["Нима ҳақида сўрашади?","Улкан, муҳим хабар ҳақида.","Шундай хабарки, улар унинг ҳақида ихтилофдадирлар.","Йўқ! Улар тезда билурлар.","Яна йўқ! Улар тезда билурлар!  [1]###[1] (Мушриклар азобни тортганларида қайта тирилиш нима эканлигини, унинг бўлиши ҳеч шубҳасиз ҳақ эканини албатта биладилар.)","Ерни бешикдек мослаб қўймадикми?","Ва тоғларни қозиқ (қилиб қўймадикми?).","Ва сизларни жуфт қилиб яратдик.","Ва уйқуларингизни роҳат қилиб қўйдик.","Ва кечасини либос қилдик.","Ва кундузни маош (тирикчилик) вақти қилдик.","Тепангизга етти мустаҳкам(осмон)ни бино қилдик.","Ва шуъла таратувчи чироқ ҳам қилдик.","Ва сиқилган(булут)лардан оқувчи сувлар туширдик.","У(сув) билан дон ва наботот чиқаришимиз учун.","Ва дарахтлари бир-бирига киришган бўстонлар.","Албатта, ажрим куни вақти белгиланган эди.","У кунда сурга пуфланур ва сизлар тўп-тўп бўлиб келурсиз.","Осмон ёрилиб эшиклар очилур.","Тоғлар ўрнидан кўчирилиб, саробга айланур.","Албатта, жаҳаннам пойлаб турувчидир.","Туғёнга кетганларнинг қайтар жойидир.","Улар (унда) замонлар бўйи қоларлар.","Улар (унда) совуқни ҳам, шаробни ҳам татий олмаслар.","Магар қайноқ сув ва йирингни (татирлар).","Мувофиқ жазо ўлароқ.","Чунки, улар ҳисоб-китоб бўлишига ишонмасдилар.","Ва Бизнинг оятларимизни ёлғон дейишган эди, ёлғон!","Биз ҳар бир нарсани китобга жамлаб қўйганмиз.","Бас, татиб кўринглар, сизларга азобдан бошқа ҳеч нарсани зиёда қилмасмиз.","Албатта, тақводорларга ютуқ бордир.","Боғ-роғлар, узумзорлар бордир.","Ва янги бўйи етган бир хил ёшдаги қизлар бордир.","Ва тўлдирилган қадаҳлар бордир.","У ерда бекорчи ва ёлғон гапларни эшитмаслар.","Роббингдан мукофот, совға ҳисобидандир.","У, осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Робби, Роҳмандир. Унинг ҳузурида ҳеч ким хитоб қилишга қодир бўлмас.","Ўша кунда Руҳ ва фаришталар саф бўлиб турар. Роҳман изн берганлар ва тўғри сўзлаганлардан ўзгалар ҳеч гапира олмаслар.","У ҳақ кундир. Ким хоҳласа, ўз Роббига қайтар йўл оладир.","Албатта, Биз сизларни яқин келажакдаги азобдан қўрқитдик. У кунда, ҳар киши қўли тақдим қилган нарсага назар соладир. Ва кофир. «Кошки тупроқ бўлиб кетсам», дейдир.","Шиддат билан (жонни) суғуриб олувчи(фаришта)лар билан қасам.","Юмшоқлик билан жон олувчи(фаришта)лар билан қасам.","Сузиб юрувчи(фаришта)лар билан қасам.","Ўзишда мусобақа қилувчи(фаришта)лар билан қасам.","Амрнинг тадбирини қилувчи(фаришта)лар билан қасам.","Изтиробга тушувчи изтиробга тушган кунда.","Унга эргашувчи эргашганда.","Ўша кунда қалблар хавфга тўладир.","Уларнинг кўзлари қўрқинчга тўладир.","Улар: «Биз, албатта, ортга қайтариламизми?» – дерлар.","«Чириган суяк бўлганимиздан кейин ҳам-а?»","Агар шундоқ бўлса, бу ҳасратий қайтиш-ку!» – дерлар.","Албатта, у(қиёмат) бир қичқириқдан бошқа нарса эмас.","Кўрибсизки, улар (қиёмат) майдонида турибдир.","Сенга Мусонинг хабари келдими?","Қачонки Роббиси унга Муқаддас Тува водийсида нидо қилди.","«Фиръавн ҳузурига бор, албатта, у туғёнга кетди.","Бас унга айт: «Сенда покланишга (рағбат) борми?","Ва сени Роббингга ҳидоят қилсам, шоядки (ундан) қўрқсанг», дегин».","Ва унга улкан аломатни кўрсатди.","Ул уни ёлғонга чиқарди ва осий бўлди.","Сўнг ортига ўгирилиб, тезлаб кетди.","Кейин (одамларни) тўплади ва нидо қилди.","Ва, мен сизларнинг энг олий Роббингизман, деди.","Бас, Аллоҳ уни аввалги ва охирги гуноҳлари учун азобга олди.","Албатта, бунда У зотдан қўрққанлар учун ибрат бордир.","Сизларни яратиш қийинми ёки У зот бино қилган осмонними?","Унинг шифтини юқори кўтарди ва беками-кўст, мустаҳкам қилиб қўйди.","Кечасини қоронғу ва кундузини ёруғ қилди.","Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди.","Ундан сувни, ўт-ўланларни чиқарди.","Ва тоғларни собит қилди.","Сизларга ва чорваларингизга манфаат бўлсин учун.","Вақтики катта ғолиб (қиёмат) келса.","У куни инсон қилган ишларини эслайдир.","Ва жаҳаннам кўрадиганларга зоҳир қилинадир.","Аммо кимики туғёнга кетган бўлса.","Ва бу дунё ҳаётини устун қўйган бўлса.","Бас, албатта, Жаҳийм (унга) ўрин бўладир.","Ва аммо, ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса...","Бас, албатта, жаннат (унга) ўрин бўладир.","Сендан, қиёмат қачон бўлур, деб сўрашадир.","У(қиёмат)нинг зикрини сен қандоқ билардинг.","Унинг интиҳоси Роббинггагина хос.","Албатта, сен у(қиёмат)дан қўрқувчиларга огоҳлантирувчисан, холос.","У(қиёмат)ни кўрган кунлари, худди, бу дунёда бир кеча ёки кундуздан бошқа турмаганга ўхшарлар.","Афтини буриштирди ва юз ўгирди.","Кўзи кўр киши ҳузурига келганда.","Қаердан биласан, эҳтимол, у покланар.","Ёки насиҳат олар ва мавъиза унга манфаат берар.","Аммо истиғно қилганга бўлса...","Сен у томонга интиласан.","У покланмаса, сени ҳеч ким маломат қилмас.","Аммо ҳузурингга шошилиб келган.","Ва У зотдан қўрққан ҳолда бўлгандан эса...","Бас, Сен ундан машғул бўласан.","Йўқ! Албатта улар (Қуръон оятлари) эслатмадир.","Ким хоҳласа, уни эслайдир.","Ҳурматланган саҳифалардадир.","Олий қадардирлар, поклангандирлар.","Элчи(фаришта)лар қўлларидадир.","Улар ҳурматланган ва ўта яхшидирлар.","Инсонга лаънат бўлсин, унинг кофирлиги қандоқ шиддатли бўлди.","Уни қайси нарсадан яратди?","Нутфадан уни яратди ва уни ўлчовли қилди.","Сўнгра, чиқиш йўлини осон қилди.","Сўнгра ўлдирди ва қабрга киргазди.","Сўнгра (қачон) хоҳласа, уни қайта тирилтиради.","Йўқ, ундоқ эмас! У ўзига У зот қилган амрни бажармади.","Инсон ўз таомига назар солсин.","Албатта, Биз сувни роса қуйиб қўйибмиз.","Сўнгра ерни ўзига хос ёрдик.","Биз унда донни.","Ва узум ва кўкларни.","Ва зайтун ва хурмоларни.","Ва тиғиз боғларни.","Ва мевалару ўт-ўланларни ўстириб қўйдик.","Сизларга ва чорваларингизга манфаат ва лаззат бўлсин, деб.","Вақтики кар қилувчи овоз келса.","У кунда киши ўз ака-укасидан.","Ва онаси ва отасидан.","Ва хотини ва бола-чақасидан қочади.","У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор.","У кунда порлоқ чеҳралар бор.","Улар кулгу билан тўла, етган хушхабардан хурсанд.","У кунда бир чеҳралар борки, уларни ғубор босган.","Устини зулмат қоплаган.","Улар, ана ўшалар, кофирлар ва фожирлардир.","Вақтики, қуёшни буклаб, ўралса.","Ва вақтики юлдузлар узилиб тушиб, сочилиб кетса.","Ва вақтики, тоғлар жойидан кўчирилса.","Ва вақтики, ҳомиласига ўн ой тўлган туялар қаровсиз қолса.","Ва вақтики, ваҳший ҳайвонлар бир жойга тўпланса.","Ва вақтики, денгизлар аланга олиб ёнса.","Ва вақтики, нафслар жуфтлаштирилса. [1]###[1] (Яъни, руҳ танага қайтарилиб, икковлари бирлашсалар.)","Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса.","У нима гуноҳ учун ўлдирилган?","Ва вақтики, саҳифалар нашр қилинса.","Ва вақтики, осмон қўпорилса.","Ва вақтики, жаҳаннам қиздирилса.","Ва вақтики, жаннат яқинлаштирилса.","Ҳар бир жон нима ҳозирлаганини биладир.","(Кундузи) махфий бўлувчи(юлдуз)лар билан қасам.","(Кечалари) юрувчи, беркинувчи(юлдуз)лар билан қасам.","Қоронғулиги ила кириб келган кеча билан қасам.","Нафас олиб кириб келган тонг билан қасам.","Албатта у(Қуръон) карамли элчининг сўзидир.","У қувватли, арш Эгаси ҳузурида мартабаси олийдир.","Итоат қилинган, омонатлидир.","Сизнинг соҳибингиз мажнун эмасдир.","Батаҳқиқ, ул ани очиқ-ойдин уфқда кўрди. [2]###[2] (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жиброилни очиқ-ойдин уфқда ўз кўзлари билан асл яратилишида кўрдилар.)","Ва у ғайбга бахил эмасдир.","Ва у(Қуръон) тошбўрон қилинган шайтоннинг сўзи эмасдир.","Бас, қаёққа кетмоқдасиз?!","У (Қуръон) оламларга эслатмадан бошқа нарса эмасдир.","Сизлардан истиқомат(тўғри йўл)да бўлишни хоҳловчилар учундир.","Оламларнинг Робби Аллоҳ хоҳламаса, сизлар хоҳлай олмассизлар. [3]###[3] (Ҳар бир нарса Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ. Ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила бўлади.)","Вақтики, осмон ёрилса.","Ва вақтики, юлдузлар сочилиб кетса.","Ва вақтики, денгизлар портлатилса.","Ва вақтики, қабрлар остин-устин бўлса.","Ҳар бир жон — нимани тақдим қилдию нимани таъхир қилди — биладир.","Эй Инсон! Сени нима Карамли Роббинг ҳақида ғурурга кетказди?!","У сени тўла-тўкис ва мўътадил қилиб яратганди.","Ўзи хоҳлаган сувратда сени таркиб қилди.","Йўқ!!! Балки, сиз жазони ёлғонга чиқармоқдасиз!!!","Ҳолбуки, сизнинг устингиздан кузатиб турувчилар бордир.","Улар ҳурматли ёзиб тургувчилардир.","Улар нима қилаётганингизни биладир.","Албатта, яхшилар жаннатдадир.","Ва, албатта, фожирлар жаҳаннамдадир.","Улар у ерга қиёмат куни кирадир.","Ва улар ундан ғойиб бўла олмаслар.","Ва, жазо куни нима эканини сенга нима билдирди?","Сўнг, жазо куни нима эканини сенга нима билдирди?","Ўша кунда ҳеч бир жон бошқа бир жон учун бирор нарса қилиш имконига молик эмас. У кунда барча иш Аллоҳнинг Ўзига хос.","Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга.","Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар.","Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар.","Ана шулар, албатта, қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми?","Улуғ бир кунда.","У кунда одамлар оламларнинг Робби ҳузурида тик турарлар.","Йўқ! Албатта фожирларларнинг китоби «сижжийн»дадир.","«Сижжийн» қандай нарса эканини сенга нима билдирди?! [1]###[1] (Сижжин нима эканини қаердан ҳам билардинг, унинг моҳияти шундоқ каттаки, сен уни идрок эта олмайсан. Билиб қўй!)","У(Сижжийн) ёзилган китобдур.","Ўша кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!","Улар жазо (қиёмат) кунини ёлғонга чиқарурлар.","Уни ҳаддан ошувчи ва ўта гуноҳкорлардан бошқалар ёлғонга чиқармаслар.","Қачон унга оятларимиз тиловат қилинса, «аввалгиларнинг афсоналари», дер.","Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир.","Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар.","Сўнгра, албатта, улар жаҳиймга кирувчилардир.","Сўнгра, мана бу, сизлар ёлғонга чиқариб юрган нарса, дейилур.","Йўқ!!! Албатта, аброрларнинг китоби «Иллиййийн»дадур.","«Иллиййийн» қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?!","У ёзилган китобдур.","Унга муқарраб(фаришта)лар шоҳид бўлурлар.","Албатта, аброрлар жаннати наъиймдадурлар.","Пардали баланд сўрилар устида назар солиб турурлар.","Уларнинг чеҳраларидан жаннат равнақини билиб оласан.","Улар муҳрланган, ниҳоятда пок шаробдан ичурлар.","У(шароб)нинг хотимаси мискдандир. Ва шу нарса учун мусобақа қилувчилар мусобақа қилсинлар.","У шаробнинг аралашмаси «Таснийм»дандир.","У(Таснийм) бир булоқдирки, ундан муқарраблар ичарлар.","Албатта, жиноят қилганлар иймон келтирганлар устидан кулар эдилар.","Агар мўминлар уларнинг ёнидан ўтсалар, масхаралаб ишора қилар эдилар.","Агар (кофирлар) ўз аҳллари ҳузурига қайтиб борсалар, ҳузурланиб қайтиб борар эдилар.","Ва агар у(мўмин)ларни кўрсалар, «Албатта, анавилар адашганлар», дер эдилар.","Ҳолбуки, улар мўминлар устидан кузатувчи қилиб юборилганлари йўқ-ку!","Энди, бу Кунда иймон келтирганлар кофирлар устидан куларлар.","Пардали, баланд сўрилар устида назар солиб турарлар.","Кофирлар бу дунёда қилган ишларининг «савобини» олармиканлар?!","Вақтики, осмон ёрилса.","У(осмон) ўз Роббисига қулоқ осди, бўйсунди ва шундоқ бўлиши керак эди.","Ва вақтики, ер чўзилса.","Ва ўз ичидаги нарсаларни отиб чиқариб, холи қолса.","У(ер) ўз Роббисига қулоқ осди, бўйсунди ва шундоқ бўлиши керак эди.","Эй инсон! Албатта, сен Роббингга йўлиққунингча, ҳаракату уринишда бўласан ва охири унга йўлиқасан ҳам.","Аммо кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса.","Тезда, осонгина ҳисоб қилинур.","Ва аҳли ҳузурига хурсанд ҳолда қайтиб борур.","Ва аммо кимнинг китоби орқа тарафдан берилса...","У тезда ўзига ҳалокатни чақирур.","Ва қизиб турган дўзахга кирур.","Чунки, у (бу дунёда) ўз аҳли билан хурсанд бўлиб ўтган эди. [1]###[1] (Охиратни ҳеч ҳам ўйламаган эди. Фақат айшу ишрат, кўнгилхуши пайида бўлган эди. Ғофил бўлиб, ўз аҳли ила беш кунлик дунёнинг матоҳига эришиш учун ҳаракат қилган эди. Шунинг учун энди қизиб турган дўзахда азобланмоқда.)","Чунки, у ҳеч қачон орқага қайтмасликни ўйлаган эди.","Ҳа! Албатта, Робби уни доим кўриб турувчи эди.","Шафақ билан қасамки.","Кечаси ва у ўраб олган нарсалар билан қасамки.","Ва тўлин ой билан қасамки.","Албатта, сизлар табақама-табақа минасизлар.","Нима бўлган уларга, иймон келтирмаслар?!","Ва агар уларга Қуръон ўқилса, сажда қилмаслар. [2]###[2] (Кимки бу оятларни ўқиб ёки эшитиб сажда қилмаган одам гуноҳкор бўлади.)","Балки кофирлар ёлғонга чиқарурлар.","Улар (қалбларида) нимани сақлаётганларини Аллоҳнинг Ўзи биладир.","Уларга аламли азобнинг «башоратини» бер.","Илло, иймон келтирганларга ва яхши амаллар қилганларга миннатсиз, узлуксиз ажрлар бор.","Буржлар эгаси бўлган осмон билан қасам.","Ва ваъда қилинган кун билан қасам.","Гувоҳлик берувчи ва гувоҳлик берилган билан қасам.","«Ухдуд» эгаларига лаънат бўлсин.","У ёқилғиси кўп, қаттиқ исиган оловдир.","У(кофир)лар ўша(чуқур)лар атрофида ўтирибдирлар.","Ва улар мўминларга қилаётган нарсаларига ўзлари гувоҳдирлар.","Ва (улар) мўминлардан Азийз, Ҳамийд Аллоҳга бўлган иймондан бошқа «айб» топа олмадилар.","У шундай зотки, осмонлару ернинг мулки Унга хосдир ва Аллоҳ ҳар бир нарсага Ўзи гувоҳдир.","Албатта, мўмин ва мўминаларни фитна қилиб, сўнгра тавба қилмаганларга, ана ўшаларга жаҳаннам азоби ва куйдирувчи азоб бор.","Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга, уларга, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Бу эса ниҳоятда улкан ютуқдир.","Албатта, Роббингнинг чангали жуда ҳам шиддатли, қаттиқдир.","Албатта, У Ўзи бошлайдир ва қайтарадир. [1]###[1] (Йўқдан бор қилар ва ўлганни ҳаётга қайтарар.)","Ва У мағфират қилувчи, барчага яхшиликни раво кўрувчи Зотдир.","У, Арш эгаси ҳамда қадри улуғ Зотдир.","У нимани хоҳласа, қила олувчи Зотдир.","Сенга аскарларнинг хабари келдими?","Фиръавн ва Самуднинг.","Балки, кофирлар ёлғонга чиқаришадир?","Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортидан иҳота қилиб турувчидир.","Йўқ!!! У Қуръони Мажийддур.","У Лавҳул Маҳфуздадир. [2]###[2] (Лавҳул-Маҳфуз Аллоҳнинг ҳузурида бўлиб, унга ҳеч қандай ўзгариш кириши мумкин эмас.)","Осмон билан қасам ва ториқ билан қасам.","Ториқ нималигини сенга не билдирди?","У, нур сочиб турувчи юлдуздир.","Ҳеч бир жон йўқки, унинг ҳифз қилиб турувчиси бўлмаса.","Инсон нимадан яралганига назар солсин.","У отилиб чиқувчи сувдан яралгандир.","У (сув) сулб (орқа умуртқа) ва тароиб (кўкрак суяги) орасидан чиқадир.","Албатта, У зот уни қайта тирилтиришга қодирдир.","Сирлар фош бўладиган кундадир.","Бас (ўшанда) у(инсон)да қувват ҳам, нусрат берувчи ҳам бўлмайдир.","Қайтувчи соҳиби бўлган осмон билан қасам.","Ёриб чиқувчи эгаси бўлган ер билан қасам.","Албатта, у (Қуръон) ажратувчи сўздир.","Ва у ҳазил эмасдир.","Албатта, улар ҳийла қиладир.","Ва Мен ҳам «ҳийла» қилурман. [1]###[1] (Яъни, ҳийласига яраша жазо берурман.)","Бас, кофирларга муҳлат бер. Ҳа, уларга озгина муҳлат бер. [2]###[2] (Яъни, уларга азоб келмаётганидан шошилма, ҳаммасининг вақти, соати бор.)","Олий қадар бўлган Роббинг исмини поклаб ёд эт.","У яратган ва мутаносиб қилган Зотдир.","У, ўлчов билан қилган ва ҳидоятга бошлаган Зотдир.","У, ўт-ўланни чиқарган Зотдир.","Бас, уни қорайган хашак қилган Зотдир.","Биз сенга (Қуръонни) қироат қилдирамиз, бас, сен уни эсдан чиқармассан.","Илло, Аллоҳ хоҳлаганини. Албатта, У ошкорни ҳам, махфий нарсаларни ҳам биладир.","Ва сени осон йўлга муяссар қиламиз.","Бас, агар эслатиш манфаат берса, эслатгин.","Албатта, У зотдан қўрққан эсга оладир.","Ва бадбахтгина ундан четда бўладир.","У катта оловга кирадир.","Сўнгра, унинг ичида ўлмай ҳам, тирилмай ҳам қоладир.","Ҳақиқатан, ким пок бўлса, ютуқ топадир.","Ва Робби исмини зикр қилса ва намоз ўқиса ҳамдир.","Балки, сизлар бу дунё ҳаётини устун қўясизлар.","Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир.","Албатта, бу аввалги саҳифаларда бордир.","Иброҳим ва Мусо саҳифаларидадир.","Батаҳқиқ, сенга ғошия хабари келди.","Ўшал кунда бир чеҳралар қўрқинч билан тўладир.","Улар иш бажарувчидир ва ниҳоятда чарчагандир.","Ўта қизиб турган оловга кирадир.","Улар қайнаб турган булоқдан суғориладир.","Уларга тикандан бошқа таом йўқдир.","У на семиртирмас ва на очликни кетказмасдир.","Ўшал кунда бир чеҳралар неъмат хурсандлиги билан тўладир.","Улар ўз ишларидан розидир.","Улар олий даражали жаннатдадир.","Унда бекорчи гапларни эшитмаслар.","Унда оқиб турган булоқлар бордир.","Унда баланд-баланд сўрилар бордир.","Ва тайёрлаб қўйилган қадаҳлар бордир.","Ва саф-саф қилиб тизилган ёстиқлар бордир.","Ҳамма ёққа тўшалган гиламлар бордир.","Улар назар солмасми: Туянинг қандай яратилганига?","Ва осмоннинг қандоқ кўтарилганига?","Ва тоғларнинг қандоқ ўрнаштирилганига?","Ва ернинг қандоқ текислаб қўйилганига?","Бас, эслатгин, сен, албатта, эслатувчидирсан.","Сен уларнинг устидан ҳукмингни ўтказувчи эмассан.","Илло, ким юз ўгирса ва кофир бўлса...","Бас, уни Аллоҳ катта азоб билан азоблайдир.","Албатта, уларнинг қайтиши Бизгадир.","Сўнгра, албатта, уларнинг ҳисоб-китоби ҳам Бизда бўладир.","Фажр билан қасам.","Ва ўн кеча билан қасам. [1]###[1] (Уламоларимиз, ушбу оятдаги ўн кечадан мурод Рамазон ойининг охирги ўн кечаси, уларда Лайлатул қадр кечаси ҳам бор, деганлар.)","Жуфту тоқ билан қасам.","Ва юрган тун билан қасам.","Мана шуларда ақл эгаси учун (қаноатлантирувчи) қасам бордир?!","Сенинг Роббинг Одга қандай (муомала) қилганини билмадингми?","Баланд устунли «Ирам»га?","Унинг мисли бошқа диёрларда халқ қилинмаганга?","Ва водийда харсанг тошларни кесиб (иморат ясаган) Самудни. [2]###[2] (Роббинг нима қилганини билмадингми?)","Ва кўп аскарлари бор Фиръавнни.  [3]###[3] (Роббинг нима қилганини билмадингми?)","Улар турли ўлкаларда туғёнга кетган эдилар.","Улар у(ўлка)ларда бузғунчиликни кўпайтирган эдилар.","Бас, Роббинг уларнинг бошига турли азобларни қуйди.","Албатта, Роббинг кузатиб турувчидир. [4]###[4] (У ким нима қилаётганини ўта аниқлик билан кузатиб туради. Кузатиб туриб туғёнга кетган, ҳаддидан ошган ва зулм қилганларнинг жазосини беради.)","Бас, қачон инсонни Робби синаш учун икром қилса ва неъмат берса, «Мени Роббим икром қилди», дейдир.","Бас, қачон Робби синаш учун ризқини тор қилиб қўйса, у: «Роббим мени хорлади», дейдир.","Йўқ! Балки сизлар етимларни икром қилмайсизлар.","Бир-бирингизни мискинларга таом беришга ундамайсизлар.","Ва меросни шиддат-ла ейсизлар.","Ва молни кўп яхши кўрасизлар.","Йўқ! Вақтики, ер зилзилага тушиб, парча-парча бўлиб кетса.","Ва Роббинг ва фаришталар саф-саф бўлиб келсалар.","Ва ўша кунда жаҳаннамни келтирса, ўша кунда инсон эслайдир. Лекин бу эслашдан энди не фойда.","У: «Афсуски, охират ҳаётимга ҳам бирор нарса тақдим қилсам бўлар экан», дейдир.","Бас, ўша кунда Аллоҳнинг азобига ўхшаш азоб-ла ҳеч ким азобламайдир.","Ва Унинг боғлашига ўхшаш ҳеч ким боғламайдир.","Эй, хотиржам нафс!","Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт!","Бас, бандаларим ичига киргин!","Ва жаннатимга киргин!","Мана шу шаҳар билан қасам.","Сен муқим турган бу шаҳар-ла.","Ва Волид ва ундан тарқаган валадлар билан қасам.","Батаҳқиқ, Биз инсонни машаққатда яратдик.","У инсон унга ҳеч кимнинг кучи етмас, деб ҳисобларми?","У: «Кўплаб мол-дунё нафақа қилдим», дейдир. [1]###[1] (Мол-дунё билан ғурурга кетганларга яхшилик йўлида эҳсон қил, деб айтилса, юқоридаги гапни айтишади. Ваҳоланки, яхшилик йўлида ҳеч нарса сарфламаган бўлади.)","У ўзини биров кўрмади, деб ҳисоблайдирми?","Биз унга икки кўзни.","Ва тилни ва икки лабни бермадикми?","Ва Биз уни икки йўлга йўллаб қўймадикми?","Бас, у довон ошиб ўтмади.","Довон қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?","У қул озод қилишдир.","Ёки очарчилик кунида таом беришдир.","Қариндош етимга.","Ёки тупроққа қорилган мискинга.","Сўнгра, иймон келтирганлар ва бир-бирини сабрга, меҳр-шафқатга чақирганлар бўлса...","Ана ўшалар ўнг томон эгаларидир.","Оятларимизга куфр келтирганлар чап томон эгаларидир.","Уларни чиқиб бўлмайдиган ўт-олов ўраб олгандир.","Қуёш билан ва унинг зиёси билан қасам.","Унинг ортидан келган ой билан қасам.","Ва у(қуёш)ни равшан кўрсатган наҳор билан қасам.","Ва у(қуёш)ни қоплаган тун билан қасам.","Ва осмон билан ва унинг бино қилиниши билан қасам.","Ва ер билан ва унинг тўшалиши билан қасам.","Ва нафс билан ва унинг мукаммал қилиниши билан қасам.","Бас, унга фужурини ва тақвосини билдирди.","Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди.","Ва батаҳқиқ, ким у(нафс)ни кирласа, ноумид бўлди.","Самуд қавми ўз туғёни ила ёлғонга чиқарди.","Вақтики, унинг энг бадбахти шошилиб турди.","Бас, уларга Аллоҳнинг Расули: «Аллоҳнинг туясига ва унинг сувига тегманглар», деди.","Бас, (уни) ёлғончига чиқаришди ва (туяни) сўйишди. Бас, Робблари уларни гуноҳлари сабабли йўқ қилиб юборди ва бунда барчани баробар қилди.","Ва У зот бу(иш)нинг оқибатидан қўрқмас. [1]###[1] (Бу дунёнинг подшоҳлари ўзларининг қилган ишларидан, оқибати нима бўларкин, деб ҳадиксираб турадилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса бундай хавфдан мустаснодир.)","Туннинг қоплаб келаётган пайти билан қасам.","Наҳорнинг тажалли пайти билан қасам.","Эркак ва урғочининг яратилиши билан қасам.","Албатта, сизларнинг ишларингиз турличадур.","Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса...","Ва гўзални тасдиқ қилса...","Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз.","Ва аммо, кимки бахиллик ва истиғно қилса...","Ва гўзални ёлғонга чиқарса...","Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз.","У қулаган вақтда унга мол-мулки фойда бермас.","Албатта, ҳидоятга бошлаш Бизнинг зиммамиздадир.","Албатта, ҳам охират ва ҳам бу дунё Бизникидир.","Бас, Мен сизларни ловуллаган ўтдан огоҳлантирдим.","Унга бадбахтдан бошқа кирмас.","Ўша ёлғонга чиқарган ва юз ўгирган эди.","Ва албатта, ундан тақводор банда четда қоладир.","У, бойлигини сарфлайдир ва ўзини поклайдир.","Бирор кишининг унда қайтарилиши лозим яхшилиги йўқ эди.","Фақат, ўзининг олий мақом Роббининг розилигини сўраб қиладир.","Ва албатта, тезда рози бўладир.","Чоштгоҳ билан қасам.","Сукунатга чўмган тун билан қасам.","Роббинг сени тарк қилгани йўқ, сенга ғазаб ҳам қилгани йўқ.  [1]###[1] (Ушбу ояти карима мушриклар, Муҳаммаднинг Роббиси унга ғазаб қилди, уни тарк этди, деб гап тарқатганларида раддия сифатида тушгандир.)","Ва албатта, охират сен учун бу дунёдан яхшидир.","Ва тезда Роббинг сенга ато қилур ва сен рози бўлурсан.","У сени етим топиб, жойлаб қўймадими?","Ва У сени ҳайрон ҳолда топиб, ҳидоятга бошламадими?","Ва У сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими?","Аммо етимга қаҳр қилмагин.","Ва аммо, «соил»га зажр қилма.  [2]###[2] («Соил» келганда — бирор нарсаси бўлса бериши, бўлмаса яхши муомала қилиши керак.)","Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла.","Сенинг кўксингни кенг қилиб қўймадикми?","Ва сенинг юкингни енгиллатмадикми?","Елкангни босиб турганни?","Ва сенинг зикрингни юқори кўтармадикми?","Бас, албатта, қийинчилик билан осончилик бордир.","Албатта, қийинчилик билан осончилик бордир.","Фориғ бўлсанг, (ибодатга) урингин.","Ва фақат Роббингга рағбат қилгин.","Анжир билан қасам ва зайтун билан қасам.","Ва Тури Сийно билан қасам.","Ва мана бу эминлик юрти (Макка) билан қасам.","Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши сувратда яратдик.","Сўнгра уни асфала саафилийнга қайтардик. [1]###[1] (Инсон Яратганига ибодатда бўлса, фариштадан ҳам афзалроқ мартабага эришди. Аммо ҳавои нафси, ҳайвоний ҳирслари ақлидан устун келиб нафснинг айтганидан юрадиган бўлса, ҳайвондан ҳам баттар ҳолатга тушади. Ана ўшанда асфала сафилинни кўраверади.)","Илло, иймон келтирганлар ва яхши амаллар қилганларга миннатсиз ва узлуксиз ажрлар бордир.","Бас, сени охиратни ёлғонга чиқаришга нима олиб келур?!","Аллоҳ ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлиси эмасми?!","Яратган Роббинг номи билан ўқи.","У инсонни алақдан яратди.","Ўқи! Роббинг Карамлиларнинг карамлисидир.","У, қалам билан илм ўргатгандир.","У, инсонга билмаган нарсасини ўргатди.","Йўқ! Инсон, албатта, туғёнга кетур.","Гар ўзини бой кўрса.","Албатта, қайтиб бориш Роббинггадир.","Қайтарганни кўрдингми?!","Бандани намоз ўқиётганида?! [1]###[1] (Макка мушриклари раҳбари Абу Жаҳл, Муҳаммадни Каъба ёнида намоз ўқиётганини кўрсам, бўйнидан оёғим билан босаман, деган экан. Шунга биноан, бу оятлардаги намоз ўқувчидан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, намоздан қайтарувчи эса Абу Жаҳлдир.)","Айтинг-чи, агар ўша ҳидоятда бўлса.","Ёки тақвога чақирса.","Айтинг-чи, агар у ёлғонга чиқарса ва юз ўгирса.","Аллоҳ уни кўриб туришини билмасми?","Йўқ! Агар қайтмаса, пешонасидан шиддат-ла тутамиз!","Ёлғончи, хатокор пешонасидан!","Бас, у ўз тўпини чақирсин.","Биз ҳам забонияларни чақирурмиз. [2]###[2] (Яъни, дўзахийларни азобловчи фаришталарни.)","Йўқ! Сен унга итоат қилма! Сажда қил ва қурбат ҳосил қил. [3]###[3] (Ушбу оят сажда оятларидандир. Имом Муслим улкан саҳобий Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда Аллоҳга энг яқин бўлган пайти — сажда пайтидир, у пайтда дуони кўп қилинглар», деганлар.)","Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик.","Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?","Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир.","Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир.","У то тонг отгунча салом бўлиб турадир.","Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар «баййина» келмагунча ажралмасдилар.","У (баййина), Аллоҳ тарафидан юборилган Расул бўлиб, покланган саҳифаларни тиловат қиладур.","Уларда ажойиб битиклар бор.","Китоб берилганлар уларга «баййина» келганидан сўнггина бўлиниб кетишди.","Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар. Ана шу, тўғри(миллат)нинг динидир. [1]###[1] (Яҳудий ва насоролар Таврот ва Инжилда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилган эдилар.)","Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар жаҳаннам ўтидадурлар, у ерда абадий қолурлар. Ундайлар халойиқнинг энг ёмонидирлар.","Албатта, иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, ана ўшалар, халойиқнинг энг яхшисидир.","Уларнинг мукофотлари Роббилари ҳузуридаги (дарахтлари) остидан анҳорлар оқиб турган «адн» жаннатларидир. У ерда абадул-абад қолурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Бу, Роббидан қўрққанлар учундир.","Вақтики, ер ўзига хос зилзилага тушса...","Ва ер ўз юкларини отиб чиқарса...","Ва инсон: «Унга нима бўлди?!» – деса...","Ўша кунда у (ер) ўз хабарини айтадир.","Сенинг Роббинг унга ваҳий юборгани учундир.","Ўша кунда одамлар амалларини кўриш учун жойларидан гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўзғалурлар.","Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир.","Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир. [1]###[1] (Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда жавоб бериш керак. Ҳар доим яхшиликни қилиб, агар у кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам ёмонликдан қочиш керак.)","Ҳарсиллаб чопувчи отлар билан қасам.","Ўт чақнатиб чопувчи отлар билан қасам.","Тонг чоғида ғорат қилувчи отлар билан қасам.","Ўша ила чанг қўзғатдилар.","Ва у ила жамоа ўртасига (ёриб) кирдилар.","Албатта, инсон ўз Роббига ношукрдир.","Ва албатта, у ана шунга ўзи гувоҳдир.","Албатта, у мол-дунёга ҳаддан ташқари ўчдир.","У билмасми?! Қабрдагилар қўзғатилганда.","Ва кўкракларидаги ошкор бўлганда.","Ўша кунда Роббилари улардан хабардор эканини?!","Ал-Қориъа.","Ал-Қориъа нима?","Ал-Қориъа қандоқ нарса эканлигини сенга нима билдирди?","У кунда одамлар тўзиб кетган капалакка ўхшаб қоларлар.","Ва тоғлар титилган жунга ўхшаб қоларлар.","Кимнинг тарозуси оғир келса...","Бас, у розилик ҳаётидадир.","Ва аммо кимнинг тарозуси енгил келса...","Бас, унинг онаси ҳаавия (дўзах)дир. [1]###[1] (Одатда она доим паноҳ бўлган. Инсон айниқса оғир пайтларда онасига интилгандай, қиёматда ҳам онасини қўмсаганда жаҳаннам уларни она ўрнида кутиб оларкан. Меҳр-муҳаббат, шафқат излаб турганда, кони азобга, қийноққа, даҳшатли оловда ёнишга дуч келиши ниҳоятда катта бахтсизлик.)","У (Ҳаавия) қандоқ нарса эканлигини сенга нима билдирди?","У қаттиқ қизиган ўтдир.","«Кимники кўп» сизни машғул қилди.","То қабрларни зиёрат қилгунингизча.","Йўқ! Сизлар тезда биласиз.","Яна йўқ! Сизлар тезда биласиз.","Йўқ! Агар Сиз аниқ илм ила билганингизда эди.","Албатта, жаҳаннамни кўрасиз.","Ва яна, албатта, уни ишонч кўзи билан кўрасиз.","Сўнгра, ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз. [1]###[1] (Яъни, қиёматда ҳар бир неъматни нимага, қандоқ сарф қилганингиз ҳақида сўралади. Ҳа, каттаю кичик ҳар бир неъмат ҳақида сўраласиз. Ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми — сўраласиз. Аллоҳ таоло сизга берган молу дунё неъматини нимага сарфладингиз, ҳалолгами ҳаромга, Аллоҳни рози қиладиган йўлгами, ғазабини қўзғатадиган йўлгами ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраласиз.)","Аср билан қасам.","Албатта, инсон хусрондадир. [1]###[1] (Хусрон-мағлубият, ютқизиқ ва нуқсон маъноларини англатади.)","Илло, иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар (ундоқ эмасдир). [2]###[2] (Маълум бўлдики, инсон икки дунёда бадбахт бўлиб қолмаслик учун тўртта сифатга эга бўлиши керак экан: Аллоҳга иймон келтириши. Солиҳ амаллар қилиши. Ҳақ амаллар қилиши. Сабрга чақириши.)","Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига «вайл» бўлсин.","У мол жамлади ва уни санаб турур.","У, албатта, моли уни абадий қолдирур деб ҳисоб қилур.","Йўқ! Албатта, у «ҳутома»га хор-зор этиб ташланур.","«Ҳутома» қандоқ нарса эканини сенга нима билдирур?","У, Аллоҳнинг шиддатли, ўчмас оловидир.","Қалбларгача етиб борадигандур.","Албатта, у уларнинг устидан қоплангандир.","Узун-узун устунларга боғлангандир.","Роббинг фийл соҳибларини нима қилганини билмадингми?","Уларнинг макру ҳийласини зое кетказмадими?","Ва уларнинг устига тўп-тўп қушларни юбормадими?","Лойдан пиширилган тошларни отадиган.","Бас, уларни қурт еб ташлаган ўсимликка ўхшатиб юбормадими? [1]###[1] (Муҳаммад алайҳиссалом «Фил йили»да туғилганлар дейилишининг сабаби ҳам шу.)","Қурайшнинг лозим тутиши учун!","Уларнинг қиш ва ёз сафарларини лозим тутиши учун!","Бас, улар мана шу Байтнинг Роббига ибодат қилсинлар.","У уларни очликдан тўқ қилган, хавфдан омон қилгандир.","Охират(жазоси)ни ёлғонга чиқарувчини кўрдингми?","У, етимни қўполлик билан ҳайдайдир.","Ва мискинларга таом беришга қизиқтирмайдир.","Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки.","Улар намозларини унутувчилардир.","Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир.","Ва мааъуунни ман қиладиганлардир.","Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик.","Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй.","Албатта, сени ёмон кўриб айбловчининг ўзининг орқаси кесик.","Айт: «Эй, кофирлар...","Мен сиз ибодат қилган нарсаларга ибодат қилмасман.","Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган нарсага ибодат қилувчимассиз.","Ва мен сиз ибодат қилган нарсага ибодат қилувчимасман.","Ва сиз ҳам мен ибодат қиладиган нарсага ибодат қилувчимассиз.","Сизга ўз динингиз, Менга ўз диним. [1]###[1] (Бу сурада Ислом эълон қилган ақида эркинлиги ўз аксини топган. Йил аввал эълон қилинган бу ҳуррият оёқ ости қилинганда, инсоният улкан зарарлар тортди.)","Вақтики, Аллоҳнинг нусрати ва фатҳ келса...","Ва одамларнинг Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кираётганини кўрсанг...","Бас, Роббингни поклаб ёд эт ва Унга истиғфор айт. Албатта, У тавбаларни кўплаб қабул этувчидир.","Абу Лаҳабнинг икки қўли ҳалок бўлсин, ҳалок!","Унга моли ва касб қилган нарсалари фойда бермади.","У тезда чўғи қизиб турган ўтга кирадир.","Ва унинг ўтин кўтарган хотини ҳам.","Унинг бўйнида эшилган арқон.","Айт: «У Аллоҳ ягонадир.","Аллоҳ — Cомаддир. [1]###[1] (Ҳожатларни ва рағбатларни қондирувчидир.)","У туғмаган ва туғилмаган.","Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган». [2]###[2] (Аллоҳ таолога бирор зот на зотида, на сифатида ва на амалида тенг бўлган эмас, бўлолмайди ҳам.)","«Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман.","У яратган нарсалар ёмонлигидан.","Ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан.","Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан. [1]###[1] (Сеҳргарлар бировни сеҳрлаб зарар етказмоқчи бўлса, ип олиб, ўқийдиган нарсасини ўқиб, дам солиб, ипни бир тугиб, яна бир дам солиб, яна тугиб, охирига етказар экан.)","Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан», деб айт.","«Одамлар Роббисидан...","Одамлар подшоҳидан...","Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман...","Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг...","Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг...","Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан», деб айт. [1]###[1] (Оятда зикр қилинган «беркиниб, кўриб турувчи»дан мурод шайтондир.)"]