!","Эй аҳли китоблар, нима учун китобларингизда нозил қилинган ҳақни ичингиздан тўқиб чиқарганингиз ботил билан аралаштирасизлар?! Нима учун китобларингиздаги ҳақ ва ҳидоятни, жумладан, Муҳаммад алайҳиссаломнинг пағамбарлигини тасдиқловчи хабарни яширасизлар?! Ахир сизлар ҳақ билан ботилнинг, ҳидоят билан залолатнинг фарқига борасизлар-ку!","Яҳудларнинг бир тўда олимлари шундай дедилар: \"Мўминларга нозил қилинган Қуръонга куннинг аввалида юзаки иймон келтириб, куннинг охирида яна қайта куфр келтиринглар, шоядки, мўминлар шу ишингиздан таъсирланиб, булар Аллоҳнинг китобини биздан кўра яхшироқ билишади, деган ўй билан динлари ҳақида шубҳалана бошласалар ва муртад бўлсалар.","Яна дедилар: \"Динингизга тобе бўлганларнигина тасдиқ этинглар\". Эй Пайғамбар, айтинг: \"Ҳақ сари ҳидоят сизларнинг бошқалар ҳам сизлардек фазилатли бўлишидан ёки Парвардигорингиз қошида сизларга қарши ҳужжат келтириб қолишидан қўрқиб қилаётган саркашлигингизу ёлғонларингиз билан эмас, Аллоҳнинг рушду ҳидояти ила бўлур\". Эй Пайғамбар, айтинг: \"Фазл Аллоҳнинг қўлидадир. Уни Ўзи истаган бандасига ато этур. У Зотнинг фазли бир умматга тегиб, бошқасига тегмай қолмас. Аллоҳ фазли кенг ва фазлига ким ҳақли эканини биладиган Зотдир.","Ўз раҳматини Ўзи истаган кишига хос қилиб, унга ҳидоят, пайғамбарлик ва турли неъматларини ато этади. Аллоҳ поёни йўқ улуғ фазл эгасидир.","Аҳли китоблардан шундай кимсалар борки, унга жуда кўп миқдордаги мол-давлатни омонат қўйсангиз, ўзингизга қайтаради. Яна шундай кимсалар ҳам борки, озгина, арзимас молни омонат қўйсангиз ҳам то қаттиқ туриб талаб қилиб олмагунингизча ўзи билиб қайтармайди. Бунинг сабаби уларнинг: \"Арабларнинг бизнинг устимизда ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи йўқ, уларнинг мол-давлатларини тортиб олсак, бизга гуноҳ бўлмайди, чунки бу ишни бизга Аллоҳ ҳалол қилган\", деган пуч даъволаридир. Улар бу ёлғонни Аллоҳга туҳмат қилаётганларини билиб туриб айтадилар.","Асло! Иш улар ўйлагандек эмас. Аксинча, улар ўз даъволари билан боши берк кўчага кириб қолганлар. Лекин ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилиб, Аллоҳга ва пайғамбарларига иймон келтирса, одамларга берган аҳдига вафо қилиб, омонатга хиёнат қилмаса, Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш билан тақво қилса, бас, Аллоҳ тақводорларни севади ва уларга яқинда энг яхши мукофотларни беради.","Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарларини юбориб, Ўз китобида нозил қилган ҳукмларига амал қилиш ҳақидаги фармонини ва берган аҳдларини дунёнинг арзимас матосига алмаштирадиганлар учун охират савобидан ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат куни Аллоҳ улар билан уларни хурсанд қиладиган тарзда гаплашмайди, уларга раҳмат назари билан қарамайди, уларни куфру маъсиятлардан покламайди ва улар учун аламли азоб бордир.","Яҳудлардан бир тоифаси Аллоҳ тарафидан нозил қилинган Тавротда йўқ гапларни тилларини буриб ўқийдилар. Бошқалар уларни Тавротни ўқияпти, деб гумон қилишлари учун шундай қиладилар. Аслида эса у Тавротдан эмас, балки уларнинг ёлғонлари ва Аллоҳга қилган бўҳтонларидир. Ўқиётганларимиз Аллоҳ тарафидан нозил қилинган, дейдилар. Аслида эса у Аллоҳ тарафидан эмас. Улар Аллоҳ ҳақида билиб туриб ёлғон гапирадилар.","Бир одамга Аллоҳ Китоб нозил қилиб, унга илм, фаҳм-фаросат бериб, пайғамбарликка сайласаю, у эса одамларга \"Аллоҳга эмас, менга бандалик қилинглар\", дейиши ҳаргиз жоиз эмас. Аксинча, уларга: \"У Зот сизларга Китобни ўргатди, Ундан билим ва фаҳм-фаросатни ўргандингиз, бас, энди илмига амал қиладиган, одамларни тарбиялайдиган, уларнинг ишларини ислоҳ қиладиган олимлар бўлингиз\", демоғи лозим.","Унинг сизларга Аллоҳни қўйиб, фаришталар ва пайғамбарларни парвардигор қилиб олиб, ўшаларга ибодат қилишни буюриши ҳам жоиз эмас. Унга таслим бўлиб, бўйсунганингиздан кейин сизларни Аллоҳга куфр келтиришга буюриши жоиз бўладими?","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, эсланг! Аллоҳ пайғамбарлардан аҳду паймон олиб, шундай деганди: \"Сизларга ҳар қанча (муқаддас) Китоб нозил қилмай, ҳар қанча илму ҳикмат ўргатмай, ҳар қанча мақому мартабага эришмангиз, сизларга мен тарафимдан бир пайғамбар - Муҳаммад алайҳиссалом сизлардаги Китобу ҳикматни тасдиқлаб келса, у олиб келган хабарга албатта иймон келтирасизлар, унга албатта мададкор бўласизлар, албатта унга эргашасизлар. Эй пайғамбарлар, шунга иқрормисизлар ва аҳду паймон берасизларми?\" Ҳаммалари: \"Ҳа, иқрормиз\", дея жавоб бердилар. Шунда Аллоҳ деди: \"Ўзларингизга ва умматларингизга гувоҳ бўлинглар, Мен ҳам сизлар билан бирга сизларга ва уларга гувоҳ бўламан\".","Энди кимлар гувоҳ бўлишга қатъий аҳду паймон берганларидан кейин ҳам Аллоҳдан ва пайғамбарларидан юз ўгирсалар, ана ўшалар Аллоҳнинг динидан тонган ва тоатидан юз ўгирганлардир.","Ўша Аллоҳнинг динидан тонган ва тоатидан юз ўгирганлар Аллоҳ бандаларига Ўзи танлаб берган дини - Исломдан бошқасини истайдиларми? Ҳолбуки, осмонлару ердаги ҳамма махлуқот худди мўминлардек ихтиёрий итоат биланми ёки кофирлардек мажбурлигиданми, Ўша Зотга бўйсунадилар-ку! Кейин Қиёмат кунида ҳисоб бериш ва жазо ё мукофотини олиш учун Ўша Буюк Зотга қайтадилар-ку!","Эй Пайғамбар алайҳиссалом, айтинг: \"Аллоҳнинг ёлғиз илоҳлигига иймон келтирдик. Унинг буйруқларига итоат этдик. У бизга нозил қилган ваҳийга, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ ва Яъқубга нозил қилган хабарига, Яъқубнинг болаларидан бўлган пайғамбарларга нозил қилган оятларига, Мусо, Ийсо ва барча пайғамбарларга Парвардигори олам тарафидан берилган Китоблар ва оятларга ҳам иймон келтирдик. Уларни ажратмаймиз. Бирига ишониб, бошқасига куфр келтирмаймиз. Биз ёлғиз Аллоҳ таолога таслим бўлган ва бўйсунган бандалармиз\".","Ким Аллоҳ Ўзи рози бўлиб танлаб берган дин - Исломдан бошқа динни истаса, ҳаргиз қабул қилинмайди. У охиратда дўзахга дохил бўлиб, ўзига ўзи зарар қилганлар сафидан жой олади.","Олдин Аллоҳга иймон келтириб, Муҳаммад алайҳиссалом олиб келган рисолатнинг ҳақлигига гувоҳлик бериб ва очиқ-равшан ҳужжатларни кўриб туриб, яна қайта куфр келтирган кимсаларни қандай қилиб Аллоҳ яна иймонга муваффақ қилсин? Аллоҳ ҳидоят ўрнига залолатни танлаган золимларни иймонга муваффақ қилмайди.","Ҳақ турганда ноҳақни танлаган ўша золимларнинг жазоси шуки, уларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг, одамларнинг - ҳамма-ҳамманинг лаънати бўлади. Улар Аллоҳнинг раҳматидан қувиладилар, мосуво бўладилар.","Дўзахда абадий қоладилар. Ҳеч қачон ундан чиқмайдилар. Уларга берилаётган азоб ҳеч қачон енгиллаштирилмайди ва тавба қилиб, узр айтиб олишларига имкон берилмайди.","Куфру зулмидан қайтиб, амалларини ислоҳ қилганларга келсак, Аллоҳ тавба қилган бандаларини мағфират қилгувчи ва уларга меҳрибон Зотдир.","Иймон келтирганидан кейин кофир бўлиб, то ўлгунига қадар куфрида давом этганлар ўлим онида тавба қилсалар, вақт ўтган бўлади. Энди улардан тавбалари қабул қилинмайди. Улар Аллоҳ таолога олиб борадиган тўғри йўлдан озган гумроҳлардир.","Дўзахдан қутулиш учун ернинг оғирлигича олтин берсалар ҳам куфр келтирган ва шу аҳволида ўлиб кетганлардан қабул қилинмайди. Улар учун аламли азоб бордир. Қиёмат кунида уларни азобдан ҳимоя қиладиган биронта ёрдамчи бўлмайди.","Эй мўминлар, то ўзларингиз ёқтирадиган мол-давлатларингиздан Аллоҳнинг йўлида инфоқ-эҳсон қилмагунингизча яхшиларнинг савоби ва мартабаларига эриша олмайсизлар. Оздир, кўпдир, нимани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, Аллоҳ ниятларингизни ҳам, амалларингизни ҳам кўриб-билиб турибди ва яқинда ҳар бир одамга амалига қараб, жазо ёки мукофотини беради."]