["Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ сўзлашгани ҳам бор. Айримларини эса бир неча даражаларга кўтариб қўйган. Марям ўғли Ийсога ҳужжатлар бердик ва уни Руҳул-Қудс (Жаброил) билан қўллаб-қувватладик. Агар Аллоҳ хоҳлаганда улардан кейин ўтган одамлар ҳужжатлар келганидан кейин уришишмаган бўлардилар. Аммо улар ихтилоф қилдилар. Улардан кимдир иймон келтирди, кимдир куфр келтирди. Аллоҳ хоҳлаганида, урушмас эдилар. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишини қилади.","Эй мўминлар, олди-сотди ҳам, ошна-оғайнигарчилик ҳам, шафоат — қўллов ҳам бўлмайдиган Кун келишидан олдин сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан сарфланглар! Кофирлар - ана ўшалар золимлардир.","Аллоҳ. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Тирикдир ва Қайюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар. Ўзи истагани бундан мустасно. Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган. У уларни муҳофаза қилишдан чарчамас. У энг Юксак ва Буюкдир.","Динда мажбурлаш йўқ. Ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир.","Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқаради. Куфр келтирганларнинг дўстлари шайтонлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.","Аллоҳ подшоҳлик берганидан ҳовлиқиб, Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсани кўрмадингизми? Иброҳим: «Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган Зотдир», деганида, у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим айтди: «Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради. Сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?» Шунда бу кофир довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди.","Ёки бир одам ҳақидаги қиссани (билмадингизмики), у томлари йиқилиб, ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: «Аллоҳ буни қандай тирилтирар экан-а?» - деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб сўради: «Қанча муддат турдинг?» «Бир кун ё ярим кун», деди у. Аллоҳ деди: «Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара — бузилган эмас. Энди эшагингга қара (чириб, суяклари ажраб кетган). (Бу ҳодисани Аллоҳнинг қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят — ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин». Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: «Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага Қодир эканини биламан», деди.","Эсланг, Иброҳим: «Парвардигорим, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсат», деганида, Аллоҳ: «Ишонмаганмидинг?» - деди. Иброҳим айтди: «Йўқ, ишонгандим, лекин дилим яна ҳам таскин топиши учун». Аллоҳ айтди: «Тўртта қушни олиб, ўз олдингга тўплагин, кейин ҳар бир тоғнинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, сенинг олдингга дарҳол келадилар. Билгинки, Аллоҳ шубҳасиз, Қудратли ва Ҳикматлидир».","Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқади. Ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Аллоҳ хоҳлаган бандасига кўпайтириб беради. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, Билгувчидир.","Аллоҳнинг йўлида молларини сарфлаб, ортидан берган нарсаларига миннат қилмайдиган ва озор бермайдиганларнинг ажрлари Парвардигорлари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар.","Ортидан озор келадиган садақадан кўра яхши гап ва кечириш яхшироқ. Аллоҳ Беҳожат ва Ҳалимдир.","Эй мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун (риё қилиб) берадиган, Аллоҳга ва Охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! Зеро, у худди бир устини чанг-тупроқ қоплаб олган силлиқ тошга ўхшайди. Унга шаррос ёмғир қуйса, силлиқлигича қолади. Ундайлар касб қилиб топган нарсаларидан ҳеч нарсага эга бўлмайдилар. Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмайди.","Молларини Аллоҳнинг ризолигини истаб ва дилларида мустаҳкам ишонч билан сарф қиладиган зотлар эса худди адирликдаги шаррос қуйган ёмғир теккач, ҳосилини икки баробар қилиб берган боққа ўхшайдилар. Энди гарчи унга шаррос қуйган ёмғир тегмаса ҳам, майдалаб ёққан ёмғир ҳам кифоя қилаверади. Аллоҳ қилаётган амалингизни кўргувчидир.","Сизлардан биронтангиз остидан анҳорлар оқиб турадиган, хурмолари, узумлари бор, турли хил меваларга тўла боғи бўлиб, кексайиб нимжон болалари билан қолган пайтида ўша боғини ўтли бўрон уриб, ёниб битишини истайдими? Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади. Шоядки, тафаккур қилсангизлар.","Эй мўминлар, ҳалолдан касб қилиб топган нарсаларингиздан ва Биз сизлар учун ердан чиқариб берган нарсалардан сарфланглар! Эҳсон қилишга нопокларини танламангиз! (Нопоклар)ки, уни кўз юммасдан ола билмассиз. Билингизки, албатта, Аллоҳ Беҳожат ва ҳамду сано эгаси бўлган Зотдир.","Шайтон сизларни камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга Ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва Билгувчидир.","У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, унга кўп яхшилик аниқ берилибди. Фақат аҳли донишларгина эслатмага қулоқ соладилар.","Сарфлаган ҳар бир нафақангиз ва назр қилган ҳар бир назрингизни, албатта, Аллоҳ билади. Золимлар учун ҳеч қандай ёрдамчи йўқдир.","Садақаларни ошкора берсангиз, жуда яхши. Яширин тарзда фақир-камбағалларга берсангиз, ўзингиз учун янада яхшироқдир. Гуноҳларингизга каффорат бўлади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.","Уларни ҳидоят қилиш Сизнинг зиммангизда эмас. Балки Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилади. Қандай яхшилик қилсангизлар, бас, ўзингиз учундир. Фақат Аллоҳ юзини истаб эҳсон қилган бўлсангиз. Қилган ҳар бир яхшилигингиз-эҳсонингиз ўзингизга тўла қайтарилади ва сизлар зулм қилинмайсизлар.","(Садақалар) Аллоҳнинг йўлида тўсиққа учраган, бирор ерга бора олмайдиган, қаноатлари сабабли билмаган одамга бой-бадавлат бўлиб кўринадиган фақирлар учундир. Уларнинг фақирликларини сиймоларидан билиб оласиз. Улар тиланиб туриб олмайдилар, қандай яхшилик қилсангиз, бас, албатта, Аллоҳ уни Билгувчидир.","Мол-давлатларини кечаю кундуз, яширин ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар учун Парвардигорларининг ҳузурида улуғ ажр бор. Улар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.","Судхўр бўлган кимсалар турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Савдо ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?» - деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ савдони ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас, кимга Парвардигоридан насиҳат етгач, тўхтаса, ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (ҳавола). Ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар.","Аллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади ва садақаларнинг (фойдасини) зиёда қилади. Аллоҳ ҳар қандай кўрнамакни ва жиноятчини севмайди.","Албатта, иймон келтирган, яхши амаллар қилган ва намозни тўкис адо қилиб, закотни берган зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида ажр бор. Улар учун ҳеч қандай хавф йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар.","Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангиз, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз.","Шундай қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўладиган урушга аниқ ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга — золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз.","Ночор бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар, садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир.","Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амалининг жазо ёки мукофоти тўла берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди.","Эй мўминлар, бир-бирларингиз билан қарз муомаласини қилсангиз, ёзиб қўйинглар! Ораларингизда бир котиб адолат билан ёзсин! Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдирганидек ёзишдан бош тортмасин. Ёзсин! Зиммасида қарзи бўлган киши ёздирсин, Парвардигори Аллоҳдан қўрқсин ва ундан бирон нарсани камайтирмасин! Агар зиммасида қарзи бўлган киши ақлсиз ё ожиз бўлса ёки ёздиришга қодир бўлмаса, унинг ҳомий вакили адолат билан ёздирсин! Ва сизлар рози бўладиган гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёлни — бири унутиб адашса, яна бири унга эслатади — гувоҳ қилинглар! Гувоҳлар чақирилганда бош тортмасинлар! Хоҳ катта, хоҳ кичик қарз бўлсин, муддати келгунича ёзиб қўйишдан эринманглар. Мана шу Аллоҳ наздида адолатлироқ, гувоҳлик учун тўғрироқ ва шак-шубҳа қилмасликка яқинроқдир. Лекин агар ораларингизда юргизиб турган нақд савдо бўлса, уни ёзмасангиз ҳам сизлар учун гуноҳ йўқдир. Бир-бирингиз билан савдо қилганда гувоҳ келтиринг! Котибга ҳам, гувоҳга ҳам зарар етмасин. Шундай қилмасангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга билдиради. Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир.","Агар сафарда бўлсангиз ва котиб топа олмасангиз, қўл билан тутгудек бирон нарсани гаровга олинг! Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз, омонат қўйилган киши омонатини адо этсин ва Парвардигори — Аллоҳдан қўрқсин! Гувоҳликни яширмангиз! Ким уни яширса, бас, албатта, унинг қалби осийдир. Аллоҳ қилаётган амалингизни билгувчидир.","Осмонлару ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади ва Ўзи истаган кишини мағфират қилиб, Ўзи истаган кишини азоблайди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.","Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Ҳаммалари Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирдилар (ва дедилар): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз». Яна дедилар: «Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, Сендан мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз».","Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ортиқ нарсани юкламайди. Қилган (яхши) амали ўзининг фойдасигадир ва (ёмон) амали ўзининг зараригадир. Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Парвардигоро, гарданимизга биздан олдин ўтганларнинг бўйинларига қўйган юкингни юклама! Парвардигоро, бизни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама! Бизни афв эт, мағфират қил, бизга раҳм айла! Ўзинг Хожамизсан! Бас, кофир қавм устидан Ўзинг бизни ғолиб қил!","Алиф, лом, мим.","Аллоҳ. Ундан ўзга илоҳ йўқ. (У) тирик ва абадий тургувчидир.","У Зот Сизга ўзидан аввалгиларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни ҳақ билан нозил қилди. Таврот ва Инжилни ҳам туширди.","Ундан олдин одамларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун. (Энди эса) Фурқонни нозил қилди. Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганларга қаттиқ азоб бордир. Аллоҳ Қудратли ва интиқом Соҳибидир.","Албатта, Аллоҳга еру кўкдаги бирон нарса махфий эмас.","У сизларни бачадонларда Ўзи хоҳлаган суратга соладиган Зотдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз ва Ҳаким Зотдир.","У сизга китоб нозил қилган Зотдирки, унда шу китобнинг асли бўлган муҳкам оятлар ҳам ва бошқа муташобиҳ (ўхшаш маъноларни англатувчи) оятлар ҳам бор. Дилларида тойилиш бўлган кимсалар фитнага солиш ва (хато) таъвил қилиш учун унинг муташобиҳ оятларига эргашадидар. Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур. Илмда собитқадам бўлган кишилар эса: «Унга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир», дейдилар. Ақллиларгина панд-насиҳат олурлар.","«Парвардигоро, бизни ҳидоят қилганингдан кейин дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато этгин! Ато этгувчи фақат Ўзингдирсан!»","«Парвардигоро, албатта, Сен одамларни келишига шубҳа йўқ бир кунга тўплагувчисан. Албатта, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмагай!»","Куфр йўлини тутган кимсаларнинг моллари ҳам, болалари ҳам уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмайди. Улар дўзахнинг ўтинларидир.","худди Фиръавн одамлари ва улардан аввал ўтган кофирлар аҳволи кабидирки, бизнинг оятларимизни ёлғон дейишгач, Аллоҳ уларни гуноҳлари билан ушлаб азоблади. Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир.","Куфр келтирганларга айтинг: «Шак-шубҳасиз, мағлуб бўлажаксиз ва жаҳаннамга тўпланажаксиз. У нақадар ёмон жой!»","Сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта, бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир.","Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, қимматбаҳо отлар, чорва ва экинлар каби истакларга кўнгил қўйиш чиройли қилиб кўрсатилди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг нарсаларидир. Энг яхши қайтадиган жой эса Аллоҳ ҳузуридадир.","Айтинг: «Сизларга булардан яхшироқ нарса ҳақида хабар берайми? Тақво қилганлар учун Парвардигорлари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турадиган боғлар бор. Ўша ерларда абадий қоладилар. Покиза жуфтлар ва Аллоҳнинг ризолиги (ҳам) бор. Аллоҳ бандаларини (мудом) Кўргувчидир».","Улар: «Парвардигоро, биз Сенга иймон келтирганмиз, Ўзинг гуноҳларимизни мағфират айла ва бизни жаҳаннам азобидан асра», дейдилар.","Улар сабрли, иймонларида содиқ, ибодатли, эҳсонкор бўлган ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиган кишилардир.","Аллоҳ адолат билан иш қилиб, Ўзидан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз ва Ҳакимдир.","Аллоҳ наздида мақбул дин Исломдир. Аҳли китоблар ўзларига ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига кофир бўлса, бас, албатта, Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.","Агар сиз билан тортишсалар: «Мен юзимни Аллоҳга таслим этдим ва менга эргашганлар ҳам», деб айтинг. Китоб берилганларга ва саводсизларга: «Исломга кирдингизми?» - деб айтинг. Исломга кирсалар, демак, ҳидоят топибдилар. Юз ўгирсалар, сизнинг зиммангизда етказиш, холос. Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир.","Аллоҳнинг оятларини инкор қиладиган, пайғамбарларни ноҳақ ўлдирадиган ва одамлар орасидаги адолатга чақирадиган зотларни ўлдирадиган кимсаларга, албатта, аламли азоб «хушхабар»ини етказинг!","Уларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетар ва улар учун бирор ёрдамчи йўқдир.","Китобдан насибадор бўлганларни кўрмайсизми?! Уларга ҳакамлик қилиши учун Аллоҳнинг китобига чақирилганларида улардан бир гуруҳи юз ўгириб бурилиб кетадилар.","Бунга сабаб уларнинг: «Бизга фақат саноқли кунлардагина дўзах ўти тегади», дейишларидир. Ўзлари тўқиган бу ёлғонлари уларни динларидан оздириб қўйди.","Энди уларни ҳеч шубҳасиз келадиган кунга тўплаганимизда ва ҳар бир жонга зулм қилинмасдан қилган амаллари учун тўла жазо-мукофот берилганда қандай бўларкин?!","Айтинг: «Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳ, Сен истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта, Сен барча нарсага Қодирсан!»","(Айтинг): «Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда истаган бандангга беҳисоб ризқ берурсан».","Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар. Ким шундай қилса, бас, унга Аллоҳдан ҳеч нарса йўқ. Магар улардан сақлансангиз, Аллоҳ сизларни Ўз(азоб)идан огоҳ қиладир. Ва қайтиб бориш Аллоҳнинг Ўзигадир.","Айтинг: «Дилларингиздаги нарсани хоҳ яширинг, хоҳ ошкор қилинг, Аллоҳ билур. (У Зот) осмонлару ердаги бор нарсани билур. Аллоҳ ҳамма нарсага Қодирдир».","Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайдиган кунни (эсланглар)! Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Аллоҳ бандаларига Меҳрибондир.","Айтинг: «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ Кечиргувчи, Меҳрибондир».","Айтинг: «Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз!» Агар юз ўгирсалар, бас, албатта, Аллоҳ кофирларни севмас.","Албатта, Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим хонадонини ва Имрон хонадонини бутун оламлардан танлаб олди.","Баъзилари баъзиларига зурриётдир. Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир.","Имроннинг хотини: «Эй Парвардигорим! Албатта, мен қорнимдагини Ўзингга холис назр қилдим. Бас, мендан қабул эт. Албатта, Сен Эшитгувчи, Билгувчи Зотсан», деганини эсланг.","Кўзи ёригач эса: «Парвардигорим, мен қиз туғдим», деди. Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билгувчироқдир ва ўғил қиздек эмас. «Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан».","Бас, Парвардигори уни хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё унинг олдига кирганида унинг ҳузурида бир ризқни кўриб: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» - деб сўраганида (Марям) шундай жавоб қилди: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта, Аллоҳ Ўзи истаган бандасига беҳисоб ризқ берур».","Ўшанда Закариё Парвардигорига дуо қилиб деди: «Парвардигорим, менга ҳам Ўз ҳузурингдан бир покиза фарзанд ато эт! Албатта, Сен дуо-илтижоларни Эшитгувчисан».","Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: «Аллоҳ сенга Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли фарзанд ҳақида хушхабар берур».","«Парвардигорим, менга кексалик етган, хотиним эса туғмас бўлса, мендан қандай фарзанд бўлсин?» - деди (Закариё). (Аллоҳ) айтди: «Шундай, Аллоҳ истаган ишини қилур».","«Парвардигорим, мен учун бирон белги қилсанг», деди у. Аллоҳ айтди: «Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина «гапирасан». Парвардигорингни мудом ёд қил ва туну кун У зотни поклаб ибодат қил!»","Эсланг! Фаришталар Марямга дедилар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сени танлаб олди ва поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди».","«Эй Марям, Парвардигорингга итоат қил ва рукуъ қилгувчилар билан бирга сажда ва рукуъ қил!»","Ғайб хабарларидан бўлган бу хабарни сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки, Сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлишини билиш учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз.","Эсланг! Фаришталар дедилар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган Сўзнинг башоратини бермоқда, унинг исми Масиҳ Ийсо ибн Марям, бу дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир».","«У одамларга гўдаклик пайтида ҳам, вояга етган чоғида ҳам гапирур. Ўзи солиҳ бандалардандир».","У: «Парвардигорим, менга башар қўл теккизмаган бўлса, қандай қилиб болам бўлади?!» – деди. У Зот: «Шундай, Аллоҳ хоҳлаганини қилади. Бир ишни ирода қилса, унга «Бўл!» дейди, бас, у бўлади», – деди.","Унга ёзишни, ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатади.","Уни Бани Исроилга пайғамбар қилади (ва у дейди): «Мен сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим: Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясаб, унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни ила ҳақиқий қуш бўлади. Кўр, пес касалларини тузата оламан ва Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларга ейдиган ва уйларингизда сақлайдиган нарсаларингизни айтиб бера оламан. Агар мўмин бўлсангизлар, албатта, бу ишларда сизлар учун аниқ оят-далиллар бордир».","«(Мен) сизларга ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи бўлган ҳолда, сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим). Сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилингиз!","Албатта, Аллоҳ менинг Парвардигорим ва сизнинг Парвардигорингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир», (деди).","Ийсо улар томонидан куфрни кўргач: «Аллоҳнинг динига даъват қилишимда ким менга ёрдамчи бўлур?» - деди. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам бергувчилармиз. Аллоҳга иймон келтирдик. Гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунгувчилармиз.","Парвардигоро, нозил қилган нарсангга ишондик, пайғамбарингга эргашдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин!»","Макр қилдилар. Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳнинг «макри» ўткирроқдир.","Аллоҳ: «Эй Ийсо, мен сени вафот қилдирувчи ва Ўзимга кўтарувчиман ҳамда куфр келтирганлардан сени покловчиман ва Қиёмат кунигача сенга эргашганларни куфр келтирганлардан устун қилгувчиман. Сўнгра, қайтиш жойингиз Ўзимга, бас, ихтилоф қилган нарсаларингиз бўйича орангизда Ўзим ҳукм чиқарурман», деганини эсланг!","Бас, куфр келтирганларни бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам шиддатли азоб ила азоблайман. Уларга ёрдам берувчилар йўқдир.","Иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларнинг эса (Аллоҳ) ажрини тўлиқ беради. Аллоҳ золимларни хуш кўрмайди.","Сизга тиловат қилаётганимиз бу қисса Аллоҳнинг оятлари ва ҳикматли эслатмаларидандир.","Албатта, Аллоҳнинг наздида Ийсонинг мисоли худди Одамнинг мисолига ўхшайди. Уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга «Бўл!» деди, бас, у бўлди.","(Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган ҳақ сўздир. Бас, шубҳа қилгувчилардан бўлманг!","Сизга келган илмдан кейин ким сиз билан у ҳақда тортишса: «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимизни ва аёлларингизни, ўзимизни ва ўзингизни чақирамиз-да, сўнгра «ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» - дея дуо қилишамиз», деб айтинг.","Албатта, бу рост қиссадир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Албатта, Аллоҳнинг Ўзигина Қудратли ва Ҳикматлидир.","Агар юз ўгирсалар, бас, албатта, Аллоҳ бузғунчиларни Билгувчидир.","Айтинг: «Эй аҳли китоб, бизга ҳам, сизга ҳам баробар бўлган бир сўзга келингиз — ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга парвардигор қилиб олмайлик». Агар улар ушбу даъватдан юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар: «Гувоҳ бўлингларки, биз мусулмонлар ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз!","Эй аҳли китоблар, нимага Иброҳим ҳақида талашасизлар. Ҳолбуки, Таврот ҳам, Инжил ҳам ундан кейин тушган-ку! Ақл юритмайсизларми?!","Ҳой сизлар! Ўзингиз билган нарсада-ку талашдингиз, энди нимага ўзингиз билмаган нарсада талашмоқдасиз?! Аллоҳ билади, сиз эса билмайсиз.","Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, ҳақ йўлдан тоймаган мусулмон эди. Ва мушриклардан ҳам бўлмаганди.","Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар, мана бу пайғамбар ва иймон келтирганлардир. Аллоҳ мўминларнинг дўстидир.","Аҳли китобдан бир тоифаси сизларни адаштирмоқчи бўладилар. Лекин улар ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларинигина адаштирадилар, холос.","Эй аҳли китоблар, нима учун ўзингиз гувоҳ бўла туриб, Аллоҳнинг оятларига куфр келтирасизлар?!","Эй аҳли китоблар, нима учун ҳақни ботилга аралаштирасизлар ва билиб туриб, ҳақни яширасизлар?!","Аҳли китобдан бир тоифаси шундай дейишди: «Мўминларга нозил қилинган нарсага куннинг бошида иймон келтириб, охирида эса уни инкор қилинглар. Шоядки, қайтсалар.","Бирорта одамга сизларга берилган билим берилмаслиги ёки Парвардигорингиз ҳузурида сизлар билан ҳужжатлашмаслиги учун фақат ўз динингизга бўйсунган кишиларгагина ишонинглар!» Айтинг: «Албатта, Ҳақ йўл Аллоҳнинг йўлидир». Айтинг: «Албатта, фазлу карам Аллоҳнинг қўлида, уни Ўзи истаган кишиларга берур. Аллоҳ фазли кенг, билгувчи Зотдир.","Ўз раҳматини Ўзи истаган кишига хос қилиб беради. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат Соҳибидир».","Аҳли китоб орасида шундай кишилар борки, унга беҳисоб молни омонат қўйсангиз, сизга қайтаради. Уларнинг орасида яна шундайлари ҳам борки, унга бир динорни ишониб берсангиз, то устида туриб олмагунингизча сизга қайтиб бермайди. Бунинг боиси уларнинг: «Омилар учун бизнинг устимизга ҳеч қандай йўл йўқ», дейишларидир. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзларни сўзлайдилар.","Йўқ! Балки ким аҳдига вафо қилса ва тақво қилса, бас, Аллоҳ тақводорларни севади.","Аллоҳга берган аҳду паймонлари ва қасамларини арзон баҳога сотиб юборадиганлар учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат кунида Аллоҳ уларга гапирмайди, назар солмайди ва (гуноҳларидан) покламайди. Улар учун аламли азоб бордир.","Улардан бир гуруҳи борки, сизлар Китобдан деб ўйлашингиз учун Китоб (оятлари)ни тилларини буриб ўқийдилар. (Аслида эса) у Китобдан эмас. Ва: «У Аллоҳнинг ҳузуридандир», дейдилар. (Аслида эса) у Аллоҳнинг ҳузуридан эмас. Улар билиб туриб, Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзлайдилар.","Бирор одам учун Аллоҳ унга Китоб, ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан сўнг, одамларга: «Аллоҳга эмас, менга ибодат қилинглар», дейиши жоиз эмас, балки уларга: «Аллоҳнинг китобини одамларга ўргатиб ва ўзингиз ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар» (демоғи лозимдир).","У сизларни фаришталар ва бошқа пайғамбарларни худо қилиб олишингизга буюриши ҳам жоиз эмас. Ахир у сизларни мусулмон бўлганингиздан кейин куфрга қайтишга буюрадими?!","Эсланг, Аллоҳ барча пайғамбарлардан: «Мен сизларга қандай Китоб ва ҳикмат бермайин, кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этувчи бир пайғамбар келгач, албатта, унга иймон келтирурсиз ва ёрдам берурсиз», деб аҳд-паймон олгач, уларга: «Мана шу аҳдимни иқрор бўлиб қабул қилдингизларми?» - деди. Улар: «Иқрормиз», деб жавоб қилишгач, Аллоҳ айтди: «Гувоҳ бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлгувчиларданман».","Бас, ким шундан кейин ҳам юз ўгирса, ана ўшалар фосиқлардир.","Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару ердаги барча махлуқотлар истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибдилар-ку ва Унинг Ўзига қайтариладилар-ку!","Айтинг: «Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг уруғ-авлодларига нозил қилинган нарсаларга ҳамда Мусо, Ийсо ва барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсаларга иймон келтирдик. Улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз. Биз Унинг Ўзигагина бўйсунгувчилармиз».","Ким Исломдан ўзга дин истаса, ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир.","Иймон келтириб, пайғамбарнинг ҳақ пайғамбар эканига гувоҳ бўлганларидан ва уларга далил-оятлар келганидан кейин кофир бўлган кимсаларни Аллоҳ қандай ҳидоят қилсин?! Аллоҳ зулм қилгувчи қавмни ҳидоят қилмайди.","Уларнинг жазоси уларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлишидир.","Унда абадий қоладилар. Улардан азоб енгиллатилмайди ва уларга назар ҳам солинмайди.","Магар шундай бўлгандан кейин тавба қилиб, яхши амалларни қилган бўлсалар, бас, Аллоҳ Кечиргувчи ва Раҳмлидир.","Албатта, иймонларидан кейин куфр келтириб, сўнгра куфри зиёда бўлганларнинг тавбаси ҳеч-ҳеч қабул қилинмас. Ана ўшалар адашганлардир.","Албатта, куфр келтириб, кофир ҳолида ўлганларнинг бирортасидан, агар ер юзи тўла олтин фидо қилса ҳам, асло қабул қилинмас. Ана ўшаларга аламли азоб бор. Ва уларга ёрдамчилар йўқ.","Яхши кўрган нарсаларингиздан эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз. Нимани инфоқ қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур."]